МЕНИНГ МАКТАБИМ – МЕНИНГ ФАХРИМ

/
Маълумки, дунё иморатлари ичида энг улуғи бу мактабдир. Чунки мактаб инсон камолотининг муқаддас манбаси саналади. Шу маънода айтганда, Бағдод туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ҳам туман ёшлари ва ота-оналар ҳавас қиладиган муассасалардан биридир.
Йигирма йилдирки, мазкур мактабда математика фанидан дарс бериб келяпман. Шу боис мактабим менинг фахримга айланган, десам янглишмайман.
Муассасамиз “Физика-математика” йўналишига ихтисослашган бўлиб, айни пайтда 312 нафар ўқувчи 35 нафар ўқитувчи ва мураббийлар қўлида таълим-тарбия олмоқда. Ҳар бир дарснинг янги педагогик услуб ва қўлланмалар ҳамда замонавий ахборот технологиялари асосида ўтилаётгани ўқувчиларнинг ўзлаштириш самарадорлигини оширмоқда. Масалан, мен дарсларда инновацион усуллардан фойдаланаман. Ўқувчиларга назарий билимларини амалий ишларда қўллашни ўргатаман. Шу билан бирга, “Математик диктант”, “Математик домино” ўйинлари ва тезкор савол-жавоб ўйини орқали уларнинг фикрлаш қобилияти ва оғзаки нутқини ўстиришга ҳаракат қиламан. “Жавобим тўғрими?”, “Занжир”, “Зинама-зина” ўйинлари эса 5-, 6-синф ўқувчилари билан ишлашда жуда қўл келмоқда.
Эътироф этиш керак, мактабимизда ташкил этилган “Аниқ фанлар”, “Табиий ва ижтимоий фанлар”, “Тиллар”, “Синф раҳбарлар” ва “Тарбиячилар” услуб бирлашмалари ўқитувчи-мураббийларимиз учун ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлиб хизмат қилмоқда. Натижада ўқувчиларимиз турли фан олимпиадалари ва “Билимлар беллашуви”нинг туман ҳамда вилоят босқичларида муваффақиятли иштирок этишмоқда. Жумладан, 2017-2018 ўқув йилида шогирдим – 9-синф ўқувчиси Сардор Нўъмонов математика фанидан инновацион олимпиаданинг туман ва вилоят босқичида муваффақият қозониб, республика босқичи совриндори бўлди. Шунингдек, 9-синф ўқувчиси Ҳамидулло Бахтиёров, 7-синф ўқувчиси Феруза Жумақўзиева “Билимлар беллашуви” ва фан олимпиадасининг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган бўлса, 10-синф ўқувчиси Муҳайё Умаралиева иккинчи, 9-синф ўқувчиси Беҳзоджон Қаҳҳоржонов, 8-синф ўқувчиси Бобуржон Сотволдиев ҳамда 7-синф ўқувчиси Умидахон Ҳусановалар фахрли учинчи ўринни эгаллашди. Ёки бу йил 34 нафар битирувчимиз турли олий ўқув юртларига ўқишга киргани ҳам бизни қувонтиради, албатта.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ёшларни ҳар жиҳатдан комил инсонлар этиб тарбиялаш мақсадида мактабимизда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, ҳудуд профилактика инспектори, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия масъуллари билан учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этишга, шунингдек, оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилган.
Доно халқимизда “Кўлнинг довруғини балиғи чиқаради” деган пурҳикмат нақл бор. Шу маънода айтганда, мактабимиз Япониянинг Нагоя университети профессори Алишер Умирдинов, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчилари Мирзоҳид Эшонқулов ва Давлатжон Ҳабибуллаев ҳамда мамлакатимизнинг турли вазирлик ва қўмиталари, хорижнинг нуфузли фирма ва компанияларида фаолият юритаётган собиқ ўқувчилари билан фахрланади. Албатта, бугун таҳсил олаётган ўқувчиларга уларни ибрат қилиб кўрсатамиз.
Кези келганда барча ютуқларимизда мактабимизнинг салоҳиятли ўқитувчилари – Маҳаматжон Деҳқонов, Бусожида Боймирзаева, Зироатхон Тошболтаева, Зилолахон Сулаймонова, Ферузахон Сиддиқова ва Абдухалим Дадабоевларнинг муносиб ҳиссаси борлигини эътироф этиш лозим.
Ҳаётда турли-туман касблар бор ва уларнинг ҳар бири ўз ўрни ҳамда аҳамиятига эга. Аммо улар орасида шундай улуғ касб мавжудки, бошқа барча касблар унинг негизида шаклланади, тараққий этади. Бу – ўқитувчилик ва мураббийликдир. Мен ана шундай шарафли касб соҳиби бўлганимдан ҳамиша фахрланаман.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклайман! Уларнинг ёш авлод камолоти йўлидаги машаққатли ишларида муваффақиятлар тилаб қоламан. Зеро, ҳазрат Алишер Навоий айтганидек:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

Раънохон БОЙМИРЗАЕВА,
Бағдод туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг олий тоифали математика фани ўқитувчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда...
01 янв 1970
Зар қадрини заргар билади, дейди доно халқимиз. Худди шунингдек, тинчлик қадрини бошқаларга нисбатан уруш кўрган, қон кечган инсон теран ҳис қилади...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкилотлари томонидан жойларда учрашув ва тадбирлар ўтказилди....
01 янв 1970
Газетанинг 2019 йил 13 декабрдаги 50-сонида эълон қилинган “Ўзимизнинг пулимизни қачон оламиз?” сарлавҳали мақола “Ўзпахтасаноат&...