Афғон халқи ўз йўлини ўзи белгилаши керак

/
Мана, қирқ йилдирки, Афғонистонда қуролли тўқнашувлар, уруш ҳаракатлари тўхтамайди. Бу йиллар ичида қанча одам қурбон бўлгани, қанчаси уй-жойидан, оиласидан ажрагани, мамлакат иқтисодиёти, маданият, тиббиёт ва маориф қанча зарар кўрганини аниқ ҳисоблаш қийин. Урушни жафокаш афғон халқи келтириб чиқаргани йўқ, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўзлари билан айтганда, бу уруш афғон халқининг танлови эмас эди. Уни дунёнинг бу муҳим стратегик нуқтасида ўз манфаатларини кўзлаган ташқи кучлар ташкил этишди.
Ўзбекистон узоқ йиллардан бери афғон халқига беғараз ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бу ерда тинчлик, тотувликка эришиш борасидаги мамлакатимизнинг саъй-ҳаракатлари, жаҳон ҳамжамияти эътиборига тушган таклифлари Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси иштирокчиларига яхши маълум. Ўзбекистон раҳбарияти можароларни қурол кучи билан эмас, манфаатдор томонлар ўртасида олиб бориладиган музокаралар йўли билан, бир-бирларини тинглаш ва тушуниш орқали ҳал этишдан бошқа йўл йўқлигини расман кўп бор такрорлаб келмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшнилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш орқали минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим устувор йўналиши сифатида белгилади. Бугун дунё ҳамжамияти ушбу сиёсатнинг амалий натижаларини кўриб турибди: азалдан томирлари бир, қондош ва қардош халқлар ўртасидаги дўстлик, иқтисодий ва маданий алоқалар тиклангани, ўртадаги сунъий ғовлар олиб ташлангани бутун минтақада янги умидбахш вазиятни, ўзаро ишонч муҳитини кучайтирди. Президентимиз 2017 йилнинг сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсати асосларини батафсил баён қилди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуидаги конференцияда давлатимиз раҳбари Марказий Осиё, жумладан, Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро миқёсдаги қўшма саъй-ҳаракатларнинг кенг қамровли дастурини таклиф этди. Шу боис, ушбу конференцияни Тошкентда кенг қамровда ўтказиш, Афғонистонда тинчлик ва тотувликка эришиш йўлидаги барча соғлом ҳаракатларни бирлаштиришга доир махсус декларация қабул қилиш таклифи бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Евроосиёнинг «юраги»да жойлашган Марказий Осиё Европа ва Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғловчи кўприкдир». Ушбу минтақа стратегик жиҳатдан ғоят муҳим бўлиб, табиий ресурсларга бой. Бу ерда қудратли давлатларнинг сиёсий ва иқтисодий манфаатлари ўзаро тўқнаш келади, улар ўзлари учун самарали шароитларга эга бўлишни хоҳлайди. Аммо бу хоҳишда афғон халқининг ҳаёти, мамлакат тақдири ҳамиша ҳам ҳисобга олинмаяпди.
Конференцияда умумий саъй-ҳаракатлар билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантириш йўллари муҳокама қилинди. Негаки, Афғонистон тинчлиги Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва тараққиётининг кафолатидир. Президентимиз Самарқанддаги халқаро анжуманда таъкидлаганидек, хавфсизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники» деб ажратишдан воз кечиш, «ялпи хавфсизлик» тамойилига амалда риоя қилиш зарурлигини тушуниб етиш пайти келди. Тинч-тотув Афғонистон Марказий Осиё давлатларининг Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига чиқиш йўлини таъминлаши, Ҳиндистон, Эрон ва Покистонни Европа ва Яқин Шарқ бозорлари билан боғлаши мумкин. Шунинг ўзиёқ афғон диёрида тинчликка эришишнинг ғоят муҳимлигини, бу ишни бундан буён ўз ҳолига ташлаб қўйиш мумкин эмаслигини кўрсатиб турибди. Бу можарога янги-янги кучларнинг қўшилиши, жалб этилиши унинг мислсиз даражада кескинлашиб кетишига олиб келди. Ушбу можаро нафақат Афғонистоннинг муаммоси, балки тобора мураккаблашиб бораётган халқаро муаммога айланганидан кўз юмиб бўлмайди. Афғонистонда халқаро террорчи гуруҳлар сонининг кенгайиши, наркобизнеснинг кенг томир отиши бундан ҳам даҳшатли вазиятни келтириб чиқариши мумкин.
Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси Шарқ мамлакатларида қадимий Наврўз байрами нишонланаётган қутлуғ кунларда бўлиб ўтгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбарининг нутқида таъкидланганидек, азал-азалдан бу кунларда уруш-жанжаллар тўхтатилган, одамлар эски гина-кудуратларни унутиб, бир-бирини кечирган ва ҳатто энг мураккаб, ҳал этиб бўлмайдигандек туюлган масалалар бўйича ҳам келишиб, ҳамжиҳатликка эришилган.
Ўзбекистоннинг ушбу халқаро конференцияни ўтказиш таклифи замирида қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, бир умр Амударёнинг икки қирғоғида ҳамжиҳатлик билан яшаб келган халқларни бир-бирига янада яқинлаштириш, одамларнинг эркин ҳаракат қилишига, савдо алоқаларини ривожлантиришга, илм-фан соҳасидаги ютуқлар билан ўртоқлашишга шароит яратиш, халқаро террористик ташкилотлар Афғонистонни ўзининг доимий маконига айлантириб олишига йўл қўймаслик мақсади ётади. “Аммо тинчлик сари ҳаракатнинг энг асосий шарти, бизнингча, аввало, минтақа ва глобал даражада келишилган, Афғонистон учун ягона кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборатдир,—деб таъкидлади давлатимиз раҳбари. — Шундан келиб чиққан ҳолда, бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизнинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат бўлиши лозим: биринчи – афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойилларини ишлаб чиқиш ва улар бўйича кенг ва қатъий халқаро консенсус – муросага эришиш; иккинчи – Афғонистон ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасида музокараларни бошлаш механизмини ишлаб чиқиш; учинчи – Афғонистонда миллий келишув жараёнига халқаро ҳамжамият томонидан кўмак бериш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш. Ва ниҳоят, барча манфаатдор ташқи кучларнинг қуролли мухолифатдан Афғонистон ҳукумати билан музокаралар столига ўтиришини, қарама-қаршилик ва зўравонликка чек қўйишни қатъий ва бир овоздан талаб қилиши беқиёс аҳамият касб этади. Бундан бошқа йўл йўқ. Бизнинг фикримизча, бугунги учрашувимизнинг бош ғояси шундан иборат”.
Маърузада Ўзбекистон томонларга мақбул вақт ва шароитда Афғонистон ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ташкил этиш учун барча шароитларни яратиб беришга тайёр эканлиги айтилди. Бунинг муҳимлиги шундаки, мухолифат тинч музокараларда иштирок этадиган ва миллий келишувга эришилган тақдирдагина Афғонистоннинг сиёсий ҳаётига мухолифатнинг интеграциялашуви учун барча шароитларни яратиш зарур бўлади. Қуролли мухолифат вакиллари, жумладан, толиблар ҳам афғон жамиятининг бир қисми ва Афғонистон фуқаролари сифатида ўз мамлакати келажагини белгилаш учун овоз бериш ҳуқуқига эга. Сиёсий кузатувчилар Ўзбекистон раҳбарининг ушбу таклифи ғоят чуқур мазмунга эгалигини таъкидлашмоқдалар.
Афғонистон Ўзбекистоннинг дўст ва ҳамкор қўшнисидир. Биз афғон халқи ўз тақдири, ўз келажагини ўзи белгилаши тарафдоримиз. Халқаро конференцияда қабул қилинган ҳамжиҳатлик декларацияси Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз.
Абдукамол РАХМОНОВ,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган бу галги Мурожаатномаси ҳам туман Кенгаши депутати, ҳам аёл, она сифатида мени жуда тўлқинла...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг Францияга ташрифи дастури ЮНЕСКО бош қароргоҳидан бошланди....
01 янв 1970
Маълумки, азалдан тили, эътиқоди, турмуш тарзи яқин халқлар бир-бирига интилиб келган. Ахир, якка отнинг чанги чиқмас ҳикмати ҳам бежиз айтилмаган....
01 янв 1970
Бугунги кунга келиб автомобилда йўловчи ташиш хизмати бозорида хусусий секторнинг улуши 90 фоиздан ортмоқда....