Банк ёрдамига умид қилманг, нажот йўқ!

/

Банк ёрдамига умид қилманг, нажот йўқ!

Ҳурматли таҳририят ходимлари!

2018 йилнинг 16 апрелида Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани, Амиробод маҳалласида аҳолини иш билан таъминлаш, хотин-қизларнинг бандлигини ошириш мақсадида тўқимачилик-тикувчилик ва полипропилен қоплар ишлаб чиқаришни режалаштирган ҳолда “NAFOSAT-TEXTILE” МЧЖ корхонасини ташкил этишни ният қилган эдим. Ушбу лойиҳа туман ҳокимия­ти томонидан маъқулланиб, Амиробод маҳалласи ҳудудида қаровсиз қолган собиқ колхоз клуби биносининг бир қисми уч томонлама шартнома асосида хориждан янги асбоб-ускуналар келтириш орқали инвестиция киритиш шарти билан ижарага берилди.

Ушбу қаровсиз қолган бинони таъмирлаш учун “Лойиҳа-Нур-Гео” МЧЖ томонидан 848 521 925 сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажариш лозимлиги тўғрисида смета ҳужжатлари тайёрланди. Бугунги кунгача ўз шахсий маблағим ҳисобидан 400 000 000 сўмлик таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилиб, янги заводнинг асбоб-ускуналарини жойлаштириш учун барча шарт-шароитлар тайёрланди.

Корхона давлат рўй­хатидан ўтганидан сўнг Пахтачи туманида жойлашган «Агробанк» филиалида ҳисоб-рақамини очиб, Хитой давлатидан асбоб-ускуналар сотиб олиб келишни мақсад қилдик. Лекин бу банк филиали томонидан ҳар хил важлар рўкач қилиниб, кредит ажратилмаганидан сўнг ҳисоб-рақамимизни “Асака” акциядорлик-тижорат банкининг Самарқанд вилоят филиалига ўтказдик.

Тез орада “Асака” АТБнинг филиалига ҳам кредит бўйича мурожаат қилдик. Айтилган барча ҳужжатларни тақдим этишимизга қарамасдан, кредит бериш масаласи шу кунга қадар, яъни 2 йилга яқин вақт ўтса ҳам ҳал этилмасдан келмоқда.

Ушбу масала юзасидан мен 2018-2019 йиллар давомида 6 маротаба Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига, икки маротаба Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ишонч телефонига, Республика Марказий банки раҳбариятига бир неча бор, 2018 йили Республика Бош прокурорининг биринчи ўринбосари иштирокида Каттақўр­ғон шаҳрида бўлиб ўтган сайёр йиғилишда, шунингдек, 2019 йилнинг 15 мартида Пахтачи туманида вилоят ҳокими Э.Турдимов ва  вилоят прокурори иштирокида тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувда шахсан вилоят ҳокими Э.Турдимовга мурожаат қилган эдим. Вилоят ҳокими Э.Турдимов бизга ажратилган бинони кўриб чиқиб, лойиҳамизни маъқуллаб, “Асака” банк бошқаруви раиси ўринбосарига 2019 йилнинг 1 майидан қолмасдан кредит масаласини ҳал этиб беришни айт­ган эди.

Бундан ташқари, 2019 йил сентябрь ойида Республика Бош вазири номига 2 маротаба ариза билан мурожаат қилганим ҳам ўз самарасини бермади.

2018 йилнинг июль ойидан бугунги кунгача Пахтачи туманидан Самарқанд шаҳрига (орадаги масофа 150 километрдан кўп) ҳафтасига 2-3 маротаба қатнашимга қарамасдан, “Асака” АТБнинг Самарқанд вилоят филиали ходимларининг қўнимсизлиги, ўз вазифасига масъулиятсизлиги оқибатида  кредит бериш масаласи ҳанузгача  ҳал этилмасдан қолмоқда.

“Асака” банк Самарқанд вилоят филиалига ҳужжатларимни топширганимдан буён менинг лойиҳамни кўриб чиққан 5 та ходим ўзгарди, ҳар сафар янги ишга келган ходим кредит беришни ваъда қилиб,  2-3 ой сарсон қилиб, бошқа ишга ўтиб кетади ёки ишдан бўшаб кетади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида” ПФ-5780 рақамли фармонида барча вилоят, туман ҳокимларига, жумладан, банк раҳбарларига тадбиркорликни  ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган бўлишига қарамасдан ушбу фармон талаблари бажарилмасдан қолаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

“Асака” банк Самарқанд вилоят филиали раҳбарининг 2019 йил 11 сентябрида менга юборган хатига биноан Пахтачи туманида жойлашган бино туман ҳокимияти томонидан 2019 йилнинг 31 декабригача тузилган ижара шартномаси узоқ муддатга тузилиши лозимлиги қайд этилиб, қайтариб юборилган эди.

Шу сабабли Пахтачи туман ҳокимлиги билан келишиб, ушбу жойни 2019 йил 29 октябрь куни Е-ижро аукцион орқали 5 йилга, ҳар йили 20 миллион сўмга яқин тўлов шарти билан 3 томонлама ижара шарт­номаси тузиб, барча ҳужжатларни банкка топширдим.

Лекин, минг афсуслар бўл­синким, 2019 йилнинг 19 ноябрь куни “Асака” банк Самарқанд вилоят филиали томонидан юборилган 11/5295-сонли хатда лойиҳа амалга оширилаётган бино ўз балансимизда бўлиши ва бинони гаров сифатида қўйишимиз лозимлиги қайд этилиб, яна асоссиз равишда кредит масаласи ҳал этилмасдан қолди. Ахир биз гаров эвазига бошқа мол-мулк тақдим этганмизку! Бундан кўриниб турибдики, банк филиали ходимлари тадбиркорларга ёрдам бериш ўрнига фақат баҳона қидирмоқда.

Бу ҳолатлар ҳурматли Президентимиз томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида қабул қилинаётган фармон ва қарорлар талаблари жойларда бажарилмаётганлигини, “Асака” банкнинг Самар­қанд вилоят филиали ходимлари тадбиркорларга ёрдам ўрнига улар фаолиятига тўсиқ бўлаётганлигини кўрсатади.

Жойлардаги банк ходимлари ўз айблари билан бир тадбиркор жабр кўраётганлигини, аҳолини иш ўринлари билан таъминлашга интилаётганини билсада, бунга эътибор бермайди, лойиҳалар юзаки кўрилади, масалани ижобий ҳал этмайдилар. Агар Президентимиз томонидан чиқарилаётган қарорлар банклар томонидан бажарилмаслигини билганимда ёки банк ходимлари томонидан режаларимни амалга оширишга имкон берилмаслигини англаганимда қаровсиз бинони таъмирлатмаган ва шунча маблағни бекорга ишлатмаган, энг асосийси, қимматли вақтимни бекорга сарфламаган бўлардим.

Ҳурматли таҳририят ходимлари!

Сизлардан нажот излаб мурожаат қилмоқдаман. Негаки, сизларнинг тадбиркорларга, элим-юртим деб фаолият юритаётган инсонларга, халқига озроқ бўлсада ёрдами тегаётган фуқароларга, меҳнатдан қўрқмай ҳаракатда бўлган ҳар қандай одамдан ёрдамларингизни аямаслигингизни кўп маротаба ўқиганмиз, кўрганмиз. Шу сабабли бизнинг бу муаммомизни ҳам ижобий ҳал этиб беришда ёрдамингизни аямайсиз, деган умиддамиз.

Сизлар ҳам ёрдам бера олмасангиз, у ҳолда мен Ўзбекис­тон Республикаси Президентига онлайн-интерент орқали тўғридан-тўғри мурожаат этишга ёки икки йиллик сарсонгарчиликларим борасида ҳамда юртимиздаги банкларга ишонмаслик тўғрисида халққа, аҳолига интернет орқали маълум қилишга мажбур бўламан. Ахир халққа хизмат қиламан десангиз ниятингиз ушаладиган, адолат изласангиз топиладиган кунлар бўлармикан?!

Ҳурмат ила

Баҳодир Курбанов,

“NAFOSAT-TEXTILE” МЧЖ директори.

Таҳририятдан: редакциямизга юборилган бу шикоят хатини қандай ёзилган бўлса, шундай эълон қилмоқдамиз. Албатта, биз “Асака” банкнинг Самарқанд вилоят филиали билан “NAFOSAT TEXTILE” МЧЖ директори Баҳодир Қурбонов ўртасидаги кредит бериш, кредит олиш масалалари тўғрисидаги муаммо борасида банк ходимлари ёки тадбиркор ҳақ дея хулоса чиқариш фикридан йироқмиз. Бу борада аниқ хулосани ҳуқуқ соҳаси вакиллари айтишар. Лекин масаланинг бошқа томони бор. Банкнинг Самар­қанд вилоят филиали раҳбарлари, вакиллари тадбиркор Баҳодир Қурбонов банкда ҳисоб-рақамини очаётган пайтда янги ташкил этилаётган корхонанинг умумий аҳволидан хабардор бўлишган-ку. Банк вакиллари корхона раҳбари олдига қўяётган ҳозирги талабларни нега ўша пайтда айтмаган? Икки йиллик сарсонгарчиликларнинг, тадбиркорнинг 400 миллион сўм пулини кредит берилмайдиган корхонанинг биносига сарфлашини томоша қилиб ўтиришнинг кимга зарурати бор эди? Қолаверса, бир тадбиркор юрт равнақи, аҳоли фаровонлиги учун жон куйдириб, янги корхона очаман, халққа хизмат қиламан деса, Президентимиз тадбиркорликни қўллаб-қувватлаб турса, банкдаги ходимлар қўнимсизлиги бунга йўл бермаса, бу қайси ахлоқий, ҳуқуқий қоидаларга тўғри келади? Айни пайтда, адолат нуқтаи назаридан айтганда, “Асака” банкнинг Самарқанд вилоят филиали тадбиркор олдида ҳозирги шароитда ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан жавобгар ҳисобланади. Бас, шундай экан, банк учун ҳам, тадбиркор учун ҳам янги корхонанинг фаолият бошлаши энг мақбул йўл эмасми?                                                                    

  Manba: ‘Adolat’ gazetasi


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар йили Конституциямиз қабул қилинган кунни юқори кайфият билан кутиб оламиз, ўзгача шукуҳда байрам қиламиз. Бу бежиз эмас. ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда сўнгги икки ярим йил давомида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилди....
01 янв 1970
Ўрта асрларда Шарқ мамлакатларида буюк алломалар, муҳаддислар, муфассирлар, илм-маърифатда етук инсонлар тўпланиб илмий мажлислар, анжуманлар ўтказ...
01 янв 1970
Болалик давримдан хотира сифатида хаёлимда муҳрланиб қолган воқеалардан баъзиларини эслаб тураман. ...