Тинчлик ва осойишталик — энг олий неъмат

/
Мамлакатимизда беқиёс ўзгаришлар рўй бермоқда. Қатор соҳаларда эришилаётган юксак марралар озод ва обод юртимизнинг нуфузини оширмоқда. Бунёдкор халқимиз ўз ривожланиш ва тараққиёт йўлидан дадил одимлаб, орзу-мақсадларига етмоқда. Эмин-эркин меҳнат қилиб, тинч-осойишта турмуш кечиряпти.
Дунёнинг турли бурчакларида ислом динини ниқоб қилиб олган ҳар хил террористик оқимлар ва ёвуз кучлар томонидан содир этилаётган қўпорувчиликлар, мудҳиш жиноятлар, хунрезликлар тинч аҳоли, каттаю кичикнинг ҳаётига зомин бўлаётган, шаҳару қишлоқлар вайронага айланаётган нотинч давримиз бизни янада огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашга, ўз уйимизни, она Ватанимизни асраб авайлашга, шу шукуҳли кунларнинг қадрига етишга чорлайди. Яратганга беадад шукрки, Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Кўп миллатли бағрикенг халқимиз хотиржам турмуш кечирмоқда. Биз учун тинчлик-осойишталикнинг қадри ўзгача. Донишмандларимиз юрти тинчнинг ўзи тинч, деб бежиз айтмаган. Тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда, юксалиш, тараққиёт бўлади. Мамлакат гуллаб-яшнайди. Фуқароларнинг турмуши фаровонлашади. Шундай экан, тинчлик-осойишталикка ўз-ўзидан эришиб бўлмаслигини ҳаммамиз тўғри англашимиз керак. Бу ютуқлар қандай қўлга киритилгани, халқимизга хос бўлган сабр-бардош, мамлакат келажагига қатъий ишонч, ҳамжиҳат-ҳамфикр яшаш, тинчлик-осойишталикни асраш, бағрикенглик, ўзаро меҳр-оқибат кўрсатиш каби улуғ фазилатлар ҳақида халқимизга, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлодга сўзлаб бериш зарур. Токи, бугунги мураккаб шароитда тинчликни асраш учун огоҳлик, сезгирлик, ҳушёрлик ҳар қачонгидан кўра муҳимлигини улар тўлиқ тушуниб етсинлар.
Тинчлик Аллоҳ таоло бутун инсониятга инъом этган энг улуғ неъматдир. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас, албатта. Бу дин кишиларни тинчликни асраб-авайлаш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда баён қилади: «Эй имон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз» (Бақара, 208).
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тинчлик ва хотиржамлик ҳақида бундай деганлар: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар” (Имом Бухорий ривояти).
Афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам бирдек баҳраманд бўлаётгани йўқ. Дунёнинг турли бурчакларида террорчилар ноҳақ қонлар тўкаяпти. Бундай мудҳиш воқеаларнинг қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши бутун дунё тинчликсевар халқлари қатори Ўзбекистон халқининг қалбини ҳам қаттиқ ларзага солади.
Биз терроризмга қаршимиз. Унинг мудҳиш жиноятларини қаттиқ қоралаймиз.
Ислом динини ниқоб қилиб, ўзининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган ҳаракат ва кучларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини доимо таъкидлаймиз. Шуни унутмайликки, муқаддас ислом динимиз тинчлик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган. Уни пок сақлаш, турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш долзарб вазифаларимиздан бирига айланиб бормоқда.
Қуръони каримнинг Моида сураси 2-оятида: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз...”, дейилган. Бу ояти каримадан эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида тинчлик барқарор бўлишининг бош омили экани маълум бўлади.
Халқ орасида фитна қўзғатиш, туҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисобланади. Бундай ҳаракатлар ислом динининг моҳиятига мутлақо зид экани Қуръони каримнинг Бақара сураси 191-оятидаги “...Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир...”, деган кўрсатмада янада ойдинлашади.
Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, тинчликни таъминлаш турли хил кўнгилсизликлар ва хавфу хатарларнинг олдини олишнинг зарурий шартидир. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади.
Тинчлик — улуғ неъмат, деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: “Ҳақиқий мусулмон – бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир”.
Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан йироқ бўлмоғи зарур. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, сўз, яъни, тилдан етадиган озор қўлдан етадиган зарардан аввал зикр этилаяпти. Чунки қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси – саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказилади, тил билан эса инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиш, уларни тўғри йўлдан чалғитиш орқали икки дунёсини барбод этиш мумкин.
Бугунги замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда. Шу боис юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод онгида мураккаб ва таҳликали дунё ва минтақамизда, хусусан, давлатимизда рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар ҳақида бирёқлама ва сохта тасаввур пайдо бўлишига йўл қўймаслик масаласи ниҳоятда долзарб саналади.
Шунинг учун халқимизни турли ғоявий таҳдидлардан асраш, айниқса, ёшларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш, уни янада мустаҳкамлаш, турли воситалар орқали қадриятларимиз ва миллий-диний анъаналаримиз, менталитетимизга ёт бўлган тушунча ва ғояларнинг кириб келиши, тарқалишига тўсқинлик қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Шуни унутмайликки, маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч ва осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган кучларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифаси ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди.
Биринчи навбатда, ёшлар тарбиясига алоҳида аҳамият беришимиз лозим. Чунки кўпинча, ҳаётий тажрибаси ва билими кам, дунё воқеаларидан бехабар ёки нотўғри, ишончсиз маълумотларга эга, шахсий нуқтаи назари ва қараши шаклланиб улгурмаган ёшлар ахборот ва мафкуравий курашлар таъсирига тушадилар. Шунинг учун ҳам ҳар бир ўғил-қиз онгига, аввало, Ватани ва оиласи олдидаги масъулият ҳиссини сингдиришга, уларни инсонпарварлик ва она юртга садоқат руҳида тарбиялашга устувор вазифа сифатида қарашимиз керак.
Шу билан бирга, яна бир муҳим масала — оила мустаҳкамлигини сақлашдир. Зеро, оила мустаҳкамлиги замирида Ватан осойишталиги мужассам. Фарзандлари билимли, имонли, меҳрли, оқибатли, дунё таниган, юртга фидойи бўлган оила қасри ҳеч қачон бузилмайди.
Хусусан, жорий “Соғлом она ва бола йили”да миллий қадриятларни, халқимизнинг энг яхши анъана ва урф-одатларини кенг ёйиш, тарғиб ва ташвиқ этиш долзарб вазифадир.
Хулоса шуки, жамиятимизда яшаётган кишиларга динимизни мусаффо ҳолда етказиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни биз учун ёт бўлган ғоялар таъсирларидан ҳимоя қилиш, ёшларни ўз қатъий қарашлари ва эътиқодига эга, маънавий баркамол этиб тарбиялаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз эканлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур.
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Барчамизга маълумки, хар қандай мамлакатнинг ижтимоий тараққиётига таъсир қилувчи, демократик характерини кўрсатувчи кўплаб ҳолатлар бўлиб, уларнин...
01 янв 1970
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ташқи дунё билан нафақат сиёсий, балки савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга, ўзаро манфаатли муноса...
01 янв 1970
Президентимизнинг Самарқандга ташрифи чоғидаги самимий мулоқотлар вилоят фаоллари, тадбиркорлари, зиёлилари ва кенг жамоатчилик заммасига янги масъ...
01 янв 1970
Ҳаракатлар стратегиясини амалиётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва уларнинг натижалари Президентимиз фармойишида ўз акси...