“Одамлар қалбига кўприк солайлик”

/
Жуманиёз АЛИБЕКОВ:
Суҳбатдошимиз — “Самарқанд ALJ” концерни раиси, хусусийлаштиришнинг қалдирғоч корхоналаридан бирига асос солган Жуманиёз Алибеков тадбиркорликнинг ¬масъулияти ҳар қандай вазиятда олдинга қараб ҳаракат қилишда, сенга ишонган кишиларнинг кўзига тик қарай олишда, деб билади. У ўз фикрини аниқ, ихчам ифодалаб, сизни ҳам шошилмай эшитишга ҳаракат қилади. Гап орасида ибратомуз ҳикоятлардан ҳам мисол келтириб ўтади. Чунки раҳбар ўз нуқтаи назарини исботлаб бера оладиган яхши нотиқ ҳам бўлиш зарур, деб ҳисоблайди.
Жуманиёз Алибеков дунё иқтисодиётининг ривожланиш қонуниятларини, эркин бозор талаб-эҳтиёжларини дурустгина англаб етган, иқтисодга, ўз ишига қобилиятли тадбиркор ва айни чоғда жамиятдаги ўзгаришлар жараёнига теран назар сола оладиган сиёсатчи, партиямиз фаолидир.
— Жуманиёз ака, бир пайтлар халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати, партиянинг вилоят кенгаши раиси сифатида фаолият юритганингизни кўпчилик билади. Бугун-чи, Жуманиёз Алибеков сиёсий фаолиятдан узоқлашиб қолмадимикан? Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлажак сайловлардан нималарни кутаяпсиз?
— Аввало, шуни айтмоқчиманки, ишлаб чиқарувчи, тадбиркор сифатида давлат бошқаруви даражасидаги ислоҳотларнинг таъсири, аҳамиятини ўз тажрибамда синаб, кейин хулоса чиқаришга одатланганман. Шу жиҳатдан ислоҳотларнинг кейинги уч йили жуда сермазмун ўзгаришларни олиб келди, тадбиркорни чўчитишга, қуллуқ қилишга, ҳисоб беришга ундайдиган, аслида тамагирликдан бош¬қа манфаатни кўзламайдиган назорат қолипларини синдириб ташлади, десам янглишмайман. Мен ўз мулкимни қонун доирасида эркин тасарруф этишим, ривожлантиришим, ҳамкор топишим, маҳсулот ва хизматлар бозорида ўз ўрнимга эга бўлишим, одамларга яхшироқ маош тўлашим, четдан инвес¬тиция киритишим, иқтисодий бар¬қарорликни таъминлашда шахсий жавобгарлигимни сезиб ишлашим учун давлат раҳбарининг чинакам хайрихоҳлик позициясини ва айни чоғда қаттиққўллигини ҳис этдим. Халқ давлат идораларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак, деган шиорнинг илгари сурилгани, халқ ҳокимиятчилигини кучайтириш учун бутун чоралар ишга солинаётгани, депутатлик ваколатлари сўзда эмас, амалда ўз исботини топаётгани, фуқароларда, тадбиркору сармоядорларда Ватан равнақи учун кўтаринкилик, ўзгача ишонч ва ҳамжиҳатлик пайдо бўлаётгани ана шу истиқболли сиёсатнинг маҳсули, деб биламан.
Энди юқоридаги саволингизга келсак, сиёсий фаолиятдан узоқлашганим йўқ. “Адолат” СДПнинг ислоҳотчилик борасидаги ташаббусларини маҳаллада, меҳнат корхонасида қўллаб-қувватлаб келаяпман. Бугун вилоят партия кенгашини ёш, журъатли раҳбар кадрлар бошқараётганидан, улар сиёсий ташкилот нуфузини ошириш учун янгича ёндашув ва услубларни ишга солаётганидан мамнунман. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, ҳокимиятнинг барча бўғинидаги вакиллик органларига бўлажак сайловлар сиёсий чиниқиш мактабини ўтаган вилоят, шаҳар ва туман партия кенгашлари учун ўзига хос имтиҳон бўлади, уларни ўз электоратига янада яқинлаштириб, ягона сиёсий ҳамкорлик позицияларини кучайтиради, деб ҳисоблайман. Бу галги сайловлар натижасида халқ ҳокимиятчилиги фаолиятида жиддий ўзгаришлар амалга ошади, албатта.
Сўнгги йилларда мансабдор шахс¬ларнинг ҳокимият вакиллик органлари олдида ўз фаолияти юзасидан ҳисоб беришига гувоҳ бўлаяпмиз, Бу эса раҳбар ходимларда шахсий жавобгарлик ҳиссини оширмоқда. Энди сиёсий партиялар депутатлари ўз электоратининг манфаатларини вакиллик органида матни олдиндан тайёрланган эмас, жиддий муҳокамалар асосида қабул қилинган қарорлар орқали тўлақонли ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлди. Сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлари ҳудудларни ривожлантириши бўйича ваколатига хос ва мос назорат функциясига эга эканлиги, ўз нав¬батида, ижро бўғинидаги барча идораларни ҳушёрликка, масъулиятга, ҳисобдорликка ундаши аниқ.
— Бугун мамлакатимизда одамлар турмушга ўзгариш киритадиган ислоҳотлар жадал давом этмоқда. Бу ҳаракатдан бирор киши четда қолиши, бетараф бўлиши мумкин эмас. Айниқса, сиёсий партиялар. Улар ислоҳотлар марказида турувчи сиёсий куч эканликларини яна бир карра англаб етмоқдалар. Лекин айтинг-чи, маҳсулот етиштирувчи ёки хизмат кўрсатувчи хоҳ у оилавий тадбиркор бўлсин, хоҳ бизнес вакили, кичик корхона эгаси бўлсин, ўз ҳуқуқлари фақат ва фақат қонун орқали ҳимоя қилинишини тушуниб етаяптими? Назорат ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг улар фаолиятига кўр-кўрона аралашуви, ваколатдан четга чиқиш ҳоллари рўй бермаяптими? Ва ўз электоратининг вакилини ҳимоя қилиши керак бўлган партиялар бу жараёнда томошабин бўлиб турмаяптими?
— Бугун ҳуқуқини билган тадбиркорда ўз-ўзини ҳимоя қилиш кафолати кўпроқ. Лекин сиз оғриқли масалада сўз очиб, саккиз йил олдин тадбиркорлик фаолиятимда рўй берган ва ҳозиргача молиявий, маънавий асоратларини сездириб келаётган воқеа хусусида сўз юритишга ундадингиз. Ўшанда солиқ ва прокуратура идораларининг ўзлари билан ҳисоблашишга ўргатиш мақсадида шошма-шошарлик билан ўтказган текширишлари, факт ва далилларни бузиб талқин қилишлари мен учун қимматга тушди. Тергов ва суд хулосалари бўйича “Самарқанд ALJ” концерни таркибидаги 19 та корхона мулки мусодара қилиниб, салкам 1000 киши ишсиз қолдирилди. Тадбиркорнинг тақдирини ўйламай “ўйнаб-ўйнаб” ёзилган 145 “жилд”лик жиноят ишини қайта кўриб чиқишни талаб қилиб, очиғи, саккиз йил югурдим. Ёзишмаларимнинг ҳаммасини жамласа, яна бир неча юз саҳифалик ҳужжатлар йиғилади. Афсуски, ҳар қанча ҳаракат қилсам ҳам мурожаатларим изсиз кетаверди. Суднинг биргина асослантирилмаган қарори туфайли бир вақтлар мен билан дуруст¬гина саломлашиб ўтадиган кишилар “Жуманиёз Алибеков ўғри, фирибгар” дегандай истеҳзо билан қарайдиган бўлишди. Ноўрин айблов тамғаси ҳаётимни сал бўлмаса издан чиқариб юбораёзди. Лекин ўзим ва мен билан битта корхонада ишлаётган партиядошларим ҳақсизлик қаршисида чекинмадик. Бахтимизга уч йил аввал ҳуқуқ-тартибот ва суд идораларида ислоҳотлар шамоли эсиб, ҳақиқат қарор топа бошлади. Тадбиркорлик фаолиятим давомида орттирилган ва нотўғри мусодара қилинган мулким ўзимга қайтариб берилди.
— Назорат органларининг ўз вазифаларига совуқ қонликлари оқибатида тадбиркорнинг саккиз йиллик мажбурий танаффуси ва унга етказилган моддий зарар ҳақида нима дейиш мумкин? Бу зиённи ундириш ёки қоплаш чоралари кўрилаяптими?
— Биласизми, барқарор ишлаб келган корхоналаримдан атиги учтаси саккиз йилда ўртача 15 миллиард сўм даромад келтириши мумкин эди. Агар мен шунча маблағни ишлаб чиқаришни кенгайтиришга, янги иш ўринлари яратишга (четдан сармоя киритмай туриб!) сарфлаганимда манфаатдорлик даражаси икки-уч баробар ошган бўларди. Вақтинча ишсиз қолган салкам минг киши оладиган маош-чи? Ёки сунъий тўхтаб қолишлар оқибатида давлат хазинаси тадбиркор ҳисобидан келиб тушадиган солиқлардан маҳрум бўлиб қолиши-чи? Тадбиркорни асоссиз жазолашдан ким кўп зарар кўриши ҳақида энди ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Дастлабки солиқ текширишлари ва тергов ҳаракатларини олиб борган нопок кимсалар вазифасидан четлатилди ёки жавобгарликка тортилди. Энди мен тадбиркорлик фаолиятимни тўлиқ тиклаш, янги йўналиш очиш учун кореялик сармоядорлар билан мулоқот олиб бораяпман.
— Демак, тадбиркорлик тинимсиз изланишларгина эмас, курашлардан ҳам иборат экан. Сиз билан рўй берган воқеа кимларгадир сабоқ бўлади, деб ўйлаймиз. Эҳтимол кимнидир ўз кучига ишончини оширади, кимнидир адолатсизликдан тийилишига ундар. Ахир биз ўз оиламизни, маҳалламизни, Ватанимизни бой қилиш учун яшаяпмиз.
— Ҳа, тадбиркорликда ҳалоллик барака келтирса, меҳр-оқибат, адолат унинг таянч устунларидир. Бу устунлардан бирортасини билиб-билмай олиб ташласак, бино қулайди, тадбиркорлик шикаст топади. Вилоят маъмурий ёки фуқаролик ишлари бўйича судларида тадбиркорларнинг юзлаб мурожаатлари қайта кўриб чиқилаётгани, адолат қисман бўлса-да, қарор топаётганидан хабардорман. Демак, суд ислоҳотларини изчил давом эттириш, судлар фаолиятида шаффофликни таъминлаш бугунги тараққиётимиз учун ниҳоятда муҳим масалалардан биридир, деб айтишимиз мумкин.
— Тўғри таъкидладингиз, “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида ҳам “Судлар тўғрисида”ги қонунни янада такомиллаштириш, туманлараро судларни тугатиш, фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар ва вилоят судларини бирлаштириб Олий суд билан бир хил тизимдаги умумюрисдикция судларини яратиш, Ўзбекистонда Тергов қўмитасини ташкил этиш таклифлари илгари сурилган...
— Бу таклифлар партия позициясидан келиб чиққан ҳолда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда, инсон эрки ва ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилишда, хусусан, тергов жараёнларининг четдан ҳеч қандай аралашувларсиз, мустақил амалга оширилишида муҳим роль ўйнайди. Ахир сир эмас, терговчига прокурор, давлат хавфсизлик хизмати ёки ҳоказолар фалон иш бўйича яқин вақтларгача асоссиз кўрсатмалар бериб келаётганидан хабардормиз. Бунинг оқибатида қанчалаб зўраки “жиноят иш”лари, чигал тақдирлар юзага келганини яширолмаймиз.
Судлар фаолияти жамоатчилик муҳокамасидан, жамоатчилик ва матбуот назоратидан четда қолмаслиги керак. Самарқанд шаҳрида рўй берган ва яқинда ижтимоий тармоқларда афсус-надомат билан талқин этилган бир воқеа фикримни тасдиқлайди. Қаранг, “бир жабрдийда” турли даъволар билан жиноят ишлари бўйича шаҳар судига ўнлаб маротаба мурожаат қилиб, ҳар сафар адолатни қарор топтиришни сўраган. Мурожаатлар мазмуни ҳам гоҳ тиббиётдаги, гоҳ коммунал соҳадаги, гоҳ олий таълимдаги тамагирликларга бориб тақалади. Ёки “жабрдийда” ўқишга киролмай, боласини боғчага жойлаштиролмай гўё расмиятчиликка, порахўрлик ҳолатига дуч келади. Қизиғи, бу “иш”ларга ҳар гал воқеа жойида пайдо бўлган таниш гувоҳ қатнашган бўлиб чиқади. Суд ишини ҳар сафар битта судья олиб боради. Энди савол туғилади? “Жабрдийда” ва унинг гувоҳлари аслида кимлар? Тамагирликдан азият чекканларми ёки қонун ҳимоячиси билан олдиндан тил бириктириб, одамларни қўрқитиб, ҳаром бойликни қўлга киритиш учун сохта фаришта қиёфасига кириб олган нопок кимсаларми? Ҳар гал тамагирликдан “азият чеккан жабрдийда”нинг тайинли иши, касбу кори йўқми? Қолаверса, тергов, суриштирув, суд, жазо конвейери тўхтовсиз ишлаб турган фабрика эмас-ку?
Такрор айтмоқчиманки, демак, судлар фаолиятида шаффофлик, жамоатчилик олдида ҳисобдорлик керак ва бу талаблар жамиятдаги барқарорликни, қонунларга нисбатан ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилмоғи лозим. Бошқача бўлиши, қонун ғаразли мақсадлар олдида кўр, соқовга айланиши мумкин эмас.
— Айтмоқчисизки, барча саъй-ҳаракатларимиз, юксалишларимиз замирида маънавий поклик, инсоний меҳр-оқибат мужассам бўлмоғи лозим. Жиноят қилишдан тўхтатиб қолувчи ҳам юксак маънавият, ички маданият, маърифатдир, ўз юртига, оиласига имон-эътиқодли бўлишдадир.
— Худди шундай. Зебу зийнатларга, ҳашаматга берилиб, дабдабали тўйлар ўтказиб, баланд иморатлар қуриб, хокисоргина яшаётган қўшнисининг қайси эшикдан кириб-чиқаётганини сезмай қолган ёки шунчаки назарга илмаган кишиларни кўрганимда, энг аввало, бундайларга инсоф тилайман. Бу қилмишларининг фарзандлари тарбиясига хунук таъсирини ўйлайман. Шу боис одамлар қалбига меҳр-оқибат кўприкларини солгим, уларни бир-бирларига суянчиқ, сирдош, яқин мададкор бўлиб яшашларига ундагим келади.
— Гап манавиятли, маърифатли инсонларни тарбиялаш ҳақида борар экан, яқинда “Мақсуд Шайхзода” маҳалласидаги 44-умумтаълим мактаби педагогларидан самимий бир эътирофни эшитиб, очиғи, хурсанд бўлдик. Яъни мактабда фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириб, бадиий китобларни кўп ўқийдиган ўқувчиларга тадбиркор Жуманиёз Алибековнинг ҳар бири 50 минг сўмлик тўртта стипендияси жорий этилибди.
— Ҳа, шундай. Аввалига унинг тарбиявий аҳамияти ҳақида кўп ўйладим. Кейин яхши хулқ, истеъдод учун рағбат, албатта, зарур, деган хулосага келдим. Педагогик жамоа ҳам бу қароримни маъқуллади. Тадбиркорнинг пешона тери эвазига топилган маблағи ёшларни яна изланишга, ўз оиласи, Ватани учун комил инсон бўлиб етишишга ундаса, бундан фақат қувониш керак.
— Аввало сизнинг ҳаётий нуқтаи назарингиздан хабардор бўлиб, қимматли фикрларингизни, ислоҳотлар жараёнига муносабатингизни муштарийларга етказаётганимиздан хурсандмиз. Тадбиркорлик ишингизга омад, партиядаги сиёсий фаолиятингизга равнақ тилаймиз. Ҳар доим одамлар назаридан четда қолмай яшаш бахтига мушарраф бўлинг.
“Adolat” мухбири
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ суҳбатлашди. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Депутатнинг фаолияти сиёсий куч мавқеини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга....
01 янв 1970
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8-10 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб, Шанхай ҳамкорлик таш...
01 янв 1970
Жиззах давлат педагогика институтида “Биз мафкуравий таҳдидларга қаршимиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди....
01 янв 1970
Партиянинг Сиёсий ва Сайловолди дастурлари юзасидан кенг жамоатчилик ўртасида, ижтимоий тармоқларда кўп фикр-мулоҳазалар билдирилаётганига барча би...