Ҳар бир мурожаат қонуний ечим топсин

/
Халқ билан мулоқот. Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул йўли сифатида ҳаётимизга жорий этилган мазкур механизм ҳақиқатан ҳам қисқа фурсат ичида ўзининг амалий натижаларини бера бошлади. Бу юртдошларимизнинг келажакка, давлат ва жамоат ташкилотларига бўлган ишончи ортиб, фуқароларда бунга жавобан «Мен ҳам жамиятимиз ривожи учун ташаббус кўрсатишим керак», деган масъулият ҳисси уйғаётганида кўзга ташланмоқда.
Буни Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳудудий кенгашлари ҳузурида ташкил этилган “Адолат” қабулхоналарига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларнинг мазмунидан ҳам англаш мумкин. Энг муҳими, бугун юртдошларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалиб, қайси масалада қаерга мурожаат қилишнинг фарқига яхши бораётганликлари, амалда реал ечим топиш мумкин бўлган масала ёки ташаббуслар билан мурожаат этаётганликлари қувонарлидир. Чунки бугун ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабулхоналари ҳамда ҳар бир давлат идораларининг қабулхоналари фаолият олиб бораётган бир шароитда қайси масала бўйича қаерга мурожаат қилишда тўғри йўлни танлай билиш ҳам фуқаронинг ҳуқуқий маданиятидан дарак беради.
“Адолат” қабулхоналарига жорий йилнинг март ойида йўлланган мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг сони бироз камайганлигини кузатишимиз мумкин. Бу бир томондан юқорида таъкидлаганимиздек, жойларда барча давлат ва жамоат ташкилотларининг қабулхоналари доимий фаолият кўрсатаётгани ҳамда сайёр қабулхоналар ташкил этилаётгани, қолаверса, парламент вакилларининг ҳар ойда вилоятлардаги бир туманни комплекс ўрганаётгани натижаси бўлса, иккинчи томондан, ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлари ва фаолларидан иборат ишчи гуруҳларининг туман, шаҳарлардаги бир маҳаллага ташриф буюриб, аҳоли билан ўтказилаётган юзма-юз мулоқотлар ҳам аҳолини ўйлантираётган кўплаб масалаларга ечим топишда муҳим омил бўлаётир.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, ўтган ойда “Адолат” қабулхоналарига жами 156 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 54 таси ўз ечимини топишга улгурган бўлса, 16 масала юзасидан фуқароларга тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
ҚОРАҚАЛПОЎИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ. Партиянинг Амударё туман кенгашига “Арна бўйи” маҳалласида яшовчи А.Камаловнинг маҳалла ҳудудидан ўтувчи “Манғит арна” канали кўпригини таъмирлашда амалий ёрдам беришни сўраб йўллаган мурожаатини ўрганиб чиққан туман Кенгаши депутати И.Полвонов Амударё йўл хўжалиги, пудрат, таъмирлаш, фойдаланиш корхонасига депутат сўрови йўллади. Ушбу сўров натижаси кўп куттирмади. Айни пайтда Амударё туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда мазкур кўприкни таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Тумандаги “Беруний” маҳалласида истиқомат қилувчи А.Саъдуллаевдан партия кенгашига “Абдулла Қодирий” маҳалласида чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаслигидан шикоят келиб тушди. Ушбу мурожаат бўйича Амударё туман ободонлаштириш бўлими билан биргаликда маҳалладаги чиқиндилар тўкиладиган жой тартибга келтирилди ва чиқиндиларни ўз вақтида маҳалладан олиб чиқиб кетиш таъминланиб, доимий назоратга олинди.
Кегейли туман кенгашига Кегейли посёлкаси, Жиенбай Мирзатаев кўчасида яшовчи Д.Танирбергенова қорамол боқиш учун тижорат банкларидан имтиёзли кредит маблағини олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Партия депутатлари ва фаоллари саъй-ҳаракати билан туман Халқ банкидан мурожаатчига 7 миллион 400 минг сўм имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан тўрт бош қорамол харид қилиб, ўз ишини бошлашига кўмаклашилди.
Чимбой тумани “Бахтли” овул фуқаролар йиғини, “Гарга” овули, 4-уйда яшовчи К.Торемуратов ўз мурожаатида овул фуқаролар йиғини ҳудудида аҳолига суюлтирилган газ баллонларини тарқатиш шохобчасини ташкил этиш масаласини илгари сурди. Ушбу масала юзасидан ОФЙ ҳудудида жойлашган Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот интитути амалаёт базаси биносидан бўш турган хона суюлтирилган газ баллонларини тарқатиш шохобчаси учун ажратилиб, аҳолига қулайлик яратилди. Бунга қадар овулда яшовчи фуқаролар мазкур масалада қўшни ҳудудларга бориб келишга тўғри келар эди.
Шунингдек, Хўжайли тумани “Янгийўл” кўчаси 8-уйда яшовчи П.Айназаров томонидан “Бунёдкор” маҳалласи ҳудудида жамоат транспорти қатнамаслиги баён қилиниб, ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб йўлланган мурожаат асосида туман партия кенгаши томонидан Хўжайли туман ҳокимлиги ҳузуридаги транспорт бошқармасига сўров юборилди. Ушбу масала ечими ҳам узоқ куттирмади. Маҳалла ҳудудига 6-сонли маршрут йўналиши йўлга қўйилди.
НАМАНГАН ВИЛОЯТИДАГИ “Адолат” қабулхоналарига аҳолидан йўлланган мурожаатлар орасида ўз ишини бошлаш учун банкдан кредит олишга ёрдам бериш билан боғлиқ масала кўпчиликни ташкил этишини кузатиш мумкин. Муҳими, уларнинг аксарияти қисқа муддатларда ижобий ҳал этилди.
Жумладан, Наманган шаҳар, “Истиқбол” маҳалласида яшовчи фуқаролар З.Убайдуллаева, А.Исаев ва Б.Умароваларнинг ҳар бирига ўз хонадонларида иссиқхона ташкил этиш учун Халқ банкининг Наманган шаҳар бўлимидан 7,5 миллион сўм миқдорида кредит олишга амалий ёрдам кўрсатилган бўлса, хонадонида қорамол боқиш учун банкдан кредит олишни мақсад қилган А.Ибрагимов ва М.Қирғизбоевларнинг ҳар бирига Халқ банкининг шаҳар филиалидан 5,5 миллион сўм миқдорида кредит олишга кўмаклашилди.
Бундан ташқари, Халқ банкининг ҳудудий бўлимидан Наманган шаҳар “Гўзал” маҳалласи, 1-уйда яшовчи О.Мажидованинг уй шароитида касаначилик билан шуғулланиши учун 5,5 миллион сўм, ушбу мавзеда истиқомат қилувчи А.Маҳмудовнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун бошланғич сармоя сифатида 3,5 миллион сўм миқдорида кредит олишига ёрдам кўрсатилган бўлса, “Тўқмоқгузари” маҳалласи, 64-уйда яшовчи Х.Дадамирзаевага хонадонида товуқ боқиши учун “Қишлоқ қурилиш банк”нинг Наманган шаҳар бўлимидан 5 миллион сўм миқдорида кредит олишда амалий кўмак кўрсатилди. Бу орқали бир нечта хонадоннинг ўз даромад манбаига эга бўлиши ҳамда оилалар фаровонлиги таъминлашига замин яратилди.
Шу билан бирга, Наманган вилояти партия кенгаши қошидаги “Адолат” қабулхонасига Мингбулоқ туман, “Меҳнатобод” маҳалласида яшовчи Д.Хўжамбердиева томонидан уй-жойни давлат кадастридан ўтказишда ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам сўраб мурожаат этилди. Ушбу масалани ўрганиб чиққан партия депутатлари Мингбулоқ туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат ташкилоти билан ҳамкорликда мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат бериш баробарида уй-жойини давлат кадастридан ўтказишига амалий кўмак берилди.
СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ партия кенгаши қабулхонасига Гулистон шаҳри “Истиқлол” маҳалласида яшовчи З.Эсанов маҳалла ҳудудидаги ички йўлнинг носозлиги, йўлакларнинг таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги ҳақида мурожаат қилди. Масала юзасидан Гулистон шаҳар ободонлаштириш бошқармасига юборилган депутатлик сўровига асосан мазкур мавзе таъмирланиши шаҳарни таъмирлаш ишлари бўйича 2017 йил режасига киритилганлиги ҳақида маълум қилинди.
“Иттифоқ” маҳалласида истиқомат қилувчи пенсионер В.Парамонованинг қон босими тез-тез ошиб туриши сабабли дори-дармон олиш ва шифохонага ётиб даволаниш учун маблағ етишмаётганлиги юзасидан партиянинг Оқолтин туман кенгашига йўллаган мурожаати бўйича партия фаоллари туман кўп тармоқли марказий поликлиника мудири ва терапевт шифокор билан фуқаро хонадонига ташриф буюриб, унинг ҳолидан хабар олиниб, саломатлиги кўздан кечирилди ҳамда фуқарога бепул дори-дармонлар етказилиб, шифохонада бепул даволаниши учун йўлланма берилди.
“Маърифат” маҳалласи яшовчи З.Боботоевнинг маҳалла ҳудудида газ босимининг пастлиги тўғрисида юборган мурожаати халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгаши депутати М.Вайдуллаев томонидан шаҳар газ таъминоти бўлимига депутатлик сўрови чиқариш орқали ижобий ечим топди.
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ партия кенгашига Урганч туман “Мевазор” маҳалласида яшовчи С.Қутлибоев маҳалла ҳудудидаги электр симёғочнинг авария ҳолатига келиб қолганлиги натижасида электр таъминотида тез-тез узилишлар бўлиб турганлиги, қолаверса, бу атрофдагиларнинг ҳаётига хавф солаётганлиги тўғрисида мурожаат қилган. Ушбу масала бўйича Урганч туман Кенгаши депутати А.Аминбоевнинг туман электр тармоқлари корхонасига йўллаган сўрови натижасида муаммо тез фурсатда бартараф этилди ва айни вақтда ҳудудда яшовчи аҳоли томонидан электр таъминотидан ҳеч қандай эътироз йўқлиги билдирилди.
Шунингдек, “Бунёдкор” маҳалласида яшовчи О.Матқурбанов томонидан йўлланган мурожаатда маҳалла ҳудудидаги “Тинчлик” кўчасининг тунги ёритиш чироқларини таъмирлаш масаласи кўтарилган. Ушбу мурожаатга халқ депутатлари Шовот туман Кенгаши депутати Т.Мухаммеджанов томонидан туман ободонлаштириш бошқармасига юборилган депутатлик сўрови орқали “Тинчлик” кўчасидаги тунги ёритқичлар қайтадан таъмирланиб, янги лампалар ўрнатилди.
Бир сўз билан айтганда, “Адолат” қабулхоналарига йўлланаётган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолаётгани йўқ. Зеро, бугун партиямиз депутатлари ва фаолларининг бутун диққат-эътибори “Инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун” деган ҳаётий ҳақиқатни амалда рўёбга чиқаришга қаратилган.
Дилноза МИРЗАМАҲМУДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратининг “Адолат” қабулхонаси масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Участка сайлов комиссияларини тузиш қай тартибда амалга оширилади?
01 янв 1970
“Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди....
01 янв 1970
Муқобил энергия манбалари — инновацион тараққиёт учун
01 янв 1970
Истиқлол йилларида халқимиз саломатлигини асраб-авайлаш, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш энг устувор вазифалардан бирига айланди. ...