Улуғлар бошлаган саодат йўли

/
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан суҳбат
— Муфтий ҳазратлари, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов яқин ўтмишнинг оғир ва мураккаб кунларида Ўзбекистон раҳбари сифатида иш бошлаган эди. Маълумки, ўша пайтларда у киши ҳазрати Усмон Қуръонини пўлат сандиқдан олдириб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасига тақдим этганди. Суҳбатимиз аввалида шу ҳақда сўзлаб берсангиз?
— Сиз тилга олган тарихий ҳақиқат 1989 йилнинг июнь ойида воқе бўлган. Бу иш мамлакатимиз мусулмонлари ҳаётида жиддий ўзгаришни бошлаб берган.
Ҳаёт шундай. Мана, Ислом Каримов ҳаётдан кўз юмди. Аммо у зоти шариф қилган буюк ва беқиёс ишларнинг аҳамияти йиллар ўтиб янада яққолроқ намоён бўлмоқда. Бунинг учун Имом Бухорий ва Имом Мотуридий, Абдулхолиқ ўиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳлари, Масжиди Калон мажмуаси, Аҳмад Фарғоний ва Бурҳониддин Марғиноний ёдгорликлари, Имом ат-Термизий ва Ҳаким ат-Термизий, Хивадаги Ичан қалъа, Шаҳрисабздаги Доруттиловат, Қаршидаги Одина ва Кўкгумбаз обидалари, Карманадаги Қосим Шайх мақбараси ва яна кўплаб азиз жойларнинг асл тарихий қиёфасида таъмирланиши ёки бўлмаса, тубдан қайта қурилиши билан боғлиқ мўътабар ишларни эслаш кифоя, деб ўйлайман.
Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Ҳазрати Имом мажмуасида кенг кўламли қурилиш ва яратиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Меъморий жиҳатдан Марказий Осиёда ягона бўлган Жомеъ масжиди ва диний идоранинг маъмурий биноси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабалари учун ўқув даргоҳи ҳамда ётоқхоналар бунёд этилди. Алал-оқибат, бу тарихий мажмуа тенги йўқ даражада файзли-тароватли, муҳташам ва улуғвор масканга айланди.
Ислом конференцияси ташкилоти таркибидаги Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича нуфузли халқаро Ислом ташкилоти томонидан 2007 йил Тошкент — Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинди. Бу — Ўзбекистон ислом тарихи, фалсафаси ва маданиятини кўзга тўтиё этиб ардоқламоқда, деган эътирофнинг айнан ўзи эди.
Аслида ҳам шундай. Қаранг, Ҳазрати Имом ансамблидаги Мўйи Муборак мадрасасидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси музейга айлантирилди. Илгари кутубхона жамғармасида сақланган энг нодир манба ва нашрлар шу табаррук маскандан ўрин олди. Музейдаги китобларнинг энг қадимийси эса, ҳали сиз айтган Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) халифалик даврида кийик терисига ёзилган Қуръони Каримдир.
Ҳазрати Усмон Мусҳафи 338 варақдан иборат. Ҳар бир саҳифаси 53х68 сантиметр ҳажмга эга. Уни дунёга машҳур қилган яна бир ҳикмат шундан иборатки, халифа Усмон (розияллоҳу анҳу) мазкур Қуръонни хатм этиб ўтирганида душманлари у зотни шаҳид этган. У кишининг қони Бақара сурасидаги «Сизни улардан (ҳимоя этишга) Аллоҳнинг ўзи кифоя қилур», (2:137) деган ояти карима устига томган. Ва ўша қон изи сақланиб қолган.
Хўш, мусулмон оламидаги тенгсиз ва бебаҳо бу мумтоз обида она юртимизга, сиз билан биз каби ихлос аҳлига қандай етиб келган?
Бу ҳақда турлича талқин ва ривоятлар мавжуд. У ғоят ноёб ва мумтоз тарихий обида, ҳар бир мусулмон фарзанди кўзига суртадиган муқаддас мулк. Ноёб мерос. Бу мерос Усмон Қуръони 1865 йилга қадар Самарқандда сақланган. Шундан келиб чиқсак, у Соҳибқирони аъзам томонидан икки дарё орасига олиб келинган, деган талқин ҳақиқат эканига шубҳа қилмаймиз.
Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти 2000 йил улуғ Мусҳафга махсус сертификат бергани, унинг дунё миқёсида катта қизиқиш уйғотаётганига бир мисолдир.
У ислом оламида ғоят мўътабар ҳисобланади. Бу муқаддас китобнинг Ватанимизда сақланиши, шубҳасиз, оламшумул ҳодиса. Шу муносабат билан республика Вазирлар Маҳкамаси 2007 йил 8 июнда «Усмон Мусҳафи»ни талаб даражасида сақлашни таъминлаш тўғрисида» қарор қабул қилди. Ҳазрати Имом ансамблидаги Мўйи Муборак мадрасаси унга хос ва мос тарзда қайта таъмирланди. Қуръон кийик терисига ёзилгани ва уни безиён сақлаш учун ҳаво ҳарорати мўътадил бўлиши лозимлиги инобатга олиниб, ҳукуматимиз Германиядан махсус саркофаг олиб келди. У мўътадилликни таъминловчи хос ва замонавий жиҳоз ҳисобланади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Вазирлар Маҳкамаси қарори ижросини таъминлаш бўйича махсус ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ишчи гуруҳ мазкур соҳанинг хориждаги кўзга кўринган мутахассисларини жалб этган ҳолда, 2008 йил 3 июль куни Мусҳафнинг ҳар бир саҳифасини чуқур ва атрофлича тадқиқ этди. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази мутахассислари унинг ҳар бир варағини зиён-заҳматсиз оҳорлаб чиқди. Бу ўлмас мулк, муқаддас, дурдона китоб асрлар оша Ватанимизга файз ва тароват, дилларга ғурур ва ифтихор бағишлаб тургай, иншооллоҳ.
Биринчи Президентимиз мана шундай ифтихорни авлодларга мерос қилиб қолдирди...
Мўътабар динимиз, аввало, ота-онани, опа-сингилни, умуман, аёл зотини эъзозлаб, бева-бечора ва мискинларга меҳр-оқибат кўрсатиб, ҳаётнинг қадрига етиб яшашга ундайди. Мудом тинчликка, яхшиликка даъват этади. Қаерда тинчлик-хотиржамлик бўлса, у ерда қурилиш, бунёдкорлик ва ободлик, ўсиш-улғайиш, тараққиёт бўлади.
Ўзбекистонимиз ўтган йигирма беш йил ичида қўлга киритган мисли йўқ тараққиёт бунинг ёрқин мисолидир.
Бундан ўттиз йил аввал республикада «Аҳолини атеистик руҳда тарбиялаш замон талаблари даражасида бўлсин» деган ягона сиёсий кун ўтказилган. «Наврўз» байрами, дафн маросимида жаноза ўқиш, азиз-авлиёлар хоки покини зиёрат қилиш, ҳатто Аллоҳ таоло номини зикр этиш қатъиян тақиқланган. Наинки диний, умуман, араб ёзувида битилган не-не китоблар ёқиб юборилган. Табаррук қадамжолар оёқости қилинган.
Ўшандай жаҳолатлар олдида саодатли бу кунлар қадр-қиммати нечоғлик улуғ экани кундай равшан бўлади.
— Сиз узоқ вақт мусулмон оламидаги табаррук қадамжо — Имом Бухорий масжид мажмуасида имом-хатиб бўлгансиз. Ушбу муқаддас маскан ҳам Биринчи Президентимиз ташаббуси билан тубдан қайта бунёд этилгани ҳаммамизнинг ёдимизда.
— Албатта, ҳозир нафақат мамлакатимизда, балки чет элларда ҳам Имом Бухорий ансамблига ҳамма ҳавас билан қарайди, мусулмон оламидаги энг табаррук ва муҳташам зиёратгоҳ деб ихлос қилади. Хориждан ташриф буюрган сайёҳлар ҳам бу мажмуани мумтоз меъморий обида сифатида келиб томоша қилади. Лекин шу муаззам мажмуа Биринчи Президентимиз ташаббуси билан саккиз ой ичида бунёд этилганини, аввалги зиёратгоҳдан муҳаддислар сарвари қабри ва бешта чинор қолганини, мажмуа қурилишида бир минг ўттиз киши кечаю кундуз тинимсиз ишлаганини, «Менинг ҳам қўлим тегсин», деб юртимизнинг турли бурчакларидан, мусулмон мамлакатларидан келган савобталабларнинг адоғи бўлмаганини кўпчилик яхши билмайди.
Муҳташам мажмуа жуда шиддат билан барпо этилди. Қаранг, бир вақтнинг ўзида Маҳдуми Аъзам мақбара мажмуи ҳам тўлиқ қайта таъмирланди.
Буюк ишлар шундай амалга оширилар экан.
Ҳолбуки, истиқлолга қадар Имом Бухорий қадамжоси бир вайрона, ўғит омбори бўлган, афсуски, буни аксарият ёшлар билмайди.
Биз бу аччиқ ҳақиқатни вақти-вақти билан айтиб-эслатиб туришимиз ҳам қарз, ҳам фарз.
Ислом оламида «Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи» деган шарафли мақомга сазовор бўлган Абу Мансур Мотуридий қадамжосининг обод этилиши ҳам Биринчи Президентимиз амалга оширган ғоят нурли ва савоб иш десак, асло хато бўлмайди. Чокардиза қабристони мусулмон оламида ниҳоятда табаррук қадамжо ҳисобланган. Ҳазрати Соҳибқирон замонида ҳам кўп мўътабар зотлар шу ерга дафн этилган. Аммо собиқ иттифоқ даврида у текисланиб, уй-жой қуриш учун бўлиб берилган. Кўп улуғ азизлар хоки поки оёқости қилинган. Вақти келиб, 2000 йил Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, Имом Мотуридий туғилган куннинг 1130 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Чокардиза қабристони ўрнида қурилган иншоотлар олиб ташланди, ундан сўнг Фанлар академияси Археология институти олимлари қазилма-тадқиқот ишлари олиб борди. Тадқиқотчилар Имом Мотуридий қабрини аниқлагач, ҳазрат хотирасига кўркам ва салобатли мақбара, қабристон ўрнида обод зиёратгоҳ бунёд этилди.
Таъкидлаш лозимки, бу масканда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Зиёратгоҳга элтувчи йўл кенгайтирилди. Қадамжо билан боғлиқ кўплаб ашёлар, тарихий манбалар атрофлича тадқиқ этилди. Ва бу хайрли ишлар ҳозир ҳам давом этмоқда.
Чокардизада амалга оширилган эзгу ва савоб иш аждодлар хотирасига ҳурмат ва эҳтиромнинг мумтоз намунасидир.
Мана шулар ҳақида ўйлаганда муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг таъсирли бир хитоби ёдимга тушади:
«Мен Ўзбекистон тарихидаги шу каби олижаноб ишларни халқимизнинг нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёда ислом динини асраш ва ҳимоялашга қўшаётган ўзига хос ҳиссаси, динимизга нисбатан турли бўҳтонлар уюштираётган, унинг обрўсини тўкишга уринаётган кучларга қарши аниқ ва амалий жавоби, деб қабул қилишингизни истар эдим».
Аллоҳга беадад шукрки, юртимизда икки мингдан зиёд масжид бўлиб, улар кундан-кунга обод бўлаётир. Жуда кўп масжидлар замонавий мақомда таъмирланиб, кўркам, ҳавозали ва ораста ҳолатга келтирилди. Бу каби жомеъ масжидларда кишиларимиз катта мамнуният билан ўз ибодатини хотиржам адо этаётир... Ободликда хосият кўп. Мана, яқинда пойтахтимизда Ислом ота жомеъ масжиди қад ростлади. Кўрсангиз, ҳавас қиласиз. Ёки бўлмаса, Наманганда «Мулла Қирғиз» мадрасаси учун шаҳарнинг энг файзли ва хушҳаво манзилида кўзни қувонтирадиган муҳташам янги бинога кўчирилди. Мадраса шу сўлим гўшада «Ҳидоя» номи билан иш бошлади. Буям мусулмонларга қувонч улашувчи муносиб ҳадядир. Бундай хайрли ишлар диний тамойилларимизга чексиз эътибор ва ихлос туфайли, албатта. Масжид қуриш ва уларни обод этиш дунёни обод этиш каби мўътабар ишдир, эзгу амалдир.
2013 йили Биринчи Президентимиз «Тошкент шаҳрининг Минор маҳалласи ҳудудида масжид барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилди. Унга кўра, пойтахт марказида «Минор» жомеъ масжиди бунёд этилди. Миллий меъморчилигимиз кўрку жозибаси бўлмиш бу муҳташам обида бир пайтнинг ўзида уч мингдан зиёд намозхонни бағрига жо эта олади. Лойиҳага кўра, масжиднинг бош биноси — хонақоҳ қад кўтарди, иккита пештоқ, баландлиги 38 метр бўлган икки минора ва гумбаз олис-олислардан кўзга яққол ташланиб туради. Масжиднинг оппоқ биноси, кўркам ва хушманзара саҳн, миллий ёғоч ўймакорлиги фусун бағишлаган устунлар, ҳудуддаги ободлик ва саранжом-саришталик кимнинг ҳавасини келтирмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида бунёд этилаётган «Олтинтепа» жомеъ масжиди янги биноси ҳам ҳеч бир меъморий обидадан қолишмайди. Улуғвор ва салобатли бўлади. Бундан ташқари, ўтган йили пойтахтимизда «Авайхон», «Яккасарой» ва «Пулемас ота» масжидлари биноси қайтадан тикланди. Энг муҳими, масжидларга олиб борувчи йўллар ва кўчалар кенгайтирилди, теварак-атроф обод ва кўркам, файзли-тароватли, одамнинг кўнгли яйрайдиган бўстонга айлантирилди.
— Муфтий ҳазратлари, мустақиллик йилларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлди? Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Ҳозир Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 2000 дан ортиқ масжид, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти, Имом Бухорий халқаро маркази ва Тошкент ислом институти фаолият олиб боради.
Ҳар бир профессор-ўқитувчи ва талаба компьютер, интернет ва бошқа техник воситалар билан ишлаш борасида катта малака орттирган, таълим-тарбия жараёнида билим ва тушунчани бойитиш учун улардан фойдаланиб келади. Диний таълим муассасалари моддий-техник базаси йилдан-йилга такомил топаётир. Ўқув хоналари фанларга мослаштирилиб, кўргазмали қуроллар, компьютер, видеопроектор, лингафон билан жиҳозланган. Бу эса талабаларнинг мукаммал замонавий илм олишига мустаҳкам замин яратмоқда.
Таълим масканларида фаолият юритаётган Ахборот-ресурс марказлари замон талабига тўла жавоб беради. Шуни ҳам айтиш керакки, талабалар араб тили билан бирга, инглиз ва рус тилларини ҳам пухта ўзлаштириб келади. Улар шитоб замонга елкадош ёшлар, ҳар бир масалада дунёвий илм олаётган тенгдошларидан қолишмайди, десам ўринли бўлади.
Шуни ҳам айтиш керакки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси битирувчиларни иш билан таъминлаш борасида изчил тизим яратган. Табиийки, биз ҳам улар билан доимий ҳамкорлик қиламиз.
Шунингдек, таълим муассасалари ўқитувчилари билим ва малакасини мунтазам бойитиб бориши узвий йўлга қўйилган. Тошкент ислом университети ҳамда Тошкент ислом институтида малака ошириш курслари бўлиб, унда кўзга кўринган уламолар, соҳа билимдонлари, профессор ва фан арбоблари сабоқ беради. Шу маънода, ёшларга ҳавас қиламан. Уларга ҳамма эшиклар очиқ.
Таълим муассасалари ўртасида «Йил ўқитувчиси», «Йил кутубхоначиси», «Йил маънавиятчиси», «Қорилар мусобақаси», «Ягона олимпиада», «Йилнинг энг яхши илмий бўлим мудири», «Биз ёшлар – ёт ғояларга қаршимиз» каби кўплаб интеллектуал беллашув ва танловлар, «Баркамол авлод» спорт мусобақаси ўтказилиши анъанага айланган. Ўзаро ҳамкорлик, иттифоқлик ва тажриба алмашиш изчил йўлга қўйилган.
Бир сўз билан айтганда, ўғил-қизларимиз ҳам жисман, ҳам руҳан доим уйғоқ бўлмоғи учун, ота-боболаримиз динини қадрлаб, она Ватанимизни севиб-ардоқлаб яшамоғи учун қўлимиздан келган барча ишни қилаяпмиз. Зеро, бу — не-не аждодларимиз армон қилган, бизга эса Мустақиллик берган улуғ ризқ-насиба ва қадри баланд саодатдир.
Бани башар тараққиёти улуғ инсонларнинг ҳаёт йўли мудом саодатли кечишини кўрсатади. Бизнинг буюк Йўлбошчимиз Ислом Каримов ҳам мана шундай зотлардан эди. У киши ҳаётлигида амалга оширган савобли, мақтовга сазовор ишлар, тадбирлар, саъй-ҳаракатлар ўз вақтида холис баҳосини олди, эътироф этилди, албатта. Айни пайтда юртимиз Биринчи Президентимиз бошлаб берган саодат йўлида зафарли юришни комил ишонч билан давом эттирмоқда. Бизнинг назаримизда, элнинг ўз раҳнамосига ишонч-эътиқоди, садоқати мана шу жараёнда ҳам яққол ифодасини топмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида” қабул қилган бениҳоя мўътабар қарори ҳам халқимизнинг улуғ Йўлбошчимизга нисбатан чуқур эҳтиром ва эъзозининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Суҳбатдош: Бардамбек САЪДУЛЛАЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни
01 янв 1970
Аввало яна бир бор таъкидлаб ўтайлик: газетамиз саҳифаларида мазкур рукнни бежиз ташкил этмадик. Бизни бугун одамлар орасида тилга тушаётган ма...
01 янв 1970
Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда...
01 янв 1970
Шу йилнинг 8 июлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига т...