Японияда қандай ўқитишади?

/
Ўзига хос таълим тизимининг 10 кўриниши
Мактабларимизда янги ўқув йили бошланганига ҳам ўн кундан ошди. Ўзгаришлар бир олам. Уларнинг ҳаммаси яхшиликка, болаларимизнинг комил инсонлар бўлиб етишишига хизмат қилсин, деймиз. Айни пайтда бу соҳадаги жаҳон тажрибасига назар ташлаб қўйиш фақат наф келтиради. Зеро, ҳаммамизга яхши маълум, кунчиқар мамлакат — Япония айнан таълим тизимини намунали йўлга қўя олгани сабаб жуда қисқа муддат ичида дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин олди. Шунингдек, бизга “Японияда ўқитувчига вазирнинг маоши, императорнинг обрўси, депутатнинг дахлсизлиги берилган”лиги сабабли бундай юксак натижага эришганлиги борасидаги ҳақиқат ҳам аён. Хўш, мақталган, кўпчиликка ибрат қилиб кўрсатиладиган япон мактабларида қандай ўқитишади? Келинг, бу саволга мухтасар жавоблар бериб кўрайлик. Хулоса чиқариш эса ўзингиздан.
1. Аввалига хулқ-атвор, муомала маданияти, кейин билим
Япон ўқувчилари 4-синфга қадар имтиҳон топширишмайди, фақат кичик-кичик мустақил ишлар ёзиб туришади. Умуман, мактабнинг дастлабки уч йилида илм олишга катта куч сарфланмайди. Асосий эътибор болалар тарбиясига қаратилади, яъни ўқувчилар бошқаларни ва уй ҳайвонларини ҳурмат қилишни, олижанобликни, ҳамдардликни, ҳақиқат излашни, ўзини ўзи назорат қилишни ва табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишни ўрганиши керак.
2. Ўқув йили 1 апрелда бошланади
Кўпчилик мамлакатда ўқув йили ниҳоясига етаётган пайтда, яъни 1 апрелда япон мактабларида ўқиш бошланади. Бу бежиз эмас, албатта. Ўқув йилига табиатнинг бениҳоя гўзал кўринишларидан бўлган сакура гуллаши билан старт берилади.
Академик йил уч семестрдан иборат: 1 апрелдан 20 июлга қадар, 1 сентябрдан 26 декабрга қадар ва 7 январдан 25 мартга қадар. Шундай қилиб, япон ўқувчилари ёзги таътилда 6 ҳафта, қишки ва баҳорги таътилда эса икки ҳафтадан дам олишади.
3. Мактабларда фаррош йўқ
Ҳа, шундай, япон мактабларида фаррош умуман бўлмайди. Ҳар бир синф навбати билан кабинетларни, йўлакларни ва ҳаттоки ҳожатхоналарни тозалайди. Шу йўл билан ўқувчилар жамоада ишлашни ва бир-бирига кўмаклашишни ўрганишади. Бундан ташқари, ҳар қайси ўқувчи ўзи тозалаган жойни ифлос қилмайди, албатта. Бу эса уларда меҳнатга муҳаббат, атроф-муҳитга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳиссини уйғотади.
4. Синфда овқатланилади
Мактабларда тайёрланадиган таомлар менюсини ошпазлар билан бир қаторда тиббиёт ходимлари ҳам ишлаб чиқишади. Чунки таом ўқувчига максимал даражада фойдали бўлиши керак. Синфдошлар ўз ўқитувчиси билан биргаликда кабинетда овқатланишади. Табиийки, бундай норасмий шароитда болалар бир-бирлари билан кўпроқ ва самимий мулоқотда бўладилар.
5. Қўшимча таълим зарурати
Бошланғич синфлардан ўқувчилар хусусий ва тайёрлов мактабларига қатнай бошлайдилар. Мақсад намунали ўрта ва кейинчалик юқори синфларда таълим олиш.
Одатда, бундай жойларда машғулотлар кечқурун бошланади, шу сабабли ҳам кечқурун соат тўққизда жамоат транспортлари уйларига қайтаётган мактаб ўқувчилари билан тўла бўлишига Японияда оддий ҳол сифатида қаралади.
Болалар якшанба кунлари, ҳаттоки таътил пайтлари ҳам қўшимча машғулотларга борадилар. Умуман олганда, ўртача мактаб вақти кунига 6-8 соатни ташкил этади. Балки шу сабаблидир, Японияда ўзлаштирмаганлиги туфайли синфда қоладиган ўқувчилар учрамайди ҳисоб.
6. Япон каллиграфияси ва шеърияти санъати ўргатилади
Япон каллиграфияси ёки бошқача айтганда, шодо бир қарашда жуда осон кўринади: бамбук қаламини сиёҳдонга ботириб, гуручдан тайёрланган қоғозга турли шакллар чизилади. Аммо мамлакатда шодога санъат асари сифатида қаралади. Ҳайку эса миллий шеърият шакли бўлиб, унда табиат билан инсоннинг уйғунлиги акс этади.
7. Ҳамма ўқувчилар формада
Бошланғич синфлардан кейин ҳар бир ўқувчи мактаб формасига ўтиши шарт. Кўплаб мактабларнинг алоҳида формалари бор. Бу қоида ўқувчиларда интизомни кучайтиришга ҳамда уларни бирлаштиришга қаратилган.
8. Давомат 99,99 фоиз!
Буни тасаввур қилиш қийиндир, аммо чиндан ҳам япон мактабларида болалар умуман дарс қолдиришмайди. Шунингдек, дарсга кечикиб келиш ҳам деярли учрамайди. Дарс жараёнида ўқувчиларнинг 91 фоизи ўқитувчини диққат билан эшитади... Ҳа, ҳавас қилса арзийди, шундай эмасми?
9. Битириш имтиҳони ҳаммасини ҳал қилади
Мактабни битириш арафасида ўқувчилар ягона тест имтиҳони топширадилар. Айнан шу имтиҳон ҳаммасини ҳал қилади: битирувчи олий ўқув юртига ўқишга кирадими ёки йўқ. Битирувчи фақат битта олий таълим муассасасини танлашга ҳақли. Мана шу танлов унинг келгуси тақдирини ҳам ҳал қилади: касби, малакаси, маоши... Рақобат ҳам шунга яраша катта: битирувчиларнинг 76 фоизи мактабдан кейин олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттирадилар. Шу сабабли бўлса керак, Японияда мактабнинг битирув имтиҳонини баъзан “дўзах синови” ҳам дейишади.
10. Талабалик йиллари — ҳаётнинг энг мароқли таътили
Ўз-ўзидан аёнки, кўп йиллик мактаб таълимию “дўзах синови”дан сўнг японлар бироз танаффусни истаб қолишади. Ажабки, улар талабалик даврини мана шундай сокин, ўзига хос дам олиш, ҳаётларининг мазмунига айланадиган юмушга кириш олдидан нафасни ростлаб олиш йиллари деб ҳисоблашади.
Интернет хабарлари асосида тайёрланди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Банк кредити ёрдамида барча зарур техникаларни сотиб олганмиз, артезиан қудуқ қазиб сув чиқарганмиз...
01 янв 1970
Тошкент шаҳрида улуғ туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули номидаги кўча ва унга бағишланган меъморий ёдгорлик очилди...
01 янв 1970
Ҳаёт тараққий этгани сайин ҳар бир жабҳада янгиликлар, ихтиролар вужудга келгани каби тиббиёт соҳасида ҳам кўп кашфиётлар амалиётга татбиқ этилмоқд...
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.