Фермер шундай ишлаши ва яшаши керак-да!

/
Вилоятимизнинг олис-яқин жойларидан Самарқанд туманидаги фермер ҳузурига тажриба ўрганиш учун келган ҳамкасблари, деққончилик мутахассислари бу ердаги баҳорий манзарадан ҳавас-ҳайратда. Икки гектарлик кафтдек текис майдонда плёнка остига экилган голланд сабзиси бир бўғин бўй бериб, яшнаб ўсаяпти. Нарироқда боғбон шохларини кесиб чиройли шакл берган олма, гилос, шафтоли дарахтларидан иборат 7 гектарлик интенсив боғ. Дала чеккасида шаҳармонанд биноларни эслатувчи иккита салобатли иншоот — чорвачилик ва паррандачилик фермалари. Пухта ўйлаб қурилган техника паркида эса ҳайдов тракторлари, комбайндан тортиб ҳосилни узоқ манзилларга ташишга мўлжалланган “МАN” автомобиллари...
Кўз кўриб ҳавас қилинадиган барча қулайлигу имкониятларга Самарқанд туманидаги “Аъзам Азамат агро” фермер хўжалиги раиси Аҳмаджон Султонов ва унинг етмиш кишилик жамоаси ернинг илмини уқиб, тадбиркорона меҳнат қилиш, доимий изланиш, ўрганишлар туфайли эга бўлишган.
— Хўжалигимизда бир гектар сабзавот майдони такрорий экишлар ҳисобига 70 миллион сўмгача даромад бераяпти, — дейди фермерлар саркори Аҳмаджон Султонов. — Чунки биз экин навларини танлаб экамиз, ерни озуқага тўйдирамиз, агротехник талабларни ўрнига қўямиз, меҳнатга чегара тортмаймиз. Ана шу сиз кўриб турган плёнка остидаги голланд сабзисини бир-биридан бир хил масофада битталаб экиб чиққанмиз десак, ишонаверинг. Машаққати кўпроқ, лекин ҳосил бир хил ўлчамда сифатли, бозорбоп бўлиб етилади. Баҳорда сотувга бошқа далалардагидан бир ярим ой барвақт чиқарамиз. Сотувдан тушган маблағ харажатларимизни бемалол қоплаб дуруст фойда келтиради.
Дарвоқе, “Аъзам Азамат агро” фермер хўжалиги бултур деҳқончилик ва боғдорчилик учун ўзига ажратилган 56 гектар майдондан 500 тонна сабзавот, 400 тонна узум, 150 тонна мева, 126 тонна ғалла етиштирди. Сабзавот ва меванинг 600 тоннаси Россия Федерациясига экспорт қилинди. Хўжаликда парваришланаётган 250 бош наслли қорамол ва 20 минг бош бройлер парранда ҳисобига ишлаб чиқарилаётган сут ва гўшт қўшимча даромадни етаклаб келмоқда. Шу туфайли фермер хўжалигида меҳнат қилаётган ҳар бир ишчи йил давомида 15-20 миллион сўмдан маош олмоқда. Деҳқончилик билимдонлари Аслиддин Ҳожиқулов, Даврон Суяров, Гулшан Ҳамроқулов, чорвадор Раҳим Нуриллаев ва уларнинг олтмиш нафар касбдошлари ҳар доим ўзларини сердаромад саноат корхонасида ишлаётгандек ҳис этишади. Саноатчилардан фарқлари шундаки, уларнинг рўзғорларида меҳнат улуши сифатида тарқатилган қоп-қоп буғдой, олма-ю узум, картошкалари бор. Демак, миришкор деҳқон йил бўйи тиним билмай қилган меҳнатидан барака топмоқда. Фарзандларини моддий эҳтиёжларга зориқтирмай, соғлом ўстираяпти.
— Сиғими 800 тонналик музлаткичли омборхона ҳам қурганмиз, — дейди фермер хўжалигининг иш юритувчиси Гулшан Ҳамроқулов. — Кузда олма, узум, сабзавот, картошка ғамлаймиз. Қўшни фермерлар ҳам ўз маҳсулотларини вақтинчалик сақлаш учун келтиришади. Омборхонадаги ҳосилни қишда бозор эҳтиёжига қараб сотувга чиқарамиз. Шу йўл билан деярли бир вақтда пишиб етиладиган ҳосилнинг нобуд бўлишига йўл қўймай, истеъмолчи дастурхонига юқори сифатда етиб боришини таъминлаймиз.
Ана сизга тадбиркорликнинг қонун-қоидаси! Бозору пештахталар қишин-ёзин маҳсулот турига танқислик сезмай тўлиб туради. Нарх-наво “сапчиб” кетмайди. Элнинг эҳтиёжини қишда ҳам жойига қўйган деҳқон қўшимча харажатини қоплаб фойда топади.
— “Ҳамкорбанк” бизнинг ишлаб чиқаришимизни кенгайтириш лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаётгани айни муддао бўлмоқда, — дейди бош ҳисобчи Дамир Асроров. — Хусусан, омборхона қуриш учун 110 минг АҚШ доллари, интенсив боғ барпо этиш учун 100 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди. Яқинда эса 90 бош наслли чорва моллари учун 525 миллион сўм қўшимча кредит берилди. Банк маблағини белгиланган вақтларда қайтараяпмиз. Ўзаро ишончли молиявий ҳамкорлигимиз туфайли “Аъзам Азамат агро”ни кўп тармоқли, иқтисоди бақувват фермер хўжалигига айлантираяпмиз. Сут ва чорвачилик маҳсулотларини шу ернинг ўзида қайта ишлайдиган завод очишни мўлжаллаяпмиз. Саноатчидан фарқимиз қолмади ҳисоб...
Энди бу ердаги изланишу ғайратни, тажриба-ю маҳоратни кўриб қишлоқ хўжалигида бозор рақобатини йўлга қўйиш мушкул дегувчиларнинг ўзи қойил қолиб ҳавасга тушсин. Ҳар бир маҳсулотни етиштиришга сарфланаётган сўмларнинг харжини ўргансин. Тадбиркорликда ишончли ҳамкор, шерик топиб манфаатдорлик билан ишлаш сирларидан воқиф бўлсин. Ахир 20-30 гектарлаб ерни банд қилиб ярим-ёрти ҳосил етиштираётган, ҳисоб рақамидаги маблағи бармоқ билан санарли фермер хўжаликлари учун “Аъзам Азамат агро”нинг тажрибаси катта мактаб эмасми?
— Беш нафар ўғил-қизим бор, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Аҳмаджон Султонов. — Оиламда, рўзғоримда ҳамма нарса етарли. Яқинда тўнғич фарзандимнинг туғилган кунида унга бадиий китоблар билан бирга янги компьютер совға қилдим. Ўқисин, ўргансин, дунёни билсин.
Бу мулоҳазалардан сўнг қишлоқда ислоҳотларнинг ташаббускори бўлган фермер аслида шундай ишлаши ва яшаши керак-да, деган фикрга борасиз. Тажриба эса бир жойда қолиб кетмайди. Уни ўрганган, қўллаганлар ўзига, оиласига ва юртига, албатта, фойда келтиради.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мен Шаҳрисабз шаҳри Нодира кўчаси 3-уйда яшовчи, 8 нафар фарзанднинг отаси, беш йилдан бери суд-ҳуқуқ идораларидан адолат излаб сарсон юрган, 70 ёш...
01 янв 1970
Келгусида Президентимиз, давлатимиз билдирган юксак ишонч ва эътиборга лойиқ бўлишни шарафли бурчим деб биламан....
01 янв 1970
9 февраль — буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллуд топган кун
01 янв 1970
Самарқандда қиймати 47 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳанинг биринчи навбати ишга тушди....