Жамоатчиликни ўйлантираётган мавзу юзасидан таклифлар билдирилмоқда

/
Халқимиз азалдан тўйсевар. Аввало, тўйларимиздаги чиройли удумларга бошқа халқ вакиллари ҳавас қилади, десак янглишмаймиз. Аммо...
Кейинги йилларда ҳаётга енгил назар ташлайдиган айрим ота-оналар истаги билан “кимўзар”лик, исрофгарчиликка йўл қўйилаётганлиги, бўлажак келин-куёвларнинг, иборали қилиб айтганда, куракда турмайдиган хоҳиш-талаблари туфайли тўйлардаги бир қатор урф-одатлар бачканалашиб кетганидан кўз юмиб бўлмайди.

Бундай бемаъни истаклар, ҳою ҳавасга берилиш ҳолатларидан баъзи “ишбилармон”лар фойдаланиб, тўйларни бизнес объектига айлантиришга ҳам улгуришди. Ҳатто “тўй индустрияси” деган ажабтовур, “замонавий” атама қулоққа чалинадиган бўлиб қолди.
Албатта, замон талаби билан ҳаётимизга кириб келган янгиликлар тараққиётга хизмат қилиши, одамларнинг оғирини енгиллаштириб, ижобий маъно-мазмун касб этиши айни муддаодир. Тўй баҳона, одамларни кераксиз чиқимлар қилишга ундаш, бошқача айтганда, уларни алдаб пулини олиш, бемаъни ва ортиқча удумларни ўйлаб топиш, айниқса, ёшларга ёмон ибрат кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас. Ортиқча харажатлар, исрофгарчиликлар оила бюджетига, миллий қадриятларимизга, ёшлар тарбиясига салбий таъсир қилиши кенг жамоатчилик томонидан таъкидланмоқда. Бошқалар беписанд қарамасин деб, қудалар ёки бўлғуси келин-куёв ё бошқа яқинларининг талаби билан ихтиёрий-мажбурий тарзда иш тутиб, мисқоллаб йиққан маблағи-ю, олган қарзларини елга совургандай тўй-маъракага беҳуда сарфлаб, муаммолар гирдобида қолаётганлар ҳам йўқ эмас. Аслида бу каби афсусланарли ҳолатларни “орзу-ҳавас қилиш”га ақл бовар этиши қийин.
Шуларни назарда тутсак, Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг юртдошларимизга тўй-ҳашамлар ва маъракаларни камхарж ҳамда тартибли ўтказиш бўйича мурожаатида долзарб ва ҳаётий масала ўз ифодасини топганлиги билан муҳим аҳамият касб этди. Негаки, тўй-ҳашамларда исрофгарчилик, дабдабабозлик ва шуҳратпарастликка йўл қўйилаётгани салбий оқибатларга олиб келаётганини назардан четда қолдириб бўлмайди.
Тўйларни ихчам қилиб ўтказиш ҳақида ўтган йиллар давомида тушунтириш ишлари олиб борилганлигига қарамасдан кўп ҳолларда фуқаролар исрофгарчиликка йўл қўйиб, тўй ва маросимларда меъёрни унутиб қўйишмоқда. Ачинарлиси, тўй-ҳашамлар ўтказишда маҳалла билан деярли ҳисоблашмай қўйилди.
Телевидение каналларидан бирида намойиш этилган видеофильм диққатимни жалб этганди. Унда тасвирланишича, нуфузли жойда ишлайдиган бир киши маҳалла вакилларига тўй белгилаб қўйганлиги, шу масалада маслаҳатлашиш учун келганини айтади. Маҳалла раиси эса унга ўтказиладиган тўйни ихчамроқ ўтказишни маслаҳат беради ва розилигини олади. Ихчам ўтказиладиган тўй ҳақида ён-атрофдагилар “Фалончи нуфузли жойда ишлаб каттароқ тўй қилишга қурби етмабдида” қабилида гап-сўз қилишса-да, у парво қилмайди. Бу вақтда бир қиз олий таълим муассасасидаги шартнома пулини тўлай олмасдан ўқишдан ҳайдалай деб турган ҳолатда ихчам тўй ўтказишни режалаштирган фуқаро ўша қизнинг шартнома пулини тўлаб беради. Бу ҳақда ана шу талабанинг оила аъзоларидан эшитган, бўлмағур таъналарни ёғдирган кишилар ҳам унга қойил қолишади.
Донишмандларнинг айтишича, фикр инсонни ҳаракатга ундайди. Демак, тўй-маърака борасида тўғри фикр ва қарашларни шакллантириш, онг-тафаккурда ўзгариш бўлишига эришиш муҳим жиҳат саналади. Бу эса таъсирчан тарғибот ишлари билан боғлиқ кечадиган жараён. Шу билан бирга, тўй-маъракаларни ихчам ўтказишда ҳуқуқий таъсир чораларини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳам аён бўлиб қолди. Инсон жамиятда яшар экан, унинг оилавий тадбирлари, ҳатто хатти-ҳаракатлари ҳам ён-атрофдагиларга, пировардида жамиятга у ёки бу жиҳатдан таъсир кўрсатмайди, деб айтолмаймиз. Акс ҳолда тўй-маъракаларни ихчам ўтказиш долзарб мавзуга айланмаган бўлар эди.
Олий Мажлис Сенатининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори ҳамда мазкур қарор билан тасдиқланадиган Низом лойиҳаси шу кунларда кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама этилаётгани ҳам бу борада ҳуқуқий меъёрлар белгиланиши зарурлигини яққол кўрсатмоқда.
Сенаторлар ҳудудларда аҳолининг фикр ва таклифларини ўрганиб, Низом лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан иш олиб боришмоқда. Жойлардаги мулоқотлар чоғида фуқаролар ортиқча сарф-харажатларга йўл очувчи янги урфлар пайдо бўлишининг олдини олиш лозимлигини ҳам баён этишди. Бошқача айтганда, “бу тўй харажати эмас” қабилида қонуний тартиб-қоидаларни четлаб ўтишга уринишлар бўлмаслиги, айниқса, ўзига тўқ одамлар ортиқча маблағларини яна “кимўзар”га сарфлашда давом этмаслиги хусусида фикр билдиришмоқда. Негаки, бундай урфлар халқ ичида тез оммалашади ва ҳаётнинг ёзилмаган қоидалари асосида жойларда амал қилина бошлайди. Кўпчилик фуқароларнинг фикрича, ортиқча маблағларни тўй-маъракаларда ўйлаб топилган янги урфларга эмас, савоб ишларга, илм-маърифатга, умумтаълим мактаблари шарт-шароитларини яхшилашга, тараққиёт асоси бўлган математика, физика, кимё, биология каби фанлар бўйича иқтидорли ёшлар ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга сарфлашса, айни муддао бўлур эди.
Аммо шу ўринда яна бир мулоҳазани айтишга тўғри келади. Тўй ва бошқа оилавий тадбирлар ихчам ўтказилиб, қолган маблағлар хайрли ишларга сарфланган ҳолатларда бу савобли саъй-ҳаракатларни тўй номи билан боғламаслик мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Чунки оддий одамлар тўй қилаётганда ана шундай хайр-саховат қилиш қоида сифатида тушунилиб қолмаслиги, ихчам тўй қилишдан бошқасига ортиқча маблағи бўлмаган оилага бирор ноқулайлик пайдо бўлмаслиги лозим.
Муҳими, кенг жамоатчиликнинг фикр ва таклифлари мазкур Низом лойиҳасини янада такомилга етказишга хизмат қилади. Очиқ муҳокамаларга таяниб ишлаб чиқиладиган хулосалар қабул қилинажак ҳужжатда ўз ифодасини топиши унинг ижроси кутилган самаралар беришида амалий аҳамият касб этади.
Орифжон ҚУДРАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Табиатнинг яшил манзараларидан завқ олмаган, вужудида тетиклик ҳис этмаган инсоннинг ўзи йўқ....
01 янв 1970
Миллий матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Шу кунларда жонажон Ватанимиз тарихида муҳим ижтимоий-сиёсий воқеликлар юз бермоқда....
01 янв 1970
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида партиянинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари ташкилотчилигида мазкур лойиҳа доирасида 76 марта тарғибот тадбирл...