Оилалар мустаҳкамлиги — жамият тараққиётининг гарови

/
Истиқлол йилларида оналик ва болалик муҳофазаси мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук авлодни вояга етказишга қаратилган, узоқни кўзлаб ишлаб чиқилган умуммиллий дастурлар амалиётга изчил жорий этилмоқда. “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади”, деган олижаноб ғоя ҳаётимизда муҳим ўрин тутмоқда.
Тошкент шаҳридаги “Журжоний” маҳалласида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази ва Республика “Оила” илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган “Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш — оилалар мустаҳкамлиги ва жамият тараққиётининг гарови” мавзусидаги давра суҳбатида ҳам шу ҳақда сўз юритилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашувда устувор вазифа сифатида белгилаб берилган соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, биринчи навбатда, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш, санитария-гигиена соҳасидаги ишларни янада кучайтириш борасидаги вазифалар ижросида давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини таъминлашга қаратилди.
— Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш соҳасида белгиланган мақсад-вазифалар аҳоли саломатлигини, миллат генофондини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади, — деди тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон “Адолат” СДП “Аёллар қаноти” кенгаши раиси Зуҳра Ботирова. — Ҳаракатлар стратегиясида, шунингдек, оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оналар ва болаларнинг сифатли тиббий хизматга эришишини кенгайтириш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда оилавий поликлиника ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари ходимлари, патронаж ҳамшираларнинг масъулиятини ошириш, аҳоли қатламлари билан ҳамкорликни тўғри ташкил этиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастурида ҳам аҳолининг барча ижтимоий қатламлари сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида тиббий хизматлар тизимини кучайтириш, скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштиришга доир устувор вазифалар белгиланганлиги партиямиз фаоллари ва депутатларидан катта масъулият талаб этади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда фуқароларнинг репродуктив саломатлик борасида тиббий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, баркамол авлодни вояга етказишга эътиборни янада кучайтириш, ёшларда соғлом турмуш тарзига риоя қилишга интилишни шакллантиришга қаратилган тизимли ишларни янги босқичга олиб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шунинг учун партия ташкилотлари ва депутатлари томонидан жойларда ўтказилаётган учрашув ва тадбирларда бу масалага алоҳида эътибор берган ҳолда мамлакатимизда тиббиёт соҳасида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти аниқ мисоллар орқали аҳолига етказилмоқда.
Эътироф этилганидек, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасидаги масалаларга жиддий эътибор қаратилиши боис оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи йилдан-йилга камаймоқда, аҳолини юқумли, вирусли ва ўта хавфли инфекциялардан асраш, соғлом, қулай атроф-муҳит шароитлари ва экологик хавфсизлигини таъминлаш сифати ортиб бормоқда.
— Мустақиллик йилларида юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилиб, “Соғлом она — соғлом бола” миллий модели ҳаётга самарали татбиқ этиб келинмоқда, — деди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Шоира Нурматова. — Биринчи Президентимиз томонидан қабул қилинган “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарор асосида ўтган йилларда Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда аҳоли, энг аввало, ёшлар орасида тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом оилани шакллантириш борасида кенг тарғибот ва тушунтириш ишлари амалга оширилди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 14 январида қабул қилинган “Оилаларда тиббий маданиятни ошириш, аёлларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича” Дастур бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни янги босқичга кўтарди.
Ушбу ҳужжат асосида таълим-тарбия муассасаларида таҳсил олаётган тарбияланувчи, ўқувчи ва талабаларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг соғлом оилани шакллантириш борасидаги билимларини ошириш, корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган хотин-қизларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, маҳаллаларда тиббий-ижтимоий патронаж тизимини такомиллаштириш ва уни манзилли тарзда йўлга қўйиш, аҳоли ўртасида соғлом овқатланиш, жисмоний маданиятни тарғиб қилиш ва спортни оммалаштириш ҳамда соғлом оилани шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишни тарғиб этиш вазифалари белгиланди.
Давлатимиз раҳбари жорий йилда Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқида оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш, айниқса, қиз болаларнинг саломатлигини асраш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарлар эгаси бўлиб вояга етиши, жамиятда ўз муносиб ўрнини топиши учун биз барчамиз — ота-оналар, жамоатчилик, мутасадди раҳбарлар жавобгарлик ва масъулиятимизни янада кучайтиришимиз зарурлигини таъкидлади. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида ҳам хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борадаги устувор вазифалар ижроси давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги ишларимизни янада кучайтиришга ундамоқда.
Айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар ҳамшираларининг хонадонларга кириб боришини таъминлаш ва фаоллигини ошириш, ҚВП ҳамда оилавий поликлиникаларни тиббий маданиятни тарғиб этиш масканига айлантириш ва шу орқали аҳолининг ўз саломатлигига эътиборли бўлишига эришишимиз лозим.
Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш тизимини такомиллаштириш, оналар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатувчи соғлиқни сақлаш бирламчи бўғини муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш борасида юртимизда амалга оширилаётган ишлар мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш, ёшларда соғлом оила қуриш, соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшашга интилишни кучайтиришимиз зарур.
Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази Тошкент шаҳар филиали директори Феруза Раҳматуллаеванинг таъкидлашича, пойтахтда ўсмир қизларни бир йилда икки маротаба тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари тизимли равишда йўлга қўйилган. Жумладан, Тошкент шаҳрида ўтган йилда 65 мингдан ортиқ ўсмир қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу борада олиб борилаётган ишлар янгича мазмун билан бойиди. Махсус ишчи гуруҳлари томонидан жорий йилнинг 31 январь — 2 март кунлари давомида 479 та маҳаллаларга кирилиб, аҳолининг репродуктив саломатлиги борасидаги муаммолар ўрганилди.
Репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, аҳолини патронаж хизмати ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш мақсадида маҳаллаларда патронаж ҳафталиклари бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, жорий йилнинг биринчи чорагидан бошлаб, ҳар ойда оилавий поликлиникалар бош шифокорларининг маҳаллаларда аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилди.
Жонли мулоқот тарзида ўтган тадбир якунида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини тарғиб қилиш, соҳада ишга солинмаётган имкониятлардан фойдаланиш, жойлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаёт суръатининг тезлашуви деб аталаётган бугунги глобаллашув шароитида маънавий тарбия соҳасида жиддий муаммолар ҳам юзага келаётгани сир эмас.&nb...
01 янв 1970
Эрталаб ўғлим: “Ойи, бугун тушимда мазза қилиб қизил олма едим, ишдан қайтишингизда шунақасидан олиб келинг, илтимос,” деб қолди. ...
01 янв 1970
“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 23 июнь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент саммити иштирокч...
01 янв 1970
Ҳар бир давлатнинг, жамиятнинг ўз олдига қўйган бош мақсади, ички ва ташқи сиёсатида яқин-узоқ йилларга мўлжалланган устувор йўналишлари бўлади.&nb...