Тарих ва келажак уйғунлашаётган воҳа

/
Шу йилнинг 8 июлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Қарорга кўра, халқимиз учун энг улуғ, энг азиз айём, эркин, обод ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидаги барча ютуқ ва муваффақиятларимизнинг асосий манбаи бўлган Ватанимиз мустақиллигини улуғлаш, “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш белгиланганди.
Айниқса, ижодкор, зиёлилар, журналистлар олдига охирги йилларда қилинган ишлар — сиёсий-ижтимоий, иқтисодий муносабатларнинг мазмун-моҳияти, жамиятимиз қиёфаси бутунлай ўзгаргани, бу ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз ҳаётида ўз ифодасини топаётгани, халқимизнинг турмуш даражасини, онгу тафаккури, билим ва маданиятини ошириш бўйича қилинган ишларни конкрет далил ва мисоллар, чуқур илмий таҳлиллар орқали мамлакатимиз аҳолиси ва халқаро жамоатчиликка етказиш вазифаси қўйилган эди. Шу муносабат билан матбуот саҳифаларида бу йўналишда кўплаб мақолалар, лавҳалар, эсселар эълон қилинмоқда.
Газетамиз саҳифаларида ҳам бу улуғ байрамга тайёргарлик ишлари кенг ёритилмоқда. Ҳафталигимизнинг бу сонида Бухоро ва Сирдарё вилоятида кейинги йилларда амалга оширилган бунёдкорликлар ҳақидаги мақолалар, фотолавҳалар ўрин олди.
Ер юзида инсоният маънавий юксалишига бешик бўлган, кечмиши бир неча минг йиллик тарихга бориб боғланадиган, башариятнинг барча тараққиёт босқичларига гувоҳ бўлган, бағрида ҳам олис ўтмиш, ҳам бугунги тамаддун жараёнларини намоён этувчи шаҳарлар мавжуд. Рим, Афина, Қуддус, Искандария, Самарқанд... Ана шундай шаҳарлардан яна бири Бухорои шариф ҳисобланади.
Муаррихлар унинг қад ростлаши эрамиздан олдинги VI-V асрлардан бошланганини эътироф этадилар. Эрамиздан олдинги IV асрда юнон тарихчилари уни “Сўғдлар ўлкасидаги йирик истеҳкомли қалъа” деб тилга оладилар. Милодий эра бошларидаги Рим қадимшунослари “Бухоро — Осиёдаги савдо шаҳри”, деб маълумот берадилар. Шаҳар ўтмишда, турли даврларда ҳар хил номлар билан аталган. Уни Нумижкат, баъзан Бумискат, деб юритишган. Араблар дастлаб унга “Мадинат ус-суфрия”, яъни “Мис шаҳри” номини беришган. Кейинчалик эса “Мадинат ут-тужжор” — “Савдогарлар шаҳри” деб ёзишган. Ҳадислардан бирида унинг “Фохира” деган номи ҳам келтирилади. Шаҳарнинг бундан бошқа номлари ҳам мавжуд. Лекин у нима бўлмасин тарих бағрига Бухоро деган ном билан муҳрланди. Наршахий “Бухоро тарихи” асарида уни “Барча даврлар учун мангу, боқий шаҳар” деб таърифлайди. Ҳаёт муаррихнинг бу сўзларини исботлади. У боқий шаҳарга айланди.
Бухоро олис тарихи давомида бир неча бор қайтадан бунёд этилган. Лекин шаҳар ўз тарихий илдизларидан ҳеч қачон узилиб кетмаган. Унинг бағрида олис ўтмишдан то бугунги кунгача қурилган кўплаб меъморлик ёдгорликлари сақланиб қолган. Тарихий маълумотларга кўра, ХХ аср бошларида улар сони 550 га яқин бўлган. Салкам бир асрга яқин вақт ичида шўро даҳрийларининг тарихимизга нисбатан бузғунчилик муносабати ўз таъсирини кўрсатди. Бугунги кунга келиб, шаҳарда 300 га яқин ёдгорликлар сақланиб қолган. Истиқлол йилларида Бухорони замонавий ва миллий шаҳарсозлик асосида қайта қуриш, ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишлари ана шу ёдгорликларни асл тарихий ҳолида тиклашдан, таъмирлашдан бошланди. Вилоятдаги Чор Бакр, Арк мажмуалари, Хўжа Зайниддин, Баланд масжидлари ва бошқа тарихий обидалар асл тарихий асосида қайта қад ростлади. Шаҳар бағридаги Чашмаи Аюб, Даҳмаи Беҳиштиён, Ҳазрати Абу Хафс Кабир, Шайх Абу Бакр Гулободий, Хожа Исматуллоҳ Валий каби улуғ алломалар номлари билан боғлиқ зиёратгоҳлар, мақбаралар, масжид ва мадрасалар асл ҳолида қайта тикланиб, обод қилинди. Шаҳар деворининг бир қисми, жумладан, “Толипоч” дарвозаси тарихий кўринишда таъмирланди. Бухоро марказидаги Лаби ҳовуз мажмуаси, унинг атрофидаги Нодир Девонбеги мадрасаси ва хонақоси, Кўкалдош мадрасаси, сув йўллари, Мағоки Аттор масжиди, тоқилар, тарихий кўчалар қайта қурилиб, обод масканларга айлантирилди. Бухоронинг ўрта асрларга хос тўртта дарвозаси тарихий кўринишга мос равишда барпо этилди. Булардан ташқари, Калон масжиди, минораси, Мир Араб, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб мадрасалар тўла равишда қайтадан таъмирланди.
— Бу ерда ҳар қадамда тарих билан юзлашасиз. Унинг ҳар бир обидаси, мадраса ва масжиди, минораси, ҳовуз ва хиёбони, бозор ва кўчалари ўтмиш гувоҳлари сифатида намоён бўлади, — дейди тарих фанлари доктори Қаҳрамон Ражабов. — Ўз даврининг ҳаётий эҳтиёжлари туфайли бунёд этилган бу ҳайратомуз иншоотлар, иморатларда кекса тарих билан биргаликда аждодларимизнинг юксак ақл-заковати, донишмандлиги, илмий салоҳияти, дунёвий маданияти, ғаройиб санъати ҳам ўз ифодасини топган. Шаҳар марказидаги Чор минор ансамблига бир эътибор беринг. Бундай ўзига хос усулда қурилган ажойиб иншоот нафақат Ўрта Осиёда, балки Шарқда ҳам ягона ҳисобланади. Ёки Хўжа Зайниддин, Баланд масжидларига, Мир Араб мадрасасига бир назар ташланг. Юксак муҳандислик, ғаройиб санъат ва тенгсиз гўзалликнинг намунаси асосида яратилган бундай иморатларни мусулмон оламининг бирор нуқтасида учратмайсиз. Шунинг учун ҳам улар Бухоронинг боқийлик тимсоллари саналади.
Кейинги йилларда вилоятда яна бир тарихий ёдгорликлар мажмуаси — “Етти пир” зиёратгоҳларини обод қилишга эътибор қаратилди. Хожа Абдулҳолиқ ўиждувоний, Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитоний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд номлари билан боғлиқ табаррук қадамжолар асл тарихий ҳолатида тикланмоқда. Бу қадамжоларни зиёрат қилувчилар учун қулайликлар яратилмоқда. Айни пайтда, бу зиёратгоҳларни ўзаро боғлайдиган сайёҳлик йўл харитаси ҳам ишлаб чиқилмоқда. Бу йўл харитасига мувофиқ сайёҳ ёки зиёратчи “Етти пир” зиёратгоҳлари билан тўла танишиш имконига эга бўлади.
Бухоро вилоятида қадимий обидаларни, ёдгорликларни, зиёратгоҳларни қайта тиклаш борасида амалга оширилаётган бу ишлар икки жиҳатдан алоҳида аҳамият касб этади. Биринчидан, юртимизнинг тарихи тикланади. Аждодларимиздан қолган ноёб меросдан халқимиз баҳраманд бўлади ва тарихимизга меҳр-муҳаббат, ғурур уйғонади. Иккинчидан, ўлмас тарихни тиклаш билан туризмни янада кучайтиришга имкон туғилади. Шу маънода вилоятга сайёҳлар оқими йилдан-йилга ошиб бормоқда. Айтайлик, 2019 йилнинг олти ойи ичида вилоятга ташриф буюрган сайёҳлар 1,8 миллион нафарга етибди. Хорижий давлатлардан келадиган туристлар сони эса 223 мингтадан ошган. Агар ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 113,8 мингта бўлган бўлса, демак, бу хорижий туристлар оқими икки бараварга ошганини кўрсатади. Бунинг натижасида сайёҳларга хизмат кўрсатиш даражасини юксалтиришга ҳам эътибор берилмоқда. Шу сабабли кейинги йилларда вилоят миқёсида 100 дан ортиқ меҳмонхоналар қуриш режалаштирилганди. Ҳозирги пайтда Бухоро шаҳрида 72 та янги меҳмонхоналарни қуриш ишлари бошланди. “Етти пир” зиёратгоҳларида барпо этилаётган меҳмонхоналарнинг 4 таси фойдаланишга топширилди. Бошқача айтганда, Бухоро бугун дунё кўз ўнгида ҳам олис ўтмиш тарихи, ҳам замонавий қиёфаси билан намоён бўлмоқда.
Маълумки, Бухоро қадимдан шариф шаҳар дея улуғланиб келинган. У бу мақомга илму зиёси, юксак маърифати, маданияти, исломий тараққиёти, меҳмондўст ва меҳнатсевар одамлари туфайли эришган. Эндиликда шаҳарга берилган бу мақомнинг нуфузи янада ошмоқда, юксалмоқда. Бу юксалиш жараёни шаҳарда замонавий уй-жойлар, маданий-маиший объектлар, ўқув муассасалари, кенг ва гўзал кўчалар, кўркам хиёбонлар, майдонлар, гулларга бурканган боғлар барпо қилиниши билан боғлиқ ҳолда кечмоқда. Бугун шаҳарнинг қайси кўчаси, даҳаси, мавзесига борманг, бунёдкорлик, яратувчиликка гувоҳ бўласиз. Инфратузилма ва коммуникация — муҳандислик соҳалари янгиланаётгани кўзга ташланади. Бу замонавий олий ўқув юртлари, лицейлар, мактабларнинг янги бинолари қурилишида ҳам намоён бўлмоқда. Бу борада Бухоро муҳандислик-технология институтининг ўқув биноси гўзал, кўркам, муҳташам меъморий ансамбль сифатида алоҳида эътиборни тортади. Бир-бирига уйғун ҳолда барпо этилган учта бино замонавий ва миллий меъморчилик анъаналари асосида қад ростлаган. Олий ўқув юртининг ўқув даргоҳлари, лабораториялари халқаро стандартлар даражасида жиҳозланган. Бугунги кунда ушбу олий ўқув юртида беш мингдан ошиқ талаба ўнта таълим йўналиши бўйича илм сирларини ўрганмоқда. Институтни битириб чиқаётган мутахассислар иқтисодиётнинг турли соҳаларида, хусусан, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида фаолият юритмоқдалар. Бу ҳам шаҳарда азал-азалдан илм-маърифатга алоҳида эътибор бериб келинаётганлигининг тимсолларидан биридир.
Бухоро қадим-қадимдан сув йўлларига бой шаҳар бўлган. Унинг бағридан кўплаб ариқлар, сойлар, каналлар оқиб ўтган. Лекин шунга қарамай шаҳарни оби ҳаёт билан таъминлаш, унда мусаффоликни, озодаликни, салқинликни сақлаш учун бир неча ўнлаб ҳовузлар, қудуқлар, ҳавзалар барпо этилган. Булар шаҳар ҳаётига ўзига хос ҳаёт бағишлаган. Эндиликда аждодларнинг бу борадаги анъаналари замонавий йўсинда давом эттирилмоқда. Шаҳарнинг барча нуқталарида турли хилдаги фавворалар ишга туширилган. Айниқса, унинг марказида бунёд қилинган “Абу Али ибн Сино” номидаги фавворалар майдони шаҳарнинг энг обод, кўркам, хушманзара масканларидан бирига айланган. 6,5 гектардан ошиқ жойни эгаллаган бу фавворалар шакл-шамойили, кўриниши, сувни ғаройиб тарзда таратиб бериши билан эътиборни тортади. Баъзи нуқталарда сув 20 метрдан ошиқ баландликка отилади. Турфа рангдаги нурлар сувнинг отилишига ҳамоҳанг порлайди. Сув ва нурнинг ҳамоҳанглигига мусиқа — “Шашмақом” куйлари ҳам қўшилади. Мусаффолик, салқинлик, нурлар ўйини, қалбни тўлқинлантирувчи куйлар оғушида ҳар қандай одам дилида хуш кайфият, ўзгача бир сурур, фахр уйғонади. Шунинг учун ҳам шаҳарнинг бу маскани — “Фавворалар майдони” доимо гавжум бўлади. Бу майдон тунда янада ғаройиб, гўзал кўриниш ҳосил қилади. Унга четроқдан назар ташласангиз, бу ерда нафақат шаҳар аҳли, балки бутун Бухоро ором олаётгандек, майдон бор гўзаллигини намоён қилаётгандек туюлади.
Ҳақиқатан ҳам, вилоятда бугунги кунда қурилиш, бунёдкорликка эътибор янада кучайган. Айни пайтда Инвестиция дастури асосида вилоят бўйича 92 та ижтимоий соҳа объектларида қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга жорий йилда 11 та туманнинг қишлоқларида 770 та, Бухоро шаҳрида 10 та кўп қаватли тураржойлар қурилиши мўлжалланган. “Обод қишлоқ” дастури доирасида 33 та қишлоқда 172 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. “Обод маҳалла” дастури асосида қилинган ишлар эса 32,3 миллиард сўмни ташкил этади. Булардан ташқари, қўшимча манбалар ҳисобидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига 60 миллиард сўм маблағ ажратилган. Демак, воҳада бунёдкорлик ишлари давом этади.
— Бухорога сайёҳлик йўли билан кўп келганман. Лекин ҳар гал келганимда бу ерда шаҳарсозликнинг, меъморчиликнинг ўзига хос янги қирраларини кашф этганман, — дейди франциялик меҳмон Шарль Мартин. — Илгарилари мени шаҳарнинг қадим меъморчилиги ҳайратга соларди. Ўн-ўн беш аср илгари барпо этилган ёдгорликларга, инсон ақл-заковатининг кучига, гўзаллигига боқиб тўймасдим. Кўнглимда бу тарихий ёдгорликлар, обидалар замонавий архитектура фонида кўзга кўринмай қолмаса эди, деган ҳадик бор эди. Янглишган эканман. Бухороликлар қадим шаҳарсозлик билан замонавий меъморчиликни уйғунлаштириб юборибдилар. Бугун қадим Бухоро ёнида замонавий Бухоро ҳам қад ростламоқда. Ана шундай ютуққа эришган бухороликларга тасанно айтаман!
Бухоронинг замонавий қиёфасини халқаро миқёсда намоён қилувчи мажмуалар, корхоналар вилоятда жуда кўп. Ана шулардан бири Қоракўл туманида чўлу биёбон бағрида Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигида қисқа муддатларда ишга туширилган ниҳоятда улуғвор Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси ҳисобланади. Тасаввур қилинг, ушбу мажмуани барпо этиш учун 3 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар сарфланган. Мажмуада бир йилда 8,1 миллиард кубометр табиий газни қайта ишлаш натижасида 212 минг тонна соф олтингугурт, 134 минг тонна барқарорлаштирилган газ конденцати олинади. Бу мажмуанинг бир йиллик ишлаб чиқарадиган маҳсулоти. Хўш, уни 10, 20, 50, 100 йилга кўпайтириб кўринг. Ана шунда иқтисодий фойда бир неча 10 триллион АҚШ доллари билан ўлчаниши шубҳасиз. Халқимизга келтирадиган фойдаси эса ниҳоятда чексиз. Энди унинг ижтимоий жиҳатдан фойдасини бир кўз олдингизга келтиринг. Мажмуа қурилгач, икки мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратилди. Чўл бағрида 1200 кишига мўлжалланган замонавий шаҳарча бунёд этилди. 280 километрдан ортиқ автомобиль йўллари, 50 километрлик темир йўл, 280 километрлик электр узатиш линиялари барпо қилинди. Чўл бағрига обиҳаёт борди. Мамлакатимизда, вилоятда мажмуада ишлайдиган мутахассисларни тайёрлаб берадиган олий ўқув юртлари фаолият бошлади. Қоракўл туманида, Бухоро вилоятида қанчадан-қанча ижтимоий тармоқлар вужудга келди. Бундай фаолият олиб бораётган мажмуалар, корхоналар эса вилоятда кўп.
Вилоятда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга йилдан-йилга эътибор кучайтирилмоқда. Жумладан, шу йилнинг 6 ой ичида барча молиялаш манбалари ҳисобидан 3,3 триллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Бу рақам ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,2 триллион сўм кўп эканлигини кўрсатади. Ёхуд халқаро ва хорижий молия институтлари кредит линиялари ҳисобидан 240 та тадбиркорлик субъектларига 127,6 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ берилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг дастлабки олти ойида 51,7 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Бу борада икки баравардан ошиқ ўсишга эришилган. Ушбу кредитлар асосида қўлга киритилган иқтисодий фойдадан ташқари воҳа аҳли учун 2,5 мингта янги иш ўринлари яратилган. Демак, шунча одам иш билан таъминланган.
Айни пайтда, тадбиркорлик субъектларига молиявий кўмаклашиш мақсадида тижорат банклари томонидан 338,2 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилган. Бу кредитларнинг 55,8 миллиард сўми ихчам иссиқхоналар ташкил этишга, 40 миллиард сўми чорвачилик, 26,1 миллиард сўми асаларичилик, 13,2 миллиард сўми қўйчилик, 22,9 миллиард сўми тикувчилик, 14,4 миллиард сўми ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларга йўналтирилган. Буларнинг барчаси вилоятда тадбиркорликни кучайтиришга, бу борада иқтисодий ютуқларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда 423 та янги лойиҳаларни ўзлаштириш белгиланди. Бунинг учун 3 триллион 342 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди. Бундан ташқари, республикамиз Президентининг ПҚ-4067 сонли қарори асосида тасдиқланган 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида ярим йил ичида 32 та лойиҳа бўйича 184,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилган. Шу сабабли вилоятда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони йил бошига нисбатан 68 тага кўпайиб, уларнинг умумий сони 231 тага етган. Буларнинг 42 таси Россия, 33 таси Туркия, 26 таси Хитой, 20 таси Жанубий Корея, 11 таси Эрон ва бошқа хорижий мамлакатлар капитали иштирокидаги корхоналар ҳисобланади.
Бугун Бухоро заминида катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Бу ўзгаришлар асосида бухороликларнинг фидойи меҳнати, хорижий компаниялар билан яқиндан ҳамкорликлари, илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланишлари ётади. Бунда корхоналар ва фермер хўжаликларининг экспорт салоҳияти ошганлиги ҳам муҳим ўрин тутади. Эътибор беринг, 2018 йилнинг январь-июнь ойларида вилоятдан 50 миллион АҚШ долларидан ошиқ маҳсулотлар экспорт қилинган. Бу йил 6 ой ичида вилоятнинг экспорт салоҳияти 151,1 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу йил шу муддат ичида маҳсулотларини экспорт қиладиган корхоналар сафига яна 66 таси келиб қўшилди. Бошқача айтганда, бухороликлар бугунги кунда дунёнинг 22 та мамлакатига 123 турдаги саноат ва 60 номдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилмоқдалар.
Бухороликларнинг турли соҳаларда эришаётган ютуқлари ва муваффақиятлари самараси вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичларида ҳам намоён бўлмоқда. Масалан, вилоятнинг 2019 йил январь-июнь ойларида ишлаб чиқарган ялпи ҳудудий маҳсулоти миқдори 11 триллион 513 миллиард сўмдан иборат бўлди. Бу ўтган йилдагига нисбатан 104 фоизга ўсган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш эса 7 триллион 051 миллиард сўмга етган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 105,4 фоизни ташкил қилмоқда. Бу рақамлар остида шунчаки иқтисодий кўрсаткичлар эмас, халқнинг ҳам иқтисодий, ҳам маънавий юксалишини намоён қилувчи факторлар ифодасини топган. Келинг, шу ўринда бу ютуқлар халқнинг иш билан бандлик жараёнига қай даражада ижобий таъсир кўрсатганига бир эътибор қаратайлик. Шу йил 6 ой ичида вилоятда 33 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган. Бу 33 минг одам, айниқса, ёшлар янги иш ўринлари билан таъминланди дегани. Жумладан, “Bukhara cotton textil” маъулияти чекланган жамиятда 400 та, “Қоракўл кумуш калава” масъулияти чекланган жамиятда 100 та, “BNQIZ kasana textil” корхонасида 100 та ва бошқа кўплаб завод-фабрикаларда 70-80 тадан янги иш ўринлари юзага келган. Буларнинг ҳаммаси халқнинг, ёшларнинг эртанги кунга ишончини орттиради.
— Шу ўринда яна бир факт алоҳида эътиборни тортади. Вилоятнинг бюджет даромадларига жорий йилнинг биринчи ярми учун 1 триллион 871,9 миллиард сўм белгиланган эди. Белгиланган режа эса 256,9 миллиард сўм ошиғи билан бажарилиб, бюджет даромадлари 2 триллион 128,2 миллиард сўмга етди. Шу сабабли 222 миллиард сўм вилоятда маҳаллий бюджетга қўшимча маблағ сифатида қолдирилди, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов. — Ана шу қўшимча маблағдан 60 миллиард сўми “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига, 14 миллиард сўми мактабгача таълим муассасаларини реконструкция қилишга, 5 миллиард сўми соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантиришга, 7 миллиард сўми вилоятдаги кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш учун асосий базага қўшимча тарзда йўналтирилди. Буларнинг ҳаммаси иқтисодий ютуқларнинг юрт ободлиги, халқ фаровонлиги учун хизмат қилаётганлигини кўрсатади.
Бундан 5-6 йил илгари Бухоро шаҳрининг кунчиқар уфқида бир маҳобатли иншоот — “Қўҳна ва боқий Бухоро” монументи қад ростлаган эди. Монумент-ёдгорлик боғ-хиёбоннинг барча нуқталаридан кўзга яққол ташланиб туради. Ёдгорликнинг энг тепа қисмига дунё харитасини намоён қилувчи глобус жойлаштирилган. Глобусда она юртимиз Ўзбекистон жойлашган ҳудуд алоҳида бўрттириб кўрсатилган. Мамлакатимиз харитасининг глобусда алоҳида катталаштириб кўрсатилиши бежиз эмас. Унда Ўзбекистон Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз, Хива, Тошкент каби улуғвор шаҳарлар ўрин олган буюк давлат эканлиги эътироф этилган. Ёдгорликнинг ўрта қисмида Бухоронинг олис ва яқин ўтмиш тарихи билан боғлиқ кўринишлар — Арк, Сомонийлар мақбараси, Калон масжиди ва минораси, Чор минор, Лаби ҳовуз мажмуаси, Мағоки Аттор масжиди, шаҳар тақдири билан номи боғланган улуғ алломалар, муаррихлар, шоирлар, адиблар, сиёсатчи ва жамоат арбобларининг тошга ўйма ҳамда бўртма шаклда ишланган тасвирлари ўрин олган. Тасвирлар марказида заминга дарахт ўтқазаётган бобо ва набира ҳолати ҳам мавжуд. Бу аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келаётган шаҳар тақдирига ҳам ишора. Бир сўз билан айтганда, ушбу монумент Бухоро шаҳрига, вилоятига унинг тарихи ва бугунги кунига, келажагига қўйилган ёдгорликдир. Зеро, унда бутун воҳанинг қиёфаси ёрқин намоён бўлади.
Камол Матёқубов,
“Adolat” мухбири 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳуқуқий тарбия — демократик жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишнинг муҳим омилларидан бири саналади. ...
01 янв 1970
Одам боласи — ажиб хилқат: фарзанд кўрмаса, кўнгли ўксийди, аксинча, боласи бўлса ҳам нолийди. Ўғли бўлса, қиз сўрайди, қизи бўлса, ўғил тила...
01 янв 1970
Халқимизда ота бўлиш осон, аммо оталик қилиш қийин, деган нақл бежиз айтилмаган. ...
01 янв 1970
Ҳаётда бировни алдаб пулини олишдан лаззатланадиганлар ҳам учраб турар экан. Бу худди наркотик моддага ружу қўйиш билан баробар....