Дарднинг давоси бор

/
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг норасмий маълумотларига кўра, Ер юзида яшаётган аҳолининг 93 фоизга яқини турли касалликлар билан хасталанган. Дунёда 500 дан ортиқ номда касалликлар рўйхатга олинган бўлса, улар орасида эндиликда йўқолиб бораётганлари ҳам, табобат туфайли давоси топилаётганлари ҳам, саломатликка жиддий путур етказаётган давосизлари ҳам, сурункали давом этаётганлари ҳам, янгидан пайдо бўлаётганлари ҳам мавжуд. Инсон ҳаётига хавф туғдирувчи хасталиклардан бири нефрология, терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги касаллиги саналади. Гарчи жаҳоннинг юксак тараққий этган мамлакатларида соғлиқни сақлаш тизимининг юксалиши, фан-техниканинг ривожланиши туфайли бу касалликнинг хавфлилик даражаси пасайган бўлса ҳам юксак тараққиёт даражасига эришмаган аксарият давлатларда у инсон саломатлиги учун жиддий хасталик ҳисобланади.
Республикамизда сўнгги йилларда бу хасталик аҳоли ўртасида ҳам кўпайиб, ҳам “ёшариб” (ёшларнинг бу касалга чалинганлари йилдан-йилга ошиб) бораётганлиги кузатилмоқда. Тиб олимларининг илмий хулосаларига кўра, нефрологик касалликларни қандли диабет, сурункали гломерулонефрит ва пиелонефрит, буйрак поликистози кабилар келтириб чиқармоқда. Бу касаллик кўп ҳолларда меҳнатга лаёқатли, ижтимоий фаол инсонларда учрайди. У аксарият пайтда белгилари намоён бўлмай яширин равишда кечади. Аммо терминал буйрак етишмовчилиги келиб чиққанидан кейин касаллик ниҳоятда хавфли тус олади. Терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги билан хасталанган беморларни даволашда фақат икки усул — мунтазам гемодиализ орқали даволаш ва буйрак трансплантацияси самара беради, холос.
Хўш, шундай экан, республикамизда кейинги йилларда нефрология касалликларига қарши кураш, унинг олдини олиш, бу борада аҳолининг саломатлигини сақлаш учун қандай ишлар олиб борилди? Очиғини айтиш керак, бу борада 2018 йилнинг ўтган шу даврига қадар қилинган ишлар замонавий табобат талаблари даражасида эмас эди. Мамлакатимизда буйрак етишмовчилигининг терминал босқичидаги беморлар сони 3057 нафар, деб ҳисобланарди. Бу рақам касалликка дучор бўлганларнинг ҳаммасини эмас, балки шу хасталик билан шифохоналарга мурожаат қилганларнинг сонини кўрсатади. Аслида ушбу касалликка чалинганлар сони шифокорларга мурожаат қилганлардан бир неча баробар кўп бўлган.
Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг текширишларига кўра, сурункали буйрак етишмовчилиги касаллигига чалинган беморлар сони йилдан-йилга 20-25 фоизга ошиб борган. Беморлардан 24 фоизга яқини гемодиализ билан даволанмаган, яъни уларга тиббий ёрдам кўрсатиш муолажаси амалга оширилмаган. Бухоро, Қашқадарё, Жиззах вилоятларидан ташқари бошқа ҳудудларда гемодиализ асбоб-ускуналари ва анжомлари етишмаган. Бу хилдаги касалликларни даволаш учун марказлашган тизимда Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси ва вилоятлар тиббиёт муассасаларида гемодиализ бўлинмалари фаолият кўрсатган, холос.
Умуман олганда, кейинги йилларда мамлакатимизда нефрология соҳаси касалликларига, гемодиализ ёрдамига муҳтож беморларга тўлиқ тиббий хизмат кўрсатишда бир қанча муаммолар юзага келган. Масалан, тиббиёт муассасаларида гемодиализ олиш учун ўринларнинг сони реал эҳтиёждан бир неча баравар кам эканлиги, гемодиализ бўлинмаларининг ярмидан ортиғи мослаштирилмаган хоналарда жойлаштирилганлиги ва кўпгина гемодиализ ускуналарининг фойдаланиш муддати ўтиб кетганлиги аниқланган. Терминал ва ўткир буйрак етишмовчилигига дучор бўлган беморларни даволашнинг ягона стандартлари жорий этилмаган. Нефрологик касалликларнинг олдини олиш, уларга ўз вақтида ташхис қўйишнинг самарали тизими, беморларни танлаш ва уларни гемодиализга юбориш тартиб-қоидалари йўлга қўйилмаган.
Нефролог мутахассислар, гемодиализ шифокорлар ва соҳанинг бошқа тиббиёт ходимларини тайёрлаш бўйича ягона дастур бўлмаганлиги сабабли мутахассислар етишмовчилиги келиб чиққан. Нефрологик касалликларни даволашнинг замонавий тиббий инфратузилмаси яратилмаган. Соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишда давлат-хусусий шериклик имкониятларидан, хориж билан ҳамкорликлардан фойдаланилмаган. Гемодиализ тиббиёт ускуналари ва унга сарфланадиган материалларни олиб кириш, сотиб олишни рўйхатдан ўтказиш, сертификатлаш ва рухсатнома олишда шаффоф бўлмаган тартиб-қоидаларга амал қилинган. Бу борада тиббиёт ускуналарининг энг яхшиларини олиб келишда амалий рақобатбардошлик йўлга қўйилмаган. Умумлаштириб айтадиган бўлсак, аҳолига малакали нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш, буйракларни трансплантация қилиш бўйича минтақавий бўлинмаларга эга бўлган ихтисослаштирилган тиббиёт маркази ташкил этишга эҳтиёж туғилганди. Буларнинг ҳаммаси ҳаётий заруратга айланганди.
Шу сабабли республикамиз Президенти томонидан 2018 йилнинг 12 июлида “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Қарорда республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларига аҳолига нефрологик ва гемодиализ ёрдами кўрсатишни янада ошириш ҳамда тиббиётнинг бу соҳасида юзага келган муаммоларни бартараф этиш вазифаси юкланди. Айни пайтда, қарор асосида Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси негизида “Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази” ташкил этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ташкилотларининг нефрология ва гемодиализ бўлинмалари ушбу марказнинг минтақавий ташкилий-методик бўлинмаларига айлантирилди. Илмий-амалий тиббиёт маркази негизида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида “Нефрология, гемодиализ ва буйрак трансплантацияси” кафедраси ташкил қилинди ҳамда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб магистратура ва клиник ординатуранинг “нефрология” ва “болалар нефрологияси” мутахассислари бўйича янги йўналишларда кадрлар тайёрлашга киришилади.
Қарор асосида аҳолига ихтисослаштирилган нефрологик ва гемодиализ тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар Дастури ҳам ишлаб чиқилди. Дастур тўрт йўналишдан иборат.
Биринчи йўналиш, бу касалликнинг профилактикаси, диагностикаси ва даволашнинг клиник стандартларини қайта кўриб чиқиш ва янгилаш йўли билан ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширишдан иборат. Бунда асосий эътибор тиббиёт тизимида нефрологик касалликларнинг эрта олдини олишга ва уларни даволаш тизими ишини қайта кўриб чиқишга, хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан гемодиализ аппаратлари ва сарфлаш материалларини етказиб бериш ишини яхшилашга, юртимизда гемодиализ сарфлаш матриаллари ва улар учун фильтрларни ишлаб чиқаришни ташкил этишга, нефрология ва буйрак трансплантацияси соҳасидаги фундаментал илмий ишларни кўпайтириш ва уларни соғлиқни сақлаш тизимига жорий қилишга, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник касалхонасида 20 ўринли нефрология ва гемодиализ бўлинмасини ташкил этишга қаратилган.
Иккинчи йўналиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашдан иборат. Бу йўналишда Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказини тиббиёт ҳамда диагностика ускуналари билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Бу ишлар учун 2 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ажратилган. Шу билан бирга марказни ва унинг бўлинмаларини республика бўйлаб гемодиализ хизмати узлуксиз фаолият кўрсатиши учун ҳар йили бир марталик фильтрлар, сарфлаш материаллари, диализ аппаратларининг эҳтиёт қисмлари билан марказлашган тартибда таъминлаш учун 226,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Айни пайтда “JICA”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда тиббиёт маркази учун зарур ускуналарнинг бир қисмини сотиб олишга 1,5 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратиш режалаштирилган.
Марказдаги гемодиализ аппаратларининг умумий сони 40-60 тага етказилади. Шундан 10 таси болалар гемодиализи бўлимида фаолият юритади. Беморларнинг стационар равишда даволаниши учун ўринлар сони 170 тадан ошади. 20-30 ўринга мўлжалланган буйрак трансплантацияси бўлимининг очилиши ҳафта давомида 4-5 та беморга буйрак кўчириб ўтказиш имкониятини юзага келтиради. Бу эса сурункали буйрак касалига учраган беморларнинг хасталикдан фориғ бўлишига хизмат қилади.
Учинчи йўналиш, марказ учун тиббиёт мутахасcисларини республикада ва чет элда тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш билан боғлиқ. Республикада ҳар йили нефрология бўйича 5 нафар, трансплантация бўйича 5 нафар, гемодиализ бўйича 20 нафар мутахассис тайёрланади. Бундан ташқари, нефрология ва гемодиализ бўйича камида 40 та, буйрак трансплантацияси бўйича 5 та кадр тиббиёт соҳаси институтларининг малака ошириш факультетларида бирламчи ихтисослаш йўли билан тайёрлаш кўзда тутилган. Хорижий марказлар ва клиникалар билан ҳамкорлик асосида тиббиёт маркази ва унинг минтақавий бўлинмаларининг 10 нафардан ортиқ мутахассиси хорижда малакасини ошириб келиши режалаштирилган. Юртимизда хорижлик таниқли нефрологлар иштирокида 5 тадан кам бўлмаган семинар-тренинглар ўтказиш кўзда тутилган.
Шу муносабат билан жорий йил 22 июлда марказдан икки нафар шифокор Беларусь Республикасига Минск гематология ва трансплантология, хирургия илмий-амалий марказига буйрак трансплантацияси йўналиши бўйича тажриба ўрганишга жўнатилди.
Тўртинчи йўналиш сифатида тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий усуллари ва технологияларини амалиётга жорий этиш белгиланган.
Президент қарори асосида яна бир хайрли иш амалга оширилди. “Соғлом авлод учун” фонди ва кенг жамоатчиликнинг таклифига мувофиқ республикада илк бор “Ўзбекистон диализ жамияти” нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилди ва давлат рўйхатидан ўтказилди. Ташкилотнинг асосий фаолияти сурункали буйрак етишмовчилиги билан касалланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, гемодиализ хизмати иши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга, беморларга ижтимоий ёрдам бериш ва уларнинг ҳаёт сифатини оширишга, даволашнинг замонавий услубларини амалиётга киритишга ҳисса қўшишга, нефрология ва гемодиализга оид бўлган миллий, халқаро конференциялар ҳамда симпозиумларда фаол қатнашишга қаратилган.
“Ўзбекистон диализ жамияти” ташкил этилганидан бери республикамиз соғлиқни сақлаш тизимида нефрология касаллиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда фаол қатнашиб келмоқда. Жумладан, шу йилнинг 14 март — “Бутунжаҳон буйрак куни” муносабати билан Тошкентда ўтказилган “Нефрологиянинг долзарб муаммолари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференциянинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази билан бирга ташкилотчиларидан бири бўлди. Германия, Буюк Британия, Россия, Туркия ва бошқа мамлакатлар ҳамда республикамиз етакчи олимлари қатнашган бу анжуман нефрология, экстракорпорал детоксикациянинг турли йўналишлари, буйрак трансплантациясининг замонавий масалалари, сурункали буйрак касалликлари мавжуд беморларга ихтисослаштирилган нефрологик ёрдам кўрсатишнинг долзарб муаммоларига бағишланди.
Айни пайтда нодавлат нотижорат ташкилоти Республика илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда шу йилнинг иккинчи ярмида Тошкентда нефрологик ва гемодиализ хизматининг самарадорлигини ошириш мақсадида соҳанинг етук олимлари билан буйрак касалига чалинган беморларнинг ахборот-маърифий йўналишдаги мулоқотини ташкил қилиш борасида ишлар олиб бормоқда. Бундан ташқари, “Ўзбекистон диализ жамияти” аҳолига нефрология ва гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, соҳага замонавий тиббиёт технологияларини жорий этиш, сурункали буйрак касалликлари мавжуд беморларни муҳофаза қилиш, катталар ва беморлар орасида нефрология касалликлари келиб чиқишининг олдини олиш учун тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш мақсадида “Адолат” социал-демократик партияси билан ҳамкорлик меморандуми ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Хуллас, республикамизда соғлиқни сақлашнинг яна бир тизими — нефрология ва сурункали буйрак касалликларига шифо топиш, аҳолини бундай хавфли дарддан фориғ қилиш учун амалий ҳаракатлар бошланди. Халқимиз бежизга дарднинг давоси бор, демайди. Бу амалий ҳаракатлар яқин келажакда ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Улуғбек Юлдашев,
Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази инновация ва илмий ишлар бўйича директор муовини 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
МИБнинг ижро дафтарини ким назорат қилади? ёки Пастдарғомда суднинг ҳал қилув қарори асосидаги қонун талаблари нега бажарилмаганлиги хусусида...
01 янв 1970
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари доимий эътиборда....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига
01 янв 1970
Бугун улкан қурилиш ва бунёдкорликлар майдонига айланган Самарқандда шаҳарликларни бир-биридан кўркам иморатлар барпо этилаётганлиги билан ҳайратга...