“Адолат” қабулхоналари — электорат манфаатлари ҳимоясининг янги механизми

/
Истиқлол йилларида юртимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши аҳоли билан мулоқот қилишнинг, ҳар бир фуқаро хоҳиш-иродасини ифода этишнинг янги босқичини бошлаб берди.
Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга доир фармони билан ушбу соҳада бутунлай янги усул ва механизмлар ҳаётга жорий этилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси тизимида жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари қошида “Адолат” қабулхоналари ташкил этилди. Шунингдек, партия расмий веб-сайтида Виртуал қабулхона ҳам иш бошлади.
Айни вақтда ушбу қабулхоналарга аҳолидан тушаётган мурожаатлар партия депутатлик корпуси ва фаоллари иштирокида маҳаллий ҳокимият идоралари ҳамда тегишли ташкилотларга сўровлар чиқариш орқали ижобий ҳал этилмоқда.
Жумладан, партия тизимидаги “Адолат” қабулхоналари фаолият бошлаган дастлабки ойнинг ўзидаёқ фуқаролардан жами 372 та мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларнинг географиясига назар ташлайдиган бўлсак, Фарғона (102 та), Андижон (75 та) ва Қашқадарё (75 та) вилоят кенгашлари қабулхоналарига кўпроқ мурожаатлар бўлганлигини кузатиш мумкин. Энг муҳими, келиб тушган жами мурожаатларнинг аксарияти қисқа муддатда ечимини топди.
“Адолат” қабулхоналарига мурожаатларни соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг аксарияти бандлик, коммунал ва уй-жой, ижтимоий таъминот, соғлиқни сақлаш ва тадбиркорлик фаолиятига доир масалаларни ташкил этади. Аҳамиятлиси, сайловчилар томонидан жойларда ечимини кутаётган муаммолар юзасидан йўлланган мурожаатлар ҳал этилаётганлиги бу борада жойлардаги маҳаллий ҳокимият идораларининг ҳам масъулияти ошганлигидан далолат беради.
Партия қабулхоналарига мурожаатларнинг ижобий ҳал этилганларини аниқ мисоллар асосида таҳлил қиладиган бўлсак, ўтган бир ой ичида бандлик масаласида мурожаат қилган 95 нафар фуқаронинг ишга жойлашишига кўмаклашилди.
Хусусан, Навоий вилоят партия кенгаши ҳузуридаги “Адолат” қабулхонасига Навоий шаҳридаги “Зарафшон” маҳалласида яшовчи фуқаро У.Суярованинг ишга жойлашиш бўйича мурожаати ўрганиб чиқилиб, шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ишга жойлаштирилган бўлса, ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро Р.Қосимовнинг мурожаати Навоий шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази орқали ҳал этилиб, “Навоийазот” ишлаб чиқариш корхонасига ишга жойлаштирилди.
Қарши шаҳар партия кенгашига мурожаат қилган “Кунчиқар” маҳалласида яшовчи С.Маматқулова шаҳардаги “Санам” масъулияти чекланган жамиятига ишга жойлаштирилган бўлса, Китоб туман партия кенгашига “Севаз” маҳалласида яшовчи фуқаролар А.Хўжақулов ва Т.Эгамбердиевлар томонидан йўлланган худди шундай мурожаат туман Бандликка кўмаклашиш бўлими билан бирга ижобий ҳал қилинди ва фуқаролар туман йўл қурилиш бўлимига ишга жойлаштирилди.
Шунингдек, партиянинг Қўрғонтепа туман кенгашига “Савай” маҳалласида яшовчи 23 нафар фуқаронинг ишга жойлашишга кўмаклашишга доир мурожаатлари халқ депутатлари Қўрғонтепа туман Кенгаши депутати Ф.Сиддиқова томонидан туман Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилди.
Мурожаатлар таҳлили яна шуни кўрсатадики, фуқаролар партия қабулхоналарига нафақат ўзларининг шахсий ёки оилавий муаммолари юзасидан, балки ўзлари яшайдиган ҳудудга ёхуд умумжамият манфаатларига хос долзарб масалаларни ҳал этиш юзасидан мурожаат этмоқда. Бу ҳамюртларимизнинг жамиятимиздаги ечимини кутаётган ижтимоий-иқтисодий масалаларга бефарқ эмаслиги, ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси билан яшаётганликларидан далолат беради.
Жумладан, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгашидаги “Адолат” қабулхонасига Тўрткўл тумани, “Давлеткличев” кўчаси, 88-уйда истиқомот қилувчи фуқаро С.Абужанова томонидан тумандаги 18-умумтаълим мактаби ошхонасида сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётганлиги ва бу ўқувчилар саломатлигига салбий таъсир этаётгани тўғрисида мурожаат йўлланган. Ушбу мурожаат шу куннинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилди.
Қолаверса, Навоий вилоят партия кенгашига Кармана тумани, “Усто Ширин” кўчасида яшовчи Н.Файзиев фарзандлари ва маҳалла ёшларининг спорт билан шуғулланишларига шароит яратиш, жумладан, спортнинг эркин кураш тури бўйича мураббий жалб этишга амалий ёрдам сўраб йўллаган мурожаати ўрганилиб, маҳалла ҳудудидаги 1-сонли умумтаълим мактабининг спорт залида “Эркин кураш” тўгараги очилди. Тўгаракка мураббий этиб тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг эркин кураш бўйича мураббийи Ж.Артиков жалб қилинди.
Бундан ташқари, маҳаллалардаги ички йўлларни таъмирлашга ёрдам кўрсатиш сўраб йўлланган мурожаатлар ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда.
Деҳқонобод туман партия кенгашига “Бўстон” маҳалласида яшовчи О.Имомова томонидан йўлланган маҳалла ички йўлининг носозлиги, йўлнинг таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги ҳақидаги мурожаати туман ҳокимлиги билан ижобий ҳал этилди ва маҳалла ичидаги 3 километр йўл таъмирлаб берилди.
Худди шу масалада Касби туман кенгашига “Юқори Майманоқ” маҳалласида яшовчи фуқаро Б.Жўраев томонидан йўлланган мурожаат ҳам ижобий ҳал этилиб, маҳалладаги 4 километр йўлнинг таъмирланишига кўмаклашилди.
Сайхунобод тумани, “Шодлик” маҳалласида яшовчи Ф.Каттабековнинг маҳалла ички йўли носозлиги ҳақидаги мурожаати бўйича туман йўл қурилиш бўлимига юборилган депутатлик сўровига жавобан ушбу йўл таъмири 2017 йил дастурига киритилганлиги тўғрисида маълумот олинди.
“Адолат” қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларда уй-жой ва коммунал масалалари ҳам қайд этилган.
Жумладан, Қарши шаҳрида яшовчи фуқаро Д.Рамазонованинг арзонлаштирилган уй-жой олишга кўмаклашиш бўйича партия қабулхонасига йўллаган мурожаати вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилиб, мурожаатчи янги қурилаётган уй-жойлар учун навбатга қўйилди.
Фарғона шаҳар, “Навоий” кўчаси 51-уй, 40-хонадонда истиқомат қилувчи А.Холиқова партия қабулхонасига мурожаатида “Электртармоқлари” ишлаб чиқариш корхонаси Фарғона шаҳар бўлими ходимлари томонидан электр ҳисоблагич кўрсаткичини нотўғри ҳисоб-китоб қилганликларидан норози эканлигини билдирган. Ушбу масала бўйича “Электртармоқлари” ИЧК Фарғона шаҳар бўлими раҳбарига сўров юборилди ва масала адолатли ҳал этилди. Нотўғри ҳисоб-китоб фош этилиб, корхона ходимларига тегишли тартибда чора кўрилди.
Наманган шаҳар, “Яккасада” маҳалласи, “Фарғона” кўчаси, 11-уйда яшовчи У.Қодиров хонадони табиий газ тармоғидан 2010 йилда узилган бўлишига қарамай, унга 600 000 минг сўм нореал қарздорлик ҳисобланганлиги юзасидан мурожаати ҳам партия депутати томонидан шаҳар газ таъминоти бўлимига юборилган сўров орқали ижобий ҳал этилди.
“Адолат” қабулхоналарига ўз саломатлигини тиклаш ва даволанишга, дори-дармон ва тиббий буюмлар олишга ёрдам сўраб йўлланган мурожаатлар 31 тани ташкил этиб, уларнинг аксариятига тегишли ташкилотлар ҳамда ҳомийлар билан ҳамкорликда амалий кўмак берилди. Яна 41 нафар фуқарога эса иш ҳақи, нафақалар ва моддий ёрдам олишларига ёрдам кўрсатилди.
Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида банкдан кредит олишга кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган 37 нафар фуқарога тижорат банкларининг ҳудудий филиалларидан кредит олишга кўмаклашилди.
Интернет ва ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётгани ҳамда фуқароларга қулайлик яратаётганини инобатга олган ҳолда партиямиз расмий веб-сайтида жорий қилинган Виртуал қабулхонага жорий йилнинг февраль ойида бир нечта мурожаат келиб тушди ҳамда уларнинг барчаси юзасидан амалий ёрдам ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Аҳамиятлиси, ушбу мурожаатларнинг учтасида, жумладан, Наманган вилоятидан Р.Набиева, Тошкент шаҳридан Н.Абдурашидова ва Н.ўуломов Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясига аъзо бўлиш истагини билдиришган. Улар ўз ҳудудларидаги партия кенгашлари орқали партиямиз аъзолигига қабул қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, “Адолат” қабулхоналари фуқаролар, сайловчилар ва партия электорати билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишда, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ижобий ечим топишда янги имконият эшикларини очмоқда.
Дилноза МИРЗАМАҲМУДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар тиббиёт соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантириш, аҳоли саломатлигини ...
01 янв 1970
Одамзот ер ҳайдаладиган омочдан тракторгача тахминан олти минг йилни, трактордан космик кемагача эса атиги 60 йилни босиб ўтган...
01 янв 1970
Кейинги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини демократик асосда ислоҳ этиш ва эркинлаштириш борасида кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилди....
01 янв 1970
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, шартноманинг қандай шартлари истеъмолчи ҳуқуқини чеклаб қўювчи ҳи...