Панада туриб тош отманг

/
Панада туриб тош отманг
 
Ҳурматли таҳририят ходимлари!
 
Биз “Адолат” газетасининг доимий ўқувчиларимиз. Газета саҳифаларида чоп этилаётган танқидий-таҳлилий мақолаларда кўпчиликнинг кўнглидаги гаплар кўтарилмоқда. Муаммоли масалалар очиқ-ойдин таҳлил этилмоқда. Айниқса, газетанинг ўтган сонида (2020.01.10) чоп этилган “Айбсизлик презумпцияси... Қонунларимизда йўқми?” сарлавҳали мақолада айни бизнинг кўнглимиздаги гаплар қаламга олинибди. Тан олиб айтиш керак, сўнгги уч йилликда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган очиқ ва шаффоф сиёсат сабаб мамлакатимизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари эркинлашди. Деҳқонча айтганда, уларнинг ҳам кўкрагига шамол тегди. Буни нафақат биз, балки бутун дунё кўриб турибди. Жаҳон ҳамжамияти тан олаяпти ва эътироф этаяпти. Барча Ўзбекистон фуқаролари каби биз ҳам бу ҳолатдан жуда хурсандмиз. Чунки оммавий ахборот воситалари узоқ йиллик “жим”ликдан сўнг яна халқ дардини дадил айта бошлади. Буни қанча олқишласак, шунча кам, албатта.
 
Лекин бугун бизнинг таҳририятга мурожаат қилишдан мақсадимиз бошқа. Кейинги пайтларда мамлакат раҳбари яратиб берган эркинлик ва шаффофлик шароитидан фойдаланиб, ҳуда-беҳуда бировларга лой чаплаш, раҳбарларнинг эл орасида обрўсини тўкиш каби иллатлар ҳам авж олмоқдаки, шу элнинг фарзанди, шу мамлакатнинг фуқароси сифатида бу ҳолат бизни ташвишга солмоқда. Худди “Айбсизлик презумп­цияси... Қонунларимизда йўқми?” сарлавҳали мақолада тилга олинганидек, вилоятимиз раҳбари Шуҳрат ўаниев атрофида ҳам бир гуруҳ кўзга кўринмас “жонкуяр журналист”лар пайдо бўлганки, улардан айримларининг ижтимоий тармоқлардаги чиқишларини ўқиб, одам ҳам шунчаликка борадими, деб ўйлаб қоласан, киши.
 
Аввалдан айтиб қўя қолайлик, биз танқидга қарши эмасмиз. Вилоят раҳбарини ҳимоя қилиш мақсадимиз ҳам йўқ. Чунки у киши бизнинг ҳимоямизга муҳтож ҳам эмас. Лекин елкасида бир вилоятнинг юки турган инсонни бу даражада ғийбат ботқоғига ботиришга бўлаётган тинимсиз ҳаракатларни кўриб, жим қараб туролмадик. Шу боис таҳририят ходимларининг қимматли вақтларини олишга жазм этдик.
 
Агар бугунгача вилоятимиз раҳбари ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган асосан уйдирма ва туҳматдан иборат мақолаларни бир жойга йиғсангиз, бир тоғ пайдо бўлади. Биз шу вилоятда яшаб, фермерлик фаолияти билан шуғулланаётган, вилоят раҳбари билан иш юзасидан учрашиб, суҳбатлашиб турадиган фуқаролар сифатида шуни қайд этамизки, ижтимоий тармоқларда у киши ҳақида тарқатилаётган хабарларнинг тўқсон тўққиз фоизи ёлғон ва туҳматдир. Агар улар бирма-бир текшириб, таҳлил қилиб чиқилса, ҳаммаси аён бўлади.
 
“Айбсизлик презумпцияси... Қонунларимизда йўқми?” сарлавҳали мақолада тўғри таъкидланганидек, ижтимоий тармоқларга уя қуриб олиб, бир вилоят раҳбарининг шахсий ҳаётини, оиласини, шаънини ерга уриб, ўзларича муҳокама қилаётган “шаввоз”лар ким ўзи? Нега улар ҳақ бўлишса, ўз исм-шарифларини ошкор этишмайди? Нега турли сохта исм-шарифлар билан чиқишлар қилиб, бир инсоннинг шахсий ҳаётига дахл қилишади? Уларга ким бундай ҳуқуқ берган?
 
Биз ҳам ана шу ва шунга ўхшаш бир қатор саволларимизга жавоб топа олмаётганимиз сабаб сизларга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Хўш, бизнинг саволимизга ким жавоб беради? Ахир эркинлик дегани, демократия дегани хоҳлаган ишингни қилишинг мумкин, дегани эмас-ку? Биров бировни ҳақорат қилиши, ижтимоий тармоқлар орқали сохта исм-шарифлар билан шаънини булғаши демократиями? Агар вилоятимиз раҳбари халқ билан учрашмаса, халқнинг орасида юрмаса ҳам бошқа гап эди. “Ҳа, энди ўзини топа олмагандан кейин, шахсан учраша олмагандан кейин алам устида ёзгандир-да”, деб ўйлардик. Лекин бундай эмас. Чунки ҳокимимиз тўйда ҳам, азада ҳам халқ билан бирга, халқнинг ёнида. Шундай экан, у ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарлардагидек туҳматларга лойиқми? Йўқ, албатта.
 
Шу ўринда яна бир гап. Ижтимоий тармоқларда тар­қатилаётган (аслида уюштирилаётган.) алмойи-алжойи хабарларни ўқиб, кишининг кўнглида бир шубҳа пайдо бўлади. Бу чиқишларнинг ортида бир киши туриб, бир киши ғараз мақсадда уюштирмаяптимикан? Ижтимоий тармоқлардаги исми бор-у ўзи йўқ “шаввоз”лар бир кишининг буюртмаси билан ишлашмаяптимикан? Яна ҳам худо билади...
 
Биз юқорида танқидга қарши эмасмиз дедик. Ҳақ гап. Биз очиқ-ошкор танқидга қарши эмасмиз. Чунки ота-боболаримиз айтиб кетганидек, “Беайб — парвардигор”. Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз. Ҳаракат қилар эканмиз, хато ҳам қиламиз. Ҳеч ким хато қилишдан ҳимояланмаган. Шундай экан, майли, айби бўлса, танқид қилинг. Ҳуқуқингизни бузган бўлса, судга мурожаат қилинг. Лекин панада туриб тош отманг. Орқадан келиб пичоқ урманг. Оиласини, ўтиб кетган ота-онасининг пок номини ерга урманг. Мард бўлсангиз, юзма-юз туриб гаплашинг.
 
Дарвоқе, сўзимизнинг охирида айтиб қўяйлик. Мабодо эрта бир кун ижтимоий тармоқларда биз ҳақимизда ҳам ғийбат-у бўҳтон тарқатмоқчи бўлсангиз, аввал келиб бизга учрашинг...
 
Лолахон Муродова,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Олтиариқ туманидаги
“Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари,
 
Абдухалил Маматов,
“Маматхўжа Агро Файз” фермер хўжалиги раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ватанпарвар инсонларни тарбиялашда халқимизнинг тарихий мероси катта аҳамиятга эга....
01 янв 1970
Ўзбекистонда Шароф Рашидов раҳбарлик қилган давр республикамиз тарихида муҳим аҳамият касб этган. ...
01 янв 1970
Азал-азалдан аждодларимиз, момо ва боболаримиз бола тарбияси, айниқса, қиз фарзанднинг тарбияси, истиқболига жиддий эътибор қаратиб келишган....
01 янв 1970
Мустақиллик даврида Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини демократик асосда ислоҳ этиш ва эркинлаштириш борасида кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилди...