Энг китобхон миллат бўламиз

/
GfK халқаро тадқиқот институти ўтказган сўровнома натижаларига кўра, 2016 йили дунёнинг энг китобхон миллати хитойликлар бўлишди. Сўровномага жавоб берган хитойликларнинг 70 фоизи ҳар куни ёки ҳар ҳафтада ақалли бир марта китоб ўқишини таъкидлаган. Иккинчи ўринни россиялик (59%), учинчи ўринни испаниялик (57%) китобхонлар эгаллашди. Ушбу институт томонидан аввалги йилларда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ҳиндистонликлар (ҳафтасига 10,7 соатни китоб ўқишга сарфлайдилар), таиландликлар (9,4 соат) ва хитойликлар (8 соат) энг кўп китоб ўқувчи давлатлар рейтингида пешқадам эдилар.
Бизда-чи? Аҳолимизнинг қанча қисми ҳар куни ёки ҳафтасига ақалли бир марта китоб ўқийди? Ҳафтасига қанча соатни китоб ўқишга сарфлаймиз? Менимча, умумий аҳолига нисбатан натижаларимиз қониқарли чиқмаса керак...
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши бу борада катта ижобий ўзгаришларга олиб келиши шубҳасиз.
“ОЧИҚ КУТУБХОНА”
Ҳозир китобхонлар учун барча шароитлар мавжуд. Бир маълумотни қидириш учун соатлаб энциклопедия титкилашга ҳожат йўқ. Интернетга кириб, исталган маълумотни сониялар ичида топиш мумкин. Электрон кутубхоналар ташкил этилиши билан китобларни ҳам қисқа муддатда қўлга киритиш ва мутолаа қилиш осонлашди. Аввалгидек, кутубхонага бориш, аъзо бўлиш, китобга буюртма бериш, топиб олиб келгунларигача кутиш, расмийлаштириш каби вақтталаб юмушларга ҳожат қолмади.
Албатта, бу жараён кутубхоналарга борувчиларнинг камайишига ҳам сабаб бўлади. Нима қилиш керак? Агар китобхон кутубхонага келмаса, кутубхона китобхонларга бориши керак. Дунёнинг энг катта кутубхоналари китоб фондлари электронлаштирилиб, онлайн ўқиш имконияти тақдим этилган. Яқинда Туркиядаги барча қўлёзма асарлардан нусха кўчириш бепул бўлганлиги хабари тарқатилди. Кутубхоналар ва жамоат ташкилотлари шаҳар ва қишлоқларнинг гавжум жойларида, транспорт бекатларида халқ кутубхоналарини мутлақо бепул ташкил этмоқдалар.
Ўтган йили озарбайжонлик ҳамкасбларим ажойиб янгиликни етказишди. Қардошларимиз давлат кутубхонасидан айри ҳолда, турли қоғозбозликдан холи, ҳафтанинг 7 куни, 24 соат фаолият юритадиган халқ кутубхонасини очибди. Кутубхона Боку шаҳрининг Хоқоний кўчасида, соя-салқинда жойлашган. Хиёбонда китоб жавонлари ўрнатилган. Ўқиш ва мулоқот учун қулай курсилар жойлаштирилган. Кечаси фонус ёруғида мутолаа қилиш мумкин.
“Мен ўқидим, сен ҳам ўқи” шиори остида фаолият юритувчи бу мўъжаз зиё масканига Озарбайжон миллий кутубхонаси дастлаб 1500 китоб тақдим этган. Ҳозирда китоблар сони 4000 га етибди.
Кутубхонадаги турли мавзулардаги китобларни исталган пайт бориб ўқиш, уйга вақтинча ёки доимий олиб кетиш мумкин. Уйга олиш учун сиз ҳам кутубхонага бир китоб тақдим этишингиз керак. Шунингдек, ўқиб бўлинган китобларни ҳам очиқ кутубхона фондига ҳадя қилиш мумкин.
Бу масканда китоблар муаллифлари, олим ва ёзувчилар билан учрашувлар ўтказилиб, имзо кунлари ташкил этилар экан.
Менимча, бизда ҳам бу лойиҳани қўллаб кўрса бўлади. Ҳозир аксар тараққий этган давлатларда халқни босма китоблар ўқишга қайтариш мақсадида мана шундай буккроссинг ҳаракатлари кенгаймоқда.
КИТОБЛАР ШАҲРИ
Сўнгги йилларда юртимизда катта китоб мажмуаларининг очилиши барчани қувонтирмоқда. Мана шу китоб дўконларини сифатли ва керакли адабиётлар билан тўлдириш давр талабидир. Китобхон дўконга кириб адашиб қолиши керак, кунлаб қолиб кетиши керак, керакли барча адабиётларни топа олиши шарт. Авваллари чойхоналар жамиятнинг китобга бўлган эҳтиёжини ҳам қондирадиган маскан бўлган экан. Айнан чойхоналарда навоийхонлик, бедилхонлик, саъдийхонликлар бўлганини манбаларда кўп ўқиймиз. Ҳозирги замонавий китобхоналарга бориш ҳам аҳолининг кундалик ҳаёт тарзига айланиши керак.
АҚШнинг Портленд шаҳрига борганимда “Powell’s китоблар шаҳри” деб номланувчи мажмуани кўриб, ҳайратлангандим. Бутун бир квартални эгаллаган, 3 қаватдан иборат ушбу зиё салтанати АҚШдаги энг катта китоб дўконидир. “The Washington Post” газетасининг ёзишича, “Powell’s китоблар шаҳри” инглиз дунёсидаги энг яхши ва энг катта китоб дўконларидан биридир. Бу ердан исталган мавзудаги янги ва эски китобларни топиш мумкин. Исталган китобни олиб, шу ернинг ўзида хоҳлаганча ўқиш мумкин.
Дўконда 4 миллиондан ортиқ китоб сотилади, кунига 3000 эски китоб сотиб олинади. Китоблар мавзусига кўра, 9 та зал, 3500 та бўлимга ажратилган. Ҳар бир залда китобни электрон тарзда қидириш учун компьютерлар ўрнатилган. Телефонлар учун ҳам махсус илова дастури мавжуд бўлиб, у орқали маълум китобни қайси бўлимдан топишни аниқлаш мумкин. 50 нафардан ортиқ хизматчилар сизга китоб топишда ёрдам беришади. Дўконни айланиб чиқишимизга ярим кун кетди, шунда ҳам барча бўлимлар билан танишиб чиқишга имкон бўлмади. Асосий ва ўзимга қизиқ бўлган бўлимларни кўриб чиқдим.
Ислом бўлимида 1000 га яқин китоб мавжуд. Бўлимда Имом Термизий ривоят қилган ушбу ҳадис ёзиб қўйилган: “Агар сиз фақирларни севсангиз ва улар билан яқин бўлсангиз, Қиёмат куни Аллоҳ ҳам сизни Ўзига яқин қилади” (1376-ҳадис маъноси). Жалолиддин Румий учун ҳам алоҳида бўлим ажратилган. Саёҳатлар бўлимидан Ўзбекистон ҳақида ҳам учта китоб топдим. Луғатшунослик, энциклопедиялар, болалар учун китоблар бўлимида кўпроқ қолдим. Болаларнинг интеллектуал шаклланиши учун ажойиб китоблар мавжуд экан.
Баъзи китоблар икки хил: арзон ва қиммат вариантда чоп этиларкан. Қимматроқ вариантининг муқоваси қаттиқ, ялтироқ, қоғоз сифати ҳам аъло. Арзонроқ вариантдаги китобнинг муқоваси юмшоқ, қоғози сариқ, лекин ҳамёнбоп — қиммат версиядан 2 баробар арзон. Биздаги нашриётлар ҳам ушбу тажрибани амалда қўллаб кўришса, китобхонликни ривожлантиришга яна бир туртки бўларди.
ЁШЛАР КИТОБ ЎҚИМАЙ ҚЎЙДИМИ?
Кўпинча катта авлод вакилларидан “ёшлар китоб ўқимай қўйди” деганга ўхшаш танбеҳларни эшитамиз. Яқинда босма китобларни электрон китоблардан жудаям қизғонувчи бир зиёли акамиз эътироф этиб қолди: “Метрода, автобусда ёшлар телефонига термулиб, нуқул ўйин ўйнайди, деб ўйларканман. Кейин кузата бошладим. Телефонида китоб ўқиб кетадиган ёшлар ҳам кўп экан”.
Баъзи катта ёшли зиёлилар орасида интернет ва электрон китоблардан ҳайиқиш ҳали ҳам мавжуд. Мутолаанинг шакли ўзгаргани билан сифати ўзгаргани йўқ. Аксинча, кейинги йилларда информация миқдори кескин ортиб, мутолаа ҳам ортаётганини статистика кўрсатмоқда. Дунёдаги энг катта китоб сотувчи компания — Amazonнинг хабар беришича, ҳозирда дунёда бестселлер бўлган китобларнинг 25 фоизи ҳали нашриётлар томонидан чоп этилмасдан туриб муаллифлар бевосита интернетга жойлаган асарлардир. Аввал интернетда машҳур бўлган китоблар босма ҳолида ҳам чоп этилиб, бестселлер бўлмоқда. Дунёда китоби энг кўп сотилган муаллифлардан бири Пауло Коэльо таъкидлаганидек, “Китобларимнинг интернетда электрон версияси тарқатилиши уларнинг босма нашрини бестселлер қилди”.
Бундан икки йил аввал Android тизимида ишловчи телефонлар учун нашриётларнинг янги чиққан китобларини сотиб олиб, ўқишга мўлжалланган Kitobim мобил иловасини чиқаргандик. Аввалига роса иккиландик. Ёшлар электрон китобни сотиб олишмаса керак, деб ҳадиксирадик. Маълум бўлдики, Ўзбекистонда электрон китобларни сотиб олиб, ўқиш анъанаси шаклланибди. Албатта, бу борада ҳали ҳал қилишимиз керак бўлган муаммолар ҳам бор.
Ўзбек тилидаги биринчи электрон кутубхона – www. ziyouz. com 2004 йили ташкил этилган бўлиб, ҳозирда порталда 9000 дан ортиқ электрон китоблар мавжуд. Уларнинг кўп қисми ноёб нашрлардир. 2016 йили Ziyouz порталига 3,5 миллион киши ташриф буюрди, китоб ва мақолалар 20 миллион марта ўқилди. Android телефонлари учун ҳам 20 дан ортиқ китоб иловалари чиқарилган. Уларнинг ҳар бирини 50 000 дан ортиқ фойдаланувчи кўчириб олган.
Ziyouz портали томонидан китобхонликни тарғиб этиш бўйича бир қанча амалий ишлар қилинди. Порталда доимий равишда китоблар тарғибот қилинади, машҳур кишиларнинг китоб мутолааси бўйича тавсиялари бериб борилади. Яқинда “Зиёлилар: ким нима ўқияпти?” деб номланган сўровнома ўтказдик. Юртимиз зиёлиларидан айни кунларда қандай китоб ўқиётгани сўралди ва 120 дан зиёд жавоб олинди. Атоқли олимлар, ёзувчи-шоирлар, адабиёт ва бошқа соҳа вакиллари – миллатимиз зиёлиларининг жавобини ёшларга тақдим этдик. Энди “Ёшлар нима ўқимоқда?” деб номланган сўровнома ўтказмоқчимиз.
Ёшлар ўқияпти! Электронми, босма китобми, муҳими — мутолаадан чекинмасак бўлгани! Шундагина энг китобхон миллатлардан бирига айланишимиз муқаррар!
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ,
www.ziyouz.com кутубхонаси асосчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. ...
01 янв 1970
Эрталаб ўғлим: “Ойи, бугун тушимда мазза қилиб қизил олма едим, ишдан қайтишингизда шунақасидан олиб келинг, илтимос,” деб қолди. ...
01 янв 1970
Энг улуғ, энг азиз байрам — мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий ташкилотлари, партия фаолла...
01 янв 1970
Жажжи ва қалби беғубор болажонларни ардоқлаш, соғлом ўстириш, турли хуружлардан асраш, уларга таълим-тарбия бериш катталарнинг муқаддас бурчи ҳисоб...