Муаммолар ҳал этилмоқда

/
Бугунги кунда ҳаёт олдимизга қўяётган янги вазифалар нуқтаи назаридан партия фаолиятини янада кенгайтириш, ташаббускорлигини ошириш, депутатлик гуруҳлари ишларини янада кучайтириш, улар фаолиятини ташкил қилишнинг янада самарали усулларини топиш зарурати ҳам юзага келмоқда. Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, Сирдарё вилоятидаги маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган Ўзбекистон "Адолат" СДП депутатлик бирлашмалари фаолиятини янада яхшилашга эътибор қаратилмоқда. Табиийки, партия ҳаётида депутатлик гуруҳлари фаолияти муҳим аҳамият касб этади.
Халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон "Адолат" СДП депутатлик гуруҳи аъзолари турли соҳаларда фаолият кўрсатишмоқда. Улар жойларда аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга интилишмоқда.
Масалан, учрашувлардан бирида фуқаролар "Маърифат" маҳалласидаги 1- ва 2-уйларга узатилган электр тармоғидан мазкур уйларнинг орқа томонида жойлашган кўп қаватли уйларга юқори кучланишли электр токи тармоғи тортиб ўтилганини айтишди. Бунинг оқибатида 1- ва 2-уйлардаги хонадонларда маиший техникалар ишдан чиқиб, фуқаролар моддий зарар кўраётганлиги маълум бўлди. Орқа томондаги 3-, 4-кўп қаватли уйларга ўтказилган бошқа электр тармоғида электр токи кучланиши пастлиги бу ҳолга сабаб бўлган. Шаҳар электр тармоқлари корхонасига ушбу масала юзасидан депутатлик сўрови юборилди ва муаммо ижобий ҳал қилинди. Айни пайтда мазкур корхона томонидан 3-, 4-кўп қаватли уйлар учун юқори кучланишли трансформатор ўрнатиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Шунингдек, аҳолидан тушган мурожаат асосида "Маърифат" кўчасида жойлашган кўп қаватли 1-уйнинг том қисми яроқсиз ҳолга келганлиги ва бунинг оқибатида намгарчилик вақтларида хонадонларга чакки ўтиб, анча ноқулайликларга сабаб бўлаётганлиги маълум бўлди. Бу масала юзасидан ушбу маҳаллада фаолият юритаётган "Жўрабек" ширкатлар уюшмасига депутатлик сўрови юборилиб, яроқсиз ҳолга келган кўп қаватли 1-уйнинг том қисми тўлиқ таъмирдан чиқарилишига эришилди.
Бундан ташқари, Янгиер қурилиш касб-ҳунар коллежида таълим олаётган ўқувчиларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласида мутасадди ташкилотга депутатлик сўрови киритилиши натижасида ҳудуддаги носоз ҳолатдаги ичимлик суви минораси таъмирланди. Янгиер қурилиш касб-ҳунар коллежида ўқувчиларнинг давоматини янада ошириш ва уларни назорат қилиш учун турникет тармоқларидан фойдаланиш тизими яратилган. Аммо турникет тармоғи ишламас эди. Шу сабабли турникет тизимини ишлатишда Янгиер шаҳар телекомуникация раҳбарига депутат сўрови чиқарилди ва масала ижобий ҳал этилди.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Ўзбекистон "Адолат" СДП аъзолари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатларининг масъулияти янада ошди. Бу борада амалдаги қонун ҳужжатлари ижросида партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳларининг таъсирини кучайтириш, аҳоли орасида қонунлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, фуқаролар, айниқса, ёшларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш ва бу ҳақда мутасадди давлат органларига асослантирилган таклиф ва тавсиялар киритиш ҳамда мавжуд қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириш мақсадида вилоятимизда "Адолат — қонун устуворлигида" лойиҳаси амалиётга йўналтирилди.
Лойиҳа доирасида жойларда партия фаоллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан ҳар ҳафтанинг чоршанба куни ҳар бир туманнинг битта маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қонунлар ижроси ва ислоҳотлар боришини фуқаролар билан бевосита очиқ мулоқотлар асносида ўрганиш, тайёрланган маълумот доирасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш масаласи халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари ва сессиялари муҳокамасига киритиш вазифаси белгиланди.
Бугунги кунда Янгиер шаҳар партия кенгаши билан биргаликда тузилган ишчи гуруҳи томонидан ҳар ҳафтанинг чоршанба куни аҳоли билан жонли мулоқот олиб борилмоқда. Шу кунгача ҳудудлардаги 3 та МФЙ таркибидаги 36 та хонадонга кириб, аҳолининг ижтимоий муаммолари ўрганилди. Учрашувлар чоғида фуқаролардан 9 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларда келтирилган масалаларни ижобий ҳал этиш мақсадида тегишли ташкилотларга депутатлик гуруҳимиз томонидан 5 та депутатлик сўрови юборилди.
Жумладан, "Обод юрт" маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар Ислом Ҳусанов ва Муаттар Ҳусанова ўрта маълумотга эгалиги, ишсиз эканлигидан шикоят қилишди. Айни шу масалада шаҳар Бандликка кўмаклашиш марказига депутатлик гуруҳимиз аъзоси Умида Саидова томонидан депутатлик сўрови чиқарилди.
"Бинокор" маҳалласида яшовчи фуқаро Қиммат Жўраева маҳаллада дайди ва қаровсиз итларнинг кўпайиб кетганлигини баён қилди. Ушбу масала юзасидан депутатлик гуруҳи шаҳар ободонлаштириш бўлимига депутатлик сўрови юборди ва муаммо ҳал этилмоқда.
Шу маҳаллада яшовчи фуқаро Мавлон Сатторов ўзи яшаб турган уйнинг ҳужжатлари йўқлиги, бу ҳақда тегишли жойларга мурожаат қилган бўлса-да, муаммо ҳал этилмаётганини билдирди. Ушбу масала юзасидан депутатлик гуруҳи томонидан шаҳар ҳокимлигига депутатлик сўрови чиқарилди. Шунингдек, фуқаро Ҳабибулло Ихтиёров нафақа пулларини ўз вақтида ололмаётганлигидан шикоят қилди. Шаҳар почта ва алоқа бўлимига мурожаат қилиниб, масала атрофлича ўрганилди ва муаммо тезда бартараф этилди.
"Абдураҳмон Жомий" маҳалласида яшовчи фуқаро Гулнора Абдураззоқова ўзи яшаб турган хонадонга доимий рўйхатдан ўтказиш масаласи муаммо бўлаётганлигини, фуқаро Бувинор ўозибекова, 15 йил аввал турмуш ўртоғи оламдан ўтганлиги ва шу вақтга қадар яшаб турган уйини турмуш ўртоғининг номидан ўзининг номига расмийлаштиришда муаммолар юзага келаётганлигини айтишди. Ҳар икки масалани ҳал этиш юзасидан қонуний тартибда ўрганишлар олиб борилмоқда.
Халқ билан мулоқот давомида гуруҳимиз фуқароларга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш, банклардан имтиёзли кредитлар олиб, иссиқхоналар қуриш, паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик ва асаларичилик билан шуғулланиш орқали қўшимча даромадга эга бўлиш юзасидан тушунчалар беришмоқда.
Шу билан бирга, Президентимизнинг "Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида", "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида", "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармонлари ва "Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида", "Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорлари ва бошқа бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари мазмун-моҳияти борасида суҳбатлар ўтказилмоқда.
Депутатлик гуруҳимиз фуқаролардан тушаётган аризаларни ўрганиб, мавжуд муаммоларни мутасадди ташкилотлар кўмагида ҳал этишга муваффақ бўлмоқда. Аммо шунга қарамай, депутатнинг ваколатлари доирасидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, фаолиятимизга танқидий ёндашиш кераклигини қайд этиш лозим. Масалан, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан ҳудудий дастурлар ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, маҳаллий Кенгаш сессиялари муҳокамасига долзарб масалаларни киритишда сусткашликларга йўл қўяётганимиз афсусланарли ҳолдир. Депутатлар бу жиддий камчиликдан тегишли хулосалар чиқарган ҳолда фаолиятимизга танқидий ёндашмоқда. Негаки, сиёсий партиянинг асосий кучи маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ҳисобланади. Шундай экан, депутатлик гуруҳимиз ташаббускорлигини ошириш масаласи доимий диққат-эътиборимизда туриши, келгусида бу борада янада фаолроқ бўлишимиз лозим.
Ўткир ФАЙЗИЕВ,
халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгашидаги
Ўзбекистон "Адолат" СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга масала бўлиб келган. ...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг навбатдан ташқари қурултойи бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Бугун Ўзбекистоннинг халқаро майдонда олиб бораётган прогрессив ташқи сиёсатини “тинчлик” ва “ҳамкорлик” сўзларида мужассам...
01 янв 1970
Яқинда телевидениеда афв этиш тўғрисидаги низом ҳақида эшитиб қолдим. Янги низом ҳақида маълумот берсангиз....