Европа қитъасига Франция орқали йўл

/
Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 8-9 октябрь кунлари Франция Президенти Эммануэль Макрон таклифига кўра ушбу мамлакатга амалга оширган расмий ташрифи, шубҳасиз, тарихий аҳамиятга эга. Бу Президентимизнинг ўз лавозимига киришганидан бери Европа қитъасига илк ташрифи ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг Францияга ташрифи дастури ЮНЕСКО бош қароргоҳидан бошланди. Бу ерда мамлакатимиз Президенти ушбу нуфузли халқаро ташкилот Бош директори Одри Азуле билан учрашди.
Маълумки, ЮНЕСКО БМТнинг таълим, фан, маданият ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги ихтисослашган ташкилотларидан бири ҳисобланади. 1946 йилда ташкил топган мазкур ташкилотнинг Низомида “уруш ғоялари инсон онгида пайдо бўлади, шу боис инсон онгида тинчлик ғояларини мустаҳкамлаш лозим”, деган олижаноб сўзлар битиб қўйилган. Ташкилотнинг асосий мақсади таълим, фан, маданият ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш орқали дунёда барқарор тинчлик ўрнатилишига ҳисса қўшиш ҳисобланади.
Ўзбекистон ЮНЕСКОга 1993 йилда аъзо бўлиб кирган бўлиб, 25 йилдан буён самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, Хивадаги Ичон қалъа мажмуи (1990 й.), Бухоро шаҳрининг тарихий маркази (1993 й.), Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий маркази (2000 й.), Самарқанд шаҳрининг тарихий обидалари “Самарқанд маданиятлар чорраҳасида” номи остида (2001 й.) ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлиб, халқаро муҳофазага олинган.
Бундан ташқари, Бойсун туманининг маданий муҳити (2001 й.), Шашмақом — Марказий Осиё мумтоз мусиқаси (2003 й.), “Катта ашула” (2009 й.), “Наврўз” – халқ анъаналари (2010 й.) каби бир қатор халқ ижодий мероси намуналари ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси дурдоналари, деб эълон қилинган. Тошкент шаҳрида сақланаётган муқаддас «Усмон Қуръони» (2000 й.) ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Шарқшунослик қўлёзмалар институти кутубхонаси (2000 й.) ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» халқаро дастури рўйхатига киритилган.
Шу билан бирга, Ватанимизнинг шонли ўтмиши билан боғлиқ қатор тарихий саналар ЮНЕСКО томонидан халқаро миқёсда кенг нишонланиб келмоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнида Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги (1994 й.), Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги (1996 й.), Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллиги (1997 й.), Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги ва Аҳмад ал-Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги (1998 й.), “Алпомиш” достонининг 1000 йиллиги (1999 й.), буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 545 йиллиги (2000 й.), “Авесто”нинг 2700 йиллиги (2001 й.) Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги ва Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги (2002 й.), Абдулхолиқ ўиждувоний таваллудининг 900 йиллиги (2003 й.) Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги ва Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги (2006 й.), Марғилон шаҳрининг 2000 йиллиги ва Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги (2007 й.), Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги (2008 й.) юбилей саналари ЮНЕСКО шафелигида нишонланганлиги фикримизнинг яққол далилидир.
Мамлакатимизда таълим ва фан соҳаларида ҳам ЮНЕСКОнинг турли лойиҳа ва дастурлари амалга оширилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Одри Азуле ўртасида бўлиб ўтган самимий ва дўстона мулоқот чоғида ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга келишиб олинди. Учрашув ва мулоқотлар сўнггида 2019-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини қамраб олувчи қўшма Ҳаракатлар режаси имзоланди.
Шундан сўнг мамлакатимиз раҳбарининг Францияга ташрифи дастуридан жой олган қатор муҳим учрашув ва тадбирлар бўлиб ўтди.
Маълумки, Франция мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1992 йил 3 январда эътироф этган ва 27 йилдирки мамлакатимизнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келаётган мамлакат ҳисобланади. Буни ўзбек халқи ҳеч қачон унутмайди ва ҳамиша қадрлайди.
Таъкидлаш жоизки, мустақиллигимизнинг ўтган даври мобайнида давлатчилик институтларини шакллантириш ва ривожлантириш жараёнида бир қатор ривожланган давлатлар қатори Франциянинг илғор тажрибаси ҳам ҳар томонлама ўрганилди. Чунончи, 1991-1992 йилларда мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ишлаб чиқишда аксарият демократик мамлакатлар қатори француз конституциявий тажрибасидан ҳам кенг фойдаланилди. Ўзбекистон Республикасининг сиёсий тизими ҳамда давлатчилик институтларини шакллантириш ва ривожлантириб боришда Франциянинг 1958 йилда қабул қилинган V-Республика Конституция асосида шаклланган сиёсий тизими ва институтларининг илғор тажрибаларидан ҳам унумли фойдаланиб келинмоқда.
Мустақиллик йилларида француз инвесторлари Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб бир миллиард доллар сармоя киритди. Жумладан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Тошкент халқаро аэропортига ҳаво навигацияси радарларини ўрнатиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилди. Бироқ бизнинг иқтисодий салоҳиятимиз ва имкониятларимиз бу борадаги кўрсаткичдан анча юқоридир. Шундай экан, мазкур ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта туртки беради.
Сўнгги икки йилдан бери икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда анча жонланиш кузатилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, ўзбек ва француз ишбилармонлари, хусусан, туризм, енгил саноат, машинасозлик, атом энергетикаси каби соҳалардаги ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўзаро ҳамкорликка интилиш тенденциялари тобора кучайиб бормоқда.
Айни чоғда ўзаро муносабатлар ривожида парламентлараро ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутади. Франция парламентининг ҳар иккала палатасида ва Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатасида парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолият юритмоқда. Ўзбек ва француз парламентарийлари ўртасида ўзаро делегациялар алмашинуви, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти бўйича ҳамкорлик доимий йўлга қўйилган.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ва Франциянинг аксарият ички сиёсий ва халқаро глобал муаммоларни ҳал қилиш борасидаги позициялари ҳам бир-бирига анча монанддир. Бунинг тасдиғи сифатида бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Франция раҳбарининг сиёсий ва иқтисодий модернизация, қонун устуворлиги ва одил судловни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳокимият органлари фаолиятини халқ ва давлат манфаатларига хизмат қилишга йўналтиришга оид ислоҳотлар дастурига жуда ўхшашлигини қайд этиш мумкин. Шунингдек, икки давлатнинг халқаро сиёсий майдонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан билдираётган муносабати, можароларни тинч йўл билан ҳал этишга бўлган интилиши, мустақил ташқи сиёсат юритиши Ўзбекистон — Франция муносабатларида ўзаро муштараклик мавжудлигидан далолат беради.
Парижда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув ва музокаралар давомида Шавкат Мирзиёев Эммануэль Макронга Францияга таклифи ҳамда Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик билдириб, икки мамлакатни буюк аждодимиз Соҳибқирон Амир Темур ва Франция қироли Карл VI давридан буён ўрнатилган ўзаро ҳурмат ва савдо алоқалари боғлаб турганига алоҳида эътибор қаратди.
Франция Президенти Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли янгиланишларни қўллаб-қувватлаб, мамлакатимизнинг Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, қулай ҳамкорлик муҳитини яратишга қаратилган ташқи сиёсатига юқори баҳо берди.
Президентимизнинг ташрифи арафасида Париж шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Франция тадбиркорлари ҳаракати — “МЕДЕФ” билан биргаликда икки мамлакат тадбиркорлари ва ишбилармонлари иштирокида махсус бизнес форум ташкил этилганлиги ва унинг якунида Европанинг илғор тажрибаси, билимлари ва технологиялари асосида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим келишувларга эришилгани ушбу ташрифнинг аҳамиятини янада оширди.
Бизнес форум натижалари ўлароқ, Франциянинг “Эйрбас”, “Тоталь”, “Тоталь Эрен”, “Винчи”, “Орано”, “Веолия”, “Фивс Штейн”, “Буиг”, “Ранжис” ва бошқа кўплаб компаниялари билан ҳамкорликда умумий қиймати қарийб 5 миллиард еврони ташкил этувчи лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Франция Президенти билан бўлиб ўтган учрашувда маданият ва санъат, туризм, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, археология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев яқиндагина Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида қарори асосида Франция фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш визалари бекор қилинганини алоҳида қайд этди.
Умуман, Президентимизнинг ушбу мамлакатга ташрифи ғоят самарали ўтганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, Ўзбекистонда Страсбург университети ва Пантеон Сорбонна университети Париж академияси филиалларини очиш ҳамда ушбу филиалларда муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, туризм каби йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш ишларини йўлга қўйиш борасида муҳим келишувларга эришилди. Бундан ташқари, 2021 йилда жаҳонга машҳур Лувр музейида Ўзбекистон тарихига бағишланган махсус кўргазма ўтказиш хусусида келишув имзоланди.
Ташриф доирасида 10 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди. Мазкур ҳужжатлар асосан автомобиль транспорти, туризм, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик, техник кўмак, космосни тадқиқ этиш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, маданият ва бошқа соҳаларга оид турли битим ва шартномалардир.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз раҳбарининг Францияга ташрифи, шубҳасиз, тарихий аҳамиятга эга. Зеро, Ўзбекистондек жадал ривожланаётган, халқаро ва минтақавий масалалар бўйича ўзининг қатъий позициясига эга бўлган нуфузли мамлакат етакчисининг Европадаги энг йирик давлатлардан бирига сафари йирик сиёсий ҳодисадир. Мамлакатимиз ҳаётида жиддий ўзгаришлар юз бераётган, жамиятимизнинг турли жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар тобора чуқурлашаётган бугунги муҳим паллада ривожланган давлатлар, хусусан, Франция билан икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва юқори босқичга кўтариш Ўзбекистон учун нафақат амалий, балки стратегик аҳамият ҳам касб этади.
Ишончимиз комилки, мамлакатимиз раҳбарининг мазкур ташрифи Франциядек етакчи давлат билан турли соҳаларда ҳамкорликнинг янги саҳифасини очади. Мазкур ташриф тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилиш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий алоқаларни мустаҳкамлаш, бизнес-тузилмалар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай имкониятлар яратади. Бу эса ўзбек ва француз халқларининг туб миллий манфаатларига ҳар томонлама мос келади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси,
сиёсий фанлар доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистоннинг бугунги ташқи сиёсати ички ривожланиш вазифаларини ҳал этишнинг самарали воситаси сифатида шаклланаётганини кузатишимиз мумкин. ...
01 янв 1970
Александр Шлик дўстона қабул учун ташаккур билдирди ва партияга сайловда муваффақият тилади....
01 янв 1970
Президентимизнинг Самарқандга ташрифи чоғидаги самимий мулоқотлар вилоят фаоллари, тадбиркорлари, зиёлилари ва кенг жамоатчилик заммасига янги масъ...
01 янв 1970
Қачон давлат қудратли бўлади, қачонки, халқ фаровон бўлса, қачон халқ фаровон бўлади, қачонки, у кузатувчи эмас, ислоҳотларнинг иштирокчисига айлан...