Тинчликсевар, прогрессив ташқи сиёсат: миллий манфаатлар устуворлиги

/
Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Президентликка кўрсатилган номзод Наримон Умаровнинг сайловолди дастуридан ўрин олган ташқи сиёсатнинг асосий тамойиллари миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб, тинчликсевар, прогрессив сиёсат юритишдек ҳаётда ўзини оқлаган инсонпарварлик, мамлакатлараро ва миллатлараро дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланиши билан эътиборимизни тортади.
Хусусан, бундан кейин ҳам мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, ҳеч қандай ҳарбий блокларга ва коалицияларга қўшилмаслик, ҳарбий мақсадларни назарда тутувчи ҳаракат ва ташкилотлар билан алоқа ўрнатмаслик, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, гуманитар алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган ғоялар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Президентликка номзод Н.Умаровнинг сайловолди дастурида, айниқса, жаҳон ҳамжамияти билан икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларни миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб ривожлантириш, яқин қўшни давлатлар билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб бориш, минтақамиздаги барча муҳим сиёсий, иқтисодий ва экологик муаммоларни ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, конструктив мулоқот ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари асосида ҳал этиш, БМТнинг ижтимоий-гуманитар соҳаларга ихтисослаштирилган институтлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалаларининг илгари сурилганлиги мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи янада юксалишига олиб келади.
Зеро, ҳар бир давлатнинг халқаро майдондаги нуфузи ва ўрни унинг сиёсий, иқтисодий имкониятлари, халқнинг интеллектуал салоҳияти ҳамда маданияти билан белгиланади. Бугунги кунда давлатнинг нуфузини белгилайдиган мезонлар орасида шу давлат юритаётган сиёсат, унинг нечоғли холис, тўғри экани алоҳида ўрин тутишини таъкидлаш жоиз.
Шу маънода Ўзбекистон Республикаси мустақилликнинг биринчи йиллариданоқ прагматик ташқи сиёсий стратегияни ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этаётганлигини қайд этиш лозим. Бошқа давлатлар билан тенгҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатиш мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятига муваффаққиятли интеграциялашуви, фаол халқаро сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни амалга ошириш имконини берди.
Истиқлол йилларида мамлакатимизнинг давлат мустақиллиги дунёнинг қарийб 170 га яқин давлатлари томонидан эътироф этилган бўлиб, ҳозирда уларнинг 133 таси билан дипломатик алоқалар ўрнатилган. Бугунги кунда республикамизда 44 та хорижий давлатларнинг элчихоналари, Европа Иттифоқининг делегацияси, дипломатик мақомга эга бўлган 3 та савдо ваколатхоналари, хорижий давлатларнинг 11 та ҳукумат ва ҳукуматлараро ташкилотлари, 4 та халқаро молиявий ташкилотларнинг ваколатхоналари ҳамда 8 та давлатнинг фахрий консуллари фаолият олиб бормоқда. Ўз навбатида, дунёнинг 33 та давлатида Ўзбекистон Республикаси элчихоналари, 10 та давлатда Бош консуллиги, халқаро ташкилотлар қошида 3 та доимий ваколатхоналари очилганини қайд этиш жоиз. Қолаверса, мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва яна кўплаб халқаро ҳамда минтақавий ташкилотларнинг фаол аъзосига айланди.
Бир сўз билан айтганда, жаҳон майдонида Ўзбекистоннинг нуфузини ошириш, уни ҳалқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектига айлантириш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилди. Айниқса, Ўзбекистоннинг тинчликсевар, прогрессив ташқи сиёсати унинг жаҳонда ўз ўрнига эга мустақил давлат сифатида тезда эътироф этилишини таъминлади. Глобаллашув жараёнлари тобора авж олаётган, турли давлатларда қонли можаролар, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар юз бераётган ҳозирги бир пайтда мамлакатимизда тинчлик ва хотиржамликнинг барқарорлиги, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг мустаҳкамланиши юртимизнинг халқаро майдондаги обрўси ва нуфузи ортиб боришига хизмат қилди.
Шу билан бирга, ҳозирги мураккаб, таҳликали даврда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига мос келадиган фаол ташқи сиёсатни амалга ошириш — давлатимизнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш ва халқ турмушини яхшилашнинг зарур шарти ва ғоят муҳим воситасидир.
Энг аввало, юртимизда тинч ва осуда ҳаёт, миллатлар ва фуқаролараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлаш биз учун ўта муҳим вазифа ҳисобланади. Албатта, тинч ва осойишта ҳаёт, барқарорлик ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун тинимсиз меҳнат қилиш, курашиш ва фидойилик кўрсатиш, барқарор тараққиётнинг асосий шарти бўлмиш тинчликни кўз қорачиғидек асраш биз учун муҳим аҳамият касб этади.
Бунинг учун бундан 4 йил муқаддам қабул қилинган муҳим ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолияти Концепцияси доирасида мамлакатимизнинг оқилона ташқи сиёсатини изчиллик билан давом эттириш лозим. Ушбу доктринал ҳужжат ҳозирги глобаллашув жараёнлари ҳамда дунёда вазиятнинг шиддат билан ўзгариши, сиёсий ва иқтисодий кучлар жойлашувида рўй бераётган ўзгаришлар, минтақада ва Ўзбекистоннинг шундоқ ёнгинасида турли таҳдидлар, террорчилик кўринишидаги хавф-хатарлар ва кескинликнинг кучайиши халқаро ва минтақавий воқеликка ўз вақтида ва муносиб жавоб қайтариш мақсадида давлат ташқи сиёсатининг концептуал асосларини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.
Халқаро муносабатлардаги ҳозирги мураккаб шароитда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувини янада чуқурлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсати олдида турган яна бир муҳим вазифа ҳисобланади. Бунинг учун халқаро ташкилотлар, халқаро минтақавий ташкилотлар, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларни янада ривожлантириш мақсадга мувофиқдир.
Айниқса, биз учун ён қўшни-жон қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Чунки мамлакатимизнинг ҳаётий муҳим манфаатлари ушбу минтақадаги мамлакатлар билан чамбарчас боғлиқдир.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақаси ўзининг геосиёсий ва геостратегик аҳамияти, катта миқдордаги минерал ва хом-ашё ресурслари туфайли халқаро майдонда жиддий эътибор объектига айланиб бормоқда. Дунёнинг йирик давлатлари стратегик манфаатларининг бу ерда кесишуви, айрим пайтда эса ҳатто тўқнашуви юз бермоқда. Ўттиз йилдан зиёд Афғонистонда давом этаётган кескинлик ва қарама-қаршиликлар фикримизнинг яққол далилидир.
Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолият Концепциясида “Марказий Осиё муаммоларининг ташқи кучлар аралашувисиз минтақадаги давлатларнинг ўзлари томонидан ечилиши зарур”лиги алоҳида қайд этилган. Тан олиш керакки, бу ўта принципиал ёндашув бўлиб, Ўзбекистоннинг минтақадаги барча долзарб сиёсий, иқтисодий, экологик ва бошқа муаммоларни ҳам ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари асосида ҳал қилиниши тарафдори эканлигини билдиради. Бошқача айтганда, минтақадаги мавжуд муаммолар ва масалалар Марказий Осиё халқлари томонидан ўзаро ҳамжиҳатлик ва муроса йўли билан ҳал қилиниши керак, четдан туриб бизга бу муаммоларни ҳеч ким ҳал қилиб беролмайди.
Партиямизнинг барча даражадаги депутатлик корпуси аъзолари ҳамда партия фаоллари сайловолди ташвиқоти вақтида бу каби юксак ғояларни юқори савияда, маҳорат билан сайловчиларга етказишлари зарур. Зеро, бу партиямиз номзодининг Президентлик сайловида муносиб иштирокини таъминлашнинг муҳим омилидир.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Япония билан самимий дўстлик алоқаларини, стратегик шериклик ва ҳамкорликни юксак қадрлайди....
01 янв 1970
Ўзбекистон истиқлолга эришган илк йиллардан бошлаб, давлат ва жамият бошқарувидаги институционал, демократик ислоҳотларнинг марказида қонун устувор...
01 янв 1970
ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг ташкилот ташкил топганининг 15 йиллигига бағишланган юбилей мажлиси очиқ ва амалий руҳда ўтганини мамнуният билан...
01 янв 1970
Мактабгача таълим муассасаларида таълим сифатини яхшилаш, ОАВлар орқали бу борада тарғибот ишларини олиб бориш бугунги кунда олдимизда турган асоси...