Адолат – куч-қудрат тимсоли

/
Инсонпарварлик ва адолат тамойиллари акс этган Конституциямиз истиқлол шарофати билан қабул қилинган бўлса-да, аслида унинг илдизлари узоқ тарихга эга. Улуғ Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти, сиёсати ва тузуклари бугунги ҳаётимизда ҳам ўзига хос андоза вазифасини ўтайди. Негаки, давлатни оқилона ва одилона бошқариш санъати баён этилган “Темур тузуклари” бугун ҳам ўзининг чуқур мазмун-моҳияти ва долзарблигини йўқотмаган, аксинча, ҳаётий жабҳаларда маънавий мезон бўлмоқда.
Россия жуғрофий жамиятининг ҳақиқий аъзоси Д.Логофет 1913 йил Санкт-Петербургда нашр этилган “Бухоро тоғлари ва текисликлари” китобида шундай ёзган:
“Оврўпо конституция ҳақида оддий тушунчага эга бўлмаган бир даврда… Амир Темурнинг давлатида конституцион қонунлар мажмуаси — “Тузуклар” мавжуд бўлган ва амал қилган”.
Амир Темур шахсий ҳаётида уч мўътабар асос – диёнат, адолат ва қатъият билан амалга оширилган сиёсатга таянган. Унинг “Куч – адолатда” шиори мустақил Ўзбекистон сиёсатида ҳам ўз аксини топмоқда.
Тарихда қудратли салтанатлар ва ҳукмдорлар кўп ўтган. Бироқ Соҳибқирон сифатида ном қолдириш учун фақатгина куч-қудратнинг ўзи камлик қилади. Амир Темур ҳаётининг мазмунини адолат билан бирга, инсоф-иймон туйғуси, диёнат мезони ташкил этган. У оламнинг ярмига жаҳонгирлик қилган бўлса ҳам куч-қудрат – зўрлик, зўравонликда эмас, аксинча, адолатда эканини эътироф этган.
“Кучсиз адолат ва адолатсиз куч – иккови ҳам даҳшат”, – деб ёзган эди қадимги юнон донишманди Эсхил. Сўнгра у фикрини шундай давом эттиради: “Агар куч адолат билан бирлашса, бу ҳамкорликдан кучлироқ нима ҳам бўлиши мумкин?”
Инсоният тарихидаги жуда кўп донишмандлар орзу қилган куч ва адолат бирлиги 1370 йилда Термиз яқинидаги Бий мавзеида содир бўлган эди. Бу ерда ўзининг фавқулодда салоҳияти ва ғалабалари билан бутун Мовароуннаҳрга танилган 34 ёшли Амир Темур маккалик улуғ шайх, ер юзи саййидларининг пешвоси, 55 ёшли Саййид Барака билан юзма-юз учрашди. Тарихчилар бу улуғ учрашувнинг “ҳеч қандай ваъда ва олдиндан келишувсиз кутилмаганда” юз берганлигини айтиб, уни тақдири азал томонидан белгиланган учрашув, дея таърифлайди. Зеро, бу ерда куч-қудрат рамзи Амир Темур ҳамда адолат ва руҳият тимсоли Саййид Барака юзлашди. Оламшумул вазифани амалга ошириш учун куч-қудратга мос келадиган, уни буюк ишларга йўналтирадиган руҳият-маънавият шу тариқа бирлашди. Соҳибқирон пирларининг асосий талаби эса – АДОЛАТ эди.
Энди адолатнинг мазмун-моҳияти тўғрисида чуқурроқ фикр юритсак.
“Адолат” сўзи арабча “адл”дан олинган бўлиб, одиллик, ҳаққонийлик, тўғрилик маъноларини англатади. Ҳар ишда одил бўлиш, золим бўлмаслик, ноҳақлик қилмаслик гўзал ахлоқдандир.
“Темур тузуклари”да шундай ёзилган: “Ҳокимлару сипоҳдан қай бирининг халққа жабр-зулм етказганини эшитсам, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўрдим”.
Азалдан адолат бўлган жой гуллаб-яшнаган, халқ эркин бўлган. Адолат оёқости қилинган жойда эса, разолат ҳукм суриб, жамият тубанликка юз тутган.
Одамзод қай маҳал ва мавқеда бўлишидан қатъи назар, адолатсиз яшаши мушкул. Негаки, инсон фаолиятининг қайси бир қисмини олиб қараманг, у адолатга, тўғриликка асосланмаса, мувозанат йўқолади, бузилишлар бошланади, издан чиқади.
Соҳибқирон Амир Темур фаолиятининг бош тамойили адолатга асосланганлиги – унинг беназир ақл-заковати ва юксак тафаккури, ўз халқининг ахлоқ-одоб ҳақидаги қарашларини мукаммал билган инсон бўлганлигини кўрсатади.
“Фақат инсонни севиш орқалигина адолатпарвар бўлиш мумкин”, – деб ёзади фаранг файласуфи. Бу ҳикмат худди буюк Амир Темур ҳақида айтилгандек. Соҳибқирон ўз фаолияти давомида ҳар бир можаро ва муаммоли ишларни диққат билан текшириб кўрган. Барча ишларида ҳаққоният ва адолат билан иш тутган. Ўз фуқароларига раҳм-шафқатли бўлган. Камбағалларга кўп хайру эҳсон қилиб турган. Бунинг натижасида унинг қудрати ошиб борган.
Тарихий манбаларда ёзилишича, Соҳибқирон ўзига тўрт нафар адолатли вазир тайинлаган. Улардан иккитасига доимо уни кузатиб туришларини ва агар адолатсизлик қиладиган бўлса, тўхтатишларини, кимнингдир ёлғон сўзларига ишонса ёки бегона кимса мулкига хиёнат қиладиган бўлса, дарҳол огоҳлантиришларини таъкидлаб қўйган.
Соҳибқироннинг жаннатмонанд, муаззам боғлари бутун халқ учун очиқ бўлган. Боғларга барча эркин кириб-чиқиши, меваларидан баҳраманд бўлиши мумкин эди. Бу ҳукмдор ўзининг барча фуқароларини бирдек севишидан, иззатлашидан дарак эмасми?! Муаррихлар Соҳибқироннинг инсонпарварлик хислатларини ҳавас билан тасвирлар экан, унга “Халқ раҳнамоси”, дея жуда ўринли таъриф беради. Мазкур тарихий фактга холис ёндашиб, тан олиб айтиш керакки, бундай инсонпарвар ҳукмдорлар кўҳна тарих бисотида камдан-кам учрайди.
Адолатсизликнинг катта-кичиги бўлмайди. Кичкинагина адолатсизлик ҳам вақти келиб, бутун жамиятга акс-садо бериши тайин. “Яхшиликни очиқ чеҳрали кишилардан кутинглар”, дейилади муборак ҳадисда. Адолат ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин: нафрат, ғазабга тўлган одамнинг адолат қилиши қийин. Адолатпарвар одамнинг ахлоқий хислатлари эса, бемалол қонун ўрнини боса олади. Қонун – қонун бўлганлиги учун эмас, балки унда адолат акс этганлиги учунгина қимматлидир.
Амир Темур қонунларга риоя қилиш масаласини шу қадар жиддий қўйганки, қонунни бузганлиги учун юқори лавозимдаги мансабдорлар, ҳатто ўзининг энг яқин қариндошлари ва фарзандларини ҳам жазолашга буюрган. Қонунчиликка қатъий риоя этилиши натижасида мамлакатда тинчлик ва осойишталик барқарорлиги таъминланган. Сафарлардан қайтиб келганда, шахсан ўзи бозорларни текширар, агар қассоб, баққол, новвой ва ҳоказолар фойда топаман деб, нарх-навони ошириб юборган бўлсалар, адолат русуми бузилганини кўрса, гуноҳкорнинг жазосини берган. Ёлғон гапни ёмон кўрган. Амир Темур ҳар бир можаро ва муаммоли ишларнинг тўғри ва адолатли ҳал этилишини назорат қилган.
Соҳибқирон ўз тузукларида “Маслаҳатчилар ва кенгаш аҳли йиғилганда, олдимиздаги ишларнинг яхши-ёмон, фойдаю зиён томонлари, уларни амалга ошириш, оширмаслик ҳақида сўз очиб, улардан фикр сўрар эдим. Сўзларини эшитгач, ишнинг ҳар икки томонини мушоҳада қилиб, фойда-зиёнларини кўнглимдан кечирардим”, деб қайд этади. Бу “Куч – адолатда” шиорига амал қилинган салтанатда давлатни бошқариш ва мамлакат тақдирига дахлдор қарорлар қабул қилишда халқ фикрига, хоҳиш-иродасига таянилганидан далолат беради.
“Куч – адолатда” шиори бутун салтанат ҳудудида ахлоқий ва маърифий мезонга айланди. Соҳибқирон салтанатидаги адолат ва хавфсизлик шунчалар юксак эдики, буни тарихчилар, “агар, мамлакатда ёш бола бир товоқ олтинни бошига қўйиб, мағрибдан машриққача борса, ҳеч ким унга қўл чўзмас ва олтиндан биттаси ҳам камаймас эди”, дея таърифлаганлар.
Пойтахтимиз марказида савлат тўкиб турган Амир Темур бобомиз ҳайкалида чуқур рамзий маъно мавжуд. Унда Соҳибқирон учқур тулпорининг жиловини маҳкам тортиб, иккинчи қўлини олдинга чўзиб жаҳон халқларига омонлик тиламоқда. “Куч — адолатда”, – демоқда.
Амир Темурнинг ҳикматларига амал қилган ўзбек халқи адолат машъаласини баланд кўтариб, Ватан боғини обод қилиб, тинч ва осойишта ҳаёт кечирмоқда. Адолат – юракларга малҳам, келажакка ишонч демакдир. Адолат фақат шиорларда эмас, амалда бўлсагина улуғ натижалар намоён бўлади. Не бахтки, бугун буюк бобокалонимизнинг “Куч – адолатда” деган улуғ шиорини баланд тутганмиз. У, албатта, бизни нурли манзилларга, буюк келажакка элтади.
Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тилимизда “харидоргир”, “биринчи тоифали” ёки “арзон автомобиль давлат рақамлари” сингари сўз ва сўз бирикмалар...
01 янв 1970
Яшаш уйига ўрнатилган иситиш печига қўлбола газ сўрғич ва резина шланг орқали газ тортилган....
01 янв 1970
Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмас...
01 янв 1970
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий а...