Шармандага шаҳар кенгми? Ёхуд йўқни йўндиришга устаси фаранглар

/
Шармандага шаҳар кенгми?
Ёхуд йўқни йўндиришга устаси фаранглар
 
Ўзбекистон катта сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлигига ўтказиладиган сайловлар арафасида турибди. Сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда катта аҳамият касб этади. Шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларида сайловолди тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, партияларнинг мақсад- вазифаларини очиб бериш учун тарғибот-ташвиқот тадбирлари, митинглар ташкиллаштириб келинмоқда.
 
Хусусан, мана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 16 октябрь куни Жиззах вилояти, Жиззах шаҳрида ташкил этилди. Мазкур митингни ўтказишдан кўзланган мақсад — Ўзбекистон «Адолат” социал-демократик партиясининг жорий йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар муносабати билан «Биз коррупцияга қаршимиз” шиори остида партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларини амалга оширишда партия хайрихоҳларини бирлаштириш ҳамда партия ғояларини кенг тарғиб қилиш бўлди.
 
Ушбу митинг Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ўзбилармонлиги ёки ўзбошимчалиги билан ўтказилгани йўқ. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мезонлари асосида ташкил этилиб, митингни ташкил этишдан ўн беш кун олдин маҳаллий ҳокимият ҳамда ваколатли давлат органларига мурожаат қилиниб, тегишли рухсатнома олинди.
 
Митингда ёшлар билан бир қаторда ногиронлиги бўлган шахслар, тиббиёт ходимлари, ёши улуғ меҳнат фахрийларидан иборат саккиз мингдан ортиқ фуқароларимиз иштирок этиб, партиямиз ғоя ва мақсадларини қўллаб- қувватлашди. Табиийки, фуқароларимизнинг турли хил фавқулодда вазиятларда хавфсизлигини ва соғлигини таъминлаш мақсадида бир қатор ташкилот ва бошқармалар қатори вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига ёзма мурожаат қилиниб, тез ёрдам машиналари жалб қилинди. Тиббиёт ҳодимлари партиянинг асосий электорати ҳисобланади. Қолаверса, партиянинг 2020-2025 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш, соғ­лиқни сақлашнинг давлат секторини мустаҳкамлаш, соҳада юқори малакали хорижий мутахассислар сонини ошириш ҳамда хорижий инвестицияларни кенгайтириш, кадрлар малакасини ошириш ва тайёрлашнинг самарали тизимини шакллантириш, тиббий хизматлар экспортини ривожлантиришга кенг эътибор қаратилган.
 
Митингда тез тиббий ёрдам машиналари иштирокига тўхталадиган бўлсак, улар 25-30 дақиқа давомида тез тиббий ёрдам бўлимининг имкониятидан келиб чиқиб ажратилганлигига холисона ёндашиш лозим. Бунда, биринчи навбатда, фуқароларнинг манфаатлари устунлиги, уларнинг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган эҳтиёжи қондирилиши асосий ўринга қўйилган. Ушбу вақтда РШТЁИМ вилоят филиали тез тиббий ёрдам бўлимида захира чақирув хизмати автомашиналарининг мавжудлиги бу ҳолатда ҳеч қандай танқидга ўрин қолдирмайди.Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламдаги самарали ислоҳотлар сиз-у бизни, барча фуқароларимизни юртимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган ишларга дахлдорлик ҳисси билан, холис ёндашувимизни талаб этади.
 
Бундан ташқари, митинг доирасида Жиззах шаҳар  Шароф Рашидов шоҳ кўчасининг бир тарафида, яъни “Сўғдиёна” марказий ўйингоҳидан ёшлар форумигача бўлган масофада юриш марофони ўтказилди. Кўчанинг иккинчи тарафида автомобиллар ўз ҳаракатини давом эттириб, марафон автомашиналарнинг ҳаракатига ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Ёшлар форумида “Биз экстремизмга қаршимиз” шиори остида кўргазмалар, турли хил спорт мусобақалари, китоблар кўргазмаси ва бошқа кўнгилочар тадбирлар давом эттирилди.
 
Хуллас, “XXI asr” газетаси бундан деярли икки ой бурун (!) ўтказилган митингда тез ёрдам машиналари иштирок этганлигини дастак этиб, 12 декабрь сонида танқидий мақола эълон қилибди (Тезкорликни қаранг-а!). Газета мухбири О.Ражабов муаллифлигидаги мақола “Сайлов ҳангомалари” рукнида “Адолат”нинг адолатсиз митинги” деб номланибди. Бу, шубҳасиз, тирноқ остидан кир қидиришнинг либерелларча кўриниши. Умуман, газета мазкур чиқишида кучаниб бўлса ҳам танқид — танқид учун шиорига амал қилишга уринган. Натижада мақола зўрма-зўраки, асл ҳақиқатга зид ҳолатда ёзилган.
 
Биз ўйлаймизки, ижтимоий-сиёсий газетанинг савиясини бундай мўрт чиқишлар белгиламайди. Ёзаман деган журналист учун ҳақиқий муаммо ҳаётимизда, жамиятимизда тиқилиб ётибди. Шундай экан, асли йўқ нарсадан муаммо қидириб, гўёки уни топган ҳам бўлиб ўзимизни кулгига қолдирмайлик. Хитойликларнинг бир мақолини эслайлик: “Қоронғи хонадан қора мушукни ахтарманг, айниқса, у хонада йўқ пайтида...
 
Достон ЗОКИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мана 26 йилдирки, биз буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг давлатчилик тамойиллари асосида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қурган улуғ йўлда дадил...
01 янв 1970
Бугунги кунга келиб автомобилда йўловчи ташиш хизмати бозорида хусусий секторнинг улуши 90 фоиздан ортмоқда....
01 янв 1970
Самарқанд шаҳрида БМТ шафеълигида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича халқаро конференцияси бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишга хизмат қилмоқда. ...