Янги концепция бизга нима беради?

/
Хабарингиз бор, яқинда давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Шу кунларда жамоатчилик ўртасида ушбу концепция бўйича солиқ тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ислоҳотлар кенг муҳокама қилинмоқда. Мавзу юзасидан мухбиримиз Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Музаффар Юсуф Назаров билан суҳбатлашди.
— Суҳбатимиз аввалида янги қабул қилинган Солиқ концепциясининг мазмун-моҳияти ҳақида муштарийларимизга тушунча бериб ўтсангиз.
— Солиқ тизимидаги янгиликлар, ўзгаришларни бугун халқимиз жуда катта қизиқиш билан кузатмоқда. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга ўзларининг муносабатларини билдиришмоқда. Негаки, солиқ тизимида ўзгаришларни амалга оширмай туриб, эртанги кунимизни тасаввур қилиб бўлмайди. Маълумки, юртимизда ўтган бир йил давомида солиқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони ҳамда 2018 йил 26 июндаги «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори шулар жумласидандир.
Айтиш керакки, қабул қилинган ушбу ҳужжатлар соҳадаги мавжуд муаммоларга барҳам бериш, амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтариши билан аҳамиятлидир. Эндиликда давлат солиқ хизмати органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатидаги янги имижини яратиш орқали хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айлантириш, ҳар бир ходим томонидан “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариш устувор вазифага айланди.
Бу эса мамлакатимиз раҳбари томонидан билдирилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идораси халқимизга хизмат қилиши керак” деган ҳаётий шиорнинг солиқ тизимидаги амалий исботидир.
Шунингдек, солиқ тўловчилар даромадини яширмай, солиқларни ўз вақтида тўлашлари учун маъмурий тартиб-таомилларни камайтириш, соддалаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмаларни қисқартириш ҳисобига бюджетнинг даромад қисмини барқарор шакллантириш, бу орқали солиққа тортиладиган базани кенгайтириш асосий масалалардан бири этиб белгиланди.
— Мазкур концепциядаги меъёрлар амалдаги солиққа тортиш тизимидан қайси жиҳатлари билан фарқланади?
— Албатта, фарқ бор. Бўлганда ҳам жуда катта ўзгаришлар киритилган. Жумладан, 2019 йил 1 январдан давлат солиқ хизмати органлари хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўловини, ягона ер солиғини, юридик шахслардан ер солиғини, шунингдек, банк айланмалари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, бошқа ташқи манбалар асосида декларация қилинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаш тарзида солиқ тўловчиларга сервис хизматлари кўрсатади ҳамда ҳисобланган солиқлар суммаси ҳақида солиқ тўловчининг “шахсий кабинети” орқали хабарнома юборади.
Солиқ тўловчининг “шахсий кабинети” орқали хизмат кўрсатиш солиқ идоралари билан боғлиқ масалаларни тез, осон ва шахснинг аралашувисиз ечим топишига хизмат қилади. Айтиб ўтиш керак бўлган муҳим жиҳатлардан яна бири, жорий йилнинг 1 октябридан давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ўтказилган хронометраж натижаларига кўра охирги ҳисобот даври учун товар, иш, хизматлар айланмаси камайтириб кўрсатилган тақдирда, тушумни ва ходимлар сонини қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда солиқларни ҳисоблашни амалга ошириш ҳақида талабнома юборади. Агар ушбу ҳолат такроран аниқланса, солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида малакаланади. Мазкур фармонга биноан, амалдаги Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш ва самарасиз солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва преференцияларини бекор қилиш белгиланган.
— Жисмоний шахсларнинг ойлик маошларига солинадиган даромад солиқлари борасида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
— Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида жорий этилади. Бунда айрим тоифадаги фуқароларнинг энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.
— Юридик шахслар учун тақдим этилаётган солиқ имтиёзлари барча тадбиркорлар учун бир хил кўринишда бўладими?
— Маълумки, солиқ тўловчи юридик шахслар томонидан тақдим этилган ҳисоботларда уларнинг товар айланмаси, ишчилар сони, олинган даромадлар ва бошқа маълумотлар ўрин олган бўлиб, бу солиқларни ҳисоблашга асос бўлади. Давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилган ҳисоботлар камерал назоратидан ўтказилади. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан солиқ тўловчига талабнома берилади. Бундан ташқари, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтирилади. Шунингдек, мобиль алоқа хизмати кўрсатаётган юридик шахслар учун рентабеллик даражасидан келиб чиқиб, улар учун қўшимча фойда солиғи ҳисоблаш тартиби бекор қилинган ҳолда 14 фоиздан 20 фоизгача оширилади. Дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилади. Асосий ўзгаришлардан яна бири, ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилгани бўлди. Бунда йиллик оборотнинг 1 миллиард сўм этиб белгиланган чегаравий миқдори 3 йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилади. Барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, обороти 1 миллиард сўмгача бўлган юридик шахслар учун юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ жорий этилади. Қўшилган қиймат солиғини тўлиқ ҳисобга олиш тизими ҳам жорий этилмоқда. Шунингдек, 2019 йил якуни бўйича мазкур солиқ ставкаси миқдорини пасайтириш орқали қўшилган қиймат солиғининг 20 фоиз миқдордаги амалдаги миқдори сақлаб қолинади. Бир сўз билан айтганда, амалга киритилаётган солиқ концепциясида тадбиркорлар учун ҳар томонлама қулай имкониятлар яратилган.
— Концепцияга кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслардан пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган тўловлар бекор қилинади. Айтинг-чи, шу кунга қадар пенсия жамғармасига ўтказилган ажратмалар қайтариладими?
— Фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинади. Пенсия тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида эса бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар, устав жамғармасининг 50 фоизи ва ундан кўпроқ миқдори давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсга тегишли юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари учун ягона ижтимоий тўлов 25 фоиз миқдорида белгиланади. Шунингдек, бошқа юридик шахслар учун ушбу тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилади. Пенсия жамғармасига ўтказилган ажратмаларни қайтариш бўйича ҳеч қандай гап йўқ.
“Adolat” мухбири
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ ёзиб олди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Касбим ўқитувчи. 33 йил Пастдарғом туманидаги 32-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бердим....
01 янв 1970
Таъкидлаш жоизки, Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда ижтимоий соҳани ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган....
01 янв 1970
Илм — мангулик аъмал, улуғвор иш эканлигини ҳаёт неча асрлардан бери исботлаб келмоқда. ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг фаолият юритиши учун норматив-ҳуқуқий база мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда....