Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
— Нотариусларнинг одоб кодекси, одоб-ахлоқ қоидалари ёки фуқароларни қабул қилиш вақтида муомала маданиятини тартибга соладиган ҳужжати борми?
У.Жўрамуродов
— Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2016 йил 30 мартдаги 55-ум-сонли буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари тасдиқланган.
Унга кўра, адлия органлари ва муассасалари ходимлари, шу жумладан, нотариал идоралар ходимлари ҳам ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажаришга, умумэътироф этилган ахлоқ қоидаларига риоя қилишга, миллий анъаналар, урф-одатлар ва қадриятларни ҳурмат қилишга, шунингдек, юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларга эга бўлишга, юриш-туриш, кийиниш ва муомалада ўз ҳамкасбларига ижобий томондан ўрнак бўлишга мажбур. Ходим хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт.
Бундан ташқари, 2017 йилнинг сентябрь ойида Адлия вазирлигида бўлиб ўтган нотариуслар ҳамжамияти билан учрашувда нотариуслар бугунги кун талабига, энг аввало, халқнинг ишончини қозонишда, сифатли нотариал хизматлари кўрсатишда мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан соҳанинг барча ходимлари номидан тегишли мажбуриятнома қабул қилдилар. Мажбуриятномада нотариус вазифасини ҳалол ва виждонан бажариш, халққа сидқидилдан хизмат қилиш, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этиш, одоб-ахлоқ қоидаларини сўзсиз бажариш, нотариус қасамёдини бузмаслик кабилар акс эттирилган.
Саволга Қибрай тумани ДНИ нотариуси Шерзод ТЎРАБЕКОВ жавоб берди
 
— Ҳақорат ва туҳмат учун қандай ҳолатларда жиноий жавобгарлик белгиланади?
А.Солиҳов
— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик бу — ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бу ҳуқуқбузарликнинг алоҳида хусусияти шундан иборатки, мазкур ҳуқуқбузарликни бир йил давомида такроран содир қилса, ушбу ҳуқуқбузарлик жиноят таркибини беради.
Жиноят кодексининг 140-моддасида эса ҳақорат қилиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса — энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш — энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ҳақорат қилиш:
а) жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда;
б) хавфли рецидивист томонидан ёки туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса — энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Саволга жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Зоир КАМОЛОВ жавоб берди 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Партиялараро рақобат тобора кучаяётгани, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси ортаётгани ҳам масъулият билан ишлаш...
01 янв 1970
Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти бар...
01 янв 1970
Мамлакатимиз кейинги 25 йил ичида ўзига хос иқтисодий тараққиёт, ижтимоий юксалиш, маънавий тамаддун йўлини босиб ўтди....
01 янв 1970
Ўзбекистонда ҳозирги кунда 9200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. ...