Қадриятлар қадрланаётган юрт

/
“Хотира ва қадрлаш куни”. Бошқа мамлакатлар, халқлар, давлатлар ҳаётида доимо эъзозланадиган, эҳтиром қилинадиган ана шундай ном билан аталадиган алоҳида кун борми-йўқми, билмайман. Аммо, не бахтки, юртимизда ана шундай ном билан юритиладиган, қадрланадиган сана бор. Бу сана нафақат халқимиз томонидан улуғ кун сифатида нишонланади, балки ушбу кунда миллатимизнинг юксак қадрияти, урф-одатларига эҳтиром ифодаси ҳам намоён бўлади.
Хотира эндиликда биз учун қалбимизга, онгимизга муҳрланган, умр йўлларида кўрганларимиз воқеа-ҳодисалар йиғиндиси, атрофимиздаги одамлар қиёфалари, сиймоларини намоён этувчи шунчаки биологик жараён эмас, балки у юртимизнинг, ўлкамизнинг олис ўтмишидан бугунги кунигача кечган тарихи, халқимизнинг минглаб йиллик тақдири,буюк қудратли кучининг ифодаси — Ватан тимсолига айланди. Хотира деган тушунча олдида замон ва макон ўз чегараларини йўқотади. Бошқачароқ айтганда, унинг бағрида олис ўтмиш ҳам, яқин кечган тарих ҳам бирлашади, уйғунлашади. Халқимизда хотирлашга арзийдиган улуғ ишлар, буюк сиймолар, дунёга донг таратган шахслар кўп бўлган. Шунинг учун бу кунда хаёлимизда аждодларимиз яратиб кетган, дунё тамаддунига асос бўлган Афросиёб, Тупроққалъа, Варахша, Ерқўрғон, Сополлитепа, Эйлатон, Оқчахонқалъа, Самарқанд, Бухоро, Хива каби энг қадимий шаҳарлар, Ватанимизни босқинчилардан ҳимоя қилган Тўмарис, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди. Темур Малик, Амир Темур, Шерғозихон, Намоз ботир, Нуржон ботир каби қаҳрамонлар, юртимиз илм-фанини жаҳон миқёсида улуғлик маснадига кўтарган Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби буюк алломалар ва мутафаккирлар, Маҳмуд Қошғарий, Ҳофиз Хоразмий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Огаҳий сингари улуғ ижодкорлар намоён бўладилар.
Кейинги йилларда халқимизнинг хотирасидан ўрин олган буюк сиймоларни ва ноёб мерос намуналарини улуғлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу тариқа мамлакатимизнинг турли нуқталарида “Бахтиёр она”, “Эл-юрт таянчи”, “Кўҳна ва боқий Бухоро”, “Авесто”, “Алпомиш”, Аҳмад Фарғоний, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бердақ ҳайкаллари ва тарихий мажмуалари яратилди. Буларнинг ҳаммаси хотиранинг мангулик тимсоллари эди. Ёки Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” деб аталган майдонни олайлик. Маълумки, бу жойда ўтган асрнинг 20-30 йилларида халқимиз орасидан етишиб чиққан улуғ инсонлар қатағон туфайли отиб ўлдирилган эди. Эндиликда ушбу майдон, майдондаги мақбара ва музей Ватанимиз озодлиги учун жон фидо қилган ота-боболаримизнинг номлари эъзозланадиган муқаддас масканга, зиёратгоҳга, хотиралар рамзига айланди.
Хотира ҳақида гап кетганда ҳар бир инсоннинг қалбидан ўз аждодлари билан боғлиқ эсдаликлар, воқеа-ҳодисалар ҳам ўтиши шубҳасиз. Шундай пайтда хаёлимга ўзим кўрмаганим, аммо яқинларимдан эшитиб билганим, бувам келади. Бувам ўзига тўқ, бой-бадавлат бўлган экан. Қишлоғимизда йўллар қурдирган, боғлар барпо эттирган. Мактаблар, мадрасалар тиклатган. Моддий аҳволи оғир оилалар учун уйлар бунёд эттирган. Қишлоқ аҳли у кишига ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлган. Аммо у кишининг ишлари ХХ асрнинг 20-йилларида шўролар давлати ҳукмфармоларига маъқул келмаган. Коллективлаштириш даврида юртимиздан сургун қилиб юборган. Кейинги тақдири маълум эмас. Ҳар гал қишлоққа борганимда, ўша тарихий иморатларни кўрганимда бувамни хотирлайман. Аслида ўша даврларда бундай аччиқ қисмат бир бувам бошига тушмаган. Юртимиздан юзлаб, ўн минглаб миллатпарвар, халқпарвар одамлар қувғин, сургун, бевақт ажал каби балоларга гирифтор бўлганлар. Хотира ва қадрлаш куни бизга ана шундай қисматга дучор бўлган аждодларимизни ҳам эслаб туришга ундайди.
Албатта, хотира ва қадрлаш ҳақида сўз борганда бугунги кунда биз кўпроқ яқин ўтмиш тарихимиз билан боғлиқ Иккинчи жаҳон уруши воқеаларини эслашга, унда иштирок этган ватандошларимиз хотираларини ёдга олишга, ўша қирғинбарот жанглардан эсон-омон қайтган ва ҳозир ҳам ҳаёт бўлган боболаримиз, оталаримизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга интиламиз. Бу бежиз эмас. Инсоният тарихида энг оғир кечган бу уруш ҳақида, унда иштирок этган ота-боболаримизнинг матонати, бошларига тушган оғир кунлар ҳақида эслар эканмиз, бугунги тинч, осойишта кунлар қадрини, аждодларимизнинг жасоратини, уларнинг юрт озодлиги йўлида жон фидо қилганликлари сабабларини чуқурроқ англаб етамиз. Ҳаётнинг моҳиятини, қадрини теранроқ ҳис қиламиз.
Ҳақиқатан ҳам, Иккинчи жаҳон уруши халқимизни ҳаётнинг барча жабҳаларида оғир синовлардан ўтказди. Ана шу синовлардан бири юртимиз вакилларининг жанггоҳларда фашизмга қарши курашда иштирок этиши билан боғлиқ эди. Маълумки, уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин одам яшаган. Шундан 1,5 миллиондан ошиқ одам жанг майдонларида қатнашган. Шулардан беш юз мингдан ортиқ ватандошимизга юртга қайтиб келиш, яшаш бахти насиб этмади. Ҳоки жанггоҳларда қолиб кетди. Тасаввур қилинг, ўша даврда Хоразмнинг олис қишлоқларидан бири Боғолондан урушга беш юздан ортиқ одам чақирилган. Уларнинг тўрт юзга яқини жангларда ҳалок бўлган. Баъзи оилалардан икки-учтадан йигитлар ҳаёт билан видолашишган. Хўжаниёзовлар оиласидан эса тўртта ака-ука урушдан қайтмаганини ҳамқишлоқлар ҳамон алам билан эслашади. “Уруш майдонида юрган пайтимизда ўлим нималигини, қўрқув нималигини, билмадик, — деб эслаганди уруш қатнашчиси Мадиёр Худойберганов. — Уйга, тинч ҳаёт қўйнига қайтганимиздан кейин уруш даҳшатларини яққол англадик. Жанг пайтида ўлиб кетганимда уйдагиларнинг аҳволи нима кечарди, деган қўрқув пайдо бўлди. Уйларида фарзандларини кутаётган оналарни, оталарини қўмсаётган болаларни кўрганимизда жанг пайтидагидан ҳам кўра оғирроқ ғам-қайғуларга дуч келдик. Ана энди ўша урушдан ҳалок бўлган 500 мингдан ошиқ одамнинг ота-оналари, болалари, беваларининг ғам-аламларини бир кўз олдингизга келтиринг. Халқимиз уруш туфайли ана шундай мусибатларни ҳам бошдан кечирди”. Албатта, уруш фақат йўқотишлардангина иборат бўлмади. Жанг майдонларида фашизмни маҳв этиб, ғалабани қўлга киритиб, қўша-қўша орден-медаллар, қаҳрамонлик нишонлари билан юртга қайтганлар ҳам бўлди. Аммо уруш халқимиз қалбига оғир мусибат сифатида муҳрланди.
Иккинчи жаҳон уруши даврида халқимизнинг дўстлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатлари ҳам яна бир бор синовдан ўтди. Маълумки, уруш бошлангандан кейин жанг бўлаётган жойлардан аҳолининг аксарият қисми фронт ортидаги республикаларга эвакуация қилинган. Жумладан, Ўзбекистонга ҳам бир миллионга яқин аҳоли олиб келинган. Шундан 200 мингдан ошиғи болалар бўлган. Ўша пайтда уларни жойлаштириш, бошпана билан таъминлаш, озиқ-овқат етказиб бериш осон кечмаган. Тасаввур қилинг, ишлаб чиқарилган, етиштирилган маҳсулотларнинг аксарият қисми фронтга жўнатилган. Фронт ортида эса озиқ-овқат билан таъминлашда қийинчиликлар юзага келган. Уй-жой билан таъминлаш ҳам осон бўлмаган. Шунга қарамай халқимиз уруш жабрдийдаларини бағрига олган. Уларнинг яшашлари учун барча шароитларни яратиб берган.Болалар нафақат тарбия топган, таълим олиш имкониятига ҳам эга бўлишган. Ўша давр воқеалари хусусида украиналик таниқли ёзувчи, уруш қаҳрамони Юрий Збанацский кейинчалик бундай деб ёзганди: “Уруш даврида мен партизанлар отрядида бўлганман. Онамни, укамни фашистлар отиб ташлашган. Хотиним, ўғлим, қизим қаердалигини билмаганман. 1947 йилгача уларни излаб тополмаганман. 1947 йили жияним Оренбург шаҳридаги госпиталда даволанаётганда Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидан бўлган бир йигит билан танишиб қолади. Шу йигит қишлоғида Збанацский фамилияли болалар яшаётганлигини айтади. Ўша болалар ҳақиқатан ҳам менинг фарзандларим экан. Ўшанда воқеа бундай бўлган. Хотиним ёш болаларим билан эвакуация бўлиб, Наманганнинг Косонсой туманидаги бир қишлоққа, Турсунбой ака деган одамнинг уйига бориб қолган. Шу ерда Турсунбой ака оиласида бирга яшаган. 1942 йилда хотиним касаллик туфайли вафот этган. Болаларимни Турсунбой ака оиласи бағрига олиб, таълим-тарбия берган. Ишонасизми, ўшанда болаларимни олиш учун борганимда улар Турсунбой аканинг этагига ёпишиб “Отажон, бизларни ҳеч кимга берманг”, деб роса йиғлашганди. Ўзим ҳам болаларимнинг мени танимай йиғлаганидан эмас, Турсунбой аканинг меҳр-муҳаббати туфайли фарзандларимнинг унга ҳурмат-эҳтироми улуғлигидан йиғлагандим. Мана, энди ўша болаларимнинг бири ҳуқуқшунос олима, иккинчиси техника фанлари доктори. Болаларимга ғамхўрлик кўрсатгани, таълим-тарбия бергани учун Турсунбой акага, у орқали бағрикенг ўзбек халқига мингдан-минг раҳмат айтаман”.
Уруш даврида ота-онасидан ажралиб юртимизга келтирилган етим болаларни тарбиялаш, улар қалбига меҳр туйғуларини сингдириш осон иш эмасди. Халқимиз бу борада ҳам фидойилик, болажонлик хусусиятларини намоён қилди. Болаларни “Болалар уйи”ларидан ташқари ота-оналар ҳам бағриларига олди. Уруш давридаги матбуот саҳифаларига назар ташласангиз, тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи 14 та болани, каттақўрғонлик Самадовлар оиласи 12 та болани, бухоролик Жўраев ва Ашурхўжаевлар оиласи 8 та болани, яна юзлаб оилалар 3-4 тадан болани ўз тарбияларига олганликлари ҳақидаги маълумотларни ўқийсиз. Булар халқимизнинг чинакам инсонпарварлик, фидойилик намуналари эди.
“Мен уруш йилларида “Болалар уйи”да тарбияланганман, — дейди белоруссиялик шоир Виктор Женченко. — Кейин мактабда, санъат билим юртида таълим олдим. Театрга ишга борганимда атоқли санъаткор Карим Зокировга шогирд тушганман. У мени ўз боласидай шогирдликка қабул қилган. Зокировлар оиласидагиларнинг аксариятини яхши танийман. 60-йиллардан кейин Тошкентдан ўз юртимга қайтиб келдим. Биз улкан мамлакатнинг турли нуқталарида яшовчи собиқ “Болалар уйи”нинг тарбияланувчилари ўзаро тез-тез учрашиб, ўша кунларни эслаб турамиз. Назаримда, Ўзбекистон уруш йилларида нафақат биз етим болаларга меҳр-шафқат кўрсатди, балки Россия, Украина, Белорус, Молдавия, Болтиқбўйи республикаларининг келажагига хизмат қиладиган 200 мингта ёшларни ҳам тарбиялаб етказди. Бу инсонпарварликнинг энг олий намунаси ҳисобланади”.
Иккинчи жаҳон уруши даврида халқимиз фронт ортида ҳам юксак жасорат, меҳнатсеварлик намуналарини кўрсатди. Эътибор беринг, уруш пайтида жанглар бўлаётган ҳудудлардан бир неча ўнлаб завод ва фабрикалар Ўзбекистонга олиб келинди. Улар қисқа муддатларда қурилиб, ишга туширилди. Ўқ-дори, қурол-яроғлар, ҳарбий техникалар қисмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ўша йиллари юртимиз фронт учун озиқ-овқат етказиб беришдан ташқари, қурол-аслаҳалар ҳам тайёрлайдиган республикага айланди. Уруш даврида республикамиз аҳолиси фашизм устидан ғалабага ана шундай ҳисса қўшдилар. Бу халқимиздан тинимсиз меҳнатни, фидойиликни талаб қиларди. Халқимиз бу борада ҳам чинакам жасорат кўрсатди. Шунинг учун республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев халқимизнинг ўша даврдаги амалга оширган ишлари хусусида тўхталиб, “Ўта оғир ва машаққатли йилларда халқимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатлари намоён бўлди. Эл-юртимиз мамлакатнинг уруш бўлаётган ғарбий ҳудудларидан эвакуация қилинган турли миллатга мансуб миллионга яқин болалар, аёллар ва кексаларга бошпана бериб, бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди. Ўзбекистонга кўчириб келтирилган заводларда кексалар, аёллар, ўсмир болалар туну кун машаққатли меҳнат қилгани — ҳақиқий фидойилик, қаҳрамонлик намунаси, десак асло хато бўлмайди”, деб бу тарихий жараёнга юксак баҳо берганди.
Ҳақиқатан ҳам, республикамиз аҳолисининг уруш даврида фронтда ва фронт ортида қилган хизматлари ниҳоятда улуғвор. Бу фашизм устидан эришилган ғалабадан ҳам кўра юксакроқ туради. Шу сабабли ҳам 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” деб белгилангани бежиз эмас. Бу халқимизнинг қадриятларига, ўтмиш меросига, аждодларимиз тақдирига, қаҳрамонона меҳнатига нисбатан эҳтиром ифодасидир. Бу улуғ сана юртимизда ҳар йили “Инсон азиз, хотираси ундан ҳам азиз” деган ғоя остида нишонланади. Республикамиз пойтахти Тошкентда ва вилоят марказларида барпо этилган “Хотира” майдонлари ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилади.
Мамлакатимизда кексаларга, меҳнатда ўрнак кўрсатган инсонларга, айниқса, уруш қатнашчиларига алоҳида эҳтиром кўрсатилмоқда. Улар билан ёшларнинг учрашувлари ўтказилмоқда. Хотира кечалари уюштирилмоқда. Уруш иштирокчиларига Президентнинг совғалари, пул мукофотлари берилмоқда. Уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, соғлигини тиклаш борасида ҳам хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Инсон қадри ана шундай эъзозланмоқда. Зеро, бугун инсон хотираси ҳам, унинг қадри ва эъзози ҳам бу ёруғ оламда фидойи халқимизга муҳаббатнинг, она-Ватанга эҳтиромнинг сўнмас ифодаси тимсолидир.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat”мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар йили Конституциямиз қабул қилинган кунни юқори кайфият билан кутиб оламиз, ўзгача шукуҳда байрам қиламиз. Бу бежиз эмас. ...
01 янв 1970
Жанггоҳлардан келган мактубларни кўрганмисиз? Қўлингизда бир бор тутиб хаёлга ботганмисиз? ...
01 янв 1970
Инсон саломатлиги ҳамма нарсадан азиз. Одам ўзининг ёки яқинларининг саломатлиги хавф остида қолганда, албатта, шошилинч тез тиббий ёрдам марказига...
01 янв 1970
Ҳар йили 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан кимдир фарзандини истироҳат боғига олиб борса, кимдир узоқ кутилган сов...