Сени мадҳ этаман, Ўзбекистоним!

/
Агар биз бу ноёб санъатни сақлаб қолиш учун бугун барчамиз биргаликда ҳаракат қилмасак, эртага, афсуски, кеч бўлади, келгуси авлодлар, тарих бизни кечирмайди.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Минг йилликлар қаъридан бизгача етиб келган дурдона қадриятларимиз, урф-одатларимиз ҳамда бебаҳо маросимларимизни асраб-авайлаш, халқ оғзаки ижодиётининг қадимий анъаналарини тиклаш ва миллий қадриятларни изчил ривожлантириш мамлакатимиз маънавий-маданий тараққиётини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқ оғзаки ижодининг бетакрор намунаси бўлмиш достонлар ҳамда бахшичилик санъати халқимизни, қолаверса, ёшларни эзгуликка ва нурафшон кунларга етаклайди. Сўнгги уч йил ичида давлатимиз раҳбари томонидан маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва тараққий эттириш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан соҳага доир 30 дан ортиқ қарор ва фармоннинг қабул қилиниши фикримизнинг ёрқин далилидир. Ушбу ҳужжатларга асосан юртимизда миллий маданиятимиз сарчашмаси бўлган фольклор санъати йўналишида ҳар йили халқаро фестиваль ташкил этиш белгилаб берилди.
Яқинда Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали ташкил этилди. Фестивалда юртимиз бахшилари, соҳа олимлари ва мутахассислари билан бир қаторда қўшни давлатлар ва АҚШ, Болгария, Эрон, Жанубий Корея, Молдова, Россия, Туркия, Франция, Хитойдан ташриф буюрган бахшилар ҳамда соҳа тараққиёти учун илм-маърифат йўлида меҳнат қилиб келаётган хорижлик олимлар фаол иштирок этишди. Ушбу фестиваль Ўзбекистон маданиятини, унинг санъатини дунёга танитишда муҳим аҳамият касб этди. Халқаро бахшичилик санъати фестивали мамлакатимиз тарихида ўчмас из қолдирди. Бундай дейишимнинг боиси – қарийб 10 кун давомида дунё ҳамжамияти Сурхондарё воҳаси ва Термиз шаҳрининг бой маданий мероси ва бахши-шоирларимизнинг тарихидан хабардор бўлди. Фестиваль доирасида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияда бахшичилик ва достончиликка доир илмий мавзуларда маърузалар тингланди ва суҳбатлар ташкил этилди. Фестивалнинг яна бир муҳим жиҳати, халқаро ижодий алоқалар ўрнатилиб, дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди.
Ушбу фестивалдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, бахшичилик санъатини тараққий эттиришнинг ҳуқуқий асослари ва амалга ошириш механизми яратилди. Қарордан кўзланган асосий мақсад халқимиз маданиятининг ҳаётбахш сарчашмаси бўлган бахшичилик санъатини янада ривожлантириш, унинг миллий маданиятимиз ва санъатимиздаги ўрни ва аҳамиятини юксалтириш, ёш авлодни миллий ўзликни англаш, Ватанга садоқат, тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборат.
Мазкур қарорда бахшилар ижодини кенг тарғиб қилиш, улар иштирокида бадиий кечалар, давра суҳбатлари ташкил этиш, шунингдек, уларнинг концертларини мунтазам уюштириш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Ушбу муҳим вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бугун илк марта “Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази томонидан “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда “Туркистон” санъат саройи ҳамкорлигида “Сени мадҳ этаман, Ўзбекистоним!” деб номланган концерт дастури ташкил этилди. Концертни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад юртимизда ўзининг ижодий изланишлари, тинимсиз меҳнатлари билан ёш авлодга намуна бўлиб келаётган бахшиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш, устоз бахшилар билан ёш бахшилар ўртасида ўзаро ижодий кўприк яратиш, шунингдек, бахшилар ижросидаги достонларни соғинган мухлисларга кўтаринки кайфият улашишдан иборат. Шунингдек, қулоқлари енгил-елпи, ўткинчи, маъносиз қўшиқларни эшитишга одатланиб қолаётган кишиларни, айниқса, ёшларимизни Алпомиш, Гўрўғли, Барчиной, Шоҳсанам каби миллий қаҳрамонларимизнинг тарихидан, уларнинг юксак жасоратидан, Ватан озодлиги учун олиб борган мардона кураши ҳақидаги достонлардан баҳраманд этиш ҳам муҳим вазифаларимиздан биридир.
Бугунги концерт дастуримизда Халқаро бахшичилик санъати фестивали 1-ўрин соҳиби Ўзбекистон халқ бахшилари Абдуназар Поёнов, 3-ўрин соҳиби Гулнора Алламберкенова, фестиваль совриндорлари Қаландар бахши Норматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Отахон Матёқубов, ёш бахшилар “Ниҳол” мукофоти совриндори Феруз Норматов, Аҳрор Хушвақтов, Расул Абдураҳмонов ҳамда таниқли эстрада хонандалари, ашула ва рақс ансамбллари иштирок этади.
Бахшилар ижодига бағишлаб илк маротаба ташкил этилаётган бу концерт барча томошабинларда катта қизиқиш уйғотиб, уларнинг кўнглини хушнуд этади, деган умиддамиз.
Ваҳобжон ЎРАЗМАТОВ,
Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази директор ўринбосари
 
 
Абдуназар Поёнов,
Ўзбекистон халқ бахшиси:

— Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз томонидан бахшичилик санъатини ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Яқинда Термиз шаҳрида ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивалида иштирок этиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритдим. Фестивалда хориждан келган ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба алмашдик, кўплаб дўстлар орттирдик. Бахшилар иштирокидаги бугунги концерт мен учун кутилмаган бўлди. Қачонлардир муҳташам санъат саройида бахшиларнинг концерти бўлади деб, тасаввур қилмаган эдим. Ўйлайманки, бахши дўмбирасининг садоси, қаҳрамонлик достонларимиз ижроси халқимизга манзур бўлади.
Қаландар Норматов,
Ўзбекистон халқ бахшиси:

— Бахшичилик санъатини сақлаб қолиш ва уни янада ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбари томонидан бахшиларнинг давлат ансамблларини ташкил этиш борасида берган кўрсатмалари бунинг ёрқин далилидир. Бугунги ташкил этилаётган концерт ҳам айни муддао бўлди. Ҳали юртимизда бахшилар концерти ташкил этилмаган эди. Биз фақат давлат тадбирларида бир-бир кўриниш берардик, холос. Ушбу концерт бахшиларимиз ижодини тарғиб қилиб, уларнинг мухлислари янада кўпайишига хизмат қилади, деган умиддаман.
Ҳосила Раҳимова,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист

— Сўзимнинг аввалида айтиб қўя қолай, бугунгача устоз бахшилар билан бир саҳнада туриб, қўшиқ ижро этмаганман. Тўғриси, ушбу концертнинг ташкил этилаётганини эшитиб, бахшилар юртида туғилганимдан яна бир марта ғурурландим, кўксим тоғлар қадар юксалди. Биласиз, қўшиқларимнинг кўпини фольклор термалари ташкил этади. Чунки бу қўшиқлар халқнинг қалбига яқин, жозибали ва бетакрор санъат асарларидир. Президентимиз айтганидек, фольклор қўшиғи бу – инсониятнинг болалик қўшиғидир. Устоз бахшилар билан бир саҳнада чиқиш қилишимдан жуда мамнунман. Умид қиламанки, бугунги қалдирғоч концертимиз бардавом бўлади.
Гулнора Алламберкенова,
Ўзбекистон халқ бахшиси:

— Қорақалпоғистонда сермаҳсул ижод қилаётган бахши ва жировлар кўпчиликни ташкил этади. Улар орасидан айнан мен ушбу концертда иштирок этаётганим мени беҳад қувонтирди. Тошкентга келиб концерт бериш нафақат мен учун, балки бутун қорақалпоғистонлик бахшилар учун фахр, деб биламан. Юртимизда бахшилар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Термиз шаҳрида ташкил этилган Халқаро бахшичилик санъати фестивали бунга ёрқин мисол. Фестивалда иштирок этиб, фахрли 3-ўринни қўлга киритдим. Бу муваффақият мени янги-янги марраларни забт этишга чорламоқда. Бугунги концертда ўзбек ва қорақалпоқ достонларидан термалар куйлаб, мухлисларим дилини яна бир бор хушнуд этмоқчиман.
Аҳрор Хушвақтов,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси:

— Мен бахшичилик санъати сирларини бобом, Ўзбекистон халқ бахшиси Шомурод Тоғаевдан ўрганганман. Бобом бахшиларнинг жўшиб куйлашига замон келганини, пойтахтимизда ташкил этилаётган концертда муваффақиятли иштирок этишимни тилаб, дуо берди. Институтдаги устозларим ҳамда курсдошларим билан биргаликда бахшичилик санъати аудиториясини янада кенгайтириш мақсадида эстрада санъати билан яқин янги термалар яратдик. Ўйлайманки, темпи баланд бахшиёна термаларимиз мухлисларимизга хуш ёқади. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизнинг Асосий қонуни давлатимиз сиёсатининг бош мақсади инсонпарварлик эканлигининг ёрқин ифодасидир. ...
01 янв 1970
Юртимиз ёшларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолларини...
01 янв 1970
Мамлакатимиз ҳудудларида ўқувчиларнинг ёзги таътилни мароқли ўтказиши учун мингдан ортиқ оромгоҳ фаолият кўрсатиб келмоқда....
01 янв 1970
Ҳар йили 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан кимдир фарзандини истироҳат боғига олиб борса, кимдир узоқ кутилган сов...