Кўзингизга нур бўлай, қалбингизга қувват!

/
— Бугунги озод ва обод турмушнинг рангин манзараларини ўз кўзларим билан кўриш бахти менга насиб этмаган, — дейди Тайлоқ туманининг “Истиқлол” маҳалласида яшовчи 90 ёшли отахон, I гуруҳ ногирони Мардон бобо Маматқулов. — Лекин мен ҳаёт гўзаллигини, инсонга кўрсатилаётган меҳру оқибатни атрофимдагиларнинг ғамхўрлиги туфайли бутун вужудим билан ҳис этиб турибман. Улар менинг кўзларимга нур, қалбимга қувват бўлаяпти. Шундай инсонпарвар жамиятда давлат ўз фуқароларининг эҳтиёжларини ҳисобга олиб иш юритаётганидан, ногиронларга алоҳида меҳру мурувват кўрсатаётганлигидан мамнунман.
Дарвоқе, Халқаро ногиронлар куни арафасида Мардон бобонинг хонадонига халқ депутатлари Тайлоқ тумани Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари Сулаймон Боқиев ва Нилуфар Акрамова, партия фаоли, маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳасан Пўлатовлардан иборат ишчи гуруҳи ташриф буюриб, пиру бадавлат, табаррук инсондан хабар олишди. Отахонга совғалар топшириб, унинг кўнглини чоғлашди.
Нафақат байрамларда, оддий кунларда ҳам маҳаллаларда яшовчи кам таъминланган, моддий ёрдамга эҳтиёжманд, ногирон инсонларнинг турмуш шароитларидан хабардор бўлиб, уларни қийнаётган ижтимоий муаммоларга ечим топиш партия депутатлари фаолиятида муҳим ўрин тутмоқда. Ҳар ҳафтанинг чоршанба куни депутатларнинг халқ билан мулоқоти куни сифатида самарали ўтаётгани ва учрашувлар чоғида ўнлаб ижтимоий муаммолар тегишли давлат ва бошқарув идораларини жалб этган ҳолда жойида ҳал этилаётгани фикримизнинг тасдиғидир.
Сулаймон Боқиев ва Нилуфар Акрамова байрам арафасида “Истиқлол”, “Ворсин” ва “Сочакиболо” маҳаллаларидаги 30 дан ортиқ хонадон эгалари билан суҳбатлашишди. Хусусан, “Ворсин” маҳалласида яшовчи 85 ёшли меҳнат фахрийси Ҳазратқул Каримов, II гуруҳ ногирони Норчучук Ҳамроева депутатларга табиий газ таъминотидаги муаммолар хусусида гапиришди. Депутатлар туман газ таъминоти идорасини мавжуд аҳволдан дарров хабардор этиб, муаммо қисқа вақтда ҳал қилинишини ўз назоратига олишди.
Ҳа, баъзан битта оилага ёки бир инсонга кўрсатилган меҳр, эътибор жамиятнинг инсонпарварлик тамойилларини асраш, ҳимоя қилиш билан баробар. Туман партия кенгаши ва депутатлар ана шу хулосага таяниб фуқаролар турмушидаги бирорта муаммони ечимсиз қолдирмасликка, ўз ваколатларини сидқидилдан адо этиб, маҳаллалар аҳли учун янги имконият ва қулайликларни муҳайё этишга астойдил интилмоқдалар. Ўтган вақт мобайнида депутатлар кўмагида юздан зиёд оилага тадбиркорлик билан шуғулланиш имконияти яратилгани, томорқа хўжалиги, асаларичиликни ривожлантириш учун зарур молиявий ёрдам уюштирилгани ва ўнга яқин ногиронга махсус аравачалар олиб берилганлиги маҳаллаларда ўтказилаётган мулоқотлар натижасидир.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
XIX асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган атоқли шоир Абай Қўнонбоевдан нафақат қозоқ адабиёти учун, балки умумтуркий маданият учун ҳам салмоқли мерос ...
01 янв 1970
учта олийгоҳнинг 72 ёшли абитуриенти Тоштемир отанинг орзуси
01 янв 1970
Ҳар йили февраль ойининг аввалида сўз мулкининг султони Алишер Навоий, ундан сўнг шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомизнинг таваллуд айёмла...
01 янв 1970
Асосий қонунимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида улуғланган....