Ички йўллар таъмирланади

/
Одамларнинг оғирини енгил қилиб, уларни эзгуликка, бунёдкорликка ундай олган депутат кўпчиликнинг ишончига сазовор бўлади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни партия депутатлари ва фаолларнинг ҳудудларда ўтказаётган юзма-юз мулоқотлари аҳоли билан яқин алоқада ишлашимизга хизмат қилмоқда. Мулоқотлар чоғида фуқаролар ўртага ташлаган муаммолар қонуний ечим топиши учун депутатлар амалий чоралар кўришмоқда. Шу билан бирга, очиқ мулоқотлар асносида дастурий мақсад-вазифаларимизни амалга ошириш борасидаги фаолиятимиз ҳақида кенг жамоатчилик хабардор этилмоқда.
Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзоларига “Қиёмшайх” қишлоғида ўтказилган учрашувда фуқаролар тоза ичимлик суви таъминоти муаммо бўлаётганини маълум қилишди. Ушбу масала юзасидан депутат Дўстмурод Мирзаев туман ҳокимига депутатлик сўрови юборди. “Қиёмшайх” қишлоғидаги хонадонларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш, баъзи кўчаларда электр симёғочларини етарли даражада ўрнатиш муаммо бўлаётгани инобатга олиниб, ўрганишлар ўтказилди. Айни пайтда гуруҳимиз аъзолари томонидан халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси муҳокамасига масала сифатида киритиш таклифи тайёрланмоқда.
“Оқсарой” МФЙда яшовчи фуқаро Равшан Қодиров “Аҳмад Орзиқулов” кўчаси бўйлаб ўрнатилган лоток (бетон ариқ) эскиргани боис пиёдалар йўлакчасида сув тўпланиб, ноқулайликлар пайдо қилаётгани хусусида мурожаат қилган эди. Туман пудрат таъмирлаш фойдаланиш корхонаси раҳбари номига депутатлик сўрови юборилгач, жорий йилнинг сентябрь ойида янги бетон ариқ ўрнатилиб, муаммо барҳам топди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш партия депутатларининг диққат марказидаги масалалардан саналади. Сентябрь ойида “Зиёкор” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар Муҳиба Зикриллаева, Фарҳод Аминжонов, Фарзона Солиҳова ишга жойлашиш масаласида депутат Низом Очиловга мурожаат қилишганди. Ушбу масалада юборилган депутатлик сўрови мутасаддилар томонидан тез кунда ечим топиб, мазкур фуқаролар туман ободонлаштириш бошқармасига ишга жойлаштирилди.
Туманда кўпчилик фуқаролар мавжуд муаммоларни бартараф этишда биз, “Адолат”чиларга катта умид ва ишонч билдиришаётгани эътиборга молик. Депутатлик гуруҳи аъзолари туман партия кенгаши раиси Самариддин Зайниддинов ва фаоллар билан ҳамжиҳатликда иш олиб бораяпмиз. Депутатлик гуруҳимиз номига фуқаролар томонидан йўлланаётган ёзма ва оғзаки мурожаатлар фуқаролар ишончининг ифодаси ҳам саналади.
Хусусан, 31-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиларининг аризасида ушбу таълим муассасаси девори таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги баён қилинган. Шу масала юзасидан туман ҳокими номига юборилган депутатлик сўрови бўйича ўрганишлар давом этмоқда. Депутатларимиз саъй-ҳаракати натижасида “Шўржи” қишлоғида Нигина Ҳалимова, Нигина Ҳазратқулова тикувчилик цехи, Умид Кўчкинов автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, Жасур Мусурмонов эса савдо дўкони очишга эришди. Шунингдек, депутат Низом Очиловнинг саъй-ҳаракати билан “Дўстлик” маҳалласи аҳолисининг электр энергияси таъминотини яхшилаш учун 15 та электр симёғочи ўрнатилди. Сарвар Боқиев, Вазира Нажимованинг мурожаатларига асосан, гуруҳимиз аъзолари мутахассисларни жалб этган ҳолда мазкур фуқароларга 2-гуруҳ ногиронлиги тайинланишида амалий ёрдам кўрсатишди. Фуқаролар Фарҳод Қиёмов, Илҳом Пардаев, Вазира Латипованинг депутатларга мурожаатлари ўрганилгач, “Мираки”, “Қиёмшайх” ҚФЙлари ҳудудида тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш, ёшларни спортга жалб этишга доир ишлар олиб борилаяпти. Маҳаллаларда уюшмаган ёшлардан 4 нафари ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилинди. Депутатлик гуруҳимиз аъзоси Низом Очиловнинг ташаббуси билан ўндан ортиқ маҳаллаларда, айниқса, уюшмаган ёшларни спортга жалб этиш мақсадида 16 та тўгарак ташкил этилди.
Депутат Дўстмурод Мирзаевга тумандаги “Ёмчи” қишлоғида яшовчи фуқаро Сарвар Хуррамов “Хабарлик” маҳалласидаги ички йўлларини таъмирлаш зарурлигини баён қилди. Д.Мирзаев ташаббуси билан ушбу масала халқ депутатлари туман Кенгашининг август ойида ўтган сессиясида муҳокама қилиниб, бу борадаги аниқ вазифалар туманни келгуси йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилди. 2018 йил 1-чорагида маҳалладаги ички йўллар таъмирланадиган бўлди.
Нажмиддин МАҲМУДОВ,
халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жойларда қонун устуворлигининг таъминланиши халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг талаб даражасида фаолият олиб боришига боғлиқ....
01 янв 1970
Инсон ақлу заковати беқиёс. Баъзи инсонларнинг кашфиётлари, бунёдкорликлари, амалга оширган ишларига, ақлий салоҳиятига таҳсин ўқийсан....
01 янв 1970
Qalampir.uz интернет нашри раҳбари Қамариддин ШАЙХОВга очиқ хат
01 янв 1970
21 ОКТЯБРЬ — ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ “ДАВЛАТ ТИЛИ ҲАҚИДА”ГИ ҚОНУНИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КУН...