Ёшлар тарбиясида ҳаммамиз масъулмиз

/
Истиқлол йилларида Бош қомусимизнинг 31-моддаси асосида ҳамма учун кафолатланган виждон эркинлиги чинакам ҳаётий ифодасини топди.
Келинг, бир мулоҳаза қилиб кўрайлик: истиқлолгача бўлган даврда масжидларни тўлдириб, ёшу қари ўз ибодатларини адо этишлари, халқимиз муқаддас Қуръони карим ва Ҳадиси шарифни, алломаларимизнинг ноёб асарларини юксак эътиқод билан мутолаа қила олиши, Рамазон рўзасини эмин-эркин тутишимиз, минглаб мусулмонларимиз бугунгидек ҳаж ва умра зиёратини адо этиши мумкинмиди? Ёки ўнлаб диний таълим муассасаларида толиби илмлар таҳсил олишлари ақлга сиғармиди?
Йўқ, албатта.
Шу боис буларнинг барчаси мустақиллик шарофатидан эканлигини теран ҳис қилиб, ер юзининг турли минтақаларида юз бераётган бало ва офатлар, хунрезликлардан сабоқ чиқарган ҳолда юртимизда барқарор бўлган тинчлик-осойишталик, ободлик, халқимизнинг фаровон ҳаёти учун шукрона келтиришимиз керак. Қуръони каримда “Аллоҳ шукр қилгувчиларни албатта мукофотлагай” деб хабар берилган бўлса, улуғ муҳаддислар Имом ал-Бухорий ва Имом ат-Термизий ҳадиси шарифда “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар уни қадрига етишмайди. Булар сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир” дея таъкидланганини ривоят қиладилар.
Неъматга ношукрлик, қўлингдагидан ҳам айирур.
Агар теран мушоҳада қилинса, диёримизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, бунинг натижасида шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси кун сайин чирой очиб бораётгани, қўлга киритилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ютуқларимиз шукроналик самарасидир.
Модомики, гап шукроналик хусусида борар экан, бу ўринда поёнига етиб бораётган муборак Рамазон ойи хусусида қисқача тўхталиш жоиз. Айни муқаддас ойни юксак кўтаринкилик ва шоду хуррамлик билан ўтказишимиз учун ҳар йилгидан фарқли равишда давлатимиз раҳбарининг алоҳида қарори қабул қилинди. Оила аъзоларимиз, маҳалла-кўй, қариндош-уруғ ва ёру дўстларимиз иштирокида ўтказилган ифторлик маросимларимизда халқимизга хос меҳр-оқибат ришталари янада мустаҳкамланди. Мана, ҳадемай Ийд Рамазон ҳайити байрамини нишонлаймиз. Ҳайит кунларида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга, ўзгалар парваришига муҳтож оилалар ҳамда беморлар ҳолидан хабар олиниб, меҳр-муравват кўрсатилади. Халқимизга хос бундай эзгу саъй-ҳаракатлар, айниқса, ёшлар тарбиясида муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур ойда яна бир муҳим воқеанинг гувоҳига айландик. 2017 йил 15 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил қилинган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда иштирок этдик. Ушбу тадбирда Президентимиз томонидан билдирилган танқидий-таҳлилий фикрлар биз, имом-хатиблар зиммасига юксак масъулият юклади. Жумладан, Президентимиз фарзандларимиз, ёшларимиз тарбиясига ота-она, маҳалла-кўй, жамоатчилик қатори дин арбоблари, уламолар ва имом-хатиблар ҳам масъул эканини алоҳида таъкидлади. Айниқса, билимсиз, ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ғўр ёшлар алдамчи ғояларга тез алданиб қолаётгани, пул топиш илинжида ҳар қандай жирканч ишларни қилишдан ҳам тап тортмаётгани, хорижга ишлаш учун бориб, турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолиши оқибатида эътиқоди бузилиб, муқаддас динимиз ғояларини инкор этиш даражасигача бораётганини, ҳатто баъзи террорчилик ҳаракатларида миллатдошларимиз иштирок этаётганини рўй-рост кўрсатиб берди. Энг муҳими, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, ёшларни комил инсонлар қилиб тарбиялаш борасида ҳамжиҳатлик билан иш олиб боришимиз, халқимиз билан очиқ мулоқотларни ташкил қилишимиз, адашган ёшларга исломнинг асл моҳиятини, унинг эзгулик дини эканлигини тушунтиришимиз, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишимиз лозимлигини қайта-қайта такрорлади.
Дарҳақиқат, етарли билим ва тажриба, касб-ҳунарга эга бўлмаган айрим ёшларимиз чет элга ишлаш учун бормоқда. Рисоладагидек иш топсаку яхши, аммо топа олмаса-чи, бундай ҳолларда моддий манфаатдорлик эвазига ўз домига тортаётган ғайриахлоқий тўдаларга аралашиб қолмоқда. Энг ачинарлиси, бундай ёт ғоя ва тушунчаларни юртимизга ҳам олиб келмоқда. Аксарият ҳолларда бу ҳолат ҳеч биримизни ташвишлантирмайди, уларнинг эътиқоди, юриш-туриши ўзгарганини сезсак-да сезмаганга, кўриб кўрмаганга оламиз. Оқибатда ўша оилада нотинчлик, дилхиралик юз беради. Фарзандларимиз жаҳолат, маърифатсизлик қурбонига айланади. Шундай экан, фарзанд тарбиясида ҳаммамиз масъул бўлишимиз керак.
Бундан ташқари, Президентимиз ФҲДЁ органларида никоҳдан ўтмасдан туриб, шаръий никоҳ ўқитиш оқибатида қўшхотинлик ҳолати кўпайиб бораётганига алоҳида тўхталди. Бу борада фикр юритиб у киши “Ахир, тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган “никоҳ”дан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолади. Хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб-улғайганидан кейин боғчага, таълим муассасаларига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади.
Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этолмайди”, дея куюниб гапирди. Қолаверса, бундан буён ФҲДЁ томонидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай мулла ёки имом-хатиб жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирди.
Албатта, биз Президентимиз томонидан олдимизга қўйилган талабларни тўлақонли адо этишга, у киши билан елкама-елка хизмат қилишга камарбастамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ҳайити байрами билан муборакбод қиламиз! Тинч ва фаровон ҳаётимиз бардавом, Мустақиллигимиз абадий бўлсин.
Баҳодир ШАРИПОВ,
Чуст тумани бош имом-хатиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Хабарингиз бор, яқинда давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фар...
01 янв 1970
Мен Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, “Қизилпета” МФЙ Гулистон кўчасидаги 56-уйда яшайман. ...
01 янв 1970
Қорақалпоғистонда иқтисодиёт тармоқлари, саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари билан бир қаторда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорли...
01 янв 1970
Хизмат вазифаси тақозосига кўра ҳар куни шаҳримизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшган, бугун эса эл ардоғида юрган отахон-она...