Ноҳақлик бўлган жойда ариза-шикоятлар сони кўпаяди

/
Газетамизнинг ўтган сонида аҳолидан таҳририятимизга келиб тушаётган ёзма, оғзаки ва электрон мурожаатларнинг айримларини таҳрирсиз эълон қилган эдик. Ушбу чиқишимиз ўқувчиларимизнинг эътиборига тушганини уларнинг қўнғироқлари, мактублари билан танишиш асносида яққол ҳис этдик. Зеро, жорий йил давлатимиз раҳбари томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилингани ҳам бежиз эмас. Аввалги мақоламизда таъкидлаб ўтганимиздек, оммавий ахборот воситалари — ҳокимият ва фуқаролар ўртасида кўприк вазифасини ўташи керак. Демак, бугун ҳам мактублар орқали газетхонлар билан мулоқотимизни давом эттирамиз.

НАҚДИ АСАЛ...(МИ?)
“Курсдошларимиз орасида бир ҳазил гап бор: “Талаба икки нарсага суюниши мумкин: бири “сессия” вақтида домлаларнинг “рейтинг дафтарча”даги имзоси бўлса, иккинчиси ойда бир марта тарқатиладиган стипендия пулини ўз вақтида олганда”,— деб ёзади талаба Обид Рўзибоев ўз мактубида. — Албатта, бу ҳазил. Шукрки, биз, талабаларнинг, умуман, Ўзбекистон ёшларининг бахтиёр бўлишимиз, ҳеч кимдан кам бўлмай илм олиш, меҳнат қилиш, маънавий ҳордиқ чиқаришимиз учун етарли шароитлар яратилган.
Айни пайтда юқорида ҳазил тариқасида ёдга олганим — баҳо ва стипендия бизларни ўз устимизда ишлаш, илм-фан чўққиларини забт этишга ундайди.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, яқиндагина мен ва мен сингари юртимиздаги барча олий таълим муассасалари талабаларини Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори беҳад қувонтирди. Қарор матни ойнаи жаҳон орқали ўқиб эшиттирилиб, матбуотда чоп этилганидан кейин курсдошлар билан биргаликда қарорни қайта-қайта ўқиб чиқдик. Қарорнинг 2017 йил февралидан бошлаб олий ўқув юртлари талабаларига стипендияларнинг 50 фоизи нақд шаклда берилишига оид банди бизни беҳад қувонтирди.
Тан олиш керак, банк пластик карталарининг нақд пулга нисбатан афзал жиҳатлари кўп. Масалан, картангиз йўқолса ёки ўғирланса, ўша заҳотиёқ банкка бу ҳақида маълум қилсангиз, валломатиям картангиздаги пулдан фойдалана олмайди. Ёки олайлик, киссангизни тўлдириб, тахлам-тахлам пулларни олиб юришдан кўра, ихчамгина пластик картани олиб юриш ҳам қулай, ҳам бехавотир. Қолаверса, бугунги кунда масофадан туриб, картангиздаги пул маблағини бошқа инсоннинг картасига бемалол ўтказишингиз мумкин.
Лекин кексаларимиз “нақди асал”, деган иборани топиб айтишган. Жамоат транспортида юришингиздан тортиб, бозор-ўчаргача нақд пулга эҳтиёж бўлади. Масалан, шошиб турган вақтингизда пластик картангизда қанча маблағингиз бўлмасин, йўналишли жамоат транспорти ёки йўналишсиз таксилар хизматидан фойдалана олмайсиз. Қисқасини айтганда, нақд пулнинг аҳамияти ҳақида кўп ва хўб ёзиш, гапириш мумкин. Асосийси, юқоридаги қарорга биноан биз, талабаларнинг ҳам кундалик эҳтиёжлари инобатга олиниб, стипендияларнинг эллик фоизи нақд пул шаклида берилиши айни муддао бўлди.
Ҳаммаси яхши-ю, лекин...
Гап шундаки, яқинда дўстим билан пойтахтимиздаги “Малика” савдо марказига бордик. Ўзингизга маълум, “Малика” савдо маркази биз, техника-технологияга қизиққан ёшларнинг севимли масканига айланиб улгурган. Дўконлардаги турли хил модель ва русумдаги смартфон, ноутбук, гаджетларнинг кўплигини кўриб, кишининг баҳри дили қувнайди. Аммо дўстим сўнгги русумдаги телефонлардан бирининг афзал жиҳатлари, сифати ва нархини суриштириши чоғида бир ҳолат кўтаринки кайфиятимизни тушириб юборди.
Гап шундаки, у харид қилмоқчи бўлган Samsung Galaxy J2 русумли телефон нақд пулга 800 минг сўм, пластикда 1 миллион 100 минг сўмга сотилар экан.
Ахир мамлакатимизда пластик карталардаги пул маблағи нақд пул билан тенглаштирилган ҳолда ҳисоб-китоб қилиниши ҳақида қонун ҳужжатлари бор-ку. Сотувчи эса очиқдан-очиқ “нақд пулга бунча, пластикка бунчага сотилади”, деб турибди?..”
Электрон манзилимизга мактуб йўллаган талабанинг эътирозига сабаб бўлган муаммо бугун пайдо бўлди десак, тўғри бўлмас. Бу масала юзасидан кўплаб фикр-мулоҳазалар, мақолалар битилганидан хабаримиз бор. Ҳатто юқорида номи тилга олинган қарорнинг кириш қисмида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар ўз вақтида тўланмаётгани, тўлов терминаллари ва банк аппаратлари тизими етарли даражада ривожланмаган ҳолда тўловлар пластик карточкаларга асоссиз равишда ўтказилаётгани тўғрисида кўплаб мурожаатлар келиб тушаётгани қайд этилгани фикримизнинг яққол исботидир.
Лекин ёш бўлса-да, муаммони матбуотга қадар кўтариб чиқишга шижоати етган бу ҳамюртимизнинг мурожаатини алоҳида чоп этишга жазм қилдик. Кези келганда айтиш лозим, биз, газета ходимлари ҳам пойтахтимиздаги бир қатор буюм бозори, савдо марказларида бўлдик. Ҳақиқатдан ҳам, мавжуд вазият ҳамюртларимизнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётир. Масалан, халқимиз илгаридан “Ипподром” деб аташга кўникиб қолган “Чилонзор буюм савдо комплекси”даги айрим дўконларда “пластикка бунча, нақдига эса...” мазмунидаги гапни айтишди. Энг қизиғи, амалдаги тартиб-қоидага кўра, аҳолига чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тўлов терминали мажбурий ўрнатилиши белгиланганига қарамай, савдо комплексида тўлов терминаллари умуман ўрнатилмаган дўконлар ҳам бор. Сабабини сўраганимизда, уларнинг айримлари “банкимиз ҳали терминал бермади” деб жавоб берса, бошқалари “бор эди, лекин ҳозир тўлиб қолган”, “интернет ишламаяпти” каби важларни айтишди...
Дунёнинг ривожланган давлатларида анъанавий банк карталарига ҳам қониқмай уяли алоқа воситасига ўрнатилган мобиль илова, дастурий ишланма ёки кўз гавҳари, бармоқ изидаги биометрик маълумотлар орқали тўловни амалга оширишни назарда тутувчи алоқасиз тўлов тизимини ишга тушириш бўйича тадқиқотлар, тажрибалар ўтказилаётган бир пайтда юқоридаги ҳолатларнинг учраётганини қандай тушуниш мумкин? Умуман олганда, бозорларимиз пештахталаридан тортиб, савдо дўконларининг тўлов терминаллари билан тўлиқ таъминланганлиги, улар орқали савдо қилишда устама нархлар қўшилишининг назорати қай даражада олиб борилмоқда? Нима сабабдан айрим тадбиркорларимиз ҳамон тўлов терминалидан фойдаланишни маъқул кўришмаяпти? Хуллас, саволлар кўп. Ўйлаймизки, тегишли соҳа мутасаддилари саволларимизга жавоб беришади.

ТИББИЙ ХИЗМАТ БЕПУЛ, ТИББИЙ БУЮМ-ЧИ?
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида истиқомат қилувчи Зулхумор Жабборова таҳририятга қуйидаги савол билан мурожаат қилди:
— Давлатимиз раҳбари шу йилнинг ўзида бир эмас, икки марта соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашгани, бу учрашувларда Президентимизнинг сўнгги йилларда тиббиёт тизимида эришилган ютуқлар, натижалар билан бир қаторда соҳада учраётган камчиликлар ва уларнинг ечимларига оид фикр-мулоҳазалари барча ҳамюртларимиз қатори мендек оддий бир аёлни ҳам тўлқинлантириб юборди. Президентимиз ҳар бир нутқида халқимизнинг саломатлигини асрашга, одамларимизнинг тиббиёт ходимларига, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигига бўлган ишончини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётганидан хурсандмиз.
Энди бевосита саволимга ўтсам. Бир нафар фарзандим бор. Яқинда иккинчи бор оналик бахтига муяссар бўламан. Ҳомиладор аёл сифатида рўйхатга олинганим боис даврий равишда, яъни ҳар 15 кунда 36-оилавий поликлиникада тиббий кўрикдан ўтиб тураман. Гарчи оилавий поликлиникамизнинг ҳар бир хонаси эшигида тиббий хизматлар давлат томонидан кафолатлангани, бепул амалга оширилиши ҳақидаги эслатмалар осиб қўйилган бўлса-да, лаборатория текшируви жараёнида “перчатка” (тиббий резина қўлқоплар) олиб келиш фуқаронинг зиммасига юклатилади. Худди шундай тартиб туғруқхоналарда ҳам мавжуд. Тиббий буюмлар аҳолининг ҳисобидан қўлланилиши керакми?
Яна бир гап. Оилавий поликлиникамизда қондаги гемоглабинни текшириш мосламалари, ультратовуш текшириш техникалари ва уларни ишлата оладиган мутахассислар бор, лекин биз, аёлларни “фалон анализ, писмадон анализ топшириб келишингиз керак” деб хусусий диагностика клиникаларига юбориб туришади. Биринчидан, бундай клиникаларда текширтириш нархлари ўта қиммат, қолаверса, бу муассасалар уйимиздан узоқда жойлашгани бизга ноқулайлик туғдиради. Ахир оилавий поликлиникаларда барча имкониятлар бўла туриб, нега бўлажак оналарни хусусий диагностика марказларига юборишади?
Илтимос, газетангиз орқали саволларимга жавоб топишда ёрдам берсангизлар.
Албатта, мазкур мурожаатлар юзасидан муайян хулоса чиқариш фикридан йироқмиз. Айни пайтда, аввал ҳам таъкидлаганимиздек, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида газетхонларимизнинг савол ва мурожаатларини нашримизда чоп этиш билан бир қаторда, уларни тегишли мутасадди давлат ташкилотлари, вазирлик ва идораларига ҳавола этамиз. Демак, юқорида эълон қилинган мурожаатлар бўйича ҳам расмий жавобларни кутиб қоламиз.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг норасмий маълумотларига кўра, Ер юзида яшаётган аҳолининг 93 фоизга яқини турли касалликлар билан хасталанган....
01 янв 1970
Кундалик ҳаётимизда содир этилаётган катта-кичик жиноятларнинг юзага келишини у ёки бу омиллар билан изоҳлаш мумкин....
01 янв 1970
Халқимиз олис ўтмишдан бошлаб тарихнинг барча даврларида шаҳарсозлик маданиятида, гўзал иншоотлар, иморатлар қуриш борасида бунёдкор миллат сифатид...
01 янв 1970
Кўпни кўрган, ҳалол меҳнати, эришган марралари билан эл-юрт ўртасида юксак ҳурматга сазовор, Ватанимизнинг обрўсини янада юксалтиришга ҳисса қўшган...