Пора берган шахс ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан мурожаат қиладими?

/

Пора берган шахс ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан мурожаат қиладими?

 

Қонун нуқтаи назаридан қараганда, коррупция – мансабдор шахснинг ўз мавқеи ва ваколатларидан фойдаланиб, унга ишониб топширилган ҳуқуқлардан ўз манфаати йўлида фойдаланишидир.

 

Республикамизда бу иллатга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Жумладан, 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилингандан кейин коррупцияга карши курашиш механизми хусусида газета-журналларда мақолалар, телевидения орқали кўрсатувлар кўпайди. Лекин, бизнинг назаримизда, халқимизнинг менталитетидан келиб чиққан ҳолда, коррупцияга карши курашиш механизмини янада такомиллаштириш учун қуйидаги ишларни амалга ошириш керак.

 

Биринчидан, 2014 йил 14 май куни қабул қилинган 372-сонли қонун билан ўзгартириш киритилгунгача амал қилган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) охирги хатбошисида “Башарти, шахс­­га нисбатан пора сўраб товламачилик қи­линган бўлса ёки бу шахс жиноий ҳаракатлар  жиноят содир этилгандан кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол  ёрдам берган бўлса, бундай шахс жиноий жавобгарликдан озод этилади” деб кўрсатилган.

 

Шунингдек, 2014 йил 14 май куни қабул қилинган 372-сонли қонун билан ўзгартириш киритилгунгача амал қилган  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) охирги хатбошисида “Башарти, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан  пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол  ёрдам берган бўлса, бундай шахс жавобгарликдан озод қилинади” деб кўрсатилган.

 

Лекин 2014 йил 14 май куни қабул қилинган 372-сонли қонун билан юқоридаги ҳар иккала моддага ўзгартириш киритилиб, ҳар иккала модданинг охирги хатбошисида пора берган шахс, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берса, бундай шахс­лар жиноий жавобгарликдан озод қилиниши кўрсатилган. 

 

Мантиқий жиҳатдан ўйлаб кўрилса, пора берган шахс, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, деган қонун нормаси кутилган самарани бермайди. Чунки пора олган шахс пора берган шахс­нинг фойдасига ҳал қилиши лозим бўлган ишни (ишга қабул қилиш, кредит бериш, фермер хўжалиги ташкил қилиш учун ер ажратиш, ўқишга киритиш ва ҳ.к.) бир ой мобайнида эмас, бир неча ой мобайнида, қолаверса, ана ҳал бўляпти, мана ҳал бўляпти деб бир йил ҳам чўзиши мумкин. Агар пора олган шахс пора берган шахс­нинг ишини ижобий ҳал қилиб бермаса, табиийки, пора берган ва пора олиш-беришда воситачилик қилган шахслар пора предметини (пул, чет эл валютаси, моддий бойлик ва ҳ.к.) қайтариб беришни талаб қилади, пора олган шахс эса пулни бермайди, пора берган шахс эса тегишли органга арз қиламан дейди, пора олган шахс эса пул берганингдан кейин бир ой мобайнида арз қилишинг керак эди, ҳозир арз қилсанг ўзинг ҳам жавобгар бўласан, яхшиси кутгин, қачон топсам пулингни бераман деб алдаб юраверади. Пора берган шахс оқибатни ўйлаб арз қилмайди, порахўр эса порахўрлик фаолиятини авж олдираверади.          

  

Иккинчидан, пора предмети давлат фойдасига мусодара қилинади, яъни пора берган шахсга қайтариб берилмайди. Табиийки, бундай ҳолатда шахс  ўз хоҳиши билан камдан-кам ҳолатларда арз қилади. Фикримизча, агар пора таъмагирлик йўли билан, пора берган шахсни оғир аҳволга солиб қўйиш йўли билан олинган бўлса, пора предметини пора берган шахс­га қайтариб берса мақсадга мувофиқ бўлади.     

 

Учинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга коррупция билан боғлиқ жиноятлар тўғрисида ёзма, оғзаки, телефон ва бошқа воситалар орқали  хабар берган фуқароларни, уларнинг шахси қатъий сир сақланган ҳолда, коррупция билан боғлиқ жиноят фош қилингандан кейин фош қилинган жиноятнинг оғирлиги, ўта оғирлиги, жиноят натижасида келтирилган моддий зарарнинг миқдори инобатга олган ҳолда  энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма баравари миқдоригача моддий рағбатлантириш лозим. Моддий рағбатлантириш ҳам сир сақланиши лозим. Ана шунда коррупцияга қарши кураш самара беради. Бунга ўхшаш тажриба Сингапур ва Малайзия­да мавжуд.

 

Тўртинчидан, “Жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2019 йил 2 августдаги ЎРҚ-559-сонли қонун билан жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган бир қатор қонунларга ўзгартишлар киритилди. Ўзгартиришлар мазмуни бир хилда бўлиб, жамоатчилик қонунлар ижросини назорат қилиши мумкин деган умумий мазмундан иборат. Қонунларда жамоатчилик деганда кимлар тушунилади, бир киши ҳам жамоатчилик ҳисобланадими, улар, масалан, озиқ-овқат хавфсизлиги хусусида бирорта озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхонага ёки озиқ-овқат дўконига киришга ҳақлими, мабодо кирса ўзини ким деб таништиради, уларга шахсини ва ваколатини тасдиқловчи гувоҳнома бериладими, жамоатчи назоратчилар бирон-бир қонун бузилиш ҳолатини аниқласа, бирон-бир ҳужжат ёзишга ҳақлими ва ҳоказо ҳолатлар ҳақида маълумот йўқ. Буни инобатга олган ҳолда, ҳар ой МФЙда йиғилиш ўтказиб, унда 7 нафардан 10 нафаргача жамоатчи назоратчиларни, биринчи нав­батда ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, ўқитувчилар ва бошқа касб эгаларидан сайлаб, уларга тегишли намунада гувоҳнома бериб, уларнинг ҳуқуқлари, вазифалари ва жавобгарлигини белгилаш лозим. Ана шу жамоатчи назоратчилар ўзлари  билан биргаликда бошқа фуқароларни ҳам олиб юриб, жамоатчилик назоратини амалга оширишлари  мумкин бўлади. Акс ҳолда корхона раҳбарлари, дўкон мудирлари уларни корхонага ҳам, дўконга ҳам киритмайди.

 

Бешинчидан, қисқа вақт ичида “Давлат хизматчиси тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш лозим. Бундай қонун барча ривожланган давлатларда бор. Улардаги қонунларни олиб ўрганиб, қабул қилиш керак. Бу қонунни қабул қилсак коррупция илдизига болта урган бўламиз.

 

Умуман олганда, коррупция иллатларига қарши курашишга ҳамма бел боғламаса ижобий натижага эришиш қийин бўлади. 

 

Ориф МУРОДОВ, 

 

Олий ва ўрта махсус

 

таълим вазирлиги

 

ҳузуридаги бош илмий методик марказ бўлими бошлиғи, доцент

 

Ахмад РАЖАБОВ,

 

прокуратура фахрийси


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўттиз олтита маҳаллани бирлаштирган ва юз минг нафардан ортиқ киши истиқомат қиладиган Каттақўрғон шаҳрида болалар тарбиясига ҳамма жойда бўлгани с...
01 янв 1970
Куни кеча Чирчиқ шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши томонидан “Сиёсий жараёнларда Ўзбекистон “Адолат&rd...
01 янв 1970
Мамлакатимиз қонунчилигига мувофиқ жазони ижро этиш муассасалари ички ишлар органлари тизимидадир. ...
01 янв 1970
Ҳаётда бировни алдаб пулини олишдан лаззатланадиганлар ҳам учраб турар экан. Бу худди наркотик моддага ружу қўйиш билан баробар....