Адолат қонунларга ҳурмат демак

/
Шу кунларда мамлакатимизда содир бўлаётган, халқимиз тақдирига бевосита дахлдор воқеаларни ҳар бир киши адолат мезони орқали баҳолашга ҳаракат қилмоқда.
Мамлакат хавфсизлигига раҳна соладиган қонунларга беписандликдан фарқли ўлароқ тараққиёт, демократия ва фаровон турмуш асосларини қонунларга ҳурмат муҳити кафолатлаб беради. Қонунларга ҳурмат эса ҳуқуқий ахборотни самарали тарқатиш ва ундан омилкорлик билан фойдаланишни тақозо қилади.

Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишда тарихий ва маънавий-ахлоқий анъаналар муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, хушхулқлилик, адолат, ҳақиқат ҳамда комилликдан сабоқ бера оладиган тарихий ижтимоий муҳитни янгидан идрок қилаётган бугунги воқелик мозийга мурожаат қилишни тақозо этади.
Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш – бугун ёки кеча пайдо бўлган эмас. У бир неча минг йил илгари инсоният тарихида илк бор давлатчилик асослари пайдо бўлиб, ҳудудийлик тамойилига кўра бўлиниб яшаш турмуш тарзи аҳоли томонидан қабул қилиниб, оммавий тартиб тушунчаси пайдо бўлгандан буён мавжуд. Лекин янги тартиботни ўрнатувчи ҳуқуқий қоидаларни жорий қилиш турли тарихий даврларда ва муайян давлатларда турлича ҳал қилинган.
Инсоният тарихида ҳуқуқий ахборотни тарқатиш унга ишончсизлик каби номаъқул ёндашувдан аста-секин узоқлашиб, тартибсизлик, ҳақ-ҳуқуқсизлик, ҳимоясизликдан воз кечилиб, янги ҳуқуқий ахборотдан самарали фойдаланишгача бўлган узоқ эволюция босқичларидан ўтган.
Тарихий ривожланиш босқичларида у кўпроқ савдо-сотиқ ва халқаро ҳамкорликнинг чуқурлашуви негизида такомиллашиб борган.
Ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг тарихий негизлари, биринчи навбатда, Рим ҳуқуқига бориб тақалади.
Кўҳна Туркистон заминида ҳам қадимдан эл осойишталигини таъминлаш, фуқарога ҳар томонлама ёрдам бериш, уларга жабр қилганга нисбатан чора қўллаш ва ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишда адолатли бўлишга алоҳида эътибор қилинган.
Амир Темурнинг Мовароуннаҳрда марказлашган давлат барпо этиш, халқаро алоқалар, йўллар ва шаҳарлар қуришга кўп эътибор берганига бағишланган асарлар талайгина. Соҳибқирон «Темур тузуклари»да «карвонсаройларни доимий озода ва ёруғ сақласинлар, йўл устига кузатувчи ва соқчилар қўйсинлар, халқ орасидаги солиқ ишлари ва унинг миқдори тартибга олиниб, тузуклар асосида амалга оширилишини таъминласинлар» – деб кўрсатма берган.
Туркистонда Россия босқинидан кейин ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишда маҳаллий аҳоли ҳуқуқлари бирмунча чекланган эди.
Қолоқлик ва жаҳолат, ўлка аҳолисининг аянчли аҳволи, Туркистоннинг Европа ва жаҳон тамаддунидан орқада қолиб кетиши, исломнинг оёқости қилиниши шароитида оғир фожиали ҳаётдан қутулиш, эрк ва озодликка эришиш ҳақидаги ғоялар биринчи ўринга чиқиб борган.
Инсон ҳуқуқлари, давлат ва шахснинг муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш совет даврида эса турли кўринишдаги мафкуравий босим остида бўлиб, энг «ёпиқ» мавзулардан бири ҳисобланган.
Бу даврда, ҳаттоки айрим «натижалар»ни шубҳа остига олиш, илғор хорижий тажрибага мурожаат қилиш хавфли таҳдид деб талқин қилиниб, «тузумни қоралаш», «давлат асосларига тажовуз қилиш», «маънавий тамойиллардан чекиниш» – деб эътироф қилинган.
Мустабид тузум 70 йилдан кўпроқ вақт мобайнида халқ устидан зўравонлик қилиш ҳисобига сақланиб турди. Шу даврда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланиш давлат бошқарувининг маъмурий буйруқбозлик тизимида ўзининг барча салбий кўринишлари билан қарор топди.
Бу даврда ҳуқуқий ҳаётда миллийлик ўрнига байналмилаллик устувор қилиб қўйилди, миллий қадриятлар, анъана, урф-одатлар ва кўп асрлик маънавий мерос оёқости қилинди. Ўз-ўзидан равшанки, бундай шароитда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланиш ҳам кўпроқ шиорбозлик тавсифига эга бўлиб қолган эди.
Эндиликда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тараққиёт мезони сифатида мустаҳкамланиб, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган давлат ва кучли адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида жаҳондаги барча давлатлардаги каби ривожланиб бормоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонуни бўйича ҳуқуқий ахборотлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини юбориш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий эълон қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни норасмий эълон қилиш, ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг сўровларига кўра ҳуқуқий ахборот тақдим этиш орқали тарқатилмоқда.
Шу аснода мазкур масаланинг самарали ечими давлатнинг тобора юксалиши, турмуш тарзининг яхшиланиши, иқтисодий фаровонлик даражасининг ўсиши ва халқаро муносабатларда мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Зеро, қонун ҳужжатларини ижрочилар ва аҳолига етказиш барча жабҳаларни қамраб олиб, улар таъминланган давлат ижтимоий инқироз билан боғлиқ бўлган турли номувофиқликлардан холи бўлиб, чинакам адолатли демократик давлат сифатида шаклланиб боради.
Ҳозирда баъзи давлатлар, қани, биз ҳам шундай натижаларга эришсак, деб мустақил Ўзбекистонга ҳавас билан қарамоқда. Шунинг билан биргаликда, бугунги кунда биз юртимизда адолатли демократик давлат қуришга қаратилган олис ва оғир йўлнинг фақат бир қисминигина босиб ўтдик. Замон талаби билан ечимини кутиб турган вазифаларнинг кўлами ва миқёси тобора кенгайиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш фаолиятини такомиллаштириш бўйича мамлакатимизда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент ҳужжатлари, Олий Мажлис қарорлари, Конституциявий суд қарорлари, Ҳукумат қарорлари, вазирликлар, идоралар ва давлат қўмиталарининг давлат рўйхатидан ўтган қарорлари эълон қилинадиган ҳафталик “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами” 2000 йилдан буён мунтазам нашр этилмоқда.
Ихтисослаштирилган “Адолат” нашриёти давлат корхонаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги кодекслари сўнгги ўзгартиришлар ва қўшимчалар билан чоп қилинмоқда.
Кейинги пайтларда қонун ҳужжатларининг соҳавий тўпламларини яратишга эътибор кучайди. Жумладан, адвокатурага оид, тадбиркорлик фаолиятининг айрим турларини лицензиялашга оид, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига оид қонун ҳужжатлари каби соҳавий тўпламлар жамиятда ҳуқуқий маданиятнинг юксалишига хизмат қилмоқда.
Қонун ҳужжатларини аҳолига тарғиб қилиш, улар нашр этилаётган расмий нашрлар ҳақида хабардорликни ошириш мақсадида 100 дан ортиқ ҳуқуқий нашрлар кўргазма-ярмаркалари ва сайёр савдолар ташкил этилди.
Қонун ҳужжатлари маълумотларини Lex.uz, Norma, Yurida дастурлари орқали ижрочиларга ва аҳолига етказиш каби интернет хизматларидан фойдаланишнинг самарадорлиги мунтазам ошиб бормоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги веб-сайтида янги қонун ҳужжатлари жойлаштирилиб борилмоқда, унда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Тижорат сири тўғрисида” ва “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги каби қонунларнинг шарҳлари билан ҳам танишиш мумкин.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг идоравий сайтларида ҳам қонун ҳужжатлари ҳамда уларнинг илмий-амалий шарҳларини жойлаштириш амалиёти такомиллашиб бормоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларида қонун ҳужжатлари “назорат” ҳолатда бўлишини таъминловчи ягона ихтисослаштирилган тармоқлар жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қонунчилик тарғиботини кучайтириш, янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан мақолалар оммавий ахборот воситаларида мунтазам чоп этилишини мувофиқлаштириб боришмоқда.
Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш вазифаси юклатилган барча идора ва муассасаларда қонун ҳужжатларининг расмий манбаларига марказлаштирилган обуна ташкил этилмоқда.
Таъкидланганидек, доимо ўрганиш, изланиш, янгиликка интилиб яшаш керак. Фикримизча, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш мақсади, вазифалари ва принциплари, шу жумладан, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш тартиби ва муддатларини бузганлик учун жавобгарликка оид ҳуқуқий қоидалар янада аниқлаштирилиши лозим.
Қатор хорижий давлатларда қонун ҳужжатларини чоп этиш ва тарқатиш, уларнинг ижрочилар ҳамда аҳолига ўз вақтида ва тўлиқ етказилиши, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тўғри ўзлаштирилишини таъминлашга оид муайян ҳуқуқий дастаклар ишлаб чиқилган.
Хусусан, расмий манбаларнинг тарқатиш вақти, муддатлари ва таркиби (Россия Федерацияси), қонун ҳужжатларини қайта чоп этиш тартиби (Молдова Республикаси), ҳуқуқий маълумотларнинг эталон базасини шакллантириш ва нотўғри ҳуқуқий маълумот тақдим этганлик учун жавобгарлик (Беларусь Республикаси), эталон банк маълумотларига мувофиқлилик экспертизаси ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни чоп этишга рухсат бериш (Қозоғистон Республикаси) каби мажбурий ҳуқуқий қоидалар ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш устидан назорат механизми, белгиланган талабларнинг бузилиши учун жавобгарлик масалаларини ўз ичига олган.
Фикримизча, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, биринчидан, расмий тарқатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳудудий органларга ҳамда ташкилий бўлинмаларга вақтида етказилиши, қонун ҳужжатлари “назорат” ҳолатида бўлишини таъминлаш таъсирчан тизимини йўлга солиш; иккинчидан, янги қонун ҳужжатлари ҳақидаги мақолаларни оммавий ахборот воситаларига жойлаштириш; учинчидан, идоравий сайтларга қонун ҳужжатлари матнлари, эксперт, олим ва мутахассислар томонидан берилган тушунтириш ва шарҳларни жойлаштириш; тўртинчидан, янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан теле ва радио дастурларнинг махсус сонларини тайёрлаш; бешинчидан, қонунларни мужассамлаштириш ва уларнинг тарғиботи бўйича ижобий иш тажрибасини оммалаштиришни ҳар томонлама рағбатлантириш учун зарур бўлган шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб беради.
Шундай экан, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга ва аҳолига етказиш борасида мутасадди идоралар, оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчиликнинг ҳамкорлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситаларида чиқишларнинг сифатини яхшилаш, соҳавий фаолиятнинг самарадорлигини оширишга қаратилган назарий ва илмий-услубий тадқиқотларни жадаллаштириш, соҳада мавжуд ижобий ишларни оммалаштиришга эътиборни кучайтириш лозим бўлади.
Мухтасар айтганда, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш меъёрларини ўзимиз учун дастуриламал қилсак, фаолиятимизда қўллаб, унга риоя этсак, ҳуқуқий сиёсатга таъсир эта оладиган ва уни белгилаб берадиган олий мезон – адолатга амал қилсак, ҳуқуқий ахборотни самарали тарқатиш орқали қонунларга ҳурмат муҳитини яратсак, мазкур фаолиятда оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчиликнинг ҳамкорлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаб борсак янада яхшироқ натижаларга эришамиз.
Толибжон УМАРОВ,
юридик фанлар доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январдаги фармони амалга оширилаётган ишларда янги босқични бошлаб берди....
01 янв 1970
Бугунги дунё — мураккаб ғоявий зиддиятлар дунёси, унда “мафкуравий полигонлар ядро полигонларига қараганда кучлироқ ва хавфлироқдир&rdq...
01 янв 1970
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига