Миллат кўзгусига Губор туширмайлик

/
Миллат кўзгусига Губор туширмайлик
1989 йилнинг 21 октябрида мамлакатимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлганди. Чунки ўшанда айримларнинг кўнглидан “Ахир биз яшаётган макон Ўзбек­истон деб аталса, у республика мақомига, Конституциясига эга бўлиб, ўзбек тили давлат тили ҳисобланса, унинг ҳудудида яшаётганларнинг аксарияти шу миллат вакилларидан иборат бўлса, бундай қонун чиқаришга зарурат бормикан?”, деганга ўхшаш  фикрлар кечган. Тўғри, ўша даврда юқоридаги қонуний асослар Ўзбекистоннинг конституциявий ҳужжатларида мавжуд эди. Лекин уларнинг бирортаси ҳаётда амалий ифодасига эга  эмасди.
 
Собиқ шўролар давлати  бу конс­титуциявий ҳужжатларда белгиланган қонунларнинг амал қилинишига имкон ҳам бермасди. Ана шундай  даврда республикамизда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳайратомуз воқеага айланди. Бу қонуннинг пайдо бўлишининг сабаблари кейинроқ, 1991 йилда мамлакатимиз мустақилликка эришган даврда маълум бўлди. Чунки инсоният тарихидан аёнки, бирор ҳудудда давлат пайдо  бўлиши учун давлатчиликнинг кўплаб атрибутлари билан бирга ўша ерда яшаётган халқнинг тили ва ёзуви тўла шаклланган бўлиши ҳамда унинг фаолият юритиши шарт қилиб қўйилган. Шу маънода 1991 йилда Ўзбекистоннинг янги давлатчилиги ташкил этилишида бу қонун дастлабки қадам бўлди, мустақилликнинг илк босқичига айланди ва унга замин яратди.
 
Мамлакатимиз истиқлолга эришганидан кейин ўзбек тили давлат тили сифатида устувор имкониятларга эга бўлди. Давлатимизнинг Бош қомуси, қонунлари шу тилда яратилди, қарорлари ва фармонлари шу тилда эълон қилинди. Мадҳиямиз, туғромиз, миллий валютамиз ва юртимиз шон-шуҳратини улуғловчи барча жараёнлар ўзбек тили воситасида дунёга намоён бўлмоқда. Айни пайтда тилимиз республикамизда яшаётган юздан ортиқ миллатлар вакилларини ўзаро боғлайдиган, бирлаштирадиган “робитаи оламиён”га айланди. Ана шу қонун асосида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги яна бир қонун қабул қилинди. Ўлкамиздаги мактабгача таълим муассасаларида, мактаблар, коллежлар, лицейларда ўқув ишларини ана шу тил ва ёзувда олиб бориш йўлга қўйилди. Истиқлолнинг дастлабки йилларида мамлакатимизнинг ҳамма ҳудудларида — вилоят, шаҳар, туманларда бошқа миллат вакилларига ўзбек тилини ўргатиш бўйича бепул курслар, ўқув марказлари ташкил этилди. Ўзбек тилида фаолият юритадиган янги газета ва журналлар, теле-радио каналлар, нашриётлар, маданий-маърифий муассасалар, кутубхоналар ташкил этилди ва улар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Мамлакатимизда ўнга яқин адабиёт ва ижод мактабларининг, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил қилиниши она тилимизни мукаммал ўрганишга, уни ривожлантиришга, чуқур илмий тад­қиқ қилишга, нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Умуман олганда, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши она тилимизнинг ҳам, миллатимизнинг ҳам, халқимизнинг ҳам, юртимизнинг шон-шуҳрати, обрў-эътибори оширди, мамлакатимизни дунёга танитишда муҳим омил бўлди.
 
Истиқлолдан кейинги йилларда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини юксалтириш ва уни ижтимоий ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида фаоллаштириш борасидаги ишлар ҳам осон кечмади. Бунда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган Атамашунослик қўмитаси ҳам фаол иш олиб борди. Атоқли адиб Одил Ёқубов бошчилигидаги бу қўмита аъзолари ҳар йили 4-5 мартадан республиканинг вилоятлари, шаҳарлари, туманларига бориб, жойларда давлат тилида иш юритилиши, муассасалар, ташкилотлар, корхоналар ўртасида ёзишмалар қайси тилда олиб борилаётгани, географик ва топономик номлар, уларнинг ўзгартирилиши, тўғри ёзилиши, турли масканларга ном бериш каби кўплаб масалаларни ҳал қилишда қатнашдилар. Натижада ўша йиллари ўнлаб туманлар, юзлаб шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, колхозлар, ширкат хўжаликлари, минглаб кўчалар, майдонлар, хиёбонлар, олий ўқув юрт­лари, мактаблар, ўрта махсус ўқув юртлари, ташкилотлар ва муассасалар номлари ўзгартирилди. Бугунги кунда республикамизда географик объектлардан 15 таси маъмурий-ҳудудий бирликлар, 14 минг­дан ошиғи аҳоли пунктлари, салкам 65 мингтаси табиий ҳудудлар, 1700 таси турли инфартузилмалар номларидан иборат ҳолда жами объектлар номлари 86,5 мингтани ташкил этган бўлса, ана шуларнинг аксарияти “Давлат тили ҳақида”ги қонун асосида қайтадан кўриб чиқилган. Ёхуд мамлакатимиздаги 20 мингдан ортиқ шахс номларида бўлган, қонун ҳужжатларига тўғри келмайдиган ёки номсиз географик объектлар қайта номланган.
 
Юқоридагилардан англашилиб турибдики, юртимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонунни амалга ошириш учун жуда кўп хайрли ишлар қилинган. Лекин шу ютуқлар билан биргаликда бир қатор камчиликлар ҳам мавжудки, уларни бартараф этиш ҳаётий зарурат ҳисобланади. Хўш, бу камчиликлар нималардан иборат?
 
Яқинда ўлкамизга сайёҳ сифатида келган испаниялик журналистлардан бири билан танишиб қолдим. Исми Федерик Гарсия, Ўзбекистонга биринчи келиши экан. Биргаликда Тошкентнинг гўзал ва тарихий жойларини айландик. Кейин у Самарқанд, Навоий, Бухоро, Хивага саёҳат қилди. Икки ҳафталардан кейин яна Тошкент­да учрашдик. Унинг саёҳат таассуротлари бир олам эди. Кўрганларини завқ-шавққа тўлиб гапириб берди. Фақат сўз орасида “Нима, сизларда рус ва инглиз тиллари ҳам давлат тили ҳисобланадими?” деб сўраб қолди. Табиийки, унга ўзбек тили давлат тили эканлигини, барча ишлар  ўзбек тилида олиб борилишини, шу билан бирга юртимизда рус ва инглиз тилини ўрганишга эътибор берилишини айтдим. “У ҳолда шаҳарларингиздаги корхоналар, дўконлар, маиший хизмат уйлари номлари, рекламаларнинг аксарияти нега рус ва инглиз тилларида ёзилган? Уларни ўзбек тилида ёзса бўлмайдими? Тил ўрганиш учун бундай қилинмайди. Бу давлат тилига, миллатга, халққа нисбатан ҳурматсизлик”, деди у.
 
Меҳмон ҳақ эди. У биз ҳар куни кўп марталаб юзма-юз келадиган, ахборот ва матбуот саҳифаларида доимо бонг урадиган, аммо ҳаётда амалий ечими топилмаётган жиддий муаммога эътиборни қаратганди. Дар­ҳақиқат, кейинги пайтларда кўчалар, майдонлар, хиёбонлар, бинолар, дўконлар, хусусий муассасалар номларини ёзишда нафақат давлат тили ҳақидаги қонунга амал қилинмаётибди, балки уларни хорижий тилларда битиш ниҳоятда авж олиб бормоқда. Сўзимиз исботсиз бўлмаслиги учун Тошкент шаҳрининг хоҳлаган кўчасидаги ёзувларга — хусусий корхоналар, баннерларга бир назар ташланг. Ҳарқадамда“Beanty salon”, “La Perla Cosmetics”, “Golden River”, “Dark hall”, “Elegant”, “Creative Master”. “Viva”, “Savio”, “Star Med Center”, “Avisa Med Servis”, “Salus Vita” ларгадучкеласиз. “Mini market”, “Pich mar­ket”ларнингэсасон-саноғийўқ. Шулар қаторида аксарият биноларнинг пештоқлари “Дверь”, “Центр обуви”, “Учебный центр”, “Подготовка абитуриентов”, “Языковые курсы”, “Дошкольное обучение”, “Зеленый базар”, “Срочное фото”, “Цветная печать” каби рус тилидаги номлар билан безалган. Ошхоналар номи ёнидаги “миллий таомлар” “мулти таомлар”га, палов деган ном “плов”га айланган. Юртимизнинг “Ўзбекистон” деб аталган гўзал номи эса “Узбе­кистан”га айланиб улгурибди. Эндиликда инглиз, рус тилидаги номлар ёнига немис, француз, корейс, хитой ва бош­қа тиллардаги турли-туман атамалар ҳам келиб қўшилмоқда. Хуллас, пойтахтнинг хоҳлаган кўчасига кирсангиз, 80-85 фоиз хорижий тиллардаги, 15-20 фоиз ўзбек тилидаги номларга, атамаларга, шиорларга дуч келасиз. Ўзингизни Тошкент шаҳри кўчаларида эмас, Лондон, Москва шаҳарлари кўчаларида юргандек ҳис қиласиз. Гўё юртимизда ўзбек тили эмас, бошқа тиллар давлат тилига айлангандек таассурот туғилади.
 
Нафсиламбрини айтганда, бундай афсусланарли ҳолат нафақат мамлакатимиз пойтахтида, балки республикамизнинг барча вилоятлари, улардаги шаҳарлар, туманлар марказлари ва қишлоқларда ҳам давом этмоқда. Турли жойларга борсангиз кўплаб “CHP GOLD EXCIUSIVE”, “La Femma”ларни, ўнлаб “Ravnaq Textil”, “Лавида траст”ларни, юзлаб “Траст инвест”, “Глобал”, “Elizabeth industrial Sofety”, “GREEN AGRO EXPORT”ларни ва бошқа ғаройиб номларни кўрасиз. Яқинда Хива шаҳрига бордим. “Ичон қалъа”да сайёҳлик тизими учун яратилаётган имкониятларни кўриб хурсанд бўлдим. Афсуски, бу ердаги рес­торанлар, маиший хизмат уйлари, хусусий меҳмонхоналарнинг номларининг аксарияти давлат тилида эмас, хорижий тилларда битилган. Гўё “Ичон қалъа” Ўзбекистонда эмас, Европада фаолият юритаётгандек. Ёки республикамизнинг олис нуқтасидаги қишлоқлардан бирида тадбиркор акамиз дўконини “Rich market”, ошхонасини “Schloss”деб номлабди. Ундан бу номларнинг маъносини сўрадим. “Билмайман, — деди у. — Бу номлар кўзимга чиройли қўринди. Ёзиб боргандим. Юқори ташкилотлар тасдиқлаб беришди. Шундан кейин номларни ёздириб қўявердим”.
 
Мана, сизга жойларда давлат тили ҳақидаги қонунга “эътибор”, ана сизга она тилимизга нисбатан “муносабат”, “ҳурмат-эҳтиром”. Собиқ шўролар даврида юртимизда бирор янги корхона, муассаса, майдон ёки кўча барпо этилиб, унга ўзбекча ном бериш таклифи айтилса, бундай таклиф билдирганлар миллатчиликда айбланар, ўша барпо этилган янги маскан ёки ташкилот рус тилидаги ном билан аталарди. Энди эса мустақил мамлакатмиз, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган. Кўплаб янги корхоналар, иншоотлар, маиший хизмат уйлари, муассасалар қураяпмиз. Биров бизга уларга ундай ёки бундай ном бер, деб буйруқ бермаётибди. Лекин биз ўз хоҳишимиз билан юртимиздаги янги масканларни хорижий номлар билан атаб ётибмиз.
 
Ана шундай ишларни амалга ошираётганлар “Давлат тили ҳақида”ги қонунда мамлакатимиздаги барча жойлар, ташкилотлар, корхоналар номлари давлат тилида номланиши ва ёзилиши кераклигини билишмайдими? Билишади. Лекин қонунга амал қилишни исташмайди. Хўш, бундай жараён аслида қандай юзага  келмоқда? Эътибор беринг, бугунги кунда ўзини ишбилармон атайдиганлар шахсий маблағларига ресторан, маиший хизмат уйи, дорихона, дўкон, кичик муассаса ёки бирор хусусий корхона, фермер хўжалиги шифохона ва ҳоказоларни барпо этмоқда. Уни хоҳлаган хорижий номда атаб ҳужжатлаштирмоқда. Хорижий номда аталган бу янги масканларнинг, корхоналарнинг низомларини эса республикамизнинг тегишли вазирликлари, вилоятлари, шаҳарлари, туманларида фаолият юритаётган мутасаддилар ҳеч бир қаршиликсиз рўйхатдан ўтказиб бермоқдалар. Хусусий муассасаларга қўйилаётган бундай  номлар тўғрисида, давлат тили қонунига амал қилмаслик ҳолатлари ҳақида ишбилармонларни қўятуринг, давлат ташкилотларида ўтирган мутасаддилар ҳам ўйлаб кўришаётгани йўқ. Нафақат мутасаддилар, хатто уларнинг фаолиятини назорат қиладиган вилоятлар, шаҳарлар, туманлар, вазирликлар раҳбарлари ҳам бу муаммога, матбуотда доимо тан­қид қилинаётган ушбу масалага эътибор қаратмаётибдилар. Шунинг учун ҳам жойларда ном қўйиш билан боғлиқ ҳолатда давлат тили қонуни бузилишлари йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
 
Бундай жараёнда ҳаётимизга зид бўлган турфа хил фикрларнинг юзага келиши ҳам шубҳасиз. Шу йил бошида бир гуруҳ кимсаларнинг “Ўзбекистонда бир тилни эмас, икки тилни давлат тилига айлантирайлик”, деган таклиф билан чиқишлари ҳам юртимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонунга тўла амал қилинмаётганлигининг натижаси, дейиш мумкин. Бу таклифга зиёлиларимиз кескин қарши чиқдилар. Бу яхши, албатта! Лекин амалда-чи? Ахир амалда жойларга, масканларга ҳатто бир-икки тилда эмас, тўрт-беш тилда ном бериб ётибмизку! Бу тўрт-беш тил қонуний асосга эга, дегани эмасми?
 
Айни пайтда давлат тилига эътиборсизлик, унга амал килмаслик, она тилимизга ҳурматсизлик нафақат бугунги ёзув маданиятимизда, балки оғзаки мулоқотлар, кундалик фаолият тарзимизда ҳам яққол сезилиб туради. Бунга истаганча мисол келтириш мумкин. Яқинда вилоятлардан бирида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган қўшма корхоналардан бирида бўлдим. Корхонада хитойлик мутахассислар ҳам ишлар экан. Улар билан суҳбатлашиш мақсадида таржимонга мурожаат қилдим. Таржимон “Улар рус тилини билишади, бемалол гаплашаверинг”, деди. Хитойликлар билан суҳбатимиз рус тилида бўлди. Суҳбат якунида улардан “Бу тилни қаерда ўргандингизлар?” деб сўрадим. “Шу ерга ишга келганимиздан кейин ўргандик”, дейишди. “Ўзбек тилини ўрганиш қийинми?”, сўрадим улардан. “Йўқ, қийин эмас, — де­йишди улар. — Лекин бу ерда рус тилида гаплашишади. Шу сабабли бу тилни ўрганишга мажбур бўлдик. Ўзбек тилини билишга қизиқамиз. Аммо бунинг учун жонли мулоқот керак”. Корхонада ишлайдиганларнинг миллий таркиби билан қизиқдим. Уларнинг 90 фоизи миллатдошларимиз экан. Мен бу ҳолатни нима деб шарҳлашни билмадим.
 
Кейинги йилларда халқаро анжуманларда, телеэкранларда хорижлик элчиларнинг, олимларнинг, сайёҳларнинг ва турли касб эгаларининг ўзбек тилида равон гапираётганини кўриб, тилимизнинг жозибасидан, унинг хал­қ­аро миқёсда эътироф этилаётганидан, бошқа халқлар вакилларининг ҳурмат-эътиборидан қалбимизда ғурур, ифтихор уйғонади. Тилимизга нисбатан бундай эҳтиромдан фахрланамиз, Аммо шу аснода мамлакатимизга четдан келиб, 50-60 йил, бутун умр яшаб ўзбек тилини мутлақо билмайдиганлар, билишни истамайдиганлар, давлат тилини писанд қилмайдиганлар борлигидан кўнглимизда оғриқ пайдо бўлади. Бу ўринда, биринчи навбатда ўзимиз айбдормиз. Ўзимиз ўз она тилимизни ҳурмат қилмаймиз. Бу борада ҳурматни бошқалардан ҳам талаб қилолмаймиз. Бугун ўлкамизда одамлар ўртасидаги мулоқотларда, анжуманларда хорижий тилларнинг устувор бўлиши, юртимиздаги ташкилотлар, муассасалар, фермер хўжаликлари, корхоналарга чет тиллардаги номларнинг қўйилиши давлат тили ҳақидаги қонунни менсимасликнинг амалий кўринишларидир. Шундай пайтда ўз-ўзидан савол туғилади. Хўш, ижтимоий ҳаётимизда давлат тили қонуни билан боғлиқ ҳолда бундай камчиликларнинг юзага келаётганини мамлакатимизнинг қонун чиқарувчи органи — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатидагилар, қонунлар ижроси билан шуғулланадиган Вазирлар Маҳкамасидагилар билишмаймиди? Билишади! Лекин бу борада шу пайтгача бирорта амалий ҳаракат бўлмади.
 
Бу хусусда ҳақ ва адл сўзни айтиш яна Президентимиз зиммасига тушди. Шу йилнинг 21 октябрида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг ўттиз йиллигига бағишланган маросимдаги маърузасида мамлакатимиз раҳбари “Давлат тили ҳақида”ги қонун асосида юртимизда қўлга киритилган ютуқ ва камчиликларга ҳаққоний баҳо берди.

У маросимда “Давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарур”, деган фикрни ўртага ташлади ва бу борада йўл қўйилаётган камчиликларни кескин танқид қилди. “Афсуски, — дейилади маърузада, — жамоат жойларида, кўчаларда, бинолар пештоқида топономик белгилар, турли лав­ҳа ва рекламалар кўпинча хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда акс эттирилмоқда. Бу давлат тили талабларига, миллий маданият ва қадриятларимизга беписандликдан, умумий саводхонлик даражаси эса тушиб кетаётганидан далолат беради”. Айни пайтда маърузада “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”, деган сўзлар ҳам алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Президентимизнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқени тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Маъруза ва фармонда белгиланган мақсад ва режалар, камчиликларни бартараф этиш борасидаги вазифалар халқимиз томонидан қувонч билан кутиб олинди. Булар омма­вий ахборот воситаларида билдирилган муносабатларда яққол намоён бўлди. Шундан кейин “Давлат тили ҳақида” қонунга амал қилиш аҳволи ўзгарар, хусусан, корхоналар, муассасалар номлари ўзбек тилида ёзилар, деб умид қилдик. Афсуски, фармон эълон қилинганидан кейин бир ярим ойдан ошиқ вақт ўтди, лекин соҳада бирор ўзгариш бўлгани йўқ. Наҳотки, аҳвол шундай давом этаверса?!
 
“Давлат тили ҳақида”ги қонунга амал қилмаслик ҳолати ёхуд бу соҳадаги камчилик фақат корхоналарга, муассасаларга ном бериш, рекламаларни ёзиш жараёнидагина эмас, жойларнинг топономик номларини белгилаш борасида ҳам кўзга ташланади. Бундан 30 йиллар илгари Самарқанд вилоятига хизмат сафари билан борганимда Нуробод туманида ажабтовур ҳолатга дуч келгандим. Туман маркази Нуробод шаҳарчасидан ғарб томонга бораверишда бир қишлоқ бор экан. Йўлнинг чеккасидаги бетонли кўрсаткичга қишлоқ номи битилган: “Мусо қоқ”. Кўрсаткичнинг иккинчи томонида шу ном рус тилида “Муса какь” деб ёзилган. Ўша пайтда “қоқ” сўзининг русча таржимасини топиша олишмаганми ёки бош­қа сабабми “Мусо қоқ” қишлоғи рус тилида “Мусо қандай?” қишлоғига айланиб қолганди. Ҳозир ҳам ўша қишлоқ шу ном билан аталадими-йўқми, унинг рус тилидаги варианти ҳам шу ёзилганми-йўқми, билмадим. Ҳарқалай, бу 30 йиллик тарихдаги гап. Аммо жойларга ном беришда бугун ҳам аҳвол давлат тили қонунида кўрсатилган қоидаларга тўла жавоб бера олади дейиш қийин. Маълумки, 2011 йилда республикамизда “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган ва 2012 йилдан бошлаб Давлат кадастр­лари, геодезия ва картография миллий марказида Республика топонимика хизмати ташкил этилганди. Шунга кўра вилоятлар, туманлар, шаҳарларга ном бериш, ўзгартириш ҳокимлар илтимосномалари асосида, Вазирлар Маҳкамаси таклифига кўра Олий Мажлис палаталари томонидан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги жойлар номларини белгилаш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқор­ғи Кенгеси томонидан амалга оширилиши кўрсатилган. Шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, аҳоли пукт­ларига ном бериш ва ўзгартириш ҳокимларнинг таклифларига кўра халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан, маҳаллалар, шоҳкўчалар, кўчалар, майдонлар, боғлар, хиёбонларга ном бериш ва ўзгартириш шаҳар ва туман ҳокимлари таклифига кўра халқ депутатлари шаҳар, туманлар Кенгашлари томонидан тасдиқланиши белгиланган. Янги қўйилаётган ва ўзгартирилаётган номлар эса Давлат ер ва геодезия кадастр қўмитасининг эксперт комисияси томонидан эксперт қилинади. Кейинги уч йил ичида бу комиссия салкам 40 мингга яқин янги географик номларга оид таклифларни экспертизадан ўтказган.
 
Республика топонимика хизмати маълумотларига кўра, георафик объектларни номлаш ва уларни ўзгартириш масалалари бўйича баъзи ҳудудий комиссияларнинг аҳоли пуктлари ва аҳоли пунктларининг таркибий қисмларини номлашдаги фаолияти талаб даражасида эмаслиги қайд этилган. Масалан, Андижон вилоятида ҳудудий комиссиянинг тавсиясига мувофиқ Ҳасанқовоқ, Асфальт, Гараж, Стадион, ДАН орти, Хирабек, Чойфуруш каби аҳоли пункт­лари пайдо бўлган. Жиззахда эса янги тураржой масканлари Жанон, Пучуғой, Чақир-Чуқур сингари атамалар билан аталган. Самарқанд вилоятида комиссия аъзолари ном қўйишда ҳаммадан ошиб тушган. Уларнинг “илтифоти” туфайли вилоятда Чигирт­кали, Ўпка, Тентак, Энамяхши, Дам­қорин, Кампирўлдибулоқ, Галақассоб, Йўғонтаёқ, Райимқулкўса, Калтапўс­тин, Мирзабачча каби номдаги аҳоли пунктлари юзага келган. Сурхондарёдаги аҳоли пунктларига эса Қизилдеҳқон, Газкўча, Химия, Шағал, Пуштиварақ, Гекирдак сингари номлар берилган. Бундай “антиқа номлар” бошқа вилоятлар янги географик объектларида ҳам учрайди.
 
Шуларни эшитиб, кўриб, ўйлаб қоласан, наҳотки, бугунги кунда янги жойларга шундай номлар бериш мумкин бўлса? Агар улар объектларга берилган эски номлар бўлганида ҳам бу номларни давр талаби нуқтаи назардан янгиларига алмаштириш керакку!Ахир эндиликда яшаб турган қишлоқларимизни Қизил деҳқон, Ўпка, Тентак, Йўғонтаёқ, Галақассоб, Дамқорин каби номлар билан атаб бўладими? Ёки овулларимизга Пучуғой, Жанон, Мирзабачча каби номларни бериш уят-ку! Бундай ҳолатлар “Давлат тили ҳақида”ги қонунга, ҳам, “Географик обектларнинг номлари тўғрисида”ги қонунга ҳам, урф-одатларимиз, анъаларимиз, тарихий қадриятларимизга ҳам мутлақо зид. Шунинг учун эндиликда географик объектларга ном берадиган жойлардаги ҳудудий комиссияларнинг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш ва ўзгартириш керак. Мамлакатимиз Президенти “Миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли” деб аталган маърузасида бу масалага алоҳида эътибор қаратиб “Жамиятимизда тил билан боғлиқ энг кўп муҳокама қилинаётган, ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган мавзу — бу жой номларини белгилаш масаласи, десак, хато бўлмайди. Чунки ижтимоий объектларга ном бериш — бу шунчаки шахсий ёки хусусий иш эмас. Бу барчамизнинг ватанпарварлик ва маънавий савиямизни яққол кўрсатадиган ўзига хос мезондир. Буни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмаслиги керак”, дея таъкидлаган эди. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Республика Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаментини ташкил этиш ва департаментнинг асосий вазифаларидан бири қилиб “Географик ва бош­қа топономик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш” масаласи ҳам киритилди. Афсуски, бу борада ҳам кейинги бир ярим ой ичида бирор амалий ҳаракат бошланмади.
 
Умуман олганда, “Давлат тили ҳақида”ги қонунга, фармонга бундай эътиборсизликларнинг, соҳада юз бераётган юқоридагидек камчиликларнинг асл сабаби нимада, деган савол туғилади. Сабаби оддий. Аксариятимизнинг қалбимизда давлат тилига, яъни ўзбек тилига, гарчи, бу тилни ниҳоятда севамиз, деб тўтиқушдек минг марталаб такрорласак ҳам, меҳр-муҳаббат йўқ, ундан чинакамига фахрланиш, ифтихор қилиш, ғурурланиш туйғулари йўқ. Агар дилимизда шу қутлуғ туйғулар бўлганида, тилимиз билан боғлиқ ҳолда юқоридаги каби камчиликлар юз бермаган бўларди. Зеро, улуғ мутафаккир шоир Жалолиддин Румий:
 
Тилингдан олдин қалбингни тарбият қил,
Чунки сўз қалбда туғилиб, тилда намоён бўлади, —
деганида ҳақ эди.
 
Донишмандлар “Тил — миллатнинг кўзгуси” дея унга ниҳоятда улуғ таъриф берганлар. Шундай экан, бу улуғлик даражасига мувофиқ иш тутайлик. Миллатнинг тиниқ кўзгусига ғубор туширмайлик! Мамлакатимиз Президенти айтганидек, миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғи бўлган она тилимизга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиз ҳам ҳисобланади.
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунда сайёрамизда қарийб 1 миллиард нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт кечирмоқдалар. ...
01 янв 1970
Ўзини ҳурмат қилган, ишнинг кўзини билган тадбиркорнинг олтин қоидаси бўлади: “Мижоз ҳамиша ҳақ. Мижознинг кўнглига йўл топиш — устувор...
01 янв 1970
Истиқлол йилларида Бўстон замонавий шаҳарсозлик маданияти юксалаётган, илм-фан, санъат ва бошқа жабҳаларда гуллаб-яшнаётган шаҳарлардан бирига айла...
01 янв 1970
Жиззах вилоятида истиқомат қилаётган алоҳида тарбияга муҳтож оила фарзандлари, ички ишлар профилактик ҳисобида турувчи вояга етмаганлар ҳамда фаол ...