Ўзбекистон — Франция: Ўзаро ҳамкорликнинг янги даври

/
II. ЎЗБЕК — ФРАНЦУЗ АЛОҚАЛАРИ ТАРИХИГА БИР НАЗАР
Таъкидлаш жоизки, икки мамлакат халқлари ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа соҳадаги алоқалар бугун ёки кеча бошланган эмас, балки узоқ тарихга эга. Тарихда Франция ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқалар ҳамиша мавжуд бўлган, бироқ бу мавзу ҳозиргача яхши ўрганилмаган.
Хусусан, ўрта асрларда Амир Темур Анқара яқинида 1402 йил июль ойида усмонийлар султони Йилдирим Боязид устидан ғалаба қозонгач, Амир Темурни ушбу ғалаба билан Франция қироли Шарл VI (1380-1422 йй.), Англия қироли Генрих IV (1399-1407 йй.) табриклаб, унга махсус мактублар юборганлар. Чунки Амир Темур эндигина уйғонаётган Европага улкан хавф солиб турган Усмонли турклар давлатига зарба бериб, бутун Европанинг халоскорига айланган эди.
Соҳибқироннинг Европа қироллари билан олиб борган ва бизгача етиб келган мазкур ёзишмаларида сиёсий масалалар билан бир қаторда савдо-иқтисодий алоқаларга ҳам катта эътибор қаратилган.
Хусусан, икки томонлама савдо алоқаларини йўлга қўйиш, тижоратчиларнинг ўзаро қатнови учун қулай шароитлар яратиш масалаларига алоҳида урғу берилган. Маълумки, Амир Темур давлатида савдо-иқтисодий алоқалар соҳасига катта эътибор қаратилган. Бу унинг ўз давлати ҳудудида амалга оширган тадбирлари, савдо йўлларига берган аҳамияти ва хориж ҳукмдорлари билан ёзишмаларида савдо муносабатларини йўлга қўйиш каби таклифларидан кўриниб туради.
Улуғ француз адиби Луи Арагон (1897-1982 йй.) буюк шоир, сўз мулкининг султони Алишер Навоий меросига жуда катта қизиқиш билан қараган эди. Умуман, XVII-XIX асрларда яшаб ижод қилган француз адибларининг аксарияти Марказий Осиё ва Шарқ мутафаккирлари ижодидан баҳраманд бўлган ҳолда ўз асарларини яратишган. Масалан, улуғ француз мутафаккири, файласуфи, адиби Вольтер (1694-1778 йй.) ўз асарларида Шарқ мамлакатлари мавзусига алоҳида эътибор қаратган. Чунончи, у ўзининг машҳур “Зоир ёки тақдир” асарини Шарқ, хусусан, Марказий Осиё адиблари ижодидан илҳомланган ҳолда ёзганлиги бизга яхши маълум. Улуғ адиб ва жамоат арбоби Виктор Гюго (1802-1885 йй.) эса Шарқдан илҳомланиб, ўзининг “Шарқ тароналари” асарини яратди. Қизиғи шундаки, В.Гюго бир қатор асарларида Амир Темур шахсига тез-тез мурожаат қилиб турган.
Ғарб шарқшунослигида Туркистонни ўрганиш бўйича француз ориенталистлари биринчилар қаторида бўлганлар. XIX асрнинг иккинчи ярмида француззабон сайёҳлар ва тадқиқотчилар Бонвало, д`Орлеан, Блоше, Кастанье, Крафф, Круазье, Капью, Мозер ва бошқалар Ўрта Осиёни кезиб, турли мавзуларда тарихий китоблар нашр эттирганлар.
Ўзбекларда “устаси фаранг” ибораси мавжуд бўлиб, у тор маънода француз, яъни франциялик фуқарони англатса, кенг маънода барча европаликларга нисбатан ишлатилган. Демак, ўзбеклар французларни уддабурон ва тадбиркор, ҳар соҳада моҳир ишбилармон, ҳунарманд деб билганлар. Бизнинг назаримизда, бу ибора сўнгги ўрта асрлар ва янги даврда пайдо бўлган. Ўзбек тилидаги “совун” сўзининг келиб чиқиши француз тили билан боғлиқ. Чунки француз тилидаги “савоннэ” сўзи совунлаш, тозалаш, кир ювиш маъносини англатади. Фаранги рўмол ўзбек аёллари ўртасида жуда машҳур бўлган.
Халқимизда “Кемага тушганнинг жони бир” ибораси тез-тез ишлатилади. Атоқли француз ёзувчиси Антуан Сент-Экзюперининг “Биз барча инсонлар бир кеманинг, яъни она Ер сайёрасининг йўловчиларимиз” ибораси машҳур бўлиб кетган. Демак, ўзбеклар ва французларнинг дунёқарашлари бир-бирларига жуда ўхшаш. Астрахан, қоракўл, палов, атлас ва бир қанча ўзбек сўзлари француз тилида ҳам аслиятдагидек айтилади.
Француз тилидан ўзбек тилига ўтган сўзлар: капитализм, социализм, конструктор, архитектор, шофёр, кондуктор, директор ва ҳ.к. Ўз навбатида, ўзбек тилидаги баъзи номлар, сўзлар турли тиллар орқали ўтиб, француз халқининг ҳам сўз бойлигига айланган. Улар ичида медицина (мадади Сино), алгоритм (ал-Хоразмий), астролобия (устурлоб), дервиш (дарвиш), таба (тамаки), минарет (минора) ва бошқа сўзларни мисол келтириш мумкин. Бундан ташқари, Париж шаҳридаги энг катта шифо маскани “Авиценна ҳопитал”, яъни Ибн Сино номли касалхона деб юритилади.
1876 йилда француз ҳукумати томонидан Ўрта Осиёни ўрганиш учун Шарль Эжен де Уйфальви де Мезо Ковезд раҳбарлигида махсус илмий экспедиция жўнатилади, 1887 йилда иккинчи марта шундай экспедиция ташкил этилади. Уйфальви бошчилигидаги экспедиция натижалари француз жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотади. “Француз илмий экспедицияси Россия, Сибирь ва Туркистонда” номли 6 жилддан иборат китоб 1878-1880 йиллар давомида нашр этилди. 1917-1991 йиллари Марказий Осиё, шу жумладан, Ўзбекистонни французлар томонидан ўрганиш, уни тадқиқ этиш мураккаблашди. ўарбда Ўзбекистон тўғрисида нашр этилган тарихий, фалсафий, ижтимоий-сиёсий, иқтисод тўғрисидаги китоблар Шўролар тузуми томонидан тақиқлаб қўйилди.

III. ЎЗБЕКИСТОН — ФРАНЦИЯ: МУШТАРАК ЙЎЛЛАР
Маълумки, Франция мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1992 йил 3 январда эътироф этган ва мана, 27 йилдирки, мамлакатимизнинг суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келаётган мамлакат ҳисобланади. Буни ўзбек халқи ҳеч қачон унутмайди ва ҳамиша қадрлайди.
Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 1 мартда ўрнатилган бўлиб, 1992 йилдан июндан бошлаб Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, 1995 йил март ойидан бошлаб эса Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси фаолият олиб бормоқда.
Ўзбек — француз муносабатларига 1993 йил октябрда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Францияга давлат ташрифи мобайнида асос солинган. Шундан кейинги бир қатор олий даражадаги икки томонлама расмий ташриф ва учрашувлар давомида ўзаро муносабатларнинг муҳим ҳуқуқий базаси яратилди. 1996 йил апрель ойида Ўзбекистон ва Франция Республикалари Президентлари И.Каримов ва Ж.Ширак Париж шаҳрида Темурийлар даври тарихига бағишланган халқаро кўргазманинг очилиш маросимида нутқ сўзлаб, 1402 йилда Амир Темур ва Франция қироли Шарл VI ўртасидаги тарихий алоқаларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Франциянинг дунёдаги ўрни ва роли юқори баҳоланади. Икки мамлакат ўртасида кўплаб соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ушбу ҳамкорлик тенг шерикчилик тамойилига асосланган ҳолда олиб борилмоқда.
Ҳозирги кунда икки давлат ўртасида айниқса, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий, илмий-гуманитар соҳаларда кенг ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, бундан иккала давлат ҳам ўзаро манфаатдордир. Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сўнгги икки йилдан бери бирмунча ошди. Шу пайтга қадар “Эйрбус”, “Текнип”, “Обертюр”, “Талес”, “Сериннов”, “Комау Франс” каби ўнлаб француз компаниялари Ўзбекистонда турли савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқдалар. Икки томонлама муносабатлар нафақат савдо-иқтисодий соҳада, балки сиёсий, маданий, илмий-маърифий ва бошқа кўплаб соҳаларда динамик равишда ривожланиб бормоқда. Биргина туризм соҳасини олайлик: французлар дунёда энг кўп саёҳат қиладиган миллат бўлиб, Ўзбекистонга ҳам энг кўп турист айнан шу мамлакатдан ташриф буюрмоқда.
Франциянинг дунёга машҳур “Эйрбус” компанияси энг йирик самолёт ишлаб чиқарувчи корхона бўлиб, ҳозирда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий компанияси паркида 30 га яқин А310 ва А320 “Эйрбус” самолётларидан фойдаланилмоқда.
Мамлакатимиз пойтахтида “Альянс францез” француз маркази самарали фаолият олиб бормоқда. Ушбу марказ бир вақтнинг ўзида ҳам Франция ҳақида маълумотлар сақланадиган жой, француз тилини ўргатиш маркази ҳамда илмий-маданий учрашув ва алмашинув марказидир. Францияда ўқиш учун тайёрланмоқчи бўлган ёки француз тилини ўрганмоқчи бўлган юртдошларимиз ушбу марказ имкониятларидан унумли фойдаланмоқдалар.
Ҳозирги кунда икки мамлакат олимлари томонидан ўзаро муносабатларнинг у ёки бу жиҳатларини ўрганишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, французлар томонидан қайта кашф этилди десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Кўплаб француз тадқиқотчилари мамлакатимиз тўғрисида илмий изланишлар олиб бордилар ва бормоқдалар. Бу борада О.Руа, К.Пужоль, М.Р.Жалили, Т.Кельнер, Ж.Барра, К.Ферро, Ш.Ванг тадқиқотларини мисол келтириш мумкин. Масалан, О.Руа 1997 йилда “Янги Марказий Осиё ёки миллатларнинг шаклланиши” асарини, Ж.Барра, К.Ферро, Ш.Ванг 2010 йилда “Ўзбекистон геосиёсати” номли асарларини Парижда нашр эттирдилар.
Ўз навбатида, мустақил Ўзбекистонда ҳам Франция, унинг бой тарихи, маданияти, санъати, илм-фани, сиёсати, иқтисодини ўрганишга нисбатан қизиқиш ортиб борди. Ҳозирги кунда юртимизда 35 000 дан ортиқ ўқитувчи ва мураббийлар ярим миллиондан кўпроқ ўқувчи ва талабаларга француз тилидан сабоқ беришади. Франция тарихи жаҳон ҳалқлари тарихининг узвий қисми сифатида умумтаълим мактабларининг 6-синфидан то 11-синфигача ўқитилади. Олий ўқув юртларининг тарих факультетларида ўтиладиган ўрта асрлар, янги тарих, энг янги тарих курслари ичида Франция тарихи учун энг кўп соатлар ажратилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети ва республикамизнинг бошқа бир қатор илмий-ўқув даргоҳларида Франция тарихи ва маданиятини ўрганишга эътибор жуда юқори.
Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, таниқли дипломат, Ўзбекистоннинг Франциядаги биринчи элчиси Акмал Саидов қаламига тегишли ўнлаб китоблар Франция Конституцияси, қонунчилиги, тарихи, маданияти, адабиётига бағишланган. Унинг машҳур франциялик темуршунос олим Люсьен Керен билан бирга ёзган “Амир Темур ва Франция” китоби ўзининг ҳажми, мазмуни жиҳатдан фундаментал асар ҳисобланади. Мазкур асар 2016 йилда қайта нашр этилди ва ўзбек ҳамда француз жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти катта илмий ходими, тарихчи олим Шуҳрат Эргашевнинг 2013 йилда нашр этилган “Уч буюк француз (Ришелье, Наполеон, Ш. де Голль)” монографияси илмий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди ва бир неча бор қайта-қайта нашр этилди. Шу билан бирга, Ш.Эргашев француз давлат арбобларидан Жорж Клемансо, Робер Шуман, Франсуа Миттеран ва Жак Ширакларнинг сиёсий портретларини яратиб, ўзбек китобхонларига тақдим этди.
ЖИДУ профессори, тарих фанлари доктори Раҳмон Фармоновнинг деярли барча тадқиқотлари Франция давлатчилиги тарихига бағишланган. 1974 йилда у “1851 йил 2 декабрдаги давлат тўнтаришининг француз публицистикасидаги инъикоси” мавзуида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган бўлса, 1992 йилда ҳимоя қилинган докторлик диссертацияси “1848 йил инқилоби ва Франция сиёсий тизими эволюцияси” деб номланган эди. Ушбу мавзуга бағишлаб 1992 йил охирида Р.Фармонов “Иккинчи Республика даврида (1848-1851 йй.) Францияда ижтимоий-сиёсий ғоялар ривожи” монографиясини Москвада нашр эттирди.
1999 йилда Р.Фармонов “Сиёсий тизимлар ва кўппартиявийлик” рисоласини чоп этишга раҳбарлик қилди. Рисоланинг каттагина қисми Франция сиёсий тизимига бағишланган. 2017 йилда эса у олима М.Фармонова билан “Амир Темур кўрагон ва император Наполеон” номли монографияни чоп этди. Монография икки буюк тарихий шахснинг ҳаёт йўли ва фаолиятлари қиёсига бағишланган бўлиб, унда икки саркарданинг бунёдкорлиги, яратувчанлиги, сиёсий, ҳуқуқий, диний ва тарихий қарашларидаги ўзаро муштараклик жиҳатлари қаламга олинган. Амир Темур ва Наполеон Бонапарт бунёдкор шахслар сифатида ўзларидан жуда кўп иншоотларни, боғ-роғларни мерос қолдирганлар. Шу билан бирга, давлатчилик соҳасида, мамлакатни адолатли идора қилишда “Тузуклар”, “Кодекслар”, “Конституциялар” ва кўплаб ўгитларни ёзма тарзда қолдирганликлари маълум. Уларнинг давлат аҳамиятидаги раҳбарларни, шу жумладан, вазирларни, ҳокимларни, ҳарбийларни замонавий тил билан айтганда, кадрларни танлаш ва уларни ўз жойларига қўйиш тўғрисидаги таълимотлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.
Мамлакатимизда Франциянинг бой давлатчилик анъаналарини ўрганишга ҳам муҳим эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбек тадқиқотчилари ушбу давлатнинг демократик тараққиёт йўлидаги илғор тажрибаларини ўрганишга астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Чунончи, 1991-1992 йилларда мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ишлаб чиқишда бир қатор ривожланган демократик мамлакатлар қатори французлар конституциявий тажрибасидан ҳам кенг фойдаланилди. Ўзбекистон Республикасининг сиёсий тизими ҳамда давлатчилик институтларини шакллантириш ва ривожлантириб боришда Франциянинг V Республика (1958 йилдан то ҳозирги кунгача) тизими ва институтлари тараққиётининг ютуқларидан ҳам унумли фойдаланиб келинмоқда.
Шу ўринда Ўзбекистон ва Франция Республикалари ўртасида, хусусан, олий ҳокимият органлари таркибий-функционал тузилишида бир қатор ўхшаш омиллар мавжудлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунончи, ҳар иккала мамлакат ҳам буюк тамаддун ва бой тарихий ўтмишга эга бўлиб, замонавий тараққиётда дунёвий давлатчилик йўлини танлаб олишган. Бундан ташқари, ҳар иккала мамлакат ҳам ўз маъмурий-ҳудудий бўлинишига кўра унитар давлатлар бўлиб, аҳолисининг миллий-этник таркиби бўйича кўпмиллатли ва кўпконфессияли жамиятлар ҳисобланишади. Ҳар иккала мамлакат ҳудудида ягона, марказлашган суд-ҳуқуқ тизими амал қилади. Шунингдек, республика Президенти, парламент ва унинг палаталари, Бош вазир, Ҳукумат ва бошқа бир қатор сиёсий институтларнинг шаклланиш тартиби, таркибий тузилиши ҳамда функционал вазифалари тақсимотида ҳам ўзаро ўхшаш омиллар мавжудлигини кўришимиз мумкин. Бу эса ҳар иккала жамиятда кечаётган демократик жараёнларнинг ривожланиш тенденцияларида ўзаро уйғунлик мавжудлигидан далолат беради.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ва Франциянинг аксарият халқаро глобал муаммоларни ҳал қилиш борасидаги позициялари ҳам бир-бирига анча монанддир. Бунинг тасдиғи сифатида икки давлатнинг халқаро сиёсий майдонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан билдираётган муносабати, можароларни тинч йўл билан ҳал этишга бўлган интилиш, мустақил ташқи сиёсат юритиш кабиларни қайд этиш мумкин. Бу эса Ўзбекистон — Франция муносабатларида ўзаро муштараклик мавжудлиги ҳамда икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончнинг тобора ортиб бораётганлигидан далолат беради.
Шу билан бирга, келгусида ўзбек ва француз олимлари, хусусан, тарихчиларининг ўзаро ҳамкорлик қиладиган соҳалари анча кўплигини алоҳида таъкидлаш лозим. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Шарль де Голль томонидан ташкил этилган Қаршилик (Ла Резистанс) ҳаракатидаги ўзбекистонликларнинг иштироки ва фашизмга қарши қаҳрамонона кураши ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Ёки тақдир тақозоси билан 1917 йилги большевикларнинг давлат тўнтаришидан сўнг Францияга кўчиб кетиб, у ерда умргузаронлик қилишга мажбур бўлган Исломбек Худоёрхон каби ватандошларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳам ҳали тадқиқ этилмаган, “теша тегмаган” мавзулардан бири ҳисобланади.
Мухтасар айтганда, мустақил Ўзбекистон Франциядек давлат билан тенг манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга катта аҳамият қаратган бўлиб, бу ўзбек халқининг туб миллий манфаатларига ҳар томонлама мос келади.
 
IV. ЕВРОПА ҚИТЪАСИГА ФРАНЦИЯ ОРҚАЛИ ТАШРИФ
Айни кунларда мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Франция Президенти Эммануэл Макрон таклифига кўра ушбу мамлакатга амалга оширадиган тарихий ташрифига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бу Президентимизнинг ўз лавозимига киришганидан бери Европа қитъасига биринчи ташрифи ҳисобланади.
Режалаштирилган ташриф давомида иккала мамлакат етакчилари ўртасида яккама-якка ва кенгайтирилган учрашувлар бўлиб ўтиши, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа соҳаларда қатор битим ва шартномаларнинг имзоланиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги икки йилдан бери икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда анча жонланиш кузатилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, ўзбек ва француз ишбилармонлари, хусусан, туризм, енгил саноат, машинасозлик, атом энергетикаси каби соҳалардаги ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўзаро ҳамкорликка интилиш тенденциялари тобора кучайиб бормоқда.
Икки томонлама ҳукумат комиссиялари ҳам ишлаб турибди. Олимлар, педагоглар, маданият ва санъат вакиллари ўртасидаги амалий ҳамкорлик тобора кучайиб бормоқда. Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошида Француз тили ва маданияти марказини ташкил қилиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирда Ўзбекистондаги турли олий ўқув юртларида француз тили кафедраларини очиш, француз тилини ўқитишга ихтисослашган мактаблар ва ажратилган соатларнинг сонини кўпайтириш, ўқув материалларини ишлаб чиқиш ва нашр этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, Франция университетларидан бирининг филиалини очиш, ўзаро ўқитувчилар ва талабалар алмашиш, туризмни, парламент ва халқ дипломатиясини ривожлантириш ишлари ҳам режалаштирилмоқда.
Франция Ўзбекистон Республикасининг Европа Иттифоқидаги энг муҳим шерикларидан бири ҳисобланади. 2017 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 251,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бироқ бу кўрсаткич ҳали мавжуд имкониятлардан анча паст бўлиб, бу борада, айниқса, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни, хусусан, мева-сабзавотларни ва тўқимачилик товарларини Европа Иттифоқига, хусусан, Францияга экспорт қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, бунинг учун мамлакатимиздаги тегишли стандартларни давр талабларига мослаштириш истиқболдаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Президентимизнинг тез кунларда Францияга амалга оширадиган ташрифи, шубҳасиз, тарихий аҳамиятга эга, зеро, Ўзбекистондек жадал ривожланаётган, аксарият халқаро ва минтақавий масалалар бўйича ўзининг қатъий позициясига эга бўлган нуфузли мамлакат етакчисининг Европадаги энг йирик давлатлардан бирига сафари муҳим сиёсий ҳодисадир. Мамлакатимиз ҳаётида жиддий ўзгаришлар юз бераётган, жамиятимизнинг турли жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар тобора чуқурлашаётган ҳозирги муҳим паллада ривожланган давлатлар билан икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва юқори босқичга кўтариш нафақат амалий, балки стратегик аҳамият касб этади.
Мазкур ташрифнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, у бир томондан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилиш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, алоқаларни мустаҳкамлаш, бизнес-тузилмалар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай имкониятлар яратса, иккинчи томондан, мазкур ташриф орқали Франция, қолаверса, бутун Европа жамоатчилиги мамлакатимизда юз бераётган кенг кўламли ўзгаришларнинг натижалари билан танишиш имкониятига эга бўладилар.
Ҳозир Ўзбекистонда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг дунёқараши мисли кўрилмаган даражада ўзгармоқда, эртанги кунга бўлган ишончи тобора мустаҳамланиб бормоқда. Энг муҳими, ушбу жараёнлар дунёда юз бераётган умумбашарий тенденциялар билан ҳамоҳанг тарзда кечмоқда. Мамлакатимизда тинчлик, тотувлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган фаол ташқи сиёсий фаолият юртдошларимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Халқимиз Франциядек нуфузли давлат билан ўзаро тенг манфаатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўзбек — француз дўстлигининг келажакда янада мустаҳкамланишига астойдил ишонади.
Айниқса, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқариш қўшма корхоналарини барпо этиш; Ўзбекистонда тобора ривожланиб бораётган туризм соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантириш; Ўзбекистоннинг бой тарихий-илмий меросини ўрганиш бўйича икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ана шундай истиқболли йўналишлар қаторига киради. Келажакда ана шу каби имкониятлардан унумли фойдаланиш ўзаро алоқаларимиз янада кенгайишига ва икки давлат халқларини бир-бирига тобора яқинлаштиришга хизмат қилиши шубҳасиздир.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, сиёсий фанлар доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокуратура ходимлари ҳамда...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ҳаётбахш вазифалар жамоатчилигимизнинг эътиборини тортмоқ...
01 янв 1970
Баҳодир ака Устабоев қарийб ўн йилдан бери Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси. ...
01 янв 1970
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ташқи дунё билан нафақат сиёсий, балки савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга, ўзаро манфаатли муноса...