Ҳаракатлар стратегияси – дастлабки сарҳисоб, янги босқич ва янги вазифалар

/
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтган муҳокамалар натижасида қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунга келиб ўзининг ижобий натижаларини бериши баробарида давлат ва жамият ривожланиши истиқболини стратегик режалаштириш тизимида сифат жиҳатдан янги ёндашувларни бошлаб берди.
Давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши билан дастлабки сарҳисоблар эълон қилинди. Унга кўра, давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларни самарали амалга ошириш йўлида чинакам жипслашгани таъкидланди.
Айтиш жоиз, ўтган қисқа давр мобайнида Ҳаракатлар стратегиясини амалиётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва уларнинг натижалари Президентимиз фармойишида ўз аксини топди.
Хусусан, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга қаратилган 15 та қонун ва 700 дан ортиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, 16 та вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг тузилмаси, вазифа ва функциялари қайта кўриб чиқилди, 20 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар қайта ташкил этилди, 2,7 минг километрдан ортиқ автомобиль йўллари қурилди ва таъмирланди, 84 300 та янги иш ўрни яратилди. Давлат дастури амалга оширилишининг бориши ҳақида аҳоли, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро жамоатчиликни кенг хабардор қилиш ишлари тизимли ташкил этилди.
Шунингдек, фармойишга мувофиқ Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш натижалари ҳақида аҳоли ва жамоатчиликни кенг хабардор қилиш, шунингдек, 2017 йилда мамлакатни ривожлантириш якунларини сарҳисоб қилиш ва 2018 йилда навбатдаги ислоҳотларни режалаштириш юзасидан чора-тадбирларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар билан ҳамкорликда “Тараққиёт стратегияси” маркази 2017 йилнинг август-сентябрь ойлари давомида фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, илмий доира вакиллари ва хорижий мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда учрашувлар, давра суҳбатлари, сўровлар, экспертлар ва жамоатчилик муҳокамалари ўтказиш орқали Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш якунларининг тизимли таҳлил қилиши белгиланди.
Бундан ташқари, 2017 йилнинг 1 декабрига қадар “Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастурининг ижроси” ахборот-таҳлилий шарҳини нашр этиш ва кенг жамоатчиликка тарқатиш йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, “Тараққиёт стратегияси” марказига жорий йилнинг 10 ноябрига қадар Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга ошириш бўйича ишлаб чиқиладиган Давлат дастури лойиҳасига киритиш учун долзарб таклифларни тайёрлаш, йиғиш ва умумлаштириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлик қиладиган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияга кўриб чиқиш учун киритишни таъминлаш топширилди.
Фармойишда белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳозирда жойларда жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича сўровлар ўтказишни бошлаб юборди. Фуқаролар махсус ишлаб чиқилган анкета ёрдамида 2017 йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар, соҳаларда рўй берган ўзгаришларга баҳо бермоқдалар ҳамда аҳолининг 2018 йил учун таклифлари, қийнаётган муаммолари ўрганилмоқда. Шунингдек, юртдошларимизга янада қулайлик яратиш мақсадида марказнинг расмий веб-сайтида янги саҳифа очилди ва таклиф, мурожаатлар қабул қилинмоқда. Бунда ижтимоий тармоқлардан ҳам унумли фойдаланилмоқда.
Мазкур ишларни амалга оширишда, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажаришда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан ҳам ижобий натижаларга эришилаётгани аҳамиятлидир. Айниқса, жойлардаги оддий фуқароларимизни қийнаётган масалаларни ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда тегишли вазирлик ва идораларни жалб қилиш орқали муаммолар шу жойнинг ўзида ечимини топмоқда.
Юқоридаги фикрларга қўшимча сифатида “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўртасида Ҳаракатлар стратегияси доирасида янада яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида имзоланган меморандумни келтириш мумкин. Қувонарлиси, ушбу ҳужжат бугунги кунда ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Мисол учун, бугунги кунда Ўзбекистон “Адолат” СДП билан ҳамкорликда ёшларнинг сиёсий тафаккури ва баҳс маданиятини ошириш, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида ўтказиладиган муҳокамалар ва қонун қабул қилиш жараёнларида ҳамда партиялар ўртасида бўладиган мажлис ва тортишувларда йигит-қизларнинг бевосита иштирокини таъминлаш, уларнинг таклифларини ўрганиш ҳамда депутатлар билан мулоқот ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Парламент Модели лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳада иштирок этиш ниятидаги 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган иқтидорли ёшлар шу йилнинг 10 сентябрига қадар yp.strategy.uz сайти орқали ариза топширишлари мумкин.
Мухтасар айтганда, энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги шукуҳи кезиб юрган айни бир вақтда Ҳаракатлар стратегияси халқимиз хоҳиш иродасини, бугуни ва эртасини белгилаб берувчи қомусий ҳужжат сифатида ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришларда ўз ифодасини топмоқда.
Акмал БУРХАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишга хизмат қилмоқда. ...
01 янв 1970
Ўзбекистоннинг бугунги ташқи сиёсати ички ривожланиш вазифаларини ҳал этишнинг самарали воситаси сифатида шаклланаётганини кузатишимиз мумкин. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши “Ёш адолатчилар” қанотининг бир гуруҳ фаоллари Олий ...
01 янв 1970
Қачон давлат қудратли бўлади, қачонки, халқ фаровон бўлса, қачон халқ фаровон бўлади, қачонки, у кузатувчи эмас, ислоҳотларнинг иштирокчисига айлан...