Шоҳсупага йўл Ватанга муҳаббатдан бошланади

/
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қилган ХХХI ёзги Олимпия ва ХV Паралимпия ўйинлари якунлари мустақил мамлакатимиз шон-шуҳратини дунёга таратди десак, муболаға бўлмайди. “Мард майдонда кўринар” деганларидек, вакилларимиз тенгсиз беллашувларда ўзларининг маҳоратларини намойиш этиш билан бирга, халқимизга хос жасорат ва матонат, ҳалоллик, рақибга ҳурмат намуналарини кўрсатиб, ташкилотчилар ҳамда томошабинларнинг юксак эътирофига сазовор бўлдилар.
Янада муҳими, эришилган жаҳоншумул натижалар, ўзбекистонлик спортчилар томонидан ўрнатилган янги жаҳон ва Олимпиада рекордлари дунёга мамлакатимизда янгича соғлом турмуш тарзи шаклланаётгани, жисмоний тарбияга алоҳида эътибор берилаётгани, оммавий спорт турларининг барча соҳалари уйғун равишда ривожланаётгани, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси спортчиларининг 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган ХХХI ёзги Олимпиада ва ХV Паралимпия ўйинларига тайёргарлиги ва иштироки тўғрисида”ги қарори вакилларимизни дунёнинг ҳар тўрт йилда ўтказиладиган энг нуфузли мусобақаларида муносиб қатнашишга руҳлантирганидан далолат берди.
 
ҚАЛБДАГИ ЭВРИЛИШЛАР
Истиқлол ҳаётимизнинг барча соҳаларига ўзининг юксак таъсирини кўрсатди, қисқа вақт ичида мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаёти тубдан янгиланди, эл-юрт ўзгаришларга, янаям аниқроқ айтганда, юксалишга юз тутди. Маълумки, жамият тараққиёт сари юз тутар экан, ижтимоий-маънавий юксалиш, турмуш фаровонлигига эришиш имкониятлари халқнинг орзу-умидлари, ғайрат-шижоати, ташаббускорлиги билан мутаносиб равишда ошиб боради. Одамлар қалбида жамият ҳаётида кечаётган жараёнларга шахсий дахлдорлик туйғусини юзага келтиради. Тинч-тотув яшаш, фаровон турмуш кечириш билан бирга, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиш, бу жараёнга оз бўлса-да ўз ҳиссасини қўшиш, бу борада бошқаларга ибрат намуналарини кўрсатиш туйғуси юзага келади ва бу туйғу охир-оқибат маънавий бурчга айланади.
Истиқлолимизнинг йигирма беш йиллик тарихига назар ташлар эканмиз, бу йилларнинг ҳар бири, энг аввало, инсон манфаатлари учун узоқни кўзлаб ўтказилган ислоҳотлар, жамият аъзоларининг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар билан тўла эканига амин бўламиз. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган миллий тараққиёт дастури, миллий истиқлол мафкураси ҳамда мустақил Ўзбекистоннинг янги Конституциясида инсон омили, яъни кўпмиллатли юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакилларига жамият ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида тўла иштирок этиш имкониятини бериш, оналар, болалар, кекса нуронийлар, соғлиғи жиҳатидан имконияти чекланганлар ва моддий жиҳатдан кам таъминланганларнинг барчаси тўғрисида тизимли ғамхўрлик қилиш, уларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, яшаш шароитларини яхшилаш каби режалар ўз ифодасини топди.
Бугун бутун дунё бу эзгу ниятлар мамлакатимизда тўла равишда амалга оширилгани ва янада кенг кўламли режалар тузилаётганига гувоҳ бўлиб турибди. Мустақил Ўзбекистоннинг бугунги ижтимоий тараққиёти, бунёдкорлик ишлари, маънавий ҳаётда, жумладан, илм-фан, саноат, қишлоқ хўжалиги, маданият, санъат, ёш авлод тарбияси, оммавий ва болалар спорти ва бошқа муҳим соҳаларда эришаётган ютуқлари дунё миқёсида расман эътироф этилмоқда. Қишлоқларимизда намунали лойиҳалар асосида шаҳар шароитидан кам бўлмаган уй-жой массивлари, спорт ва соғломлаштириш мажмуалари, хусусан, ёш қизларимизга мусиқа, сув спорти, бадиий гимнастика билан шуғулланиш учун яратилаётган имкониятлар, давлат ногиронлар ҳақида ҳам муттасил ғамхўрлик қилаётгани кўпларнинг ҳавасини келтирмоқда. Биргина Паралимпия ҳаракатини олсак, жуда қисқа вақт ичида бу соҳага жалб этилган ҳамюртларимиз мисли кўрилмаган ютуқларни қўлга киритмоқдаларки, Рио-де-Жанейрода янграган мамлакатимиз мадҳияси бутун дунёга бугунги Ўзбекистонда амалга оширилаётган буюк ишлардан, инсон омили Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида олиб борилган ички ва ташқи сиёсатда нақадар юксакликка кўтарилганидан далолат берди. Шу ўринда Паралимпия ўйинларида ҳали ҳеч бир мамлакат иштирокчилар сонига нисбатан бу қадар катта муваффақиятга эришмаганини ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.
“ҲАЙТ” ДЕСА ЎЗАДИ ЎЗБЕКНИНГ ОТИ...”
Мамлакат ҳаётида юз берадиган баъзи воқеалар бутун халққа ғурур ва фахр бағишлайди. Бундай жўшқин туйғулар эса, табиийки, элни янада юксакликларга, янги-янги муваффақиятларга илҳомлантиради. Энг муҳими – ўзига ишончи ортган халқ бир мушт бўлиб бирлашади.
Шубҳасиз, ХХХI ёзги Олимпия ва ХV Паралимпия ўйинлари Ўзбекистон халқининг қаддини янада тиклади, мамлакатимиз тенглар ичра тенг эканлигига яна бир бор қатъий ишонч ҳосил қилдик. Шўро даврида биқиқ кўлмак ичида “дунё шу” деб яшашга маҳкум этилган халқ бугун жаҳонни забт этмоқда. Истиқлол йилларида наинки биз дунёни танидик, балки дунё ҳам бизни таниди, тан олди, эътироф этди. Томчида қуёш акс этганидай, Олимпия ўйинлари бу ҳақиқатни жумлаи жаҳонга яна бир бор ошкор этди! Зеро, боболаримиз “Алпомиш” достонида куйлаганидек, “Ҳайт” деса ўзади ўзбекнинг оти...”
Тўғрисини айтайлик, бундан 15-20 йил бурун кимдир “Бизнинг боксчиларимиз Олимпия ўйинларида Кубани, АҚШни ортда қолдириб, шоҳсупага кўтарилади”, деб қолса, бунга ким ҳам ишонарди? Аммо бу воқеа бугун рўй берди-ку! Дўппимизни осмонга отсак арзийди, бир-биримиздан суюнчи сўрасак арзийди, фахр туйғуларини эл-юртга ошкор этсак арзийди.
 
ЭЪТИБОР – САБАБ, ҒАЛАБА – ОҚИБАТ
Касбимизнинг яхши томони шундаки, мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида бўлишга, одамлар билан гурунглашишга тўғри келади. Тўғриси, оддий ватандошларимизнинг самимий дил изҳорлари, қалб ҳаяжонларини қоғозга тушириб улгуриб бўлмайди.
Мана, улардан айримлари.
— Олимпиада ва Паралимпиада ўйинларида ҳар гал ғолиблик шоҳсупасига Ўзбекистон вакили кўтарилиб, мадҳиямиз янграгани ва байроғимиз кўтарилганида кўксим фахр ва ифтихор туйғуларига тўлди, — дейди хоразмлик Ойбиби Султонова. — Худди менинг фарзандим ғалаба қозонгандай кўзларимга ёш келди. Бу ютуқлар истиқлолимиз шарофати, хотираси қалбимизда ота сиймоси сифатида муҳрланиб қолган улуғ йўлбошчи Ислом Каримов олиб борган доно ва халқчил сиёсатнинг натижаси, албатта. Ёшлигимда мен ҳам спорт билан шуғулланганман, аммо у йиллари бугунги спорт саройлари, сузиш ҳавзалари, гимнастика заллари тушимизга ҳам кирмаган. Оғир атлетика бўйича Олимпиада чемпиони Руслан Нурудинов айтганидек, истиқлол йилларида яратилган беқиёс шароитлар сабабли шундай ҳайратли натижалар қўлга киритилди.
— Олимпиада ва Паралимпия ўйинлари давом этаётган кунлари бутун мамлакат олис Бразилияда чинакам мўъжизалар яратаётган ҳамюртларимиз билан фахрланиб яшади десак, муболаға бўлмайди,— дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Собиржон Мўминов. — Дунёнинг ривожланган, спорт соҳасида катта тажрибага эга мамлакатларидан келган спортчилар билан ҳалол беллашган вакилларимиз матонат, Ватанга муҳаббат туйғусини амалда намойиш этдилар. Бу ғалабалар шаънига қўшиқлар куйласак, жасоратларини мадҳ этсак арзийди. Ишончим комилки, мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги обрў-эътибори бошқа соҳалар каби спортда ҳам йилдан-йилга ошиб бораверади.
— Ҳаётимда қувончли онлар кўп бўлган, аммо Рио-де-Жанейродаги спорт мажмуаларида мадҳиямиз янграганида, шоҳсупага ғолиб вакилларимиз кўтарилганида қувончим чексиз бўлди. Бу ҳали бошланиши дейман ўзимга ўзим, Ўзбекистон ҳали кўп бор спортдагина эмас, бошқа соҳаларда ҳам дунёни ҳайратга солади, — дейди фахр билан Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети магистранти, кураш бўйича республика мусобақалари иштирокчиси Ибодат Ниёзова. — Юксак натижалари билан барча рақибларини ортда қолдирган Руслан Нурудинов, Ҳасанбой Дўсматов, Фотима Омилова, Ҳусниддин Норбеков, Шерзод Номозов ва бошқалар ўзбек спортининг янги ёрқин саҳифалари десак, муболаға бўлмайди.
Истиқлол йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида эришган энг муҳим ютуқларимиздан бири, шубҳасиз, мамлакатимизда Ватанимиз ва халқимизнинг келажагини ўз қўлига олишга қодир бўлган янги баркамол авлоднинг тарбия топганидир. Олимпиада ўйинларида қатнашган спортчиларимиз асосан ёшлардан иборат, улар яна тўрт йилдан кейин Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада мусобақаларига янада маҳоратли бўлиб борадилар. Давлатимизнинг юксак мукофотлари уларнинг ғайратига ғайрат, шижоатига шижоат қўшиши аниқ.
Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси Ўзбекистон деб аталган улуғ юрт учун муҳим ҳужжат бўлди. Унда, бир жиҳатдан, мамлакатимизнинг фа...
01 янв 1970
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “...
01 янв 1970
15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни
01 янв 1970
Жорий йилнинг 18 сентябрь куни эрта тонгда “Келес” темир йўл чегара-божхона постига кириб келган йўловчи поезд шу турдаги одатий поездл...