ОЧИҚ, ОШКОРА, ХОЛИС...

/
Сўз — халқаро кузатувчиларга
Cайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси сифатида намоён бўлади. Хусусан, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида ошкоралик, ҳаққонийлик таъминланишини мониторинг қилишда кузатув институти муҳим аҳамият касб этади. Шу боис сайловларни миллий ва халқаро (хорижий) кузатиш амалиёти бутун дунёда кенг қўлланилади.
Президент сайловида Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитация қилинган 5 та халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари уюшмаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан ҳамда 46 та давлатдан 600 нафарга яқин кузатувчилар иштирок этди.
Биз халқаро кузатувчилар ҳамда чет эл оммавий ахборот воситалари вакилларининг Президент сайлови борасидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик:
Гао Юйшэн,
Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги махсус элчиси:

— Ўзбекистон барқарор сиёсий ва изчил иқтисодий тараққиётга эришаётган, халқаро ҳамжамиятдаги обрў-эътибори муттасил ортиб бораётган мамлакат сифатида Хитой Халқ Республикасининг муҳим стратегик ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришдан манфаатдормиз. Шу боис биз, Хитой давлат ва нодавлат ташкилот вакиллари, парламенти аъзолари, сиёсатчилари ва олимларидан иборат 20 нафар хитойлик делегатлар Ўзбекистоннинг муҳим ижтимоий-сиёсий тадбири — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига катта қизиқиш билдирдик. Делегатларимиз республиканинг турли ҳудудларида сайловга тайёргарлик ишлари, сайлов кампанияси доирасидаги тадбирлар, округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолияти юзасидан батафсил маълумотга эга бўлишди. Шу билан бирга, сайлов куни сайлов жараёнини кузатдик. Таъкидлаш лозим, Ўзбекистонда сайловолди ташвиқот даврида сиёсий партиялар ва улардан кўрсатилган номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқоти учун тенг шароитлар яратиб берилиши, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлари давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши сингари механизмлар эътиборимизни тортди. Шунингдек, сайлов куни сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида сайлов участкаларида “Она ва бола хоналари”, “Тиббиёт хона”ларининг ташкил этилганлиги диққатга сазовордир. Овоз бериш кунида сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдиришлари устидан назорат этилиши ҳолатлари кузатилмаганини қайд этамиз.
Дато Ражендран Рамачандран,
“RHA Sdn. Bhd.” нашриёт уйининг бош ижрочи директори (Малайзия):

— Ўзбекистонга илк марта ташриф буюрган бўлсам-да, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, самимий ва очиқкўнгиллиги менда гўёки бу давлатда анчадан буён фаолият юритаётгандек таассурот қолдирди. Сайловда Малайзиядан халқаро кузатувчи сифатида қатнашдим. Сайловдан олдин ва сайлов куни Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятидаги бир неча сайлов участкаларидаги жараёнларни кузатишга муваффақ бўлдим.
Шунингдек, нодавлат оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий шерикчилиги натижасида ташкил этилган “PressKlub” фаолияти билан яқиндан танишдим. Сайловолди ва сайлов билан боғлиқ ҳар бир тадбир очиқлик, ошкоралик асосида оммавий ахборот воситаларида ёритилганининг гувоҳи бўлдим.
Эътиборлиси шундаки, бир томондан Ўзбекистондаги сайловолди тайёргарлик ва сайлов кунидаги жараёнларни халқаро кузатувчи сифатида кузатиш, иккинчи томондан эса Осиёнинг 20 га яқин давлатларида тарқатиладиган нашрнинг вакили сифатида Ўзбекистондаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақидаги мақола ва янгиликларни тайёрлаш имкониятига эга бўлдим. Малайзияга қайтгач, мамлакатингиздаги Президент сайлови билан боғлиқ жараёнлардан ташқари ижтимоий-иқтисодий салоҳияти юксалиб бораётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида туркум мақолаларни тайёрлаш ниятидаман. Бундай мақолалар кўплаб муштарийларимизда қизиқиш уйғотишига ишончим комил.
Сафеер Ҳусайн Шах,
“Election Times” ҳафталик газетаси бош муҳаррири (Покистон):

— Ўзбекистондаги сайлов жараёнларини кузатиш мақсадида бу давлатга учинчи марта халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрдим. 2014-2015 йилларда бўлиб ўтган парламент ва Президент сайловларини кузатишга муваффақ бўлганман. Жаҳон мамлакатларида ўтказиладиган сайлов жараёнларига оид маълумотлар, янгилик ва мақолаларни чоп этишга ихтисослаштирилган нашрнинг раҳбари, дунёнинг кўплаб мамлакатларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган шахс сифатида шуни айта оламанки, Ўзбекистондаги сайлов тизими халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоида ва принципларига тўла мувофиқ келади. Қолаверса, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилигига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бўлган ваколатларнинг Марказий сайлов комиссиясига берилишини кўзда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчаларнинг киритилиши энг ривожланган демократик давлатлар тажрибасида ҳам камдан-кам учрайди. Шу билан бирга, Президентликка кўрсатилган номзодларга сайловолди ташвиқот билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирлар учун давлат томонидан тенг миқдорда маблағ ажратилишига оид механизмнинг мавжудлиги эътиборга лойиқ. Сабаби, айрим мамлакатларда сайлов натижаси сиёсий партия ёки номзод томонидан сайлов кампаниясига сарфланган маблағ кўп ёки камлиги билан боғлиқ бўлиб қолишини кўп бора кузатганмиз.
Ўзбекистондаги сайлов жараёнлари билан боғлиқ мақолаларни аввал ҳам ёритганмиз. Бир нечта мана шундай мақолалар “Жаҳон” ахборот агентлиги томонидан таржима ҳам қилинган. Мазкур сайловдан кейин ҳам Ўзбекистондаги сайлов тизими ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, мамлакатингиздаги сиёсий партиялар фаолияти ва бошқа кўплаб мавзуларда медиа маҳсулотлар тайёрлашни режалаштирганмиз.
Мина Сингх Рой хоним,
Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги вакили:

– Ўзбекистонга сайловни кузатиш мақсадида таклиф этилганимдан бениҳоя мамнунман, бунинг учун Марказий сайлов комиссиясига миннатдорлигимни билдираман. Cайлов жараёнларини кузатиш баробарида бир неча минг йиллик бой маданий-маънавий тарихга эга, дунё цивилизацияси ва турли халқлар маданияти чорраҳаси сифатида яққол намоён бўлган Ўзбекистоннинг тарихий обидаларини зиёрат қилишга, самимий, бағрикенг ва меҳмондўст ўзбекистонликлар билан дилдан суҳбат қуришга муваффақ бўлдим. Жумладан, Фарғона, Қўқон, Андижон, Самарқанд шаҳарларидаги меъморий обидалар, мазали ва фойдали маҳсулотларга тўла бозор расталари, шираси тилни ёрадиган мева-чевалар, маҳаллий ҳунармандларнинг қўл меҳнати маҳсулотлари менда катта таассурот қолдирди.
Сайлов жараёнини кузатиш борасида эса шуни айта оламанки, участка сайлов комиссияларида она ва болалар учун яратилган хоналар, тиббиёт хоналари, сайловчиларнинг кўтаринки кайфияти илиқ таассуротларимни янада бойитди. Бирорта сайлов участкасида қонунбузилиши ҳолатларига дуч келмадим. Шу билан бирга, кўзи ожиз инсонлар учун брайль алифбосидаги бюллетенларнинг жорий этилиши, сайлов участкалари ногиронлар аравачаси бинога бемалол кириб-чиқишини назарда тутадиган алоҳида пандус билан жиҳозланиши, участкага келолмайдиган сайловчиларнинг хонадонига кўчма қути ва бюллетенларнинг олиб борилиши сайловчиларга ҳар томонлама қулайлик туғдирганини эътироф этмасдан бўлмайди.
Сафи Исмоил Юнус,
Туркия парламенти аъзоси:

— Ўзбекистон Туркиянинг Марказий Осиёдаги муҳим ва узоқ муддатли ҳамкори саналади. Азалдан яшаш тарзи, урф-одатлари, азалий қадриятлари бўйича ўхшаш жиҳатлари мавжуд халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш бизнинг устувор мақсадларимиздан биридир. Шу боис Ўзбекистондаги муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирда халқаро кузатувчи сифатида муносиб даражада иштирок этиш шарафига муяссар бўлганимдан бахтиёрман.
Ўзбекистондаги Президент сайловини кузатиш мақсадида Тошкент шаҳри ва Фарғона водийсидаги бир неча сайлов участкаларига бордим. Мазкур сайлов участкаларида сайловчилар, маҳаллий ва хорижий кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун барча шароитлар яратилганининг гувоҳи бўлдим. Ўзбекистон бундан кейин ҳам дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллашда, барқарор ва изчил равишда ривожланишда давом этишига ишонаман.
Гунарс Кутрис,
Латвия сейми аъзоси:

— Бугун бутун дунё ҳамжамиятининг диққат-эътибори Ўзбекистондаги Президент сайловига қаратилган десам, муболаға бўлмайди. Ўзбекистондаги муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш давомида сайловчиларнинг ўз конституцион ҳуқуқларидан фойдаланиш борасидаги иштиёқларига, очиғи, ҳавасим келди. Сабаби кейинги йилларда дунёнинг аксарият давлатларида, шу жумладан, Латвиядаги сайловларда ихтиёрий равишда иштирок этувчиларнинг сафи қисқариб бораётган ҳамда Бельгия ва бошқа қатор мамлакатлардаги сингари сайловга қатнашиш мажбурийлигига оид ҳуқуқий асосни шакллантириш борасида баҳс-мунозаралар ва муҳокамалар ўтказилаётган бир пайтда Ўзбекистонда ўз овози мамлакат бугуни ва эртаси учун муҳим аҳамиятга эгалигини онгли равишда англаб етган сайловчиларнинг кўплиги қувонарлидир. Фарғона водийсидаги сайлов участкаларида халқаро кузатувчи сифатида қатнашдим. Сайловга қадар Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларида бўлишга, кўплаб фуқаролар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим. Кузатувларим ва сайловчилар билан ўтказган суҳбатларим натижасида шундай хулосага келдимки, Ўзбекистонда сайловларнинг муваффақиятли ва ҳаққоний ўтказилишида мамлакат аҳолисининг юксак ҳуқуқий-сиёсий маданияти муҳим аҳамият касб этмоқда.
Суҳбатдош: Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда беқиёс ўзгаришлар рўй бермоқда.
01 янв 1970
Истиқлол йилларида мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида бўлгани сингари Сурхон воҳасида ҳам улкан янгиланиш ва ўзгаришлар рўй берди....
01 янв 1970
Мана 26 йилдирки, биз буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг давлатчилик тамойиллари асосида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қурган улуғ йўлда дадил...
01 янв 1970
Маълумки, мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб ҳар томонлама пухта ўйланган, изчил ташқи сиёсат юритиб келмоқда....