Бунёдкорлик завқи

/
Бугун мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларни, ўзгаришу эврилишларни кузатаётган ҳар бир юртдошимиз халқимизнинг орзу-ниятлари, мақсадлари улуғ ва эзгу эканлигини, бу йўлда ўзбекистонликлар бутун куч-қудратини, салоҳиятини ишга солажагини ич-ичидан ҳис этади. Элимиз бундай иштиёққа, интилишга истиқлол туфайли эришди. Мамлакатимиз узра эрк туғи ҳилпирай бошлаганига 26 йил тўлди. Бир йигит улғайиб, элга хизмат қиладиган даражага етадиган бу даврда одамларимиз онгу шуурида улкан янгиланишлар юз берди.
Мамлакатимиз иқтисодиёти бозор қонунлари асосида жадал тараққий этаётир. Эркин рақобат шароити, қулай ишбилармонлик муҳити, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Тадбиркор ёки оддий фуқаронинг республикамиз раҳбарига бевосита мурожаат қилиш шароитининг яратилганлиги, ишбилармонлар фойдаланаётган имтиёз ва енгилликлар, валюта конвертацияси борасидаги ислоҳотлар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш устидан назоратнинг кучайтирилаётганлиги яқин келажакда юртимиз иқтисодиётида улкан юксалишлар қайд этилишини кўрсатади.
Билдираётган фикрларимизга республикамизнинг барча ҳудудларидан ўнлаб аниқ ва салмоқли мисоллар келтириш мумкин. Чунончи, масалага Жиззах вилояти мисолида ёндашсак, Бахмал туманида қоплама тош, мармар, оҳактош, ўаллаорол туманида цемент, воллостанит, мармар, Шароф Рашидов туманида мармар, силикат, абразив, корунд, Фориш туманида цемент хомашёсининг йирик захиралари мавжуд. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, вилоятда 196 миллион тонна цемент, 11,9 миллион тонна барит, 7,3 миллион тонна безакли тош, 6,7 миллион тонна керамзит, 5,8 миллион тонна оҳак, 4,1 миллион тонна воллостанит, 2 миллион тонна гипс хомашёлари бор.
Табиийки, бу имкониятлардан самарали фойдаланиш чоралари кўрилаётир. Жумладан, вилоятда 24 та енгил саноат, 240 та қурилиш, 15 та чарм-пойабзал, 8 та маиший электр, 369 та озиқ-овқат, 6 та фармацевтика ва яна 671 та бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат қувватлари фаолият кўрсатмоқда. Бу турдаги корхоналарни ишга туширишда асосий эътибор маҳсулотнинг харидоргирлигига, хусусан, хориж бозорида ўз ўрнини топиши ва рақобатга чидамлилигига қаратилмоқда.
Ўтган йилнинг мос даврига қиёслаганда, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 108 фоизга, саноат маҳсулотлари 113, истеъмол моллари 110,9, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш 105,7 фоизга ошганлиги ҳам ислоҳотлар тўғри йўналишда эканлигини кўрсатади. Бу муддатда пудрат ишлари 109, чакана савдо айланмаси 110,8 фоизга ошган.
Иқтисодий эврилишлар вилоятнинг ташқи савдо айланмасига ҳам ижобий таъсир этаяпти. Биринчи ярим йилликда бу борадаги кўрсаткич 83,4 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Ташқи савдо айланмасининг 59 фоизи — 49,3 миллион АҚШ доллари экспорт ҳиссасига тўғри келади. Айтганча, хорижга маҳсулот сотиш ўтган йилга солиштирганда 115,8 фоизга ошган.
Воҳада қишлоқ хўжалигида ҳам кўламли ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Бу йил фермерларимиз ғалла шартномавий режасини республикамизда биринчилар қаторида уддалашга муваффақ бўлишди. Айни вақтда 93,3 минг гектар сувли майдонда ғўза ўстирилиб, 216 минг тонналик хирмон кўтариш режалаштирилган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, вилоятда етиштирилган пахтанинг 40 фоизи ҳудуддаги 5 та саноат корхонаси томонидан ип-калавага айлантирилмоқда.
2020 йилда етиштирилган пахта хомашёси вилоятда тўла калава-ипга айлантирилади. Бу ипнинг 85 фоизидан тайёр мато ва газлама олишга эришиш кўзда тутиляпти. Жорий йилда вилоятда ишлаб чиқарилган газлама ва матонинг 36,1 фоизидан тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарилади. 2020 йилга бориб бу кўрсаткич 58 фоизни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 майдаги “Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришни тубдан жадаллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришнинг янги ёндашувлари ва методларини синаб кўришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида қишлоқ хўжалигида қиймати 396 миллиард 673 миллион сўмлик 742 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилаяпти. Яъни 167 та чорвачилик, 261 та боғдорчилик, 40 та узумчилик, 28 та иссиқхона ва 246 та бошқа лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, Фориш туманидаги “Фориш агро нурафшон” ва “Forihs Agro Valley” масъулияти чекланган жамиятларига 2900 гектар ер ажратилиб, сут ва жун олиш мақсадида 4 минг бош зотдор эчки парвариши йўлга қўйилади. Шунингдек, вилоятимизда жорий йил сўнггигача йирик шохли моллар сонини 968,1 мингтага, майда шохли моллар сонини 2120,1 мингтага, парранда сонини 4553 мингтага етказиш режалаштирилган. Натижада бу йил 204,8 минг тонна гўшт, 578,8 минг тонна сут, 260,3 миллион дона тухум ва 14,2 минг тонна балиқ ишлаб чиқаришга эришиш кўзда тутилган.
Вилоятда маҳаллийлаштириш борасида ҳам эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилаяпти. 2017-2019 йилларда 25 та корхона томонидан 34,3 миллиард сўмлик 41 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш чоралари кўрилаётир. Бу йилнинг ўзида 16 та корхонада қиймати 32,8 миллиард сўмлик 32 турдаги ана шундай маҳсулотларни тайёрлаш устида иш олиб борилмоқда. Биринчи ярим йилликда 10,7 миллиард сўмлик 17 турдаги маҳсулот тайёрланиб, бу борадаги прогноз кўрсаткичлар 150,9 фоизга бажарилгани соҳада эндиликда фақат ўсиш кузатилишидан дарак беради.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, вилоятимизда сўнгги йилларда мамлакат аҳамиятига молик бир нечта йирик корхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Чунончи, бундан уч йил илгари иш бошлаган Олмалиқ кон-металлургия комбинатига қарашли Жиззах цемент заводи нафақат мамлакатимиз, балки минтақамиздаги йирик ишлаб чиқариш қувватларидан бири саналади. Корхона йилига 350 минг тонна оқ, 760 минг тонна портланд цемент ишлаб чиқариш салоҳиятига эга. Ўтган йили 700 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилаётган Жиззах цемент заводи режадагидан 110,3 минг тонна кўп маҳсулот тайёрлади.
Мазкур кўрсаткични мамлакатимизда амалга оширилаётган кўламли қурилиш жараёнлари ҳамда хорижда Жиззах цементига талабнинг ортиб бораётганлиги билан боғласак тўғри бўлади. Ҳозирда корхонанинг портланд цемент ишлаб чиқариш қувватини 1 миллион тоннага етказиш устида иш олиб борилаётир. Худди шундай қувватлар сирасига кейинги йилларда модернизация қилиниб, мамлакатимиз ва бир қатор хориж давлатларига маҳсулот етказиб бераётган Жиззах аккумулятор заводини ҳам киритиш мумкин.
Вилоят ҳудудида барпо этилаётган янги корхоналар яқин йилларда Жиззахни мамлакатимизнинг энг саноатлашган ҳудудларидан бирига айлантиради десак, муболаға бўлмайди. Хусусан, Фориш туманида базальт толасидан арматура ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Mega invest industrial” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини йўлга қўйиш устида иш олиб борилаяпти. 61,9 миллион АҚШ доллари эвазига қуриладиган корхона йилига 2,5 минг тонна базальт толаси ва 3 минг тонна базальт толасидан арматура ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. “Mega invest industrial”да 200 та иш ўрни яратилмоқда. Жорий йилнинг тўртинчи чорагида ишга туширилиши кўзда тутилаётган корхонада айни вақтда ускуналарни ўрнатиш жараёни кетаяпти. Ҳозирданоқ 3,2 миллион АҚШ доллари қийматидаги арматураларни экспорт қилиш белгиланган.
Зафаробод туманида барпо этилаётган нефтни қайта ишлаш заводи ҳам минтақа миқёсида муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳа қиймати 2,2 миллиард АҚШ доллари бўлган бу корхона йилига 5 миллион тонна нефть хомашёсидан “Евро-5” стандарти талабига жавоб берадиган юқори сифатли мотор ва авиация ёнилғиси, бензол, мазут, битум ва бошқа бир қанча турдаги нефть маҳсулотлари олиш имконини беради. Авиация керосинининг ўзимизда ишлаб чиқарилиши мамлакатимиз авиация тизимини янада кучайтириш, савдо ва туризм борасидаги имкониятларимизни кенгайтиришга хизмат қилади.
Корхонага хомашё Қозоғистондан, 95 километр масофадан қувурларда олиб келинади. Мазкур жиҳат мамлакатимизда нефть маҳсулотлари нархини пасайтириш, бу борадаги эҳтиёжни тўла қондиришга омил бўлади. Ушбу жараёнда арзон нефть маҳсулотлари иқтисодиётнинг барча соҳаларига ижобий таъсир кўрсатишини эътибордан четда қолдирмаслик керак. Нефтни қайта ишлаш мажмуасининг географик жойлашуви маҳсулотни республикамизнинг барча ҳудудларига етказиб беришда қулайлик туғдиради, харажатларни камайтиради.
Худди Жиззах цемент заводи каби ушбу корхонага ҳам экологияга зарар етказмайдиган, энергетик жиҳатдан тежамкор технологиялар ўрнатилиши белгиланган. Бу саноат қуввати 2 мингдан ортиқ иш ўринларини юзага келтиришга имкон яратади. Шунингдек, соҳага алоқадор ва хизмат кўрсатиш тизимларида 14 минг нафардан ортиқ фуқаролар муқим иш жойига эга бўлади.
Президентимизнинг 2017 йил 13 июндаги “Хорижий инвестициялар иштирокидаги “Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” корхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида эса “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида бунёд қилинаётган завод республикамиз автомобилсозлик саноатини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Ушбу қувват қурилиши учун айни вақтда 45 гектар ер ажратилди. Корхонада бунёдкорлик ишлари 2018 йилнинг 1 майида ниҳоясига етказилиши режалаштирилган.
2019 йилдан бошлаб бу ерда янги русумдаги тижорат автомашиналари йиғила бошланади ва 600 та иш ўрни яратилади. Йилига 16 минг дона автомобиль ишлаб чиқариши кўзда тутилаётган “Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” эҳтиёт қисмларининг 50 фоизини дастлабки даврдаёқ маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Бу тадбирга “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси тизимидаги 30 га яқин йирик ва 160 дан ортиқ ўрта ҳамда кичик корхоналар жалб этилади.
“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида барпо этилаётган яна бир корхона кенг ассортиментдаги ойна маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашади. Лойиҳа икки босқичда амалга оширилиб, унга 110 миллион АҚШ доллари қийматидаги маблағ йўналтирилади. Корхонанинг биринчи босқичи яқин кунларда ишга туширилади. Бу лойиҳа йилига 4 миллион метр квадрат безакли ойна тайёрлаш имконини беради. Импорт ўрнини босувчи бу ойналар йилига хорижга кетаётган 30 миллион АҚШ долларини ўзимизда олиб қолишга хизмат қилади.
Умуман олганда, бугунгача “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида қиймати 51,4 миллион АҚШ доллари бўлган 15 та лойиҳа амалга оширилди. Бу эса 774 та иш ўрнининг яратилишида асос вазифасини ўтади. Эркин иқтисодий ҳудудда 2017-2018 йилларда яна 5 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Бу лойиҳалар қиймати 196,5 миллион АҚШ долларига тенгдир.
Вилоятда амалга оширилаётган яна бир саноат лойиҳаси — ўаллаорол туманидаги Қўйтош вольфрам кони билан боғлиқ. 170 та иш ўрни яратишга хизмат қиладиган бу корхона хомашёни қазиб олиш ва металлга бирламчи ишлов беришни ўз ичига олади. Йилига 100 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятига эга корхона жамоаси яқин муддатларда 2,1 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотни экспорт қилишни режалаштирган. Саноат қувватининг ишга туширилиши учун эса 1,7 миллион АҚШ доллари сарфланди.
Бу каби иқтисодий кўрсаткичларнинг йил сайин ошиши, олинаётган даромадларнинг салмоғи тобора ортиб бориши вилоятда бунёдкорлик, яратувчанликка монанд тадбирлар кўламининг кенгайишига хизмат қилаётир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган режага асосан 2014-2017 йилларда Жиззах шаҳрида 1148,5 миллиард сўмлик қурилиш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш белгиланган эди. Мазкур режа Жиззах шаҳрини юртимизнинг энг кўркам гўшаларидан бирига айлантириш билан бирга қурилиш корхоналари салоҳиятини ҳам ҳар жиҳатдан кучайтиришга хизмат қилмоқда.
— Бундан ташқари вилоятда бу йил 60 та ижтимоий соҳа объектларини қуриш ёки реконструкция қилиш режалаштирилган, — дейди Жиззах вилояти ҳокимлиги саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича котибияти мудири Шуҳрат Жўраев. — Чунончи, Жиззах шаҳри, ўаллаорол ва Зомин туманларида 3 та мактаб қурилмоқда. Жиззах шаҳри ҳамда Бахмал, Зарбдор, Шароф Рашидов, Пахтакор туманларида 10 та мактаб реконструкция қилинаяпти. Арнасой, Бахмал, Шароф Рашидов, Зарбдор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари ва вилоят марказида 11 та мактаб мукаммал таъмирдан чиқиш арафасида. Худди шундай 8 та коллеж ва академик лицейда реконструкция ишлари бажарилди. 8 та соғлиқни сақлаш, 15 та мактабгача таълим муассасалари ҳамда 5 та спорт иншоотида қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш амалга оширилаяпти. Шунингдек, 10 миллиард 751 миллион сўм 46 та ичимлик суви иншоотларини, яна шунча маблағ бошқа ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва таъмирлашга йўналтирилади.
Айни пайтда Жиззах шаҳридаги атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов хиёбонида кенг кўламли реконструкция, Ҳамид Олимжон ва Зулфия боғларида қурилиш ишлари амалга оширилаяпти. Мазкур қурилишлар учун 14,5 миллиард сўм сарфланиши кўзда тутилган. “Агростандарт плюс”, “Диамонд”, “Агроквант” корхоналари жамоаси ушбу қурилишларга жалб этилган. Шароф Рашидов хиёбонидаги ишларни атоқли давлат арбоби таваллудининг юз йиллиги нишонланадиган санагача якунлаш кўзда тутилган. Хиёбонга манзарали дарахтлар экилиб, йўлаклар қурилмоқда.
Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонида ахборот-ресурс маркази, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослашган 150 ўринли мактаб-интернати бунёд этилмоқда. Ҳудудга ёндош жойларда ҳам қурилиш қизғин кечаяпти. Чунончи, “Хўжа Нуриддин” мадрасаси ва Шароф Рашидов музейи таъмирланаётир. Шунингдек, Шароф Рашидов туғилиб ўсган кўча ҳам ободонлаштирилмоқда.
Вилоятда республикамиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори ҳам ҳаётга самарали татбиқ этилмоқда. Жумладан, ушбу қарор асосида 908 та тураржой қурилаётир.
Хуллас, Жиззах вилоятини бугун улкан қурилишлар майдонига менгзаш мумкин. Бу каби ўзгаришлар халқимиз фаровонлиги, турмуш тарзининг яхшиланишига хизмат қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугун жиззахликлар улкан бунёдкорлик завқи билан яшамоқда.
Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Барчамизга маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганига 25 йил тўлади....
01 янв 1970
Бу даргоҳда ҳамма нарса юксак интизом, уюшқоқлик, ҳозиржавоблик, Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилишнинг юрак-юракдан ҳис этилган шарафли масъулиятид...
01 янв 1970
Қонун нуқтаи назаридан қараганда, коррупция – мансабдор шахснинг ўз мавқеи ва ваколатларидан фойдаланиб, унга ишониб топширилган ҳуқуқлар...
01 янв 1970
Яна саноқли кунлардан кейин мамлакатимизда Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 26 йиллиги кенг нишонланади....