Қонун муҳофазасидаги манфаатларимиз

/
Кундалик эҳтиёждан келиб чиқиб, маҳсулотлар харид қиламиз, хизматлардан фойдаланамиз. Шу ўринда истеъмолчи сифатида биздан қонун билан муҳофаза этиладиган ҳуқуқларимизни билиш ва уларни амалда қўллай олиш талаб этилади. Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқарувчи, сотувчи(хизмат кўрсатувчи)ларнинг масъулияти ошишига ҳам сабаб бўлади.
Мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси Конституциямиз, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун, Фуқаролик кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан кафолатланган. Мазкур ҳужжатлар истеъмолчиларнинг сотувчилар ва хизмат кўрсатувчилар билан ўзаро муносабатларини қамраб олган бўлиб, уларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Маълумки, дунё миқёсида ҳар йили 15 март — Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни сифатида кенг нишонланади. Ўзбекистонда ҳам ушбу муҳим сана муносабати билан аҳолининг, айниқса, ёшларнинг истеъмол маданиятини оширишга қаратилган маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашув ва семинарлар ташкил этилиши анъанага айланди.
Қайд этилишича, илк маротаба “истеъмолчи” тушунчасига АҚШда 1962 йил 15 март куни эълон қилинган “Истеъмолчи ҳуқуқлари тўғрисидаги билл”да таъриф берилиб, айнан ушбу ҳужжатда истеъмолчиларнинг маҳсулот (хизмат) ҳақида маълумот олиш, унинг сифати (хавфсизлиги)га ишонч ҳосил қилиш, маҳсулот (хизмат)ни танлаш ҳамда унга ўзгартириш киритиш каби ҳуқуқларга эга бўлиши белгиланган.
1985 йил 9 апрелда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси томонидан истеъмолчилар ҳуқуқлари муҳофазасининг асосий тамойиллари қабул қилингач эса юқорида келтирилган рўйхатга тоза атроф-муҳитга эга бўлиш, зарар учун товон олиш, асосий эҳтиёжларини қондириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бўйича таълим олиш каби ҳуқуқлар ҳам қўшилди. Шу тариқа истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари халқаро миқёсда эътироф этилишига эришилди.
Республикамизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган бўлиб, Асосий қонунимизнинг 53-моддасида “Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин”, деб белгилаб қўйилган.
Мамлакатимиз фуқаролари «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга биноан товар (иш, хизмат), ишлаб чиқарувчи (сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ҳамда унинг тегишли даражада сифатли бўлиши, ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши, бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш ҳуқуқига эгадир.
Аҳоли ўртасида соҳага доир қонун ҳужжатларини кенг тарғиб этиш, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва унинг таъсирчан механизмларини яратишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда иш олиб бориш, ички бозорда сотилаётган истеъмол товарларининг зарур даражадаги сифати ва хавфсизлигини назорат этиш, аҳолининг истеъмол маданиятини юксалтириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг асосий вазифалари ҳисобланади. Федерация ва унинг ҳудудий бирлашмалари, туман (шаҳар) жамиятлари томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида қонунчилик талабларига риоя этилиши мунтазам ўрганилади. Бундан ташқари, истеъмолчилар ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида маърифий тадбирлар, семинарлар, давра суҳбатлари ҳам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ижтимоий ҳамкорларидан бири — Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳисобланиб, бунда мақсадлар муштараклиги аён бўлади. Сайловолди дастурида партия ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишда, гуманитар муаммоларни ҳал этишда, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқи ва эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтларининг давлат тузилмалари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини изчил равишда такомиллаштириб бориш тарафдори экани баён этилган.
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси таркибида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 14 ҳудудий бирлашма, 195 туман (шаҳар) жамияти фаолият юритмоқда. Ижтимоий ҳамкоримизнинг 2016 йилги фаолиятига тўхталиб ўтсак, ҳисобот йилида федерация, унинг ҳудудий тузилмалари ва туман (шаҳар) жамиятларига истеъмолчилардан жами 9908 та ёзма, оғзаки (1091 рақамли ишонч телефони) ва электрон мурожаат (ариза, таклиф ва шикоятлар) келиб тушган. Ушбу шикоят ва аризаларнинг 9222 таси, яъни 93,1 фоизи ижобий ҳал этилган ва етказилган 3 миллиард 860 миллион сўмдан ортиқ зарар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган.
Фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишни самарали ташкил этиш ва уларга қулайлик яратиш мақсадида федерациянинг виртуал қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилиб, ариза, таклиф ва шикоятлар www. istemol.uz веб сайти орқали онлайн режимда қабул қилинмоқда.
Бугунги кунда фуқароларнинг мурожаатлари тезкор қабул қилиниб, ижро учун федерациянинг ҳудудий бирлашмалари ва тегишли назорат қилувчи органларга юборилмоқда, истеъмолчиларга амалдаги қонунчиликка асосан, ваколат доирасида тушунтириш ва маслаҳатлар берилмоқда.
Қайд этиш жоизки, федерация истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш баробарида тегишли вазирлик ва назорат қилувчи органлар билан бирга аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида ҳам тегишли дастурлар ишлаб чиқиб, амалга ошириб келмоқда.
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, барча ҳудудий бирлашмалари ва уларнинг туман (шаҳар) жамиятлари ҳузурида “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналарини ташкил этиш белгиланган. Шу билан бирга, тизилмалар фаолиятини бугунги замон талаблари асосида такомиллаштириш, аҳоли (истеъмолчилар) билан доимий мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини яратиш, муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизмларини жорий этиш юзасидан вазифалар амалга оширилмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, давлат ва нодавлат ташкилотларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш, таъсирчан механизмларни яратиш юртимизда инсон манфаатларини таъминлаш, истеъмол маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон олимларининг ўзига хос байрамига айланган мазкур тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров сўзга ...
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасини диққат-эътибор ва катта ҳаяжон билан тинглар эканм...
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини диққат билан тингладим. Эътироф этиш керак, бу галги Мурожаатнома ҳам инсон...
01 янв 1970
Уйдан чиқаётиб, маҳалладош отахонга кўзим тушди. Ёнида кенжа ўғли. Ҳали ўттизга кирмаган-у, соқол қўйиб олган. Хуллас, отасида соқол йўғ-у, боласи ...