Мулоқотлар ўз самарасини бермоқда

/
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳаллий кенгаш депутатлари зиммасидаги масъулият янада ортди. Ўз навбатида, уларнинг фаоллиги ҳам ўсиб бормоқда. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ечимини топишда депутатлик сўрови киритиш ваколатидан самарали фойдаланиш алоҳида ўрин тутмоқда.
Буни халқ депутатлари Асака туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан жорий йилнинг I чорагида сайловчиларнинг мурожаатлари асосида маҳаллий ҳокимлик, корхона ва ташкилотларга 20 та депутатлик сўрови чиқарилди. Уларнинг 13 тасида қайд этилган масалалар ҳал этилган бўлса, 5 тасида келтирилган муаммолар атрофлича ўрганилиб, зарур чора-тадбирлар манзилли дастурларда белгиланишига эришилди, қолган 2 та масала бўйича ўрганишлар давом этмоқда. Бундай амалий ишлар туман аҳолисининг манфаатларини рўёбга чиқариш ҳамда ҳудудда партиямизнинг мавқеи мустаҳкамланишини таъминламоқда. Жорий йилнинг ўзида туманда сафдошларимиз сони 50 нафарга кўпайди.
Қуйида асакалик депутат сафдошларимизнинг мавзуга доир фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.
Меҳринисо КАРИМОВА,
халқ депутатлари Асака туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси, туман партия кенгаши раиси:

— Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида олдимизга қўйилган долзарб вазифалар ҳар биримиздан алоҳида масъулиятни, шахсий жавобгарликни чуқур англаган ҳолда ишлашни тақозо этмоқда. Депутат сайловчиларнинг ишончини оқлаши, аввало, одамларнинг дарду ташвишларини ўз дилидан кечириб яшаши, билим ва профессионал ёндашув билан муаммоларни ўрганиб, таҳлил қилиши ва қонуний ҳал этиш чораларини кўриши зарур.
Туманимизда “Шанба — депутатлик куни”, деб эълон қилинган. Шу куни ҳар биримиз ўз сайлов округимиз ҳудудида сиёсий мавзудаги тадбирлар ташкил этаяпмиз, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан мулоқотда бўлмоқдамиз. Туман партия кенгашидаги “Адолат қабулхонаси” ва жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар ҳам ўз самарасини бермоқда.
Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартишлар тарғиботи, ёшлар тарбияси фаолиятимизда муҳим ўрин эгаллайди. Партия фаоллари ва депутатларнинг кенг жамоатчилик орасига чуқур кириб бориши катта аҳамиятга эга. Негаки, фуқаролар ўз ишончли вакилига хайрихоҳлик билан қарайди, мавжуд муаммолар ҳал этилишида фаоллик кўрсатишига ишонади.
“Беруний”, “Улуғбек” ва “Байналмилал” маҳаллаларида аҳоли билан мулоқотларда, аввало, юртдошларимизнинг фуқаролик масъулияти ортиб бораётганига гувоҳ бўлдим, уларнинг жамият манфаати, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси ўсиб бораяпти.
Сайловчиларнинг таклифлари ва аниқланган муаммоларни ҳал этишда депутатлик сўрови ваколатидан кенг фойдаланяпмиз. Ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, унда кўтарилган масалани ҳал этиш ишлари доимий назоратга олинмоқда.
Маҳалла фаоллари билан хонадонларда бўлганимизда “Беруний” маҳалласида яшовчи фуқаро Барно Ходжаеванинг ногиронлиги, оиланинг кам таъминланганлиги боис ота-онаси унга ногиронлар аравачаси олишга қийналаётганини аниқладик. Мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови киритдик, тез орада муаммо ҳал этилганидан оила аъзолари хурсанд бўлишди.
54-умумтаълим мактаби жамоаси спорт зали йўқлигидан қийналаётганини баён этишди. Ушбу мурожаат юзасидан туман ҳокимлигига билдирган таклифимиз эътиборсиз қолмади. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан шу мақсадда 750 миллион сўм маблағ ажратилиб, ҳозирда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Демак, янги ўқув йилига мактаб жамоаси учун бу муносиб совға бўлади.
Партиямизнинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида тумандаги таълим муассасаларининг моддий-техник базаси ва ўқувчиларни соғломлаштириш ишлари ўрганилди. Бу жараёнда маҳалла билан ҳамкорлик, ота-оналарнинг масъулиятини оширишга ҳам эътибор қаратдик. Ўрганишлар, аниқланган камчиликлар таҳлил этилиб, шу юзасидан масалалар халқ депутатлари туман Кенгашидаги тегишли доимий комиссиялар муҳокамаси учун тайёрланмоқда.
Абдумусо СУЛТОНОВ,
халқ депутатлари Асака туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Давлатимиз раҳбарининг таклифига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг ҳар ойда ҳудудларда аҳоли билан мулоқотлар ўтказаётгани, мавжуд муаммолар таҳлил қилинаётганлиги биз учун ибрат мактаби бўлмоқда. Депутатлик гуруҳимиз аъзолари ишлаб чиққан чора-тадбирлар режасида одамлар билан кўпроқ мулоқотда бўлиш, уларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда яратилаётган имкониятлардан қай даражада фойдаланаётганини таҳлил этиш аниқ вазифалар сифатида белгиланди.
“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу тамойил фаолиятимизнинг асосини ташкил этмоқда. Жорий йил бошидан аҳоли манфаатларини таъминлаш, фаровонлигини ошириш, ҳаётий муаммоларини ўрганиб бориш ва ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилаётган қабулларда фуқаролар ўз муаммолари бўйича мурожаат қилиш билан бирга давлатимизнинг бугунги сиёсатидан мамнун эканликларини ҳам билдираётгани қувонарли.
“2-Файзиобод” сайлов округи ҳудудидаги маҳаллаларда туман партия кенгаши билан ҳамкорликда “Юксак ҳуқуқий маданият сари” шиори остида 4 маротаба тарғибот тадбири ўтказдик. Хонадонларга кириб бориб, фуқаролар билан мулоқотда бўлиш билан бирга мавзуга доир тарқатма материаллар берилди.
“Файзиобод” маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар “Файзиобод-2” кўчасидаги хонадонларни ичимлик сув билан таъминлаш масаласида мурожаат қилишди. Туман “Сув-оқова” корхонасига депутатлик сўрови билан чиқдик. Шу мақсадда ўтган ойда 200 метр масофага қувур ётқизилиб, аҳолини ўйлантираётган бу ташвиш барҳам топди. Маҳалла ҳудудидаги 2.5 километр йўлнинг асфальтланиши файзиободликларни янада қувонтирди.
Сайловолди дастуримиздан келиб чиқиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. “Саломатлигимиз ўз қўлимизда” ва “Тозалик — саломатлик гарови” мавзуларида ташкил этилган давра суҳбатлари фуқароларнинг ўз саломатлигига бўлган эътиборини оширди. 25 нафар кекса ёшдаги ва кам таъминланган оила вакиллари партия депутатлари таклифи билан туман марказий шифохонасида соғломлаштирилди.
Дилфузахон СОБИРОВА,
халқ депутатлари Асака туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси:

— Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, инсон манфаатларини рўёбга чиқариш ва дастурий вазифалар ижросини таъминлашга партия тизимида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Асакалик “адолат”чилар ўз фаолиятимизни танқидий кўриб чиққан ҳолда масъулият билан иш олиб бормоқдамиз. Натижада йилнинг ўтган даврида депутатларнинг фуқаролар билан ишлашида сезиларли ютуқларга эришилди.
Хусусан, фуқароларнинг тиббий хизмат ва саломатлик борасидаги мурожаатларида қайд этилган масалалар ҳам алоҳида назоратга олинмоқда. “Баҳрин” маҳалласида яшовчи фуқаро Зарнигор Зокирова ногиронлиги сабаб даволаниш ва ногиронлар аравачаси олишда ёрдам сўраб мурожаат қилганди. Туман марказий шифохонасига бу масалани ҳал этиш таклифи билан чиқдим. Ҳозирда Зарнигор ногиронлар аравачаси билан таъминланган.
Ушбу маҳалланинг “Муқимий” кўчасидаги хонадонларда яшовчи фуқароларга ички йўлларнинг таъмирталаблиги бир қатор ноқулайликларни пайдо қилганди. Айни масалада туман ҳокимлиги ва туман ободонлаштириш бошқармасига киритилган депутатлик сўрови ўз самарасини бермоқда. Айни пайтда 1 километрлик йўлга шағал ётқизилмоқда, ички йўлни асфальтлаш вазифаси манзилли дастурга киритилди.
Бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш долзарб вазифалардан саналади. Жорий йилнинг февраль ойида “Ниёзботир” қишлоғининг “Фарғона” кўчасида жойлашган “Феруз” савдо дўкони сотувчиси терминал йўқлигини билдирганди. Бу масалада “Ҳамкорбанк”нинг туман филиалига депутатлик сўрови киритилиб, муаммо қисқа вақт ичида ечим топди.
Акбаржон НАЗАРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мен Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, “Қизилпета” МФЙ Гулистон кўчасидаги 56-уйда яшайман. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий ташкилотлари ҳам ибратли ишларни амалга оширмоқдалар....
01 янв 1970
Олтинкўл туманида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга доир профилактика тадбирлари аниқ режа асосида ташкил этилмоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистонда ҳозирги кунда 9200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. ...