Фармацевтика ривожи – аҳоли саломатлигининг муҳим омили

/
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан бири бу фуқароларни арзон нархларда зарур дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш ҳисобланади.
Шу боис соҳадаги ислоҳотлар жараёнида аҳолини арзон дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, шунингдек, уларнинг нархларини сунъий ошириб юбориш ҳолатларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Охирги бир ярим йил давомида фармацевтика тармоғини ривожлантириш, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг арзонлиги ва эркин муомаласини таъминлашга қаратилган ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Шунга қарамай бугун амалиёт ушбу соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган тизимли муаммолар борлигини кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 февралда қабул қилинган “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу соҳадаги камчиликларни бартараф этиш ва истиқболдаги режаларни самарали амалга оширишга доир аниқ мақсадли чора-тадбирларни белгилаб бергани билан аҳамиятлидир.
Қарорда қайд этилганидек, ўтган даврда олиб борилган ўрганиш ва таҳлиллар қабул қилинган қонун ҳужжатларини ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ ижро этиш бўйича етарли чоралар кўрилмаётганлигини, масъул органлар раҳбарларида юклатилган вазифаларни бажаришда ташаббускорлик йўқлигини кўрсатди. Бу каби муаммоларга биз, депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган тиббиёт бўйича доимий Комиссия таркибида жойларда олиб борган ўрганишларимиз давомида ҳам гувоҳ бўлдик.
Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш ва инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, эндиликда фармацевтика саноатини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган эркин иқтисодий зоналарга Қорақалпоғистон Республикаси ва тегишли вилоятлар прокурорлари бириктирилган бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, шунингдек, қишлоқ врачлик пунктларида ижтимоий дорихоналарни жойлаштириш имкониятларини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш ва жорий йил 1 апрелга қадар ижтимоий дорихоналарнинг жойлашувини тасдиқлаш вазифаси юкланди.
Шу билан бирга, қарорга мувофиқ жорий йилдан бошлаб дорихоналарнинг жойлашувини аниқлаш ҳамда дори воситалари ва тиббий буюмларни тегишли дорихоналар томонидан аҳолига етказиб беришни таъминлаган ҳолда реал вақт режимида сотиб олиш имкониятларини тақдим этадиган Интернет тармоғида ахборот порталини, шунингдек, мобиль иловаларни яратиш ҳамда олис жойларда яшовчи аҳолига, энг аввало, ижтимоий аҳамиятга эга ва энг зарур дори воситаларини сотишни таъминлайдиган “Дамас” автомашиналарида кўчма дорихоналарни ташкил этиш белгилангани, албатта, аҳолига катта қулайлик яратади.
Шунингдек, давлат тиббиёт муассасалари ва ижтимоий дорихоналарда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ҳисобини олиб боришнинг, шу жумладан, бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишини тезкор аниқлаш ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизимни яратиш назарда тутилаётгани ҳам соҳада қонун устуворлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Қолаверса, ҳужжатга кўра аҳолини дори воситалари билан таъминлашдаги муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича жамоатчилик комиссияси тузилиб, уларнинг зиммасига ҳам қатор вазифалар юкланмоқда.
Хусусан, ҳар 10 кунда ҳудудларга бориш ва жойларда учрашувлар ўтказиш орқали дори воситалари билан таъминлашда аҳолининг энг муҳим муаммолари ҳал этилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ташкил қилиш, фармацевтика тармоғида кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва манзилли бўлиши, уларнинг мазкур соҳадаги ишлар ҳолатини яхшилашга реал таъсир кўрсатиши масалалари бўйича фуқароларнинг фикр, мулоҳаза ва тавсияларини ўрганиш орқали аҳоли билан акс алоқани таъминлаш, айниқса, ижтимоий эҳтиёжманд ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшайдиган фуқароларни ижтимоий аҳамиятга эга ва арзон дори воситалари билан таъминлаш бўйича ишларнинг ҳақиқий ҳолатини ҳамда аҳолини дори воситалари билан таъминлаш ва унинг аҳоли яшаш жойларида етарлилиги, шунингдек, ижтимоий дорихоналарнинг фаолиятини ташкил этиш бўйича мавжуд инфратузилмани танқидий ўрганиш каби вазифалар белгиланди.
Бундан ташқари, жамоатчилик комиссияси зиммасига Президентимизнинг мазкур қарори ижросини мунтазам ўрганиб бориш, ушбу масала бўйича масъул давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботини эшитиш каби вазифалар ҳам белгиландики, бу жараёнда биз, халқ вакиллари ҳам четда турмасдан парламент ва депутатлик назорати механизмлари орқали соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга ҳисса қўшмоғимиз лозим.
Зеро, партиямиз Сайловолди дастурида ҳам дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, давлат дорихона муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини яратиш ва дори-дармонлар нархини пасайтириш омили сифатида улар учун минимал рентабеллик даражасини ўрнатиш, шунингдек, аҳолини давлат дорихоналари муассасалари орқали эҳтиёжни қоплайдиган ҳажмда дори воситалари билан таъминлашга доир белгиланган вазифалар мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига тўла ҳамоҳангдир.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизнинг энг муҳим бойлиги саналган аҳоли саломатлигини таъминлашга доир ҳар бир қонун ҳужжати бевосита ўзимиз ва оиламиз манфаатларига хизмат қилади. Шундай экан, уларнинг ижросига ҳар биримиз дахлдор эканлигимизни унутмаслигимиз зарур.
Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
01 янв 1970
Tашқи савдо қатнашчиларининг маблағларини хорижий валютага конвертация қилишда амалиётда ортиқча маъмурчиликлар мавжудлиги соҳани ислоҳ этишни тақо...
01 янв 1970
— Келажакда ҳуқуқшунос бўлмоқчиман. Менга суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берсангиз?...
01 янв 1970
Мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қорақалпоғистонлик фидойи, ишбилармон-тадбиркорлар ҳам му...