Нодавлат нотижорат ташкилотларига берилган имтиёзлар

/
Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг фаолият юритиши учун норматив-ҳуқуқий база мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда. Шунингдек, ушбу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олиш, тартибларни соддалаштириш ва нодавлат нотижорат ташкилотлари учун қулайликлар ва енгилликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 декабрдаги “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти ва молиявий ҳолатининг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 53-моддасида белгиланган юридик шахслар олти ой мобайнида банк ҳисобварақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган тақдирда уларни тугатиш учун асос бўлишини назарда тутувчи қоида ННТларга жорий этилмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдори 5 бараварга, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 бараварга камайди, Ўзбекистон Республикасида ННТнинг алоҳида бўлинмаларини давлат рўйхатидан ўтказишда давлат божи олинмаслиги, давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлари икки ой муддат ўрнига бир ой муддатда кўриб чиқилиши белгиланди, шунингдек, рўйхатдан ўтказишда таъсис ҳужжатларни нотариал тасдиқлаш ва бошқа қўшимча талаблар бекор қилинди, ҳисоботлар топшириш ва тадбирларни келишиш тартиблари осонлаштирилди, ННТ мансабдор шахслари томонидан қонун бузилиши ҳолатлари содир этилганда жавобгарлик чоралари енгиллаштирилди.
Бундан ташқари, Адлия вазирлигига Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ҳамда халқаро шартномаларида мустаҳкамланган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан риоя этилишини назорат қилиш вазифаси юклатилди.
Бунинг натижасида ННТнинг ўрни ва нуфузи ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, таълим, соғлиқни сақлаш ва барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштироки сезиларли даражада ошди.
Мустақилликка эришган дастлабки даврда республикамизда 100 тага яқин ННТ фаолият кўрсатиб келган бўлса, бугунги кунда юртимизда 8800 ННТ ҳамда уларнинг 130 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлари фаолият кўрсатиб келмоқда.
Хусусан, 2016 йил 25 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда ҳам ННТ фаолиятини тартибга солувчи нормаларни эркинлаштириш бўйича қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бундан ташқари, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ҳамда тугатилишининг ўзига хос хусусиятлари алоҳида қонун ҳужжати билан тартибга солиниши тўғрисидаги иккинчи қисм билан тўлдирилди.
Ушбу қонуннинг 4-моддасига эса, нафақат республика миқёсидаги жамоат фондлари, балки халқаро миқёсдаги жамоат фондларини ташкил қилиш имконини берувчи янги норма киритилди.
Муқаддам “Жамоат фондлари тўғрисида”ги қонунида республика ва маҳаллий жамоат фондларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган ваколатхоналари ва филиаллари юридик шахс бўлмаслиги белгиланган бўлса, мазкур қонуннинг 5-, 13-, 16-моддаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, республика ва маҳаллий жамоат фондларининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхона ва филиаллари юридик шахс мақомига эга бўла олиш имконияти юзага келди.
Шу билан бирга, мазкур қонунга асосан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 239- ва 2391-моддаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузганлиги учун белгиланган жарималар миқдори тегишли равишда уч-тўрт баробаргача камайтирилди.
Маълумки, 2017 йил 1 август куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ушбу қонун лойиҳасида “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасига мувофиқ давлат ижтимоий буюртмаси давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилоти ёки фуқаролик жамиятининг бошқа институти ўртасида шартнома тузиш йўли билан ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун ишлар бажариш ёки тадбирлар ўтказишга доир давлат топшириғидан иборат.
Ҳозирда давлат ижтимоий буюртмаларини бериш фақат Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ёки Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари орқали амалга оширилиши мумкин.
Таклиф этилаётган лойиҳага кўра, нафақат Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ёки Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги жамоат фондлари томонидан, балки бевосита давлат бошқаруви органлари томонидан ҳам ўзларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига тўғридан-тўғри ижтимоий буюртмалар бериши мумкин.
Агар давлат органлари томонидан ижтимоий буюртмаларни бевосита ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига бериш механизми жорий этилса, давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида узвий ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Хулоса қилиб айтганда, қабул қилинган ва қабул қилиниши режалаштирилаётган қонун ҳужжатлари ННТларнинг ҳуқуқий мақоми, роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилгандир. Бундан кўзланган мақсад уларнинг янада самарали фаолият олиб боришларини таъминлашдан иборат.
Рустам ЭШБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бошқармаси бош маслаҳатчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПдан кўрсатилган номзод — 34-умумтаълим мактаби директори Насибахон Мавлоновага сайловчилар катта ишонч бил...
01 янв 1970
Меҳнат шартномасида иш вақтимиз соат 9:00 дан 18:00 гача деб белгиланган бўлса ҳам, айрим ҳолларда ташкилотимизда кечгача қолиб кетамиз.ли вафот эт...
01 янв 1970
Маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёдаги бир-бирига чамбарчас боғланган мамлакатлар ҳисобланади....
01 янв 1970
ҳар бир давлатнинг халқаро майдондаги нуфузи ва ўрни унинг сиёсий, иқтисодий имкониятлари, халқнинг интеллектуал салоҳияти ҳамда маданияти билан бе...