Қўлёзмалар ёнмаса...

/

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ

Қўлёзмалар ёнмаса...

Абдулла Қодирийни яхши кўрмай бўладими?

Абдулла Қодирийдан ҳайратланмай бўладими?

Абдулла Қодирийни қайта-қайта ўқимасдан бўладими?

Сўз санъати кучидан лол қолган ёш Горький Бальзакнинг китоби саҳифаларини чироқ билан ёритиб, матн ичидаги тирик одамларни излаган экан. Қодирийнинг сирли-сеҳрли китоблари бағридан чиқиб келаётган ўлмас қаҳрамонларни эса чироқсиз ҳам кўрмай, сезмай, ҳис қилмай бўладими?..

Ёдимда, ўтган асрнинг охирларида “Ҳуррият” газетаси ўзбек адабиётида  йигирманчи юз йилликнинг энг машҳур китоби мавзуида сўров ўтказганди. Сезиб тургандирсиз, унда “Ўткан кунлар” энг кўп тилга олинди. Демак, Қодирий даҳоси жаҳон адабиёти осмонида абад шуъла сочиб турадиган сўнмас юлдуз бўлиб мангу қолажак.

“Отабек-Кумуш қиссаси” мактабдалик чоғларимизда бизнинг ёш қалбимизни ларзага солган илк асар эди. Серҳаяжон муаллимимиз “Ёзувчи Кумушини ўлдириб қўйиб, йиғлаган”ини айтиб толмасди. Бироқ биз бу саҳнага қадар етиб келолмасдик, ундан олдинги манзаранинг ўзиданоқ кўзларимиздан тирқираб ёш отиларди: “...Кумушнинг кўзи юмиқ, сочлари юзи устида паришон эди. Ҳожи ўз қўли билан сочларини тузатиб, Кумушнинг кўкимтил товланған юзини кўрди ва манглайини босди...

— Ойим... Ойим!.. — деди ҳожи.

Кумуш кўзини очиб бесаранжом унга назар ташлади ва таниб... қўзғалмоқчи бўлди...”

Заҳарланган, беҳол, умрининг сўнгги дамларини ўтказаётган ожиза... қайнотасини кўриб, қаддини ростламоқчи бўлаяпти... Бундан ортиқроқ таъсирчан ҳолатни тасаввур этиш, қаламга олиш мумкинми ўзи?.. 

Шундай Ёзувчига тақлид қилмай бўладими?.. Бошловчи ёзувчиларнинг аксарияти қатори, Қодирийга эргашиш, унингдек таъсирчан ёзишга уриниш менинг ҳам бошимдан ўтган. Шукрки, тақлидчилар сон мингта, аммо Қодирий барибир ягона. Ўзим ҳам орадан маълум фурсат ўтгач, бу ҳаракатим бенафлигини англадим.

Абдулла Қодирий ўз қаҳрамонларини шундайгина кўз олдингизга келтириб қўяди. Айни пайтда бу дунёда ҳар кимнинг ўз Кумуши, ўз Отабеги, ўз Анвари, ўз Раъноси бор. Менинг ҳам. Мен уларни танийман, миллионлаб кишилар орасидан ҳам бир лаҳзада ажратиб оламан. Балки шу сабаблидир, дейлик, 1969 йилги ёки 1997 йилги “Ўткан кунлар” фильмларидаги қаҳрамонлар нимаси биландир мен ўзим жуда яхши биладиган, менга сирдош Отабек ва Кумушга ўхшамайди, қандайдир бошқачароқ... Мен билган Отабек билан Кумуш эса юрагим тўрида, уларни бегона нигоҳлардан панароқда авайлаб-асрайман,  таъбир жоиз бўлса, “кўз тегиб қолиши”дан чўчийман...

Ҳаммамизга Клеопатранинг бурни сал қийшиқ бўлиши тарихни бошқа изга солиб юбориши мумкинлиги ҳақидаги ибора таниш. Шу ҳақиқатни Қодирий асарида ҳам кўрамиз. Яъни агар Амир Умархоннинг канизаги ҳусн бобида бу қадар якто бўлмаганида эди, эҳтимол Мовароуннаҳр тарихи ўзга йўлдан кетарди. Дейлик, “канизга ғойибона ошиқ бўлган” Бухоро амири Насруллохон “дин йўлида холис бир жиҳоди акбар” дея қиличини яланғочлаб, Қўқон устига юриш қилмасмиди, икки тарафдан қанчадан-қанча бегуноҳ бошлар кесилмасмиди?..

Шубҳасиз, мозий “агар” истилоҳини хуш кўрмайди. Аммо армон шулки, бу фаразимизга тўла жавоб бера оладиган Қодирийнинг навбатдаги асари чекистларнинг жаҳолат оловида куйиб кул бўлди. Айрим манбаларда Қодирий юз ёшида ҳам ҳуснини йўқотмаган бу канизак билан учрашган, суҳбатлашган дейилади. Ҳар не бўлганда ҳам Қодирий қаламидан қандай катта кўламдаги дурдона асар дунёга келганини тасаввур этишнинг ўзиёқ кишини ҳаяжонга солади...

Агар... агар қўлёзмалар чиндан ҳам ёнмас экан, мен мана шу асар топилишини жуда-жуда истайман...  Ахир, умидли дунё бу...

Тўй

Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,

Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.

Бир-биридан ошурдилар тўйни,

Топди равнақ, ҳайратила боён тўй.

Беш кун тўйни сўнгидин

Кетибон мулклар боис фиғон тўй.

Боён тўйиға ерлилар қараб

Этди сарф токи тандаги жон тўй.

Эй ғанийларимиз, эй фақирларимиз,

Амр этубдурми бизға Қуръон тўй.

Мундайин ишлар шаръимизда йўқ,

Кори маъжус, кори шайтон тўй.

Ишламас шундай аҳллик киши,

Йўламас асло аҳли виждон тўй.

Ўтса тўй бирла ёзу қишимиз,

Айлагай бизни ерға яксон тўй.

Келингиз, дўстлар, дин қариндошлар,

Ташласун бўлса гар мусулмон тўй.

Абдулла Қодирий

“Садойи Туркистон”

1915 йил, 20 март


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Асосий масала — қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда ...
01 янв 1970
Халқимизда “Илоҳим қўша қаринглар, эл-юрт олдига дастурхон ёзиш насиб қилсин, топганларинг тўйларингга буюрсин, невара-эварали бўлинглар, бош...
01 янв 1970
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
01 янв 1970
Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда...