Аёллари эъзоз топган юрт

/
Юртимизда янгиланиш ва яшариш фасли — баҳор нафаси уфуриб, қир-адирларда бойчечак бўй кўрсатган, кўнгилларга эзгулик ёғдулари ёғила бошлаган палла аёллар ҳар қачонгиданда қадрланади. Шундай шукуҳли кунларда Халқаро хотин-қизлар куни юртимизнинг ҳар бир гўшасида, муассаса ва ташкилотларда, маҳалла ва хонадонларда кенг нишонланди. Нозик ва улуғвор хилқат саналмиш хотин-қизларга ҳар қачонгиданда кўпроқ ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги роли, ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Асосий қонунимиз — Конституциямизнинг алоҳида бобида оила, оналик ва болаликнинг давлат томонидан муҳофаза қилиниши масаласи ўз аксини топди. Аёлларга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий исботи сифатида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш, улар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган 80 дан ортиқ миллий ва халқаро ҳужжатлар қабул қилингани ҳам фикримизнинг яққол далили бўла олади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқини тинглаб, яна бир бор шу юрт фарзандларига тарбия бераётган, ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этаётган аёл сифатида қалбимда ғурур ва ифтихор туйғуси ортди. Турли миллат ва элат вакиллари бир оиладек яшаётган юртимизда миллатлараро тотувлик замирида азиз ва мўътабар аёлларнинг беқиёс ҳиссаси борлигини, шу боис рус аёли сифатида ўзбек халқининг юксак меҳр ва эътиборидан баҳраманд бўлаётганимни теранроқ англадим. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир”, дея аёлларга юксак эҳтиром кўрсатди.
Таъкидлаш жоиз, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда сиёсий партиялар ҳам муносиб иштирок этишга интилмоқда. Бу жараёнда, айниқса, хотин-қизларнинг роли кундан-кун ошиб бораётганини эътироф этиш жоиз. Ўзбекистон “Адолат” СДП “Аёллар қаноти” партиянинг дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий саводхонлигини, мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирокини таъминлашга кўмаклашиш, жамиятнинг асосий бўғини бўлмиш оила институтини мустаҳкамлаш борасида муайян саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Айни пайтда партия аъзоларининг 50 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этиши ҳам Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий мақсад-вазифалари билан юртимиз хотин-қизлари орасига кириб бораётганининг яққол далилидир.
Хотин-қизлар манфаатига қаратилган саъй-ҳаракатлар, қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бугун ўзбек аёлининг ҳам оила, ҳам жамиятдаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, яқинда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ушбу ҳуқуқий асосларнинг мантиқий давоми бўлди. Фармонда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар белгиланди.
Президентимизнинг мамлакатимиз хотин-қизларига йўллаган табригида ўтган бир йил давомида хотин-қизлар билан мулоқот олиб бориш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, шу асосда қишлоқ ва шаҳарларда уйма-уй юриб, ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, бу борадаги муаммоларни ҳал этиш бўйича самарали тизим яратилгани, ҳозир марказдан тортиб олис туманларгача жамоатчилик назорати гуруҳлари фаолият кўрсатаётгани алоҳида таъкидланди. Ўтган йилнинг ўзида миллионлаб хонадонлар муҳити ўрганилиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилди, ҳудудларда учраётган муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. 14 мингдан ортиқ оиладаги нотинч вазият бартараф қилинди. Бу каби ишлар биз, халқ вакилларининг ҳам зиммасига улкан масъулият юклаб, аҳоли, жумладан, аёллар билан юзма-юз мулоқотлар жараёнида фаол иштирок этиб, уларнинг ўй-хаёли, дарду ҳасратларини тинглаб, муаммоларига ечим топишга ваколатимиз доирасида ҳисса қўшдик. Бундан ягона мақсад кўзланган: аёллари эъзоз топган юртда яшаш бахти хотин-қизлар юзу кўзида, яшаш тарзида, фарзандлари камолида акс этишига эришиш. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Фарзандлар тинчлиги, уларнинг бахти, камоли — жамиятнинг энг катта бойлиги. Аёлларимизнинг бахти — халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир”.
Людмила КОШЕЛАПОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Урганч шаҳар тадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Урганч шаҳар ташкилоти томонида...
01 янв 1970
Маълумки, автомобиль бошқариш учун талаб қилинадиган ишончнома яқин қариндошлар ўртасида тузилганида ҳам маълум бир миқдорда тўлов тўланади....
01 янв 1970
Ҳар бир халқнинг ҳаёт тарзини, қадриятларини, урф-одатларини, бахт-саодати, ғурур ва ифтихорини, нуфузини ўзида намоён қиладиган тантаналари, байра...
01 янв 1970
Бугунги кунда ҳаёт тамаддунини, жамият юксалиши ва ишлаб чиқариш ривожини илм-фан тараққиётисиз, янги илмий ишланмалар, инновацион янгиликлар, кашф...