Инсонни эзгуликка чорлаш динимизнинг асл моҳияти

/
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан республикамиз маънавий ҳаётида ҳам кенг кўламли янгилик ва ўзгаришлар юз бермоқда.
Муқаддас динимиз равнақи йўлида ҳам муҳим ва дадил қадамлар ташланаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Хусусан, ўтган 2017 йилда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон Ислом академияси, Бухорои шарифда Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилган эди. Яқинда юртбошимизнинг муқаддас динимизга, маънавиятимизга бўлган ҳурмат-эътибори нақадар юксак эканлигига яна бир карра амин бўлдик. Яъни 2018 йил 16 апрель куни Президентимиз томонидан “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди.
Мазкур фармонда диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Ислом академияси ва Тошкент Ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ташкил қилинди. Энди академияда Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрлар тайёрланади, ўрта махсус, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, малака ошириш босқичларида узлуксиз таълимнинг яхлит тизими ташкил этилиб, илмий меросимиз чуқур тадқиқ қилинади ҳамда диний ва дунёвий билимлар берилади. Шунингдек, мазкур даргоҳ республикамиздаги барча ислом таълим муассасалари фаолиятини ўқув-меъёрий ва ўқув-услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мувофиқлаштиришни амалга оширади.
Фармонга мувофиқ Ўзбекистон халқаро Ислом академияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш марказининг ташкил этилиши биз имом-хатибларнинг айни дилимиздаги гап бўлди. Негаки, энди узоқ йўл босиб, Тошкентга бориб эмас, балки ўз ҳудудимиздаги минтақавий филиалда қайта тайёргарлик ва малака оширишдан ўтишимиз мумкин.
Фармоннинг бизни қувонтирган жиҳатларидан яна бири шуки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил қилинди. Бундан буён масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан, имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, юртимиздаги муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларнинг мусулмон дунёсидаги нуфузини янада ошириш, бу масканларга маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг зиёратларини уюштириш, зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби эзгу ишлар ушбу фонд маблағлари эвазига амалга оширилади. Айниқса, фонд маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний-маърифий ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларга, шу жумладан, имом-хатибларга ойлик иш ҳақи тўлаш, уй-жойга муҳтож ходимларни хизмат уй-жойлари билан таъминлаш, кўп йиллар давомида намунали фаолият юритаётган, уй-жойга муҳтож имом-хатибларга янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган уй-жойларни сотиб олиб, текинга бериш масаласи ҳал этилгани учун юртбошимизга алоҳида миннатдорлик билдирамиз.
Албатта, Президентимиз томонидан яратиб берилган бундай кенг имкониятлар бизнинг зиммамиздаги масъулиятни янада оширди. Шундай экан, эндиликда “жаҳолатга қарши маърифат” деган улуғвор ғоя асосида динимизнинг асл моҳиятини, унинг эзгулик, тинчлик ва инсонийлик дини ҳамда азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини халқимизга кенгроқ тушунтиришимиз, ёшлар онгу тафаккурида ёт ғояларга нисбатан қарши кураш кўникмаларини шакллантириш, жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ишларига кўпроқ ҳисса қўшишимиз зарур.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 июнь куни бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда “Юртимиз остонасига бостириб келаётган ёвуз хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларга маърифат билан қарши курашишда, ҳеч шубҳасиз, дину диёнатимиз йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган сиз, муҳтарам домла-имомларимиз, барча диний ходимларнинг ўрни ва таъсири беқиёс. Сизлар инсон туғилганида чақалоққа азон айтишдан то уни сўнгги йўлга кузатишгача – бир умр у билан бирга бўласизлар. Яъни, ҳаётимиздаги барча яхши-ёмон кунларда доимо биз билан биргасиз. Биз сизларнинг одамларни меҳр-оқибатга, ҳалолликка чақириш, ёшларни ахлоқ-одоб руҳида тарбиялаш, оилалар, маҳаллаларда тинчлик, ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш бўйича олиб бораётган савобли ишларингиз учун барчангиздан миннатдормиз”, дея бизга билдирган ишончини оқлашимиз шарт. Бунинг учун эса маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, Ёшлар иттифоқи, маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасалари вакиллари билан ҳамкорликни кучайтиришимиз лозим. Зеро, ислом динининг асл мақсади сизу бизни фақат ва фақат эзгулик ҳамда яхшиликка чорлашдир.
Носиржон ОХУНОВ,
Фарғона шаҳридаги “Муҳаммад Авлиё” жоме масжиди имом-хатиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аёл — оилавий ҳаёт иморатининг асосий устунларидан бири. 
01 янв 1970
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар тиббиёт соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантириш, аҳоли саломатлигини ...
01 янв 1970
Ҳаётда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан, жамиятдаги ўзгаришлардан одамларни хабардор қилувчи касб эгаси — журналист учун энг зарур мезон холи...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳуқуқлари ҳақида маълумот берсангиз....