“Таълим тўғрисида”ги қонун: янги таҳрирдаги лойиҳа ишлаб чиқилди

/
Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш белгиланган. Мутасадди вазирлик ва идоралар мутахассислари ва экспертларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси айни кунларда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан “Тараққиёт стратегияси” марказида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари, “Тараққиёт стратегияси”, Республика маънавият ва маърифат марказлари ҳамкорлигида ўтказилган “Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш истиқболлари” мавзусидаги давра суҳбатида ҳам ушбу қонун лойиҳаси илмий жамоатчилик билан кенг муҳокама этилди.
Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров маъруза қилди.
— Ривожланган давлатлар тажрибасига эътибор қаратсак, тараққиётга эришиш учун ислоҳотлар, аввало, таълим соҳасидан бошланганига гувоҳ бўламиз, — деди Н.Умаров. — Чунки ёш авлод таълим-тарбиясига устувор вазифа сифатида қараган ҳар қандай мамлакат, шубҳасиз, келажак пойдевори мустаҳкамлигига эришади.
Мамлакатимизда ҳам истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозалари даражасида замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, уларнинг қобилият ва истеъдодини, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат ва фидойилик туйғуларини юксалтириш борасида улкан ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Конституциямизда белгиланган нормалар, “Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган норматив ҳужжатлар бу борада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор сифатида хизмат қилмоқда.
Аммо бугун шиддат билан ўзгараётган замон, жаҳон бозоридаги кескин рақобат ва юқори малакали кадрларга бўлган талабнинг ортиб бораётгани ушбу соҳани ҳам ислоҳ қилиб боришни тақозо этмоқда.
Тараққиётнинг навбатдаги босқичига қадам қўйган мамлакатимизда ҳам ўтган икки йилда жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган янгиланишларнинг мазмунига мос равишда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан яхшилаш, энг илғор хорижий тажрибани ўрганиш, ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилиб, тизимни малакали кадрлар билан таъминлаш, давлат ва хусусий шериклик асосида яқин истиқболда мамлакатимизда боғча ёшидаги болаларни тўлиқ мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Кенг жамоатчилик ва ота-оналарнинг фикр-таклифлари асосида юртимизда 11 йиллик мажбурий мактаб таълими қайта жорий этилди, кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими ҳам манзилли ва мақсадли равишда ислоҳ қилинмоқда. Олий таълим муассасаларига қабул квоталари кўпайтирилди, хориждаги нуфузли олий таълим муассасалари дипломларини нострификациялаш тизими соддалаштирилди, талаб юқори бўлган қатор соҳалар бўйича сиртқи таълим йўлга қўйилди, давлат тест синовлари тизими такомиллаштирилди.
Шу билан бирга, олий таълимдан кейинги таълим тизими ҳам халқаро андозаларга асосан такомиллаштирилиб, олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий ва инновацион фаолиятига кенг шароитлар яратиш, Фанлар академияси ва илмий тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг бош вазифаси мамлакатимиз таълим тизими фуқароларнинг комил шахслар бўлиб шаклланишига йўналтирилган, инсон омилини намоён этадиган, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассисларни етиштириб берадиган энг яхши анъаналарини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан иборатдир. Шу маънода, соҳадаги янгиланишлар Сайловолди дастуримизда илгари сурган ваъдаларимизни рўёбга чиқарганлиги билан ҳам биз учун аҳамиятлидир.
Партиямиз бундан буён ҳам аҳолининг сифатли таълим олиши учун тенг имкониятлар яратиб берадиган қўшимча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш тарафдори саналади.
Таъкидлаш лозимки, таълим-тарбия ва илм-фан соҳасида амалга оширилган янгиланишлар амалдаги “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Ушбу қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш партия Амалий ҳаракатлар дастурининг 2018 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурида ҳам белгиланганлиги бу борада бизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.
Шу боис Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликлари билан имзоланган ҳамкорлик меморандумлари доирасида маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимизни, жойлардаги таълим соҳаси мутахассисларини жалб этган ҳолда янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган бу каби давра суҳбатларини ўтказиш ҳамда лойиҳани такомиллаштиришга доир таклифларни олишни мақсад қилганмиз.
Мазкур қонун лойиҳаси маромига етказилиб қабул қилинишида партиямиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз ташаббускор бўлади. Шу орқали сайловолди ваъдаларимизнинг яна бирини бажарган бўламиз.
— Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш борасида қатор вазифалар белгиланган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Акмал Бурхонов. — Ҳужжатда таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги таълим муассасалари қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш баробарида уларни замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш назарда тутилган.
Ўтган қисқа даврда таълимнинг барча босқичларини бугунги замон талаблари асосида такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан 100 га яқин қарор ва фармонлар қабул қилиниб, изчиллик билан амалиётга татбиқ этилмоқда.
Соҳада амалга оширилган янгиланишлардан келиб чиқиб, “Таълим тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш вақти келди, деб аниқ айта оламиз.
— Амалдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун 1997 йилда қабул қилинган бўлиб, ўтган йилларда соҳада амалга оширилган туб янгиланишлар, жадал ислоҳотлар ушбу ҳужжатни бугунги кун талабларига мослаштиришни тақозо қилмоқда, — деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Усмон Шарифходжаев. — Шундан келиб чиқиб, соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида 20 дан ортиқ ривожланган хорижий давлатларнинг таълим тўғрисидаги қонунчилиги ўрганилиб, шу асосда янги таҳрирдаги қонун лойиҳасига 36 та янги модда, амалдаги қонуннинг 33 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Шунингдек, қонун лойиҳасида катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, давлат-хусусий шериклик, таълим соҳасидаги давлат назорати, таълим муассасаларининг ўзини ўзи баҳолаши, таълим соҳасида экспериментал ва инновацион фаолият каби янги нормалар назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасидан ўтказиш ва уларнинг фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг интерактив давлат хизматлари ягона порталига жойлаштирилди.
Давра суҳбатида қонун лойиҳасини маромига етказиш юзасидан соҳа мутахассислари, экспертлар, депутатлар ва партия фаолларининг таклиф-мулоҳазалари тингланди. Тадбир якунида қонун лойиҳасини ҳудудларда ҳам муҳокамадан ўтказиш борасида, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ҳамда қабул қилинишига қадар ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Баҳодир ака Устабоев қарийб ўн йилдан бери Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси. ...
01 янв 1970
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишга хизмат қилмоқда. ...
01 янв 1970
Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши ан...
01 янв 1970
Хусусан, ўтган йили март ойидаги ташриф доирасида ишлаб чиқилган дастурга асосан Жиззах вилоятида 107 та инвестиция лойиҳаси бўйича янги объектлар ...