Саҳро бағридаги бўстон

/
Қорақалпоғистоннинг жанубий сарҳадларидаги Амударёнинг ўнг соҳилида жойлашган Беруний туманини оралаб ўтиб жанубий-шарққа қараб юрсангиз, йўлнинг икки томонида Қизилқумнинг Оролбўйи ҳудудига қадар ястаниб ётган қум барханларига дуч келасиз. Ўзингизни гўё саҳро бағрига кириб қолгандай сезасиз. Хаёлингизда бу ерларда йўлдан бошқа ҳаёт нишонаси йўқдай таассурот туғилади. Лекин бироз юрганингиздан кейин йўл устида аждодлар меъморчилигига хос услубда қурилган маҳобатли дарвоза ва дарвозадаги “Элликқалъа” деган ёзув пайдо бўлади. Қорақалпоғистон Республикасининг кенжа туманларидан бири бўлган Элликқалъанинг жанубий-ғарбий ҳудудлари ана шу ерлардан бошланади. Туман сарҳадларини кезсангиз, унинг аксарият қисми Қизилқум билан туташ эканлиги, бу ердаги ҳар бир қарич ер, овул, қишлоқ, шаҳар шу қумлар бағридан тортиб олинган заминда халқимизнинг бунёдкорлик кучи билан барпо этилганлиги маълум бўлади. Шунинг учун бу ерга ташриф буюрувчилар Элликқалъа ва унинг маркази Бўстон шаҳрини “Қизилқум бағрида қад ростлаган афсонамонанд макон, эллик биринчи қалъа”, деб эътироф этадилар. Истиқлол йилларида Бўстон замонавий шаҳарсозлик маданияти юксалаётган, илм-фан, санъат ва бошқа жабҳаларда гуллаб-яшнаётган шаҳарлардан бирига айланди.
Элликқалъа тумани ва Бўстон шаҳрининг айнан мана шу ерда, Қизилқумнинг шамол кўчириб юрадиган барханлари ўрнида барпо этилиши бежиз эмас. Бу заминда милоддан олдинги даврларда қадимий Калтаминор, Сувёрғон, Амиробод маданиятлари шаклланишига хизмат қилган Тошхирмон, Жонбосқалъа, Оқчахон, Гавхура каби гуллаб-яшнаган воҳалар мавжуд бўлган. Ушбу воҳаларда Оқчахонқалъа, Қизилқалъа, Қаватқалъа, Тупроққалъа, Ангқоқалъа сингари ўнлаб шаҳарлар қад ростлаган. Қадимий Хоразм цивилизациясининг марказлари сифатида давлатчиликнинг ривожланишига, шаҳарсозлик маданиятининг юзага келишига асос бўлган. Академик Яҳё ўуломовнинг эътироф этишича, бу ҳудудда, Оролбўйи минтақасида 1,5 миллион гектар суғорма ерларда деҳқончилик қилинган. Ана шу гуллаб-яшнаган ўлка дастлаб араблар, кейин мўғуллар босқини, турли табиий офатлар натижасида вайронага айланиб, қумлар остига кўмилган. ХХ асрнинг охирларига келиб аждодларимиздан мерос ушбу замин қайта ўзлаштирилиб, яна обод қилишга киришилди. Бўстон шаҳрида барпо қилинган “Очиқ осмон остидаги музей”да ўлкада мавжуд бўлган илк шаҳарларнинг кўринишлари кичрайтирилган макетлар ҳолида ўз ифодасини топган. Суратларда эса уларнинг асл тарихий кўринишлари ва бугунги вайрона ҳолатлари акс эттирилган. Бу музей аждодлар меросига эҳтиром ифодасига айланган. Бўстон шаҳри аждодларимизнинг қадимий қалъалари, қўрғонлари, шаҳарлари ўрнида қайта тикланган замонавий шаҳарсозлик намунаси ҳисобланади.
— Бўстон шаҳри қадимий Хоразмшоҳлар давлатининг пойтахтлари бўлган Оқчахонқалъа, Тупроққалъа, Қўйқирилганқалъа каби шаҳарлар билан туташ нуқтада, Қаватқалъа воҳасининг қоқ марказида жойлашган. Унинг Элликқалъа туманининг маркази сифатида танланиши асосида ҳам ана шу тарихий ҳақиқат ётади, — дейди археолог, Ўзбекистон Қаҳрамони ўайратдин Хўжаниёзов. — Шунинг учун Бўстон шаҳри бағрида ҳам, унинг атрофларида ҳам тарих билан юзлашасиз. Бир томонда Қизилқалъа, иккинчи томонда Амударёнинг қадим ирмоқларидан бири Оқчадарё, учинчи томонда Аёзқалъа, Қирққизқалъа, Йигитқалъа, Қизқалъа каби масканлар. Буларнинг аксариятида хорижлик олимлар билан биргаликда археологик тадқиқотлар олиб борилмоқда. Аёзқалъа эса сайёҳлик марказига айланган. Меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, болалар оромгоҳлари, замонавий иморатлар Бўстоннинг бугунги қиёфасини намоён қилади. Шунинг учун Бўстонни ўтмиш ва келажак чорраҳасидаги шаҳар деб атагим келади.
Элликқалъа тумани ва Бўстон шаҳри ҳудудида аввал мавжуд бўлган қадимий қалъалар, қўрғонлар Буюк ипак йўлида жойлашганлиги сабабли улардан шарқ ва ғарбга, шимол ва жанубга савдо карвонлари қатнови доимо давом этиб турган. Эндиликда Бўстон шаҳри ва туман ҳам замонавий коммуникация тармоқлари билан мустаҳкам боғланган. Туман ҳудудидан ўтган Нукус ва Навоий шаҳарларини боғловчи автомобиль йўлидан машиналар оқими тинмайди. Мамлакатимизнинг марказий темир йўл магистралининг бир қисми ҳисобланган Тўрткўл—Нукус йўналишида муҳим ўрин тутган Элликқалъа темир йўл бекати замонавий асосда кўркам ва гўзал қилиб қурилган. Бўстон шаҳригача етиб келган темир йўл тармоғи туманнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти учун хизмат қилмоқда. Шаҳарда янги базалар, ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари бунёд этилмоқда. Бугун Бўстон шаҳрида бўлган одам бундан 35-40 йил илгари бу жойлар қум босиб ётган, фақат янтоқ ва ёвшанлар ўсадиган маскан бўлганига ишонгиси келмайди. Кенг кўчалар, улар ўртасидаги юксакликка бўй чўзган кўм-кўк арчалар, турфа гулларга бурканиб ётган гулзорлар, йўллар, йўлаклар, умуман, шаҳар бағрига соя ташлаган дарахтлар бу ерга ўзгача бир гўзаллик, ажиб бир тароват бағишлаган. Шаҳарнинг битта кўчасида эмас, деярли ҳамма нуқталарида ана шундай яшиллик, орасталик кўзга ташланади. Албатта, Бўстон шаҳри барпо этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Лекин у бугунги кунда Қорақалпоғистоннинг гўзал шаҳарларидан бирига айланди.
Бўстон шаҳрининг маркази туман ҳокимияти ва ташкилотлар жойлашган кўп қаватли бино, унинг олдидаги майдондан бошланади. Бу бино кўриниши очиқ ҳолдаги китоб шаклида барпо этилган. Унинг олдидаги майдон — кенглик бинонинг тўлароқ намоён бўлишига имкон яратган. Бу ерда фавворалар мўътадил иқлимни таъминлашга хизмат қилиб, майдонга кўркамлик бағишлаган. Ушбу бинога яқин жойда кўп қаватли меҳмонхона ва бошқа жамоат ташкилотлари жойлашган иншоотлар ўрин олган. Майдонга туташ нуқтада эса яна бир табаррук маскан — Хотира майдони барпо этилган. Бу майдонда элликқалъаликларнинг нафақат яқин ўтмишда яшаб ўтган, фидокорона меҳнат қилиб, ҳаётини шу юрт озодлиги ва ободлиги учун бахшида этган ота-боболари хотираси, балки олис ўтмишда шу ўлкада улуғ давлатчиликка асос солган, юзлаб шаҳарлар, қалъалар барпо этган аждодларимиз руҳи ҳам ёдга олинади.
Бўстонда муҳташам тарзда барпо қилинган бундай майдонлар кўп. Шулардан бири “Устозга эҳтиром” деб номланади. Бу майдонда севимли шогирдини порлоқ келажак — илм йўлига бошлаб бораётган ўқитувчи, мураббий сиймоси акс этган ҳайкал қад ростлаган. Табиийки, дунёда турли муносабатлар билан барпо этилган майдонлар, хиёбонлар, уларда улуғ шахсларга қўйилган ҳайкаллар кўп. Лекин устоз ва мураббийларга бағишлаб ўрнатилган ҳайкал ҳам, майдон ҳам битта. У ҳам бўлса, Бўстон шаҳрида бунёд этилган. Шаҳарнинг замонавий шаҳарсозлик асосида тикланган иншоотларидан бири — бу Санъат саройи ҳисобланади. Муҳташам тарзда, замонавий ва миллий шаҳарсозлик анъаналари асосида, ички ва ташқи кўриниши ниҳоятда гўзал қилиб барпо этилган, гулзорлар бағрида бўй тиклаган бу сарой нафақат Бўстон шаҳрининг, балки Қорақалпоғистоннинг ҳам кўркига айланган.
— Санъат саройи Оқчадарё соҳилларида қад ростлаган. Айтишларича, у Хоразмшоҳлар давлатининг пойтахти Тупроққалъанинг саройларидан бирининг ташқи кўриниши ва тарҳига монанд қилиб ишланган, — дейди австралиялик археолог олим Алисон Бетс. — Сарой ниҳоятда муҳташам. Унинг ташқи кўриниши одамни ўзига маҳлиё қилади. Айлана шаклдаги сарой, унинг атрофидаги анвойи гуллар, дов-дарахтлар. Сарой олдидаги турли шаклдаги фавворалар атрофга кўркамлик ва салқинлик бағишлаб туради. Сарой яқинидаги амфитеатр қадимги римликларнинг санъат масканларини эслатади. Аслида бундай амфитеатрлар барпо этиш, аввало, қадим Хоразмда мавжуд бўлган. Бу ерда ўн йилдан ортиқ археологик қазишмалар олиб бориш натижасида шунга яққол амин бўлдим. Амфитеатр ва Санъат саройи атрофи боғ қилинган. Буларнинг ҳаммаси уйғунлашиб, ушбу масканнинг гўзаллигини оширган. Бундай гўзаллик ҳар бир юрт учун бахт саналади.
Бугун шаҳарнинг “Ўзбекистон”, “Халқлар дўстлиги” кўчаларини айлансангиз янги тикланган ва замонавий йўсинда қад ростлаётган кўплаб бинолар, шаҳарсозлик маданиятининг ажойиб намуналари кўзга ташланади. Улар Бўстоннинг обод қиёфасини намоён этади.
Элликқалъа Қорақалпоғистон Республикасида ҳудуди катта ва ишлаб чиқариши ривож топаётган, саноат, қурилиш, аграр соҳалари тараққий қилаётган туман ҳисобланади. Ҳозирги пайтда туман ҳудуди 542 минг гектарни, аҳоли сони эса 141 минг кишини ташкил этади. Бу ерда 13 та овул, 16 та маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолият олиб бормоқда. Саноат соҳасида 70 дан ошиқ нодавлат шаклдаги корхоналар мавжуд бўлиб, улар йилига 50 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб бермоқда. Шундан салкам 15 миллион долларлик маҳсулотлар хорижга экспорт қилинмоқда. Шунингдек, савдо, сервис соҳасидаги даромад 45 миллиард сўмдан ошмоқда. Тумандаги 50 га яқин қурилиш корхоналари кучи билан йилига 55-60 минг квадрат метр ҳажмда бинолар, иншоотлар қурилмоқда. Шу билан биргаликда, туманда кейинги йилларда 240 ўринли касб-ҳунар коллежи барпо этилиб, 2 та 1000 ўринлик мактаб қайта таъмирдан чиқарилди. Бугунги кунда туманда 50 дан ошиқ кутубхона, 5 та ахборот-ресурс маркази, 1 та болалар мусиқа мактаби фаолият юритмоқда. Аҳолини соғломлаштириш мақсадида 3 та стадион, 1 та сув ҳавзаси, 58 та спорт заллари, 80 дан ошиқ футбол майдончалари, 1 та болалар спорт мактаби ишлаб турибди. Буларнинг ҳаммаси туманнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшиш билан бирга, Бўстон шаҳрининг шаҳарсозлик маданиятини юксалтиришга, замонавий иншоотлар бунёд қилинишига хизмат қилмоқда.
Қорақалпоғистонликлар Бўстон шаҳрини илм-фан ва санъат маскани деб улуғлашади. Бунинг маълум сабаблари бор. Аввало, бу шаҳар яқинидаги Тупроққалъа деворларидан биридан милоддан олдинги III асрга мансуб арфа чалаётган қиз суратининг ва у ердаги хоналардан қадимий Хоразм ёзувларининг топилиши ёки Оқчахонқалъада қўлида мусиқа асбоблари, китоб тутган кичик ҳайкалчаларнинг аниқланиши бу ер қадимдан илм-фан ва санъат маскани бўлганлигини кўрсатади. Бу меросий анъана Бўстоннинг бугунги ҳаётида ҳам намоён бўлмоқда. Шаҳарда ҳозирги пайтда 5 та касб-ҳунар билим юрти — тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, агроиқтисодиёт, маиший хизмат, санъат ва бошқа коллежлар, Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат университетининг академик лицейи фаолият юритмоқда. Уларда, айни пайтда, 8 мингдан ортиқ ўқувчилар билим олмоқдалар. Шу билан бирга, бу коллежлар ва академик лицей бинолари мустақиллик йилларида замонавий ва миллий асосда янгидан бунёд қилинди. Уларнинг барча ўқув аудиторияларига, лабораторияларига замонавий техникалар, компьютерлар ўрнатилди. Ўқиш ва ўқитиш ишлари халқаро талаблар даражасида олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Бўстон шаҳри кейинги йилларда илм-фан бўйича халқаро анжуманлар, санъат фестиваллари, ёш ижодкорлар учрашувлари, мусиқа бўйича кўрик-танловлар ўтказиладиган масканга ҳам айланди. Бу ерда икки марта қадимий Хоразм тарихини ўрганиш бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Ҳар икки йилда бир марта машҳур санъаткор Отажон Худойшукуровни хотирлаб ёш хонандаларнинг кўрик-танлови, ёш шоирларнинг Бўстон учрашувлари ташкил этилмоқда. Буларнинг ҳаммаси ушбу шаҳарнинг, ҳақиқатан ҳам, маданият, санъат, илм-фан жабҳасида марказ даражасида шаклланганлигини намоён этади.
— Бўстон шаҳрида қурилиш, бунёдкорлик ишлари бошлангандан бери меҳнат қилиб келмоқдаман. Бу ердаги ҳар бир бино, иншоот, иморат, кўчалар, майдонлар, хиёбонлар, ҳатто йўлакларнинг қурилишида ҳам иштирок этганман, — дейди “Тупроққалъа” махсус қурилиш жамияти раҳбари Омад Миришов. — Авваллари бу ерда бугунги ёш авлоднинг оталари учун уйлар қурган бўлсак, эндиликда уларнинг ўзлари учун иморатлар қурмоқдамиз. Ҳар бир даврнинг бинолар барпо этишда ўз талаб ва эҳтиёжлари бор. Шу маънода аввалги иморатларимиз билан бугун қураётган иншоотларимиз ўртасида катта фарқ мавжуд. Бугун бунёдкорлик, қурилиш борасида кўркамлик, ободлик, муҳташамлик, мустаҳкамлик, яшаш учун қулайлик каби жиҳатлар асосий талабга айланди. Шундай бўлиши керак ҳам эди. Эндиликда Бўстон кўчаларидан юриб, шаҳарнинг гўзал, обод қиёфа касб этишида ўз ҳиссам борлигидан, саҳро бағрида ана шундай шаҳар қад ростлаганидан фахрланаман.
Мамлакатимиз Президенти республикамизда замонавий ва миллий шаҳарсозлик маданиятини яратишда ҳар бир шаҳарда боғлар, яшил майдон ҳамда хиёбонлар барпо этиш, сув йўлларини тартибга келтириб, уларнинг соҳилларини обод масканларга айлантириш, ҳар бир кўча, мавзе, уйлар атрофини кўкаламзорлаштириб ўзига хос эколандшафт тизимини шакллантириш жараёнига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бўстон шаҳрида ҳам бу борада хайрли ишлар олиб борилмоқда. Табиийки, ушбу шаҳар қум барханлари остидаги қўриқ заминда барпо этилган. Бундай жойда дарахт экиб кўкартириш, боғ яратиш осон кечмайди. Бу борада бўстонликлар ердан, сувдан усталик билан фойдаланишнинг йўлини топиб, шаҳарни боғлар, дарахтзорлар, гуллар қўйнидаги масканга айлантиришди. Бугун шаҳарнинг қайси нуқтасига борманг, яшиллик оламига дуч келасиз. Айниқса, қўриқ ерда ўсиши қийин арчалар ва уларнинг турли навлари бу заминда мустаҳкам илдиз отгани кишини ҳайратга солади. Шаҳарнинг дарахтларга бурканган Жалолиддин Мангуберди номидаги маданият ва истироҳат боғи эса Қизилқум барханлари кўчиб юрадиган ҳудудга туташ нуқтада бунёд қилинганлигига ишонгинг келмайди. Бўстон шаҳрининг бу даражада яшиллик оламига бурканишининг ўзига хос сири бор. Бу ерда Амир Темур номидаги Ботаника боғи фаолият олиб боради. Ушбу боғда дунёнинг турли мамлакатларидан, ўлкаларидан олиб келинган тўрт мингга яқин кўчатлар, дарахтлар, турли хил гуллар ўстирилади. Бу дарахтларнинг, гулларнинг Қорақалпоғистон заминига мослашиши, униб-ўсиши, қандай фойда бериши илмий синовдан ўтказилади. Синовдан муваффақиятли ўтган дарахтлар, гуллар республиканинг бошқа жойларига экиш учун юборилади. Шу тариқа бу Ботаника боғи Қорақалпоғистон учун нафақат флора оламини бойитиш мактаби вазифасини бажармоқда, балки Бўстон шаҳрининг республика шаҳарлари учун замонавий ва миллий шаҳарсозлик маданиятида муҳим бўлган кўкаламзор масканлар, эколандшафт тизимини шакллантиришда ибрат бўлиб хизмат қилмоқда.
— Шаҳар ҳам энига, ҳам бўйига кенгаймоқда. Янги йўллар, кўчалар барпо этилмоқда. Улар атрофида икки-уч қаватли уйлар қад ростламоқда. Маиший хизмат уйлари, савдо дўконларидан ташқари болалар учун ўйингоҳлар, спорт майдонлари, ранг-баранг товланувчи фавворалар ишга туширилмоқда, — дейди Элликқалъа тумани бош меъмори Ибодулла Саъдуллаев. — Бўстон шаҳри шарқ ва жануб томонга қараб янада кенгаяди. Янги мавзелар, даҳалар қурилади. Мактаблар, коллежлар қад ростлайди. Янги, обод овуллар пайдо бўлади. Шаҳар бағридан ўтган канал ва анҳор соҳиллари обод қилиниб, дам олиш масканларига айлантирилади. Яқин 20 йил ичида Бўстон шаҳри ҳудуди ҳам, аҳолиси ҳам икки-икки ярим бараварга ошиши кутилмоқда. Демак, шунга яраша замонавий шаҳар ҳам бунёд этилади.
Элликқалъа туманида ҳозирги пайтда 2100 га яқин кичик корхоналар, тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. Уларнинг аксарият қисмини қурилиш ташкилотлари ташкил қилади. Бўстон шаҳрида бугунги кунда барпо этилаётган кўп қаватли уйлар, ёшлар учун турар жойлар, мактаб ва коллежлар бинолари ана шу ташкилотлар саъй-ҳаракати билан амалга оширилмоқда. Оқчакўл бўйларида қад ростлаган замонавий уйлар ҳам Бўстоннинг замонавий ва миллий асосда барпо этилган янги шаҳарсозлик намуналари ҳисобланади. Шаҳарда кейинги йилларда 3-4 қаватли уйлар қуришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бунда мазкур уйларнинг биринчи қаватларида савдо шохобчалари, маиший хизмат корхоналари фаолият олиб боради. Айни пайтда, бундай турар жой бинолари, ишлаб чиқариш объектлари тадбиркорлар, хусусий корхоналар эгалари томонидан ҳам бунёд қилинмоқда. Бўстон шаҳри ҳудуди ҳозирги пайтда салкам минг гектарни, аҳоли сони эса 18400 кишини ташкил этади. Шаҳарнинг келажакка мўлжалланган 20 йиллик замонавий шаҳарсозлик режаси ишлаб чиқилган. Бу режада янги кўчалар, майдонлар, хиёбонлар, кўкаламзор масканлар яратиш, ишлаб чиқариш, саноат корхоналари учун замонавий бинолар, муҳташам меҳмонхоналар, соғломлаштириш масканлари барпо этиш кўзда тутилган. Демак, Элликқалъа туманининг маркази Бўстон шаҳри келгусида ўз номига яраша мамлакатимиз шаҳарсозлигида замонавий бўстонга айланади.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Арчазорлар маскани
Элликқалъага, туманимиз маркази Бўстонга келган одам бу шаҳарни мўъжизакор маскан, деб аташи шубҳасиз. Кенг кўчалар, бир-биридан кўркам майдонлар, гулларга бурканган хиёбонлар, чиройли иншоотлар, иморатлар, маданият ва санъат масканлари, илм-фан марказлари бўлган обод мактаблар ҳамда коллежлар, атрофга сув таратаётган фавворалар... Ахир буларнинг ҳаммаси Қизилқум бағридаги, саҳро қўйнидаги мўъжизалар эмасми?! Бўстоннинг яна бир мўъжизаси шаҳар дов-дарахтларга буркангани, соя-салқин эканлигида кўзга ташланади. Бу борада шаҳарнинг ям-яшил арчазорлари алоҳида эътиборни тортади.
Маълумки, кўпчилик арчаларни парваришлаш бошқа дарахтларни ўстиришга нисбатан мураккаб иш, деб қарайди. Айниқса, қумлоқ жойларда ва теварак-атрофини қум босган, сув кам масканларда арчани парваришлаш янада оғир кечиши аниқ. Ана шунга қарамай шаҳримиз аҳолиси Бўстонни арчазорлар маконига айлантирган. Шаҳар бағрида минг тупдан ортиқ арча ўстирилмоқда. Марказий кўчалардан бирида арчазордан иборат хиёбон ташкил этилган. Унда арчалар атрофга яшиллик бағишлаб, саф тортиб турибди. Ҳокимият биноси олдидаги майдон эса арчазор ўрмонни эслатади. Баландлиги 6-7 метрдан ошадиган арчалар орасидан ўтсангиз баҳри-дилингиз очилади, саратон тафтини сезмайсиз.
Бундай арчазорлар шаҳарнинг ҳамма кўчаларида мавжуд. Санъат саройи, тарих музейи, Хотира майдони, Устозга эҳтиром майдони, Муҳаммад Юсуф номидаги касб-ҳунар коллежи атрофларидаги бу игнабаргли дарахтлар гўзал келинлардек ясанган ҳолда намоён бўлади. Ўзидан мусаффо ҳаво, кислород тарқатадиган бундай арчаларни аждодларимиз, ота-боболаримиз экишганми-йўқми, билмадик. Лекин арчаларнинг 4-5 хили Бўстон кўчаларини, хиёбон ва майдонларини, боғларини ўз уйига айлантиришган. Эндиликда бўстонлик боғбонлар арчаларнинг ноёб турларини экиб, уларни шаҳарнинг гўзаллик мулкига айлантиришмоқчи.
Одатда, ҳар бир шаҳарнинг ўзига хослигини намоён қилувчи жиҳатлари бўлади. Масалан, Самарқанд, Бухоро, Хива — тарихий обидалар, ёдгорликлар шаҳарлари, Наманган — гуллар шаҳри, Термиз — Аму бўйидаги порт шаҳар каби номлар билан машҳур. Шу маънода Бўстон замонавий ва миллий шаҳарсозликда гўзал ва кўркам ям-яшил арчазорлари, мусаффо табиати, кўкаламзор масканлари билан довруқ қозонган шаҳарга айланмоқда. Шаҳарнинг яна бир мўъжизаси ҳам ана шундадир.
Бозор ДУРДИЕВ,
халқ депутатлари Элликқалъа уман Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бундан беш йиллар аввал касбим тақозоси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалида бўлган эдим....
01 янв 1970
ЧИҚИНДИ МАСАЛАСИГАКЕЛГАНДА... БЕГОНА
01 янв 1970
Шу йилнинг 14 июнь куни эрталаб Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғининг ичида ўнга яқин кўринишидан зиёлинома аёлларнинг ўт юлиб, а...
01 янв 1970
Иссиқ жонмиз. Ўзимиз истамаган ҳолатда носоғлом яшаш тарзимиз ёки эҳтиётсизлигимиз оқибатида у ёки бу касалликни “чақириб” оламиз..&nbs...