Валюта бозорида тенглик таъминланади

/
Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт соҳасини ислоҳ қилиш, жумладан, валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар миллий иқтисодиётга хорижий сармояларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Шунга қарамай ташқи савдо қатнашчиларининг маблағларини хорижий валютага конвертация қилишда амалиётда ортиқча маъмурчиликлар мавжудлиги соҳани ислоҳ этишни тақозо этаётган эди. Бунга биз, депутатлар ҳудудларга чиққанимизда ушбу соҳадаги муаммолар юзасидан тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан билдирилаётган мурожаатларга кўп бора дуч келаётган эдик.
Мазкур масалага ечим топиш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилишга доир вазифалар белгиланган эди. Жорий йилнинг ўтган даврида ушбу вазифаларни амалга ошириш йўлида кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони миллий валюта тизимини ислоҳ этишда муҳим қадам бўлди.
Ушбу ҳужжат, аввало, валюта сиёсатини янада либераллаштириш, барча тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар ва адолатли тизим яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Фармон билан мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хорижий инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётган муаммо ва камчиликлар ҳамда валютани тартибга солишда ортиқча маъмурий аралашувларга барҳам берилишига доир амалий саъй-ҳаракатлар бошланди.
Хусусан, эндиликда фақатгина бозор механизмлари асосида фаолият кўрсатадиган валюта бозорини шакллантириш, юридик ва жисмоний шахслар томонидан чет эл валютаси жорий халқаро валюта операцияларини амалга ошириш учун банкларда эркин сотиб олиниши ва сотилиши кафолатланиши белгиланмоқда.
Янги амалиётга кўра юридик шахслар ўз маблағларини банкларда товар, иш ва хизматлар импорти, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо характерига эга бўлмаган операцияларни амалга ошириш учун чет эл валютасига чекловларсиз эркин конвертация қилишлари мумкин. Ваҳоланки, илгари амалиётда валюта алмаштиришда бир-биридан кескин тафовут қиладиган давлат курси, бозор курси ва биржа курси каби турлари вужудга келган эди. Қолаверса, конвертация масаласида айрим тадбиркорлик субъектлари имтиёзга эга бўлган ҳолда бошқа тадбиркорларнинг ушбу масалада турли чекловлар, узоқ муддатли кутишлар ва бошқа сарсонгарчиликларга дуч келиши қатор муаммоларни келтириб чиқараётган эди.
Бундан буён жисмоний шахслар ҳам тижорат банкларининг конверсион бўлимларида чет эл валютасини эркин сотиб олиши, сотиб олинган маблағларни халқаро тўлов карталарига ўтказиб, улардан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиши мумкин. Шунингдек, аҳоли ўз қўлидаги нақд чет эл валютасини бозор нархида тижорат банкига сотиш учун мурожаат қилганда, тижорат банкларининг барча филиал ва мини-банклари томонидан чекланмаган миқдорда ва сарсонгарчиликсиз қабул қилиниши бўйича амалиёт йўлга қўйилди.
Таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда экспортчиларни рағбатлантириш учун бир қатор ишлар амалга оширилди, уларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича кўплаб имтиёзлар берилди, экспорт фаолиятини ташкил этиш бўйича тўсиқ бўлаётган қатор тартиботлар бекор қилинди. Аммо, амалиётда сақланиб келинган валюта тушумини мажбурий сотиш талаби экспорт фаолиятига салбий таъсир қилаётган эди. Президентимиз фармони билан мулкчилик шакли ёки экспорт қилинаётган маҳсулот туридан қатъи назар, барча экспортчи ташкилотлар учун бундай тартибнинг бутунлай бекор қилингани экспорт соҳасини рағбатлантиришда адолатли қарор бўлди. Шундан келиб чиқиб, экспортёр корхоналар эндиликда ўзларининг чет эл валютасидаги даромадларини ўз хоҳишига кўра тўлиқ эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлмоқда.
Фармонда шунингдек, валюта сиёсатидаги ислоҳотлар натижасида қисқа муддатли истиқболда аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларига нисбатан вужудга келиши мумкин бўлган салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида аниқ манзилли ва шаффоф ижтимоий нафақа ва субсидиялар жорий этиш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг турмуш шароитларини имтиёзли микрокредитлар ажратиш орқали яхшилаш каби чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари, фармонда ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари ҳамда дори-дармонларнинг асосий турларига нарх-навони мониторинг ва назорат қилиш комиссияларига нархларнинг барқарорлиги ва бозорларнинг истеъмол товарлари билан тезкор тўлдирилишини таъминлаш вазифаси юклатилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, олиб борилаётган ислоҳотларнинг давоми сифатида қабул қилинган мазкур фармон барча ташқи савдо қатнашчиларига адолатлилик тамойили асосида тенг шароитлар яратиши билан Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий мақсадларига тўла мос келади. Шу боис биз, халқ вакиллари иқтисодий соҳадаги ислоҳотларнинг муҳим шарти ва босқичи сифатида ушбу ҳужжатни қўллаб-қувватлаймиз ҳамда унинг самарали ижро этилишида ўзимизни дахлдор, деб биламиз.
Абдуғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8-10 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб, Шанхай ҳамкорлик таш...
01 янв 1970
Ўзим яшайдиган аҳоли пунктига яқин жойдаги нотариал идорага Тошкентдаги квартирамнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун маслаҳат сўраб му...
01 янв 1970
Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби сиёсий жараёнларда ҳам сезиларли ўзгаришлар рўй бермоқда....
01 янв 1970
Агар талаба шартнома пулини тўлашга қийналса, олий таълим муассасаси томонидан имтиёз берилиши назарда тутиладими?...