Соғлиқни сақлаш тизими: сарҳисоб ва режалар

/
Иш куни поёнига етганда хаёлингиздан бугун учун нималарни режа қилгандим-у, нималарга улгурдим, эртага бажаришим керак бўлган қандай ишлар бор, каби саволлар ўтади. Уларга жавоб излаб, бугунингиздан гоҳ кўнгил тўлади, гоҳида йўқ. Баъзида эса шунчаки бир кун ўтгани — унда на олға силжиш, на орқага кетиш бўлганини сезасиз. Бу кун сарҳисоби. Аммо бугун бизнинг олдимизда бир кун эмас, бир йил сарҳисоби турибди. Бир йилки, унда ўзгаришлар, янгиланишлар, ривожланиш ва олға интилишлар жадал борди, имкониятлар эшиги очилиб, халқ розилиги ва манфаати йўлида қилинган ҳар бир ҳаракат қўллаб-қувватланди. Бундай йилда шунчаки ишлаб ва уни шунчаки сарҳисоб қилиб бўлмайди...
Алишер ШОДМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири

2017 йил... Ўзбекистонимизнинг ривожланиш тарихи учун муҳим бурилиш ясалган йил бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифига кўра, у “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинишиёқ унинг бошқа йиллардан фарқ қилишига ишора эди. Буни давлатимиз раҳбари ўз янги йил табригида ҳам қайд этиб ўтди:
“Биз кириб келаётган 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном бердик. Бунинг негизида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” деган олижаноб мақсад ва вазифалар ётибди.
Янги йилда бу борадаги дастурий вазифаларни амалга оширишда барчамизнинг, аввало, раҳбар ва етакчиларнинг бир жону бир тан бўлиб, астойдил меҳнат қилишларига ишонаман...”
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг мантиқий давоми сифатида Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилга юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном бериш таклифи кўпчиликнинг дилидаги гап бўлди. Чунки фаол тадбиркор деганда, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзи ва оиласига, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонларни тушунамиз. Бу барча соҳаларга — ишлаб чиқариш бўладими ёки хизмат кўрсатиш — бирдек тааллуқлидир.
Биз ҳақиқатан ҳам тарихий бир йилни яшаб ўтдик. У мамлакатимиздаги барча соҳалар учун тарихийлик касб этди. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳаси учун ҳам.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биринчи марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномада ҳам бу алоҳида қайд этиб ўтилди. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш бўйича бошлаган ишларимизни 2018 йилда изчил давом эттирамиз. Бу борада масофадан туриб профилактика қилишни таъминлайдиган “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббий ахборот маркази” концепцияларини ўз шароитимизга мослаштириб татбиқ этишимиз керак. Биз ушбу ишларни ўтган йиллар тажрибасига таяниб, ундан керакли хулосалар чиқариб давом эттирамиз.
Бирламчи хизмат
2017 йил бирламчи тиббий санитария хизмати учун ислоҳотларга бой ўтди. Президентимизнинг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини такомиллаштиришга оид қарори ижроси доирасида қишлоқ врачлик пунктлари негизида оилавий поликлиникалар, тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилиб, уларда тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилди.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йилнинг 29 мартида қабул қилинган қарори ижроси доирасида қишлоқ врачлик пунктлари негизида 800 га яқин оилавий поликлиникалар, 1000 дан зиёд тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилиб, қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида 10 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти таъминланди.
Бирламчи тизимда кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида 2017 йилда уч мингдан зиёд бакалавриат битирувчисининг қарийб 80 фоизи бирламчи тизимга жалб қилиниб, улар учун барча шароит яратиб берилди.
Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича ўринбосари лавозими жорий этилмоқда. Шунингдек, болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, наслий касалликларга чақалоқларни оммавий скрининг текширувларини ўтказиш, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари таркибида болалар анестезиологияси ва реанимацияси бўлимларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 декабрда қабул қилинган “2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида” ги қарори ҳам кейинги беш йилда ирсий касалликларни барвақт аниқлаш, диагностика ва даволаш тадбирлари самарадорлигини ошириш, миллат генофондини яхшилаш бўйича дастуриламал ҳужжат бўлди.
Қарор доирасида 195 та марказий кўп тармоқли туман ва шаҳар поликлиникаларининг пренатал ташхис хоналарини юқори ҳал этиш қобилиятига эга бўлган стационар УТТ-сканер аппаратлари билан жиҳозлаш белгиланган. Ушбу мақсад учун Давлат бюджети ҳисобидан 200 та УТТ-сканер аппаратлари харид қилинади. Бу эса ҳомиладор аёлларни УТТ текширувчи билан 100 фоиз қамраб олиш (илгари ушбу кўрсаткич 50 фоизни ташкил қиларди) ва 14 ҳафтагача бўлган муддатда ҳомила ўсишида туғма нуқсонларни барвақт аниқлаш, ўлимга олиб борадиган нуқсонларга эга болалар туғилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Эҳтиёж ўрганилган ҳолда қишлоқ оилавий поликлиникаларида гинеколог ва педиатр врачларнинг штатлар жадвали қайта кўриб чиқилаётир.
2017 йилда поликлиникалар раҳбарлари ва мутахассисларининг фаолияти бўйича парламент ва жамоатчилик назорати йўлга қўйилди. Буни ҳақиқатан ҳам, катта янгилик дейиш мумкин. Шунингдек, шифокор қабулига масофадан туриб ёзилиш имконини берувчи электрон тизим босқичма-босқич жорий қилинмоқда.
Албатта, ушбу ютуқлар барчамизни қувонтиради. Бироқ халқимизнинг бирламчи тизим бўйича талабини қондириш учун бунинг ўзи етарли эмас ва ушбу йўналишда 2018 йил учун муҳим режаларимиз бор:
Аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тизимли патронаж қамрови сифатини яхшилаш, бирламчи тизимда моддий-техника базани мустаҳкамлаш ва стационар муассасалар билан узвий ҳамкорликни таъминлаш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришимиз лозим. Аниқланган касалликларнинг диспансеризациясини тизимли равишда амалга ошириш, она ва бола скрининги ҳамда тиббий генетик хизматни яхшилаш каби ўта долзарб ва ижтимоий аҳамияти юқори бўлган масалалар устида астойдил ишлашимизни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Бунинг учун 1046 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техника базасини босқичма-босқич ривожлантириш бўйича 2018-2021 йиллар учун дастур шакллантирилди. Унга кўра:
2018 йилда 146 та муассаса учун
112,7 млрд. сўм;
2019 йилда 243 та муассаса учун
181,4 млрд. сўм;
2020 йилда 315 та муассаса учун
242,0 млрд. сўм;
2021 йилда 338 та муассаса учун
269,0 млрд. сўм
жами 805,1 млрд. сўм маблағ ажратиш кўзда тутилди.
Яна бир муҳим жиҳат — 2018 йилда ҚВП ва ҚОПларни ЭКГ, лаборатор ва стерилизацион ускуналар, гинекологик, хирургик ва шифокорлик жамланмалари билан қўшимча жиҳозлаш белгиланган.
Шошилинч тиббий хизмат тизимини такомиллаштириш, унинг фаолият самарадорлиги ва тезкорлигини янада ошириш борасида ҳам изчил ислоҳотлар ўтказилди. Давлатимиз раҳбарининг шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштиришга доир фармони доирасида:
2017 йилнинг ўзида 1 минг 269 дона тез тиббий ёрдамга ихтисослаштирилган автотранспорт воситаси сотиб олинди;
тез-тиббий ёрдам хизматини дори воситалари билан таъминлашни молиялаштириш ҳажми 2 баробарга оширилди;
дори воситалари билан марказлашган ҳолда таъминлаш йўлга қўйилди;
55 та касаллик тури бўйича ягона стандартлар ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилмоқда.
Шошилинч тиббий ёрдам хизматини дори воситалари билан таъминлаш учун 2016 йилда 4,8 млрд. сўм ажратилган бўлса, 2017 йилда 9,6 млрд. сўм, 2018 йилда эса 22,5 млрд. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Аммо давлатимиз раҳбари қайд этиб ўтганидек, дори-дармонга ажратилаётган маблағлар ҳажмини ошириш, тиббий ёрдам бригадаларини керакли асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, кадрлар билан тўлиқ таъминлаш ишлари мукаммал адо этилмагунча тизим биз кутган натижани бермайди, халқимиз биздан рози бўлмайди. Шу мақсадда бутун республика ҳудудида тез тиббий ёрдамни шошилинч чақиришга мўлжалланган, туну кун ишлайдиган, ягона қисқа телефон рақамининг узлуксиз фаолиятини таъминлайдиган Call-марказлар ташкил этиш белгиланган.
Ихтисослаштирилган тиббий хизмат
Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни ихтисослаштирилган тиббий хизмат ривожисиз тасаввур этиш мушкул. 2017 йил айни соҳа учун ҳам тарихий бўлди. Аввало, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, акциядорлик жамиятлари шаклидаги республика тиббиёт марказлари давлат муассасаларига айлантирилиб, ихтисослаштирилган марказларнинг асосий вазифалари қайта белгиланди. Эндиликда ушбу марказлар мамлакатимиз ва ҳар бир минтақа бўйича касалликлар тенденциясини ўрганиб борувчи таҳлилий ва илмий-тадқиқот ишларини ҳам олиб бормоқда. Шунингдек, ҳудудларда тор ихтисосликдаги мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида вилоятларда ишлаш ташаббуси билан чиққан етакчи мутахассислардан 134 номзод танлаб олинди.
Улар ҳозирда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва даволаш муассасаларида илгари вилоят тарихида бўлмаган юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариб келмоқда. Ҳудудларга юборилган мутахассисларга юкланган масъулият, иш ҳажми ва кўламини ҳисобга олган ҳолда давлатимиз томонидан бир қатор имтиёзлар берилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида ушбу мутахассислар фаолияти самарадорлигини баҳолашда қуруқ ҳисоботлар эмас, балки бевосита маҳаллий аҳоли фикри, халқ баҳоси асосий мезон этиб белгиланди.
Шу ўринда эътиборингизни 2017 йилда бажарилган қуйидаги ишларга тортсам:
Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари мутахассислари ҳудудларга 2407 марта чиқди, ваҳоланки, 2016 йилда бу рақам 500 дан ошган эди.
2016 йилда уларнинг хизматидан 30 минг киши фойдаланган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 220 мингдан ошди.
1700 дан ортиқ юқори технологияли оператив муолажалар амалга оширилди.
Чет эл клиникаларида фаолият юритаётган ватандошларимиздан 60 нафари республикамизга қайтди.
290 нафар чет эл мутахассислари республикамизга таклиф қилинди, улар томонидан 100 дан ортиқ маҳорат дарслари ўтказилди, 1600 га яқин юқори технологияли операциялар бажарилди.
270 дан ортиқ мутахассисларимиз хорижий давлатларда малака ошириб келди.
Хусусан, Россия Федерациясининг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази директори, академик Лео Бокерия, Бутунжаҳон нейрожарроҳлар жамияти федерациясининг ўқитиш ва таълим қўмитаси раҳбари, профессор Кончезно Ди Рокко, Осиё нейрожарроҳлар конгресси президенти профессор Йоко Като, Россиянинг Н.Бурденко номидаги илмий-тадқиқот институти директори Александр Потапов каби жаҳонга машҳур олимлар юртимизда маҳорат дарслари ўтишди.
Аммо биз 2017 йилда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам бўйича бажарилган ишлардан мамнун бўла олмаймиз. 12 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари қайд этганидек, ихтисослаштирилган марказларнинг ҳудудлардаги фаолияти ҳали талаб даражасида эмас. Оқибатда жойларда замонавий диагностика, даволаш усуллари суст татбиқ этилмода. Биз 2018 йилда айни шу йўналишга алоҳида урғу бериб ишлашимиз лозим.
Тиббий таълим тизими
2017 йилда тиббий таълим тизимида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Тиббий таълим бўйича энг муҳим ҳодиса — ўқиш муддатларининг қисқартирилгани бўлди. Шунингдек, касбий фанлар блоки кенгайтирилиб, ижтимоий-иқтисодий фанлар блоки 7 фоизгача қисқартирилди, клиникагача ва клиникага оид фанлар учун соатлар ҳажми 85 фоизгача кўпайтирилди. Президентимизнинг қарорига мувофиқ, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб биринчи марта мақсадли қабул йўлга қўйилди ва 2017 йилда тибббиёт олий ўқув юртларига мақсадли қабул учун 1 минг 180 ўрин ажратилди.
2018 йилда бакалавриат таълим йўналишининг мақсадли қабул квотасини 2017 йилга нисбатан 20 фоиз ошириш, мақсадли магистратурани 10 фоиз кўпайтириш, клиник ординатура қабул квотасини 15 фоиз ошириш белгиланди.
2017 йил Инвестиция дастурига кўра 27,6 млрд. сўм маблағ эвазига Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг симуляция маркази ва клиникасида, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалининг 120 ўринли, Андижон давлат тиббиёт институтининг 120 ўринли, Бухоро давлат тиббиёт институтининг 200 ўринли, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалининг 100 ўринли жами 540 ўринли клиникаларда қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
2018 йил Инвестиция дастури доирасида Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг симуляция маркази, мазкур институт Нукус филиалининг 120 ўринли, Андижон давлат тиббиёт институтининг 120 ўринли, Бухоро давлат тиббиёт институтининг 200 ўринли клиникаларида қурилиш ва реконструкция ишларини давом эттириш учун 31,8 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Хусусий сектор
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилган ишлардан яна бири бу – хусусий тиббиёт секторини тубдан ривожлантириш билан боғлиқ бўлди. Шу мақсадда Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор билан хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50 тадан қарийб 130 тага кўпайтирилди. Натижада хорижий клиникаларнинг Ўзбекистондаги қўшма клиникалари ташкил этилмоқда.
Шунингдек, гемодиализ, лаборатория таҳлили, стерилизация сингари тиббий хизмат турларини давлат-хусусий шерикчилик асосида хусусий тиббиёт муассасаларига,
тиббий фаолият ҳисобланмайдиган ошхона, кир ювиш каби хизматларни хусусий сектор ихтиёрига бериш кўзда тутилган.
Бундан ташқари улар:
2022 йилнинг 1 январигача барча солиқ ва божхона тўловларидан озод этилди.
Хорижнинг нуфузли клиникаларидан келиб фаолият кўрсатувчи мутахассисларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида солиқлар бекор қилинди.
Юртимизда нодавлат тиббиёт тизимига берилаётган бундай юксак эътибор ва имтиёзлар сабаб уларнинг сони бир йил ичида 450 тага кўпайиб, қарийб 4 мингтага етди.
2018 йилда илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда барча тиббиёт муассасаларини босқичма-босқич аккредитациядан ўтказиш тизимини жорий этиш концепциясини ишлаб чиқиш белгиланди. Пойтахтимизда фаолиятини бошлаган “Акфа медлайн” хусусий тиббиёт муассасаси негизида мамлакатимизда хусусий тиббиётни ривожлантириш ва уларга малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув-даволаш марказини ташкил этиш, мазкур тиббиёт маркази ҳамкорлигида Корея Республикасининг олий таълим тиббиёт муассасаси ва унинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Яна бир муҳим жиҳат, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда аҳолининг ҳудудларга хос касалланиш кўрсаткичлари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, тор йўналишларга ихтисослашган стационар шароитдаги хусусий тиббиёт ташкилотларини кўпроқ ташкил этиш йўлга қўйилмоқда.
Энг муҳими, 2017 йилда давлатимиз раҳбарининг ўттиздан ортиқ қарор ва фармонлари ҳисобига соҳанинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, олиб борилаётган ислоҳотлар натижасини ва мавжуд камчиликларни муҳокама қилишга бағишлаб олти марта йиғилиш ўтказилди.
2017 йилда Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳаси ривожи учун жами 7,1 трлн. сўм маблағ ажратилган бўлса, 2018 йилда ушбу мақсад учун Давлат бюджетидан 9,6 трлн. сўм ажратилиши белгиланди.
2017 йил Инвестиция дастури доирасида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги 181 та 7350 ўринли ва 9430 қатновга эга тиббиёт объектларида 552,6 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Бугунги кунда мазкур объектларда қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари якунланмоқда.
2018 йил Инвестиция дастури доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги 290 та 5863 ўринли ва 20418 қатновга эга тиббиёт объектларида, қурилиш, реконструкция, капитал таъмирлаш ва уларни жиҳозлаш учун 803,6 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилди.
2017 йил сарҳисоби якунида табиий равишда бир савол туғилди: давлат раҳбари бошлаб бераётган ташаббусларга соҳа вакиллари, айниқса, раҳбар кадрлар амалий ҳаракат билан муносиб жавоб қайтара олдими? Бу саволни соҳанинг ҳар бир бўғинидаги раҳбар ўзига бериши ва унга ижобий жавоб қайтара олиши лозим. Ана шунда тиббиёт тизимида ривож, олға силжиш бўлади. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимиз тарихи ўзига хослиги, мўъжизавийлиги билан барчани қизиқтириши табиий.
01 янв 1970
Қаҳрамонимиз эллик бирнинг устида. Шу кунгача турли сабабларга кўра ўлимни кўп кўрди....
01 янв 1970
Азиз ўқувчи, газетамизнинг бугунги сонидан бошлаб янги рукнимиз остида ҳафта давомида одамлар орасида шов-шувга сабаб бўлган, эл орасида энг кўп му...
01 янв 1970
Сўнгги пайтларда амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилмоқда....