Таълим тизими: Қай бири афзал?

/
Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёшларнинг комил инсон бўлиб вояга етишлари, тўлақонли ва мукаммал билим олишлари, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштирок этишини таъминлаш учун янгидан-янги имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 11 йиллик умумий ўрта таълимни жорий этиш ҳақидаги ташаббуси кўпчиликни, ота-оналар ва муаллимларни мамнун этди.
Фикримизча, ўн бир йиллик таълимнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълимидан афзал жиҳатлари кўп. Хўш, бу нималарда намоён бўлади ва уни қандай омиллар билан изоҳлаш мумкин?
Аввало, шуни айтиш жоизки, ўн бир йил муддатда таълимнинг изчиллиги таъминланади. Яъни ўқувчига 9-синфгача қўйилган талаб янада кучаяди, асло сусаймайди. Чунки аксарият ўқувчиларнинг олдида олий ўқув юртига ўқишга кириш ва шу орқали ўз келажагини белгилашдек катта орзу-мақсад туради. Натижада у олдингига нисбатан ҳам кўпроқ ғайрат-шижоат, қунт билан билим олишга интилади. Қолаверса, умумтаълим мактаблари фаолиятини баҳолашда битирувчиларнинг олий ўқув юртларига кириш даражаси ва сифати бош мезон саналади. Пировардида таълим муассасаси жамоаси таълим сифатини яхшилашга, ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга янада ҳаётий эҳтиёж ҳосиласи сифатида масъулият билан ёндашади. Улар битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш мақсадида тайёрланиши учун ота-оналар билан баб-баравар жон куйдиради, зарур шароитларни яратишга ҳаракат қилади.
Кези келганда фикрларимни ўз фарзандим мисолида давом эттирсам. Қизим Диёра бу йил туманимиздаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 9-синфини тамомлади. У келажакда журналист ёки ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилади. Шу боис Фарғона давлат университети қошидаги академик лицейга ҳужжат топширмоқчи эди. Таълим тизимида янги имконият яратилгач, мактаб-интернатнинг ўзида очилаётган 10-синфда ўқишини давом эттирадиган бўлди.
Ҳаётда инсон учун энг қимматли неъмат бу вақтдир. Шу маънода айтганда, 11 йил таълим олган ўқувчи касб-ҳунар коллежига нисбатан бир йил вақтдан ютиб, ўз мақсадига эртароқ эришади. Аммо бу билан мен академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини камситмоқчи эмасман. Давлатимиз раҳбари ёшларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, бу борада янги имкониятларни яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳатто олий ўқув юртини тамомлаган ёшлардан билимлироқ ва юксак салоҳиятли коллеж битирувчилари ҳам йўқ эмас. Лекин улар озчиликни ташкил қилади. Айни пайтда айрим ёшлар ёлчитиб ўқимагани, билимсизлиги туфайли коллежни тамомлагач, доимий иш ўрнини тополмаяпти. Оқибатда уюшмаган ёшлар сони ортиб, баъзилари жиноят ва ҳуқуқбузарлик кўчасига кириб қолаётир. Ачинарлиси, турли диний оқимлар ва ўзлигимизга ёт ғоялар таъсирига тушиб қолаётганлари ҳам учрамоқда.
Яна бир гап. “Коллежда ўқувчи маълум бир мутахассисликни эгаллайди, шунга яраша диплом берилади. Ўн биринчи синф битирувчисини ҳеч ким ишга олмайди-ку?”, деган мазмундаги фикрлар ҳам айтилаяпти. Бироқ 11-синфни тамомлаб, талабаликка эришолмаган ўғил-қизлар, касб-ҳунар коллежларида 11-синф битирувчилари учун мўлжаллаб очиладиган йўналишларда ўқиб, қисқа муддатда ҳунар эгаси бўлиши мумкин. Зеро, масаланинг бу жиҳатлари ҳам инобатга олинмоқда.
Дилдора ТИЛЛАЕВА,
Қўштепа тумани “Ғиштмон” қишлоғи
 
ТАҲРИРИЯТДАН: Юртимизда 11 йиллик умумий ўрта таълимнинг жорий этилиши жамоатчиликни қизиқтираётгани яққол аён бўлмоқда. Айниқса, ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг кўпчилиги бу масалага ижобий баҳо бераётгани эътиборга молик.
Хўш, шундай экан, кўп сонли ўқувчилар 10-11- синфларда таълимни давом эттириши учун умумтаълим мактаблари тайёрми? Бунинг учун мактабларда малакали ўқитувчилар, зарур дарслик китоблари етарлими? Ўқувчиларни синф хоналари, лабораториялар ва бошқа зарурий ашёлар билан таъминлашда муаммолар пайдо бўлмайдими?
Шу ва шу каби долзарб саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилдик. Вазирлик жавоби билан газетамизнинг навбатдаги сонларида танишасиз. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жиззах вилояти шаҳар ва туманларида ҳам янги йил ўзгача шукуҳ ва қувонч билан қарши олинмоқда....
01 янв 1970
Қорақалпоғистон Республикаси мамлакатимиз шимолида жойлашган, ёзи жазирама иссиқ, қиши ўта совуқ ушбу ҳудуд ўзига хос иқлим шароитига эга....
01 янв 1970
Маълумки, ер юзида беш мингга яқин тил ва лаҳжалар мавжуд бўлгани ҳолда атиги юзга яқин тил давлат тили мақомига эга....
01 янв 1970
Ҳаёт доимо ўсишда, ривожланишда. Лекин уни янада тараққий эттириш, юксалтириш учун илм-фан ривожи алоҳида роль ўйнайди. ...