Ихтирочи сафдошимиз ютуғи

/
Янги инновацион ғояларни амалиётга йўналтириб, яхши натижаларга эришаётган юртдошларимиз орасида андижонлик илм фидойилари ҳам бор. Сафдошимиз Давлатхон Муқимова Андижон қишлоқ хўжалик институтининг изланувчан ёш олимларидан бири.
У 2005 йили агроинженерия факультетини тамомлагач, устозлари кўмагида илмий фаолиятини бошлади. Ерларни экишга тайёрлашда фойдаланиладиган техникаларнинг самарадорлигини ошириш, қулай ва камхарж технологиялар яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Олима дастлабки тажрибаларини отаси Каримжон ака раҳбарлигидаги фермер хўжалиги далаларида муваффақиятли ўтказди.
— Янги ҳайдалган ерларни экишга тайёрлаш ишлари тишли ва дискли тиркамалар ҳамда мола-текислагичлар ёрдамида кўп марталаб амалга оширилмоқда, — дейди Д.Муқимова. — Бу ўз-ўзидан тупроқнинг физик-механик хоссалари ёмонлашуви, нам йўқолишини, ёнилғи сарфи ва бошқа харажатларни кўпайтиради. Шу сабаб комбинациялашган машинанинг саноат нусхасини яратишга эътибор қаратдим. У бир вақтнинг ўзида ҳайдов қатламини тўлиқ зичлаш, даланинг юза қисмини текислаш ва майдалаш ишларини амалга оширади.
Ёш ихтирочи яратган машинанинг конструкцияси мутахассислар томонидан маъқулланди. Бу фермер хўжаликларининг раҳбарларида ҳам қизиқиш уйғотди. Дала синовларида қатнашган олимлар уни қўллаб-қувватладилар. Айниқса, ерларни такрорий ва кузги буғдой экишга тайёрлашда қўл келиши, ҳар гектар майдонга ишлов беришда ёнилғи сарфи 1,75 килограмм, меҳнат сарфи 33,8 фоиз ва эксплуатация харажатлари 27,8 фоизга камайиши эътироф этилди.
Ташаббуслар рағбатлантирилаётган айни пайтда изланувчан сафдошимизнинг меҳнатлари ўз баҳосини топмоқда. Республика Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Ихтирочи аёллар уюшмаси томонидан ўтказилган «Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси» I республика танловининг Андижон вилоят босқичида Давлатхон Муқимова юқоридаги иши билан ғолиблар қаторидан ўрин олди ва танловнинг республика босқичида қатнашиш имкониятига эга бўлди. Бу эса уни янги ғоялар устида иш олиб боришга ундамоқда.
Акбаржон НАЗАРОВ,
Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ёз ёмғири ҳар вақт-ҳар вақт об-ҳавони мўътадиллаштириб, дов-дарахтлар ва гулларнинг ифорини тўрт тарафга таратиб туради....
01 янв 1970
Биринчи Президентимиз ҳақида мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида турли муаллифларнинг чиқишларини ўқир эканман, камина ҳам шу мавзуда қалам т...
01 янв 1970
Бугун кўпчилигимизни ташвишга солган, ҳатто баъзилар томонидан “оммавий васваса” дея баҳо берилган “ўлим гуруҳлари” чиндан ...
01 янв 1970
Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, ушбу масалага миллий қонунчилигимизда алоҳида ўр...